1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ит ялаган идишни пок этиш йўли

19:00 / 20.06.2019 3960 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Йигирманчи суннат

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин. Сўнгра у (идиш)ни етти марта ювсин», дедилар».

Бошқа бир ривоятда «У(ювиш)лардан биринчиси ёки у(ювиш)лардан биттаси тупроқ билан бўлсин», яна бошқа ривоятда «Еттинчиси тупроқ билан бўлсин», дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ит ялаши оқибатида ҳосил бўлган нажосатни кетказиш йўлини ўргатмоқдалар.

«Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин».

Яъни ит ялаган пайтда идишда нима бўлган бўлса, тўкиб юборсин. Ит ялаши оқибатида ўша нарса нажасга айланиб қолади. Шунинг учун идишнинг эгаси у нарсани тўкиб юбориши шарт.

«Сўнгра у(идиш)ни етти марта ювсин».

Бошқа ҳайвонлардан кўра итнинг нажосати оғирроқ бўлганлиги учун у теккан идишни етти марта ювмаса, кетмайди. Шу билан бирга, ўша етти ювишдан бири тупроқ билан бўлиши шарт: унинг биринчиси, еттинчиси ёки хоҳлаган бирортаси экани ҳақида турли ривоятлар келган. Энг муҳими, етти марта ювишдан бири тупроқ билан бўлиши керак. Тупроқсиз тоза бўлмайди.

Бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари эканини илм ҳам тасдиқлади. Ит ифлос ҳайвон бўлиб, доимо турли нажас нарсаларни тановул қилиб юради. Шунинг учун унинг оғзи ва сўлаги турли зарарли микробларга тўла бўлади. Бу ҳадисдан хабар топган чет эллик олимлар идишни атай итга ялатиб, уни катталаштириб кўрсатувчи асбоб (микроскоп) остига қўядилар. Қарасалар, идишда микроблар ғужғон ўйнаётган экан. Сўнгра ўша микроб­ларни йўқотиш учун турли кимёвий моддаларни ишлатиб кўрганлар. Лекин бу фойда бермаган. Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, тупроқ ишлатганларидан сўнг ҳеч қандай микроб қолмаганининг шоҳиди бўлганлар. Ушбу тажриба ўша олимларнинг иймонга келишлари билан якун топган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Итнинг нажас экани.

2. Ит ялаган идишнинг ҳам нажас бўлиб қолиши. Бунда ўргатилганми, ўргатилмаганми, фарқи йўқ, ит бўлса кифоя.

3. Нажасга айланган идишни поклаш лозимлиги.

4. Ит ялаган идишни етти марта ювиш, шулардан бир мартаси тупроқ билан бўлиши шартлиги.

5. Баъзи уламолар «Ит нажас бўлганлиги туфайли бошқа нажас нарсалар каби, уни ҳам сотиш ҳаром», деганлар.

Лекин кўпчилик уламолар «Итдан қўриқчилик ва овчилик мақсадларида фойдаланса бўлади. Шунинг учун унинг олди-сотдиси ҳам жоиз», деганлар.

Исломнинг дастлабки даврларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зинонинг маҳри ва фолбинлик ҳаққи билан қўшиб, итнинг баҳосини ҳам ҳаром қилганлар. Ҳатто итларни ўлдиришга ҳам амр қилганлар. Ўша вақтда итни сотиб, пулидан фойдаланиш ҳам ҳаром бўлган.

Эҳтимол, ўша пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаб турган минтақада ит қутуриши ёки шунга ўхшаш жамият учун кўп хатарли вазият пайдо бўлгандир. Ҳозир ҳам баъзи бир минтақаларда шундай ҳолат пайдо бўлганда итларни ўлдиришга фармон берилади.

Кейинчалик итдан маълум мақсадларда, хусусан, ов ва қўриқчиликда фойдаланишга рухсат берилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар итлар ҳам бир уммат бўлмаганида, албатта, уларни ўлдиришга амр қилар эдим», деганлар.

Ҳозирда итдан фойдаланишнинг янги-янги турлари чиқди. Илмий тажрибалар ўтказишда, баъзи совуқ минтақаларда қор устида чаналарга қўшиб, юк ташишда, изқуварликда, гиёҳванд моддаларни аниқлаш каби ишларда итлардан фойдаланишни ана шу рухсатга қўшса бўлади.

Бундан бошқа мақсадларда, айниқса ит уриштириш, бола ўрнида ўзи билан олиб юриш ва ҳозирги кунда тарқалган бошқа турли мақсадларда ит боқиш мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайди.

Итдан фойдаланишга шариат рухсат берган ўринларда ҳам бунинг алоҳида шарт-шароитлари борки, улар фиқҳ китобларида баён қилинган.

 «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Намознинг биринчи ташаҳҳудида.2. Намознинг охирги ташаҳҳудида.3. Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.4. Ийд, Жумъа намозлари хутбасида ва бошқа давоми...

5137 17:29 / 30.03.2018
Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларининг сийрати шарифларини ўрганиш ҳар бир мўмини комил учун вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту давоми...

151334 18:40 / 29.04.2017
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Намозда эснаш шайтондандир. Қачон бирингиз эснаса, давоми...

3354 13:00 / 10.01.2021
84. Жобир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга хачир ҳам, ажамий от ҳам минмай келдилар,.Бухорий ривоят қилган. 85. Анас давоми...

6126 15:00 / 22.12.2018