1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ҳасад

05:00 / 28.02.2017 4629 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири ҳасаддир. Уламолар, ҳасад-бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир, дейдилар. Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир. Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади.Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса, гуноҳ саналмайди. Чунки, ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса, бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади. Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?» деган (54 – оят).

Аллоҳ таоло «Фалақ» сурасида: «Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман. У яратган нарсалар ёмонлигидан. Ва кириб келган қоронғулик ёмонлигидан. Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан. Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт», деган (1 – 5 – оятлар).
Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жамъ бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жамъ бўлмайди», дедилар». Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда икки турли нарса бир банданинг қалбида жам бўлмаслиги хабари берилмоқда.
Биринчиси: Аллоҳнинг йўлида иш қилиб, шу аснода чанг ютган одамнинг ичига жаҳаннамнинг олови кирмаслиги, яъни, ўша одам жаҳаннамдан озод бўлиб жаннат аҳлидан бўлишлигидир.
Иккинчиси эса, бир банданинг ичида иймон билан ҳасаднинг жам бўлмаслиги.
Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошимизга етган ва етаётган бало-офатлар бекорга эмаслигини шундан тушуниб олсак ҳам бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Ушбу ҳадисдан ҳасадчи инсоннинг қилган савоб ишлари бўлса, бекорга чиқиши ҳамда умуман ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини тушуниб оламиз.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳасадни худди зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам аввало ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, йўлида нима яхшилик бўлса, ҳаммасини куйдириб битиради.
Шунинг учун ҳам ҳасадчи шахсга эътибор билан назар солсангиз, унда ҳеч бир яхшилик аломатларини тополмайсиз. Ҳасад тарқалган жамиятда ҳам худди шу манзаранинг ўзини кўрасиз. Ҳасадчилар жамиятида яхшиликдан асар ҳам қолмайди.
Зомрата ибн Саълабата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар», дедилар». Тобароний ривоят қилган.
Демак, ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Одамлари орасидан яхшилик кўтарилганда жамиятнинг ҳалокатга дучор бўлиши шубҳасиздир!
Ҳасаднинг инсонлар ва жамият учун нақадар даҳшатли хатар эканлигини муҳаддисларимиз Абдуллоҳ ибн Каъбдан (у киши ўз оталаридан ривоят қилганлар) ривоят қилган ҳадисдан билиб олишимиз мумкин.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Молга ҳирс қўйиш ва мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш қўрадаги қўйлар томон қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмонроқдир», дедилар». Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда, молга ҳирс қўйиш ва ҳасаднинг қанчалик хавфли эканлигини сиз билан бизнинг тасаввуримизга янада яхшироқ сингдириш учун, мазкур ўхшатиш ишлатилмоқда. Бу икки хавфли жиноят қўй қўрасига қўйиб юборилган икки оч бўрига қиёсланмоқда. Одатда, оч бўри қаттиқ қўриқлаб турилган қўйларни ҳам ўлдириб, еб кетади. Аммо икки оч бўрини қўрага қамалган қўйлар ичига қўйиб юборилса-чи? Қўй бечораларнинг ҳоли нима бўлиши аён: оч бўрилар уларнинг ҳаммасини бирма-бир ҳалок қилади. Молга ҳирс қўйиш ва ҳасад, жамият ичига қўйиб юборилган икки оч бўри каби, жамиятни ҳалокат сари бошлайди.
Молга ҳирс қўйиш оқибатида, одамлар Худога бандаликдан чиқиб, молу-дунёнинг бандасига айланади. Молу-дунё нимани амр қилса, шуни бажарадиган бўлиб қолишади. Мол-дунё эса, ўзига ҳирс қўйган одамни ҳеч нарсадан қайтмасликка амр этади. Оқибатда унга банда бўлган шахс барча гуноҳлар ва ёмонликлардан тап тортмайдиган бўлиб қолади.
Мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш асли ёмон нарса бўлган ҳасаднинг энг ёмон турларидан биридир.
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасад эгаси мендан эмас», дедилар». Тобароний ривоят қилган.
Яъниким, ҳасадчи менинг умматим эмас, деганларидир. Ўзини билган одам учун бундай ҳолга тушишдан ҳам ортиқроқ бадбахтлик йўқдир.

Ҳасаднинг зарарларидан:

1. Ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабабдир.
2. Ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади.
3. Ҳасад эгасининг мартабасини паслатади.
4. Ҳасадчини одамлар ёмон кўради.
5. Ҳасад неъматнинг заволига сабаб бўлади.
6. Ҳасад катта ёмонликларнинг манбасидир.
7. Ҳасад жамиятни бузувчи чўқмордир.
8. Ҳасад ахлоқсизликнинг аломатидир.

Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида, ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам қутулиши шарт. Ўшандагина элу юртимизда бирор яхшиликдан умид қилсак бўлади. Ҳар биримиз ҳасаддан фориғ бўлиб, қалбимиз тоза ҳолга келиб, қуйидаги ҳадисда зикр қилинган саодатманд саҳобий розияллоҳу анҳу даражасига етишишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиилнади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. У зот: «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир одам чиқади», дедилар.
Ансорийлардан, соқолидан таҳорат суви оқиб турган, чап қўлида ковуш тутган киши чиқиб келди. Эртасига Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айни гапни айтган вақтларида, яна ўша одам кечаги ҳолида чиқиб келди. Учинчи куни ҳам худди шу ҳолат такрорлангач, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, мажлисдагилар тарқалганида Абдуллоҳ ибн Амр ҳалиги одамга эргашиб борди-да: «Отам билан орамиздан гап ўтиб қолиб, уч кунгача унинг олдига кирмасликка қасам ичган эдим. Агар маъқул топсангиз, менга шу муддат ўтгунча уйингиздан жой бериб туринг», деди. У одам «Хўп» деб жавоб берди.
Ҳазрати Анас ривоят давомида шундай дейдилар: «Абдуллоҳ, ўша уч кеча у билан бирга тунаганини, у одамнинг кечалари ҳеч бедор бўлмаганини, гапириб юрар эди. Агар у одам безовта бўлса, ўрнида ағдарилиб ётар ва бомдодгача Аллоҳни зикр қилиб, такбир айтиб чиқар экан. Абдуллоҳ яна шуларни айтган экан: «Аммо ундан фақат яхши гапларни эшитдим. Уч кеча ўтгандан сўнг унинг амали ҳеч нарса эмас экан, деган фикрга келай дедим. Унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Отам билан орамизда ҳеч гап ўтгани йўқ. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан уч марта: «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир киши келади», деган гапни эшитдим. Уч марта ҳам сен чиқиб келдинг. Сенинг ҳузурингдан жой олиб, қиладиган амалларингга назар солиб, сенга иқтидо қилиш орзусида эдим. Аммо каттароқ бир иш қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларга сени нима эриштирган?» деб сўрадим. У эса: «Ўзинг кўрган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ», деди.
Қайтиб кетаётганимда у мени ёнига чақириб: «Ўзинг кўрган нарсалардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Фақат, мен қалбимда мусулмонлардан бирор кимсага гина-кудурат сақламайман. Ҳеч кимга, унга Аллоҳдан етган яхшиликка нисбатан ҳасад қилмайман», деди.
«Сени ўша мақомга етиштирган шу хислатинг экан. Анна шунга биз тоқат қила олмаймиз», дедим», деди Абдуллоҳ ибн Амр. Аҳмад ва Насаий ривоят қилган.
Ҳақиқатан ҳам, инсонлар қалбида ўзгаларга нисбатан ҳасад бўлмаслиги улуғ фазилатдир. Чунки, бундай одамдан ҳеч бир ёмонлик чиқмайди. Аллоҳ барчамизни ҳасадгўйликдан сақласин! Элу юртимизни бу оғир дарддан Ўзи қутқарсин! Омин!

ҲАСАДНИНГ САБАБЛАРИ

Ҳасаднинг бир неча сабаблари бор. Уламоларимиз мазкур сабабларни ўрганиб чиқиб асосийлари олтита эканини таъкидлаганлар. Уларни қисқача ўрганиб чиқамиз:
1. Душманлик ва ёмон кўриш.
Бу ҳасаднинг энг кучли сабабларидан биридир. Икки киши бирор сабабга кўра уришиб қолишлари ва ораларидан келишмовчилик чиқиб бир – бирини ёқтирмай қолишлари мумкин. Ғазаби чиққан одам ўзининг душманига нисбатан қалбида кек сақлаб қолса, у ҳасадга айланади. Душманига ўзи етказа олмаган зарарни замондан кута бошлайди.
Агар душманига бирор ёмонлик етса хурсанд бўлади ва Аллоҳ таолонинг Ўзи менга ёмонлик қилгани учун уни жазолади дейди.
Мабодо душманига неъмат етса унинг мақсадига тескари бўлгани учун хафа бўлади. Ҳасади яна ҳам зиёда бўлади. мазкур неъматни ёмон кўрган одамидан кетишини истайди ва шу мақсадда иш ҳам олиб боради.
2. Кўраолмаслик.
Баъзи одамларда бошқанинг ўзидан устун бўлишини кўраолмаслик одати бўлади. Анашу нарса ҳам ҳасаднинг сабабларидан биридир. Одатда бировни ўзидан паст санаб, уни одам ўрнида кўрмай, назар писанд қилмай юрган бўлади. Доимо ўша одам унга қарам бўлишини ва ялиниб туриши истайди. Бирдан қараса ҳалиги одамга неъмат етибди. Ҳасадчининг хаёли бошидан учади. Ўзини қўйгани жой топа олмай қолади. Ҳасади ўзини кўрсатади.
3. Кибр.
Мутакаббир одамлар ўзидан паст саналган кишиларни доимо масхара қилиб, ерга уриб, олдиларида мақтаниб, сал нарсага керилиб юрган бўладилар. Шунинг учун улардан паст одамларга неъмат етганига чидай олмай ҳасад қилишга ўтадилар.
4. Мақсадига эришолмай қолишдан қўрқиш. 
Бу ҳолат бир мақсадга эришиш учун ҳаракат қилаётган шахслар орасида бўлади. Улардан бири кўзланган мақсадга эришиш йўлида неъматга сазовор бўлса, бошқаси ҳасад қилади. Қўполроқ мисол келтирадиган бўлсак, худди кундошларга ўхшаган бўлади.
5. Мансабпарастлик ва шуҳратпарастлик.
Бунга маълум бир соҳада тенги йўқ бўлишни орзу қилган шуҳратпараст мисол бўлади. Агар унга дунёнинг нариги бурчида сенга тенг келадиган одам чиқибди дейилса, ўшани йўқ бўлишини орзу қилади.
6. Одамларга яхшиликни раво кўрмайдиган табиати бузуқ шахс ҳасадчи бўлади. Ўзига ҳеч алоқаси бўлмаса ҳам бировга неъмат етишини кўролмайди. Ўз – ўзидан ҳасад қилаверади.

ҲАСАДНИНГ ДАВОСИ

Маълумки, ҳасад энг оғир қалб хасталикларидан биридир. Қалб хасталикларини эса, фақат илм ва амал билангина даволаш мумкин.
Ҳасадни илм билан даволаш қуйдагича.
Аввало ҳар бир киши ҳасад ўзининг дину дунёсига кони зарар эканини яхши англаб етмоғи лозим. Шу билан бирга у ҳасад қилинган одамнинг на динига ва на дунёсига зарар етказа олмаслигини ҳам тушиниш керак. Балки, у фойда олади.
Агар охиратга, ундаги ҳисоб китобга иймонни бир тарафга қўйиб туриб, ақл юзасидан иш тутганда ҳам ҳасадга ўрин йўқ. Чунки ҳасадчи ўз ҳасади туфайли ич ичини ейди, қалби дард аламга тўлади. Аммо бирор фойда кўрмайди.
Неъмат ҳасад қилинган одамдан сизнинг ҳасадингиз туфайли заволга учрамайди. Қандай қилиб дейсизми?
Унга неъматни Аллоҳ таоло берган ва Аллоҳнинг Ўзи белгилаган муддатгача давом этади. Бировнинг ҳасади туфайли неъмат тугаб қолмайди. Охиратда унга зарар етмаслиги аниқ. Чунки, неъмат етгани ёки сизнинг ҳасадингиз унга гуноҳ бўлиб ёзилмайди. Балки, ҳасадингиз сабабли мазлум бўлгани учун фойда олиши ҳам турган гап.
Бу дунёда унинг фойда олиши сизнинг жизғанак бўлишингиздандир. Чунки одамларнинг хурсандчилигининг сабабларидан бири душманнинг азобланишидир.
Юқорида зикр қилинган нарсаларнинг барчаси ҳасадчи ўзига ўзи душман ва душманига дўст эканини кўрсатади. Бу худди душманини қатл қилиш учун тош отаётган одамга ўхшайди. Биринчи тошни отганда душманига тегмай ўзига қайтади ва ўнг кўзини кўр қилади. Унинг аччиғи яна ҳам аланга олиб иккинчи тошни отади. Иккинчи тоши ҳам мўлжалга тегмай ўзига қайтади ва чап кўзини ҳам кўр қилади. У ғазаб отига миниб учинчи тошни отади. Тош қайтиб келиб ўзининг бошини ёради. Душмани эса соппа соғ, кулиб уни томоша қилиб турибди.
Ушбуларни тафаккур қилган одамнинг қалбида ҳасад олови сўниши турган гап.
Ҳасадни амал билан даволаш қуйдагича.
Бунда ҳасад дардига мубтало бўлган шахс ҳасади унга қайси амални буюрадиган бўлса, ўшанинг аксини қилиши лозим бўлади. Мисол учун унга душманини ёмонлашни амр қилмоқда, у уни мақташга ўтсин. Ҳасади унга мутакаббирлик қилишни тавсия қилмоқда, у унга тавозуъ кўрсатсин.
Салафи солиҳлардан кўплари ўзини ғийбат қилган шахс ҳақида хабар эшитса, унга ҳадиялар юборар эдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ буюради.Айтинг Эй Муҳаммад .Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ гуноҳларни давоми...

3346 16:41 / 28.10.2018
Бир одам доим шундай дуо ўқирканndash Эй осмони фалакни ўз низомида тутган Аллоҳ, масъулиятсиз дунё ҳаётидан мени қутқар..Муҳаммад ибн Мунқадир .Одамлар бўладики, давоми...

4722 19:30 / 20.12.2018
1. Тақво ўз эгасини Аллоҳ таоло билан бирга қилади. 2. Тақво ўз эгаси учун икром башоратидир. 3. Тақво гуноҳларнинг кечирилишига сабабдир. 4. Тақво ажрнинг давоми...

1508 19:00 / 17.12.2023
. . . Мусъаб ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Отам ўзини ундан паст одамдан фазли бор деб билар эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

2014 19:00 / 22.01.2023
Аудиолар

135064 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55342 14:35 / 11.08.2021