1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ўтроқ арабларнинг подшоҳликлари

19:00 / 25.06.2019 1740 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўтроқ араблар асосан уч минтақада – Яманда, Шимолда ва Ҳижозда истиқомат қилишган.

1. Яман подшоҳликлари

Маъин подшоҳлиги (мил. авв. 1300-650 йиллар)

Бу давлат кенгайиб, сиёсий нуфузи Ҳижознинг шимолигача етиб борган. Пойтахти Сирвоҳ шаҳри бўлган. Бу давр мобайнида тахминан 22-26 нафар подшоҳлар ҳукмдорлик қилган дейилади. Маъин давлатининг шуҳрат қозонишига икки муҳим сабаб бор. Улардан бири Сабаъ маликаси Билқис ва унинг Сулаймон алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссасидир. Бу қисса Намл сурасида келган бўлиб, у билан юқорида, Сулаймон алайҳиссалом тарихи ўрганилган саҳифаларда танишдик. Иккинчиси сабаб эса Маъриб шаҳридаги буюк тўғон бўлган. Яман давлатида сув чиқариб, ерларни суғориш ишлари мазкур тўғон ёрдамида амалга оширилган ва шу орқали кишиларнинг фаровон ҳаёти таъминланган.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Сабаъ сурасида хабар берган:

«Батаҳқиқ, сабаъликлар учун ўз масканларида оят-белги – ўнг ва чапдан икки боғ бор эди. «Роббингизнинг ризқидан енг ва Унга шукр қилинг! Нақадар гўзал юрт ва мағфиратли Роббингиз бор», (дедик)» (15-оят).

Яманда яшаб ўтган бу қавм «Сабаъ халқи», «сабаъийлар» деб номланишган. Улар жуда ҳам ҳосилдор ерга эга бўлишган. Ўзлари ниҳоятда тараққий этган одамлар бўлиб, тўғонлар қуриб, сув йиғиб, ўз фойдаларига ишлатиш йўлларини яхши билишган. Уларнинг қолдиқлари ҳозирда ҳам бор. Оятда мана шу қавм ҳақида хабар берилмоқда.

«Батаҳқиқ, сабаъликлар учун ўз масканларида оят-белги – ўнг ва чапдан икки боғ бор эди».

Яъни сабаъийларнинг юртларида Аллоҳнинг қудратига, ризқ ва неъмат берувчи Зот эканига далолат қиладиган оят-белги бор эди. Яъни

«...ўнг ва чапдан икки боғ бор эди».

Бу боғларда уларга етарли неъматлар мавжуд эди. Биз уларга:

«Роббингизнинг ризқидан енг ва Унга шукр қилинг!» (дедик)».

«Ўша боғлардаги Роббингиз берган ризқдан енг ва Роббингизга шукр қилинг», дедик.

Уларга шу иш вожиб эди.

«Нақадар гўзал юрт ва мағфиратли Роббингиз бор», (дедик)».

Дарҳақиқат, уларнинг юрти ям-яшил боғлари кўп, кўрган кишининг ҳаваси келадиган даражада гўзал бир маскан эди. Робблари эса тавба қилиб, иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган ҳар бир бандага мағфиратли Зотдир.

 Сабаъ подшоҳлиги (мил. авв. 650-115 йиллар)

Сабаъ подшоҳлиги Маъийн подшоҳлигининг устига тикланган бўлиб, унга Ҳазрамавт ҳам қўшилган. Бу давлатнинг пойтахти Маъриб шаҳри бўлган.

 Ҳимяр подшоҳлиги (мил. авв. 115 йилдан милодий 340 йилгача)

Бу давлат Сабаъ подшоҳлигининг нуфузи сусайганидан кейин қурилган. Зуфор шаҳрини ўзига пойтахт қилиб олган. Сабаъ ва Ҳимяр давлатлари ўзларидан кейин бир қанча осори атиқаларни қолдирган бўлиб, бу осори атиқалар ўз даврида уларнинг улуғвор давлат ўлароқ ҳукм сурганидан, гуллаб-яшнаганидан, юксак тараққиётга эришганидан дарак бериб туради. Ушбу давлат ўз даврининг охирига келиб, заифлашди. Бу ҳолат эса ўз навбатида Яманнинг дастлаб румликлар, сўнг ҳабашлар, кейин форсликлар томонидан мустамлакага айлантирилишига олиб келди.

Яманнинг румликлар томонидан эгаллаб олиниши

Румликлар Яманнинг жанубий қирғоғидаги Адан шаҳрига оёқ босишди. Ҳамдон ва Ҳимяр қабилалари ўртасидаги низодан фойдаланиб, милодий 340 йили ҳабашлар румликлар ёрдамида Яманни биринчи марта босиб олишди ва милодий 378 йилгача мамлакатни эгаллаб туришди. Сўнг Яман озодликка эришди.

Арим сели

Милодий V аср ўртасида Қуръони Каримда «Арим сели» деб айтилган улкан тошқин юз берди. Катта харсанг тошларни оқизиб келган кучли сел улар қурган «Садди Маъриб» номли машҳур тўғонни бузиб кетди ва кўплаб аҳоли шимол томонга кўчишга мажбур бўлди.

Сабаъийлар Робблари айтган амрларни қабул этмадилар:

«Улар юз ўгирдилар. Устларига «арим» селини юбордик ва икки боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва бир озгина сидрли икки «боғ»га айлантирдик» (Сабаъ сураси, 16-оят).

Оятдаги «Улар юз ўгирдилар» жумласидан сабаъийларнинг Аллоҳ таолонинг амрига юрмай, У Зотнинг неъматларига шукр этмай, такаббурлик қилганлари тушунилади. Улар Аллоҳга шукр қилишдан юз ўгиришди. У Зот берган неъматларга ношукрлик қилишди.

«Устларига «арим» селини юбордик...»

«Арим» сўзи «катта тошларни оқизиб келадиган кучли сел» деган маънони билдиради. Бу оятда маънони тўлароқ англатиш учун бир хил маънодаги икки сўз бирикма ҳолида «Арим сели» шаклида ишлатилмоқда. Бу сел улар қурган машҳур тўғонни бузиб юборди. Натижада асов оқим йўлида учраган ҳамма нарсани ювиб кетди.

«...ва икки боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва бир озгина сидрли икки «боғ»га айлантирдик».

Сабаъийларнинг ўнг ва сўл тарафидаги икки гўзал, турли-туман меваларга кон, сўлим боғларини бебарака, аччиқ мевали икки боққа айлантирдик. Унда бир озгина сидр ҳам ўсади. «Сидр» бутасимон дарахт бўлиб, Арабистонда ўсади. Бир оз меваси ҳам бўлади. Аслида юлғунзор, бутазор ва сидрзорлар «боғ» дейилмайди. Лекин бу ерда киноя билан «боғ» деб аталмоқда. Сабаъийларнинг ношукрликлари сабаб мевали боғларини сел олиб кетиб, кунлари бутазорга қолди. Ширин-шакар мевалар ўрнини аччиқ-тахир нарсалар олди. У ердаги энг яхши нарса бир озгина сидр бўлиб қолди.

«Уларни ношукрлик қилганлари учун ана шундай жазоладик. Биз фақат ўта ношукрларгагина жазо берурмиз» (17-оят).

«Сабаъийлар неъматларимизга ношукр бўлганлари учун Биз уларни мазкур офат билан «сийладик». Одатда, Биз фақат ўта ношукрларгагина шундай жазо берамиз».

Улар гўзал масканда, нозу неъмат ичида, чиройли ва серҳосил боғларда роҳат-фароғатда ҳаёт кечиришаётган эди. Ўша гўзал ҳол бардавом бўлиши учун Аллоҳга шукр этишлари шарт эди. Аммо улар шу ишни қилишмади. Оқибатда гўзал юртлари хароб бўлди. Нозу неъматлар кетиб, ўрнига очлик, муҳтожлик келди. Чиройли ва серҳосил боғлар ўрнида эса кўримсиз, мевасиз бутазорлар пайдо бўлди.

Яманнинг ҳабашлар томонидан эгаллаб олиниши

Ҳимяр шаҳрининг подшоҳи Зу Нувос яҳудийликни қабул қилди ва милодий 523 йили Нажрон насронийларини ё яҳудийликни қабул қилиш, ёки ўлим – иккисидан бирини танлашга буюрди. Улар урушни афзал кўришди. Шунда Зу Нувос чуқур хандақлар қазитиб, уларни ана шу хандақлардаги ёниб турган оловга ташлатди.

Насронийларнинг баъзилари Ҳабашистон томонга қочиб кетиб, у ернинг насроний динидаги нажошийи – подшоҳидан ёрдам сўрашди. У эса насронийларнинг бош ҳомийси бўлган Рум подшоҳидан ёрдам сўради. Бунга жавобан Рум подшоҳи кемалар ва қурол-аслаҳа жўнатди. Шундай қилиб, милодий 525 йили Ҳабашистон подшоҳи Яманни бўйсундирди. У ердаги аскарларга бошлиқ қилиб Арёт деган қўмондонни юборди. Милодий 549 йили Абраҳа исмли одам чиқиб, мазкур қўмондонга қарши бош кўтарди. У қўмондонни ўлдириб, Яманга ҳукмдор бўлиб олди.

Милодий 571 йилнинг бошида Абраҳа Маккага Каъбани вайрон қилиш учун қўшин тортиб келди. У ердан чалажон ҳолида Яманга қайтганидан кейин ўлди ва икки ўғли бирин-кетин ҳукмдор бўлди.

Яманнинг форслар томонидан эгаллаб олиниши

Сўнгра Ҳимяр подшоҳларидан бирининг ўғли Сайф ибн Зу Язан Форс мамлакатига қочиб бориб, улардан ҳабашийларни ўз юртидан чиқаришда ёрдам сўради. Форсликлар унинг бу илтимосига ижобий жавоб беришди. Улар Яманга лашкар тортиб келиб, милодий 575 йилда румликлар устидан ғалаба қозонишди. Сўнг Форс подшоҳи Кисро Сайфга тож кийдириб, уни Яманга подшоҳ қилди. Сайф ўлдирилганидан кейин Кисро у ерга Ваҳриз деган одамни ҳоким қилиб юборди. Ваҳриз Форснинг одами сифатида Кисрога бўйсунган ҳолда Яманга волийлик қиладиган бўлди. Ваҳризнинг вафотидан кейин унинг фарзандлари ва набиралари Яманга ҳокимлик қилишди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган пайтда Яманга Ваҳризнинг зурриётидан бўлган, форслик Бозон ибн Сосон деган одам ҳокимлик қилар эди. Мазкур Бозон ҳижрий 7, милодий 628 йилда Исломга кирди. Бозоннинг Исломга кириши билан форсларнинг Яманга ҳукмронлик қилиши ҳам ўз якунига етди.

«Ислом тарихи» биринчи китоби

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Закариё алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг зурриётларидан бўлиб, Бану Исроилнинг набийларидан ҳисобланадилар. Аллоҳ таоло у зотни бефарзандлик билан синаган давоми...

13606 20:00 / 20.04.2019
Саъид ибн Усмон уларни Мадинага келтирди. Аммо бухоролик асирлар тутқунликдаги ҳаётдан ўлимни афзал кўришди ҳамда Саъиднинг саройида уни ўлдиришди ва ўзларини давоми...

2264 11:00 / 17.12.2020
ҳижратдан аввалги 34 йил зулқаъда ойи милодий 590 йилЎша пайтларда Зубайд қабиласидан бир киши сотиш учун Маккага нарса олиб келди. Унинг нарсасини Қурайшнинг давоми...

2430 12:45 / 02.10.2019
.Жазоирда араб халқини ташкил этадиганмусулмонлар яшайди. Кимдаким ушбухалқни ўз илдизини йўқотганёки ўлиб битган халқ деса, ёлғон айтади,.Имом Абдулҳамид ибн давоми...

2004 10:31 / 07.11.2021
Аудиолар

137657 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57721 14:35 / 11.08.2021