Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Исломнинг Японияга қандай кириб боргани кўпчиликни қизиқтирса керак. Милодий 1878 йилда бошланган Япония Уйғониш даври (“мэйдзи”)нинг илк паллаларида Осиёда қудратли икки мустақил давлат – Япония ва Усмонли салтанатгина мавжуд эди. Ҳар икки давлатга ҳам Ғарб ва чор Россияси тинмай хавф солиб турар, улар ҳамиша сиёсий ва иқтисодий босим остида яшашар эди. Шу боис Япония ва Туркия бир-бирлари билан дўстона алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилишарди. Икки мамлакат ўртасида ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий алоқалар билан бир қаторда маданий ҳамкорлик олий даражага кўтарилган эди.
Истанбул ва Токио бир-бирларига мунтазам расмий вафдлар (делегациялар) жўнатиб туришарди. Ана шундай муҳим вафдлардан бирини султон Абдулҳамид Кунчиқар мамлакатига 1890 йилда “Ал-Туғрул” кемасида юборди. Унинг таркибида Усмон Пошшо бошчилигида етти юздан зиёд ҳарбий мутахассис ва йўриқчи бор эди. Ташриф асносида Усмон Пошшо Япония императори билан кўришди. Сафар қариганидан сўнг вафд ватанига йўл олди. Бироқ Осака соҳиллари яқинида кема тўфонга учраб чўкиб кетди. Бунинг оқибатида беш юз эллик киши, шу жумладан султоннинг укаси ва Усмон Пошшо ҳалок бўлишди.
Японлар ва усмонлилар фожиадан қаттиқ изтиробга тушишди. Кема ҳалокатида омон қолганларни икки япон кемасида Истанбулга олиб келишди. Ҳалок бўлганлар Японияда дафн қилинди, фожиа жойида ёдгорлик ўрнатилди.
1891 йилда япон журналисти Ошатаро Нода ватанида “Ал-Туғрул” кемасида ҳалок бўлганларнинг оиласи учун хайр-эҳсон тўплади ва Истанбулга йўл олди. У тўпланган маблағни Усмонли салтанат раҳбарларига топширди. Истанбулда Ошатаро англиялик мусулмон Абдуллоҳ Куилям билан учрашди. Кўп ўтмай олис Япониядан келган меҳмон Исломни қабул қилишга мушарраф бўлди ва ўзига Абдулҳалим исмини олди. Ошатаро Нодани ҳақиқий маънода биринчи япон мусулмони дейиш мумкин.
Олдин насроний савдогар бўлган Аҳмад Арижа учинчи япон мусулмони ҳисобланади. 1890 йилда у Бомбайда бўлганида масжид нақшларига маҳлиё бўлиб, у ерга кириб қолади ва шу масжидда Исломга киради. Ватанига қайтган Арижа дин тарғиботчисига айланди ва Қуръони карим маъноларини япон тилига ўгириш ишларида қатнашди.
1903 йилда турк султони вакили Муҳаммад Али Японияга келади. У Иокагамада масжид қуришни режалаштирган эди. Орадан икки йил ўтиб Ҳиндистондан келган мусулмон даъватчи Сарфароз Ҳусайн Нагасаки ва Токиода Ислом ҳақида маърузалар қилди. 1905 йилда Россиядан ҳижрат қилган татар оиласи Осакада биринчи масжидни қурди.
Японияга кўчиб келган мусулмонлар орасида чуқур билимли кишилар кўп бўлган. Омск губерниясининг Тара шаҳрида туғилиб ўсган машҳур татар маърифатпарвари Абдурашид Иброҳимов 1909 йилда Японияга келади. У бу мамлакатда олти ой бўлиб, сафари чоғида оддий деҳқондан тортиб вазиргача турли табақадаги кишилар билан учрашади. Русиялик дин тарғиботчисининг куч-ғайрати туфайли кўпгина японлар Исломни қабул қилишди. Улар орасида мутафаккирлар, журналистлар, ҳарбийлар ва ёшлар бор эди. Абдурашид Иброҳимов Япония ва япон мусулмонлари ҳақидаги таассуротларини “Ислом олами ва Японияда Исломнинг ёйилиши” номли китобида баён этади.
Ҳиндистондан келган муҳожир, Токио дорилфунунида илк урду тили муаллими Муҳаммад Баракатуллоҳ ҳам ўша даврнинг энг ёрқин сиймоларидан эди. 1910 йилда Муҳаммад Баракатуллоҳ “Ислом бирдамлиги” деган журнал ташкил этди ва у уч йил мобайнида мунтазам нашр қилинди.
ХХ аср бошларида Японияга келган мусулмонлар орасида салоҳиятли кишилар кўп бўлгани боис, бу давр тадқиқотчиларда катта қизиқиш уйғотади. Ал-Аққод тилган олган Миср зобитларидан бири Аҳмад Фазли ҳақида анча маълумот тўплашга муваффақ бўлдим. У рус-япон урушидан кейин Кунчиқар мамлакатда қолган ва 1908 йилда япон аёлига уйланган. Абдурашид Иброҳимов ва Муҳаммад Баракатуллоҳ билан яқинлашиб, уларнинг фаолиятига яқиндан ёрдам берган.
1909 йилда Умар Ямаока исмли биринчи япон ҳаж қилган, Макка ва Мадинадаги тарихий жойларни бориб кўрган.
Японларнинг бир қисми Исломни Хитойда қабул қилган. Улар орасида таниқли мутафаккир, Қуръони карим маъноларини япончага таржима қилган Умар Мита ҳам бор эди.
ХХ асрнинг 20-йилларида Японияда Ислом дунёсига эътибор кучайган давр бўлди. Ҳар икки тараф ўртасида маданий ва иқтисодий алоқалар анча чуқурлашди. Кунчиқар мамлакатда исломий ташкилотлар очилди, Қуръони карим маъноларининг япончага бир неча таржималари пайдо бўлди, кўплаб шарқ адабиёти намуналари нашр этилди. Бу даврда Японияда мусулмонлар сони анча ортган, бу асосан коммунистлар таъқибидан қочиб Россиядан Япон оролларига талпинган татарлар эди. Кўплаб татар муҳожирлари Токио, Нагоя ва Кобе шаҳарларида ўрнашиб қолишди.
Хитойда Исломга кирган Нур Иппе Танака ҳаж қилган иккинчи этник япон бўлди. Янги япон мусулмонлари Ислом дунёси билан боғланиб туришга интилишар эди.
ХХ асрнинг 30-йилларида Япония мусулмонлари ижтимоий ҳаётида дин арбоби, татар жамоаси раҳбари Абдулҳай Қурбоновнинг номи пайдо бўлди. Унинг фаолияти ранг-баранг бўлган: у татар тилида журнал нашр этган, бу журнал Япония ва унинг ташқарисидаги ўлкалардаги татарлар орасида ниҳоятда машҳур бўлган, исломий нашриёт очиб, унда Қуръони карим чоп этган, мусулмонлар жамоаси билан япон ҳукумати ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшган.
Келиб чиқиши япон бўлган мусулмонлардан Мустафо Комурани алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим. У Япониядаги диндошларига катта хизмат қилди, исломий билимларни ўрганмоқчи бўлган талабаларнинг Покистон, Малайзия, Саудия Арабистони ва Ислом дунёсининг бошқа ўлкаларига ўқишга боришларига ёрдам берди. Бу даврда ҳаж ва умра қилган японлар сони анча ортди. Иккинчи жаҳон урушида Осиёнинг бир қисмини босиб олган японлар бошқа халқларнинг маданияти билан тўқнаш келишди. Натижада япон армиясининг кўплаб аскар ва зобитлари Ислом динига киришди. Уруш ҳаракатлари тўхтаганидан кейин армия Японияга қайтгач, унинг таркибида анча-мунча мусулмон бор эди.
Япон мусулмонларининг биринчи расмий ташкилоти 1953 йилда ташкил топди. Шу даврда уч мусулмон: Абдурашид Аршод, Умар Мита ва Мустафо Комура Қуръони карим маъноларини янгидан япон тилига таржима қилишди. 1961 йилда Японияда илк мусулмон талабалар ташкилоти таъсис этилди.
1970 йилда Саудия Арабистони подшоҳи Файсал ибн Абдулазизнинг Японияга ташрифи ўтган асрнинг ёрқин воқеаларидан бўлди. Подшоҳ сафари чоғида япон ва жанубий Қурия мусулмонлари вакиллари билан учрашди, Қуръони карим маъноларини Умар Мита томонидан япон тилига ўгириш бўйича янги лойиҳани ҳомийлигига олди, бу нашрни молиялаш учун Саудия элчихонасида махсус жамғарма ташкил этилди.
70-йилларда Японияда Ислом динига қизиқиш янги босқичга кирди. Бутун мамлакатда Исломга бағишланган маъруза ва суҳбатлар ўтказилар, япон тилидаги исломий адабиётлар катта нусхаларда чоп этилар, ҳажга борувчилар сони тобора ортиб борар эди. Имом Муҳаммад ибн Сауд номидаги Ислом дорилфунуни қошида Араб Ислом институти иш бошлади. Ўн йил олдин Япониядаги мусулмонлар уч мингдан ошмагани ҳолда бу даврга келиб улар сони ўн бараварга ортди.
80-йилларга келиб ҳам Ислом дини Японияда кенг равнақ топди. Саудия Арабистони подшоҳи Холид ибн Абдулазиз Токиода йирик Ислом маркази қуриш учун ер сотиб олди. Мусулмон мамлакатларидан бу ерга кўплаб одамларнинг кўчиб келиши туфайли мусулмонлар сони кескин кўпайди. 1986 йилда Токиодаги татарлар қурган эски масжид бузилиб, ўрнига Туркия ёрдамида усмонлилар услубида муҳташам янги масжид тикланди. Токиодаги бу масжид Япониядаги Ислом рамзига айланди. Нагоя, Осака ва бошқа шаҳарларда ҳам кўркам ва муҳташам масжидлар қурилди.
Япония кўҳна маданият ва бой анъаналар мамлакати бўлгани учун ҳам уммон ортидан япон жамиятига тўфон каби ёпирилиб келаётган ирқчилик, Ислом билан қўрқитиш, динлараро ихтилоф солиш каби ижтимоий иллатлар японларга ётдир. Узоқ тарихга эга Япониянинг Ислом дунёси билан дўстона муносабатлари ана шу иллатлардан ҳимояланишда ёрдам беради.
Солиҳ Самаррий
Islom.uz портали таҳририяти