1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳуд алайҳиссалом

10:10 / 25.05.2019 1961 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳуд алайҳиссаломнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари у зотнинг катта боболари Од номи билан аталади.

Од қавми боида – йўқ бўлиб кетган, энг қадимги араблардан ҳисобланади.

Од қавми ўзининг саркашлиги билан машҳурдир. Шунинг учун ҳам уларнинг ўз пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссалари «Од қавми қиссаси» дейилади. Од қавми ҳам иккига бўлинади: биринчи Од ва иккинчи Од. Ҳуд қавми биринчи Оддир.

Бу қавм Арабистон яриморолининг жанубида, Яман билан Умон оралиғидаги Ҳазрамавтнинг шимолида, кўчиб юрувчи қумликларда, Аҳқоф номли жойда яшаб ўтишган. Улар баланд бўйли, кенг яғринли кишилар бўлиб, ҳайбатли чодирларда яшашган. Шунинг учун ҳам Од қавми ўз замонасидаги «энг қувватли кишилар» деб талқин қилинади.

Улар доимо: «Қани, биздан ҳам кучли одамлар борми?» деб мақтаниб юришарди. Уларнинг гавдалари катта бўлса-да, ақллари қисқа эди, доимо бут-санамларга сиғиниб, уларни ҳимоя қилиш учун урушиб юришарди.

Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга бошлаш учун ўзларидан бўлган Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлади.

Ҳуд алайҳиссалом ҳам, худди Нуҳ алайҳиссалом каби, қавмига Аллоҳга ибодат қилиш зарурлигини, Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқлигини тушунтирдилар. Шунингдек, уларни тақвога, Аллоҳдан қўрқишга чақирдилар. Зеро, уларга пайғамбар юборган Зот ягона, уларга кўрсатма берган Зот бирдир. Хўш, Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми нима қилди?

Бу золим қавм Аллоҳнинг пайғамбарига «Сен эсипастсан. Сен ёлғончисан», деди. Ўз қавмидан бундай қабиҳ туҳматни эшитган Ҳуд алайҳиссалом айтди:

«Эй қавмим, менда эсипастлик йўқ. Лекин мен оламларнинг Роббидан расулдирман. Сизларга Роббимнинг рисолатларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман. Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?! Сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг. Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки, зафар топсангиз» (Аъроф сураси, 67–69-оятлар).

Ҳуд алайҳиссалом жоҳил қавмга ҳақиқатни босиқлик билан, содда қилиб баён этишга ўтдилар. Улар даъво қилганларидек эсипаст эмасликларини, оламларнинг Робби томонидан пайғамбар этиб юборилганларини ҳамда пайғамбарлик мақсадларини баён этдилар.

«Эй қавмим, менда эсипастлик йўқ. Лекин мен оламларнинг Роббидан расулдирман. Сизларга Роббимнинг рисолатларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман».

Сўнг уларни пайғамбар ўзларининг ораларидан танлангани учун ажабланмасликка чақирдилар.

«Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?!»

Кейин эса Аллоҳ томонидан уларга берилган имтиёзларни эслатдилар:

«Сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг».

Аллоҳ таоло Нуҳ қавмини оғир гуноҳлари туфайли ер юзидан йўқ қилиб ташлаган эди. Худди шу осий қавмдан сўнг сизларни ер юзида ўзининг халифаси қилиб танлади. Бу улуғ неъмат. Бунга фақат шукр қилиш лозим эди.

«Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки, зафар топсангиз».

Аллоҳ таолонинг сизга берган неъматлари жуда кўп. Уларнинг саноғига етиб бўлмайди. Бунинг фаҳмига етиш, тушунишга даъват – неъмат берувчи Зотга, яъни Аллоҳга шукр қилишга чорловдир. Шукр қилувчи бўлинг, шоядки,  нажот топсангиз».

Аммо Од қавми ҳам жаҳолатида қаттиқ туриб олди.

«Улар: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?! Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар» (70-оят).

Улар шу инкорлари билан ўзларининг эсипаст кимсалар эканларини ошкор қилишди. Ҳеч қандай далилсиз ота-боболари қилган амални Аллоҳдан келган амрдан устун қўйишди.

Уларнинг жаҳолатлари шу даражада эдики, ўша ботил нарсани деб ҳар қандай азоб-уқубатга тайёр эканларини билдиришди ва агар иймон келтирмасалар, Аллоҳнинг иқобига учрашлари муқаррарлигини таъкидлаб турган Ҳуд алайҳиссаломга:

«Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар».

Энди ортиқча гапга ўрин қолмади. Ҳуд алайҳиссалом қатъий қилиб:

«Батаҳқиқ, устингизга Роббингиз томонидан кирлик ва ғазаб воқе бўлган. Аллоҳ улар ҳақида ҳеч қандай ҳужжат туширмаган, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмлар ҳақида мен билан тортишасизларми?! Кутинглар! Мен ҳам сизлар билан кутиб тураман», деди» (71-оят).

Ҳуд алайҳиссалом қавмини йўлга солиш мақсадида турли чоралар кўриб бориш жараёнида уларга Аллоҳ таоло берган неъматларни ҳам эслатдилар:

«Эй қавмим! Ҳар тепаликка бир белги бино қилиб, беҳуда ўйин қилаверасизми? Худди мангу турадигандек  «маснаълар» тутасиз» (Шуаро сураси, 128–129-оятлар).

Ушбу оятдаги «маснаълар» сўзи ҳозирги араб тилида завод-фабрикалар маъносида ишлатилмоқда. Албатта, қадимда ҳозиргидек иншоотлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам қадимги тафсирларимизда бу сўзга баланд қасрлар, сув омборлари, баланд қўрғонлар маъноси берилган.

Асрдош тафсирчиларимиз эса «Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлаш ва бошқа фахр учун кўтарадиган биноларида фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди. «Маснаълар»дан мурод ўшалар», дейдилар. Биринчи оятда қурилишларга доир очиқ-ойдин маъно бор. Шунинг учун ушбу иккинчи тафсир асослироқ бўлиб чиқади.

Од қавми жисмоний жиҳатдан етук, баланд қоматли, жуда бақувват ва соғлом одамлар бўлишган. Шунингдек, Аллоҳ таоло уларга ўткир зеҳн ҳам берганди, ҳамма уларга ҳавас қиларди. Аммо улар мазкур неъматларни тўғри йўлда ишлатишмади. Ғурурга кетиб, ҳовлиқишди ва «Биздан кучлироқ ким бор?!» деб мақтанишди. Беш кунлик дунё матоҳига берилишди. Улар ҳашамат, фахр ва бир-бирларидан ўзиш учун бекордан-бекорга улкан қасрлар, турли керакли-кераксиз иншоотлар бино қилишди. Шундай ишларга берилиб кетиб, Аллоҳ таолони унутишди ва турли ёмонликларга қўл уришди. Жумладан, моддий куч-қувватлари ила бошқаларга зулм ўтказишди.

Ҳуд алайҳиссалом уларни тавба қилишга чақириб кўрдилар, аммо бу иш ҳам фойда бермади. Бу ҳақда Ҳуд сурасида қуйидаги баёнлар келади. Ҳуд алайҳиссалом:

«Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга ёмғирни мўл-кўл қилиб юборади ва қувватингизга қувват зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», дедилар (52-оят).

Оятда истиғфор айтиб, тавба қилсалар, қувватларига қувват қўшилиши ваъда қилинмоқда.

Ҳуд алайҳиссаломнинг бу даъватларига Од қавми саркашлик қилиб, қўполлик билан салбий жавоб берди:

«Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун олиҳаларимизни тарк қилувчи эмасмиз ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз. Биз фақат «Сени баъзи олиҳаларимиз ёмонлик ила урибди» деймиз, холос». 

У айтдики: «Мен Аллоҳни гувоҳ қиламан ва сиз ҳам гувоҳ бў­лингки, мен сиз ширк келтираётган Ундан ўзга нарсаларга алоқадор эмасман. Ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилинг-да, менга муҳлат бермай қўяверинг» (53–55-оятлар).

(Давоми бор)

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усмонли империяси ҳудудида йўлларда шундай тошлар бор эдики, улардаги ғовакка қўл суққан инсон истаган миқдорда пул олиши ёки садақа қолдириши мумкин бўлган. Ким давоми...

5656 16:21 / 23.01.2018
Имом Аҳмад ўзининг .Зуҳд, номли китобида Муҳаммад ибн Сирийндан ривоят қилади.Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа одамнинг еган таомини ўзини мажбурлаб давоми...

6666 17:10 / 16.03.2017
Асҳима ибн Баҳр анНажоший Ҳабашистон подшоҳининг ўғли бўлган. Худди Мисрда quotфиръавнquot, форсларда quotкисроquot, Византияда quotҳирақлquot дейилгани каби Ҳабашистонда давоми...

4126 05:00 / 06.01.2017
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг учинчиси инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир. Бу инсоннинг давоми...

1610 11:30 / 15 февраль
Аудиолар

137657 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57721 14:35 / 11.08.2021