1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Кечаларда ибодат билан қоим бўлишлик, комил мўъминлик белгисидир

05:00 / 14.01.2017 2953 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кечаларда бедор бўлиб, ибодат қилиб тунни ўтказишлик ислом динида жуда ҳам улуғ амаллардан ҳисобланади. Тарихдан бизга маълумки, барча ўтган улуғ инсонлар, пайғамбарлар бўлсин, саҳобалар, тобеъинлар бўлсин, авлиёлар бўлсин, барчалари кечаларда бедор бўлиб, ибодат билан машғул бўлишган. Бу амал инсон билан Аллоҳ таоло ўртасида қурбат ҳосил қилиб, уни жаннатга киришига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бандаларини бу ишга тарғиб қилишдан олдин, исломнинг аввалидаёқ Ўз пайғамбарини бунга буюрган.


Аллоҳ таоло айтади:

1. Эй ўраниб ётувчи!

2. Кечани озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ!

3. Ярмини ёки ундан бир оз қисқароғини.

4. Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил. (Муззаммил, 1-4 оят)


Аллоҳ таоло  юқоридаги оятда ўз Расулига кечаларда ибодат ва Қуръон тиловат қилиб қоим бўлишга буюряпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббисининг буйруғига итоат этдилар ва кечаларда ибодат билан қоим бўлдилар. У зот Роббисига чин ихлос билан, йиғлаган холатда, хушуъ ва хузуъ билан ибодатда давомли бўлдилар.


Аллоҳ таоло яна ўз пайғамбарига хитоб қилиб, шундай деди:


         وَمِنَ اللَّيْلِ فَتَهَجَّدْ بِهِ نَافِلَةً لَكَ عَسَى أَنْ يَبْعَثَكَ رَبُّكَ مَقَامًا مَحْمُودًا


79. Кечанинг баъзисида у ила бедор бўл. Сенга нофила бўлсин. Шоядки, Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса. (Исро, 79 оят)


Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига; дунё кечаларида намоз ўқиб ва Қуръон тиловат қилиб қоим бўладиган бўлсанг, қиёмат кунида ҳам мақтовли мақомда бўласан, демоқда.


“Мақтовли мақом” деб таржима қилинган ибора “мақоми маҳмуд” шаклида машҳур бўлиб, диний маълумотлардан хабардор кишилар орасида ҳам таржима қилинмай “мақоми маҳмуд” лафзи ила ишлатилади. “Мақоми маҳмуд” - Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни аввалгилару охиргилар мақтайдиган мақом, у кишига берилган “улкан шафоат” мақомидир.


Аллоҳ таоло Ўзиниг охирги Пайғамбарини, маҳбубини, ўтгану қолган гуноҳларини Ўзи кечган зотни, икки дунё сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни “мақоми маҳмудга” эришиш учун намозларни қолдирмай тўла-тўкис адо этишга, бунинг устига, кечаси бедор бўлиб, таҳажжуд намози ўқишга амр қилиши намознинг нақадар муҳим ибодат эканини билдириб турибди.[1]


عَنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ قَالَ : قَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَتَّى تَوَرَّمَتْ قَدَمَاهُ ، فَقِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ أَلَيْسَ قَدْ غَفَرَ اللَّهُ لَكَ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ؟ قَالَ :« أَفَلاَ أَكُونُ عَبْدًا شَكُورًا؟ ». رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ


Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар:


“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси (тунги намозни ўқиш учун) қоим бўлдилар, ҳаттоки икки оёқлари шишиб кетди. Шунда: “Эй Расулуллоҳ Аллоҳ таоло сизни ўтган ва келажакдаги барча гуноҳларингизни мағфират қилган эмасми?”, дейилди. У зот: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?””, дедилар. Бухорий ривояти


Аввалги ва охирги гуноҳлари мағфират қилинган зот, кечаларни шундай ўтказган эканлар, биз ҳам бу зотдан ўрнак олган холда, ўзимизга бу амални лозим тутишимиз керак.


Аллоҳ таоло Қуръони Каримда солиҳ бандаларини сифатлаб шундай дейди:


كَانُوا قَلِيلًا مِنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ (17) وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ


17. Улар кечалари оз ухлар эдилар.


18. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. (Заарийаат, 17,18-оятлар)


Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кечаси намоз ўқиб бўлиб, хизматчиларидан: “Эй, Нофеъ, саҳар кирдими?”, деб сўрардилар. Агар Нофеъ, ҳа, деса, тонг отгунча дуо ва истиғфор билан машғул бўлар эдилар.


عَنْ جَابِرٍ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ « إِنَّ فِى اللَّيْلِ لَسَاعَةً لاَ يُوَافِقُهَا رَجُلٌ مُسْلِمٌ يَسْأَلُ اللَّهَ خَيْرًا مِنْ أَمْرِ الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ إِلاَّ أَعْطَاهُ إِيَّاهُ وَذَلِكَ كُلَّ لَيْلَةٍ » رَواهُ مُسْلِمٌ


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар:


Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини эшитдим:


“Албатта, кечада бир соат борки, мусулмон киши унга мувофиқ келиб, Аллоҳ таолодан дунё ва охират ишидан бирор нарсани сўрайдиган бўлса, Аллоҳ таоло уни унга беради ва шу ҳар бир кечададир”. Муслим ривояти


Ушбу ҳадисда айтилишича, кечқурунда ибодат қилиш, кундуз кунидаги ибодатдан(фарз ибодатлардан ташқари) афзалдир, чунки ҳар бир кечада дуолар ижобат бўладиган бир вақт бордир. Ҳар бир кундуз кунида бундай эмас, фақатгина жумъа кунида шундай вақт бор. Шунинг учун инсон кечадаги шу улуғ вақтни топишлик учун, кечанинг ҳаммасини ёки баъзисини ибодат билан ўтказиши лозим.


عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ « يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ الآخِرُ فَيَقُولُ مَنْ يَدْعُونِى فَأَسْتَجِيبَ لَهُ مَنْ يَسْأَلُنِى فَأُعْطِيَهُ مَنْ يَسْتَغْفِرُنِى فَأَغْفِرَ لَهُ ».رَواهُ مالِكٌ فِي الْمُوَطَّأ


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:


Албатта Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббимиз таборака таоло ҳар кеча, туннинг охирги учдан бири қолган вақтда дунё осмонига тушади ва: “Ким менга дуо қилса уни ижобат қиламан, ким мендан сўраса унга бераман, ким менга истиғфор айтса, уни мағфират қиламан”, деб айтади”, дедилар. Имом Молик Муваттода ривоят қилган


Бу ҳадисда юқорида зикр қилинган дуолар ижобат қилинадиган вақтнинг қачон эканлиги баён қилинмоқда. Яъни, бу вақт кечанинг охирги учдан бири экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом кечанинг аввалида ухлаб, кечанинг охирида ибодат билан машғул бўлганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:


عَنْ أَبِى إِسْحَاقَ قَالَ أَتَيْتُ الأَسْوَدَ بْنَ يَزِيدَ وَكَانَ لِى أَخًا صَدِيقًا فَقُلْتُ يَا أَبَا عَمْرٍو حَدِّثْنِى مَا حَدَّثَتْكَ بِهِ أُمُّ الْمُؤْمِنِينَ عَنْ صَلاَةِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ قَالَتْ كَانَ يَنَامُ أَوَّلَ اللَّيْلِ وَيُحْيِى آخِرَهُ. رَواهُ النَّسائِيُّ


Абу Исҳоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар:


“Мен Асвад ибн Язийдни олдига келдим. У менинг содиқ дўстим эди. “Эй Абу Амр! Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг намози ҳақида, мўъминларнинг онаси сенга айтган нарсани менга айтгин”, деб айтдим. У: Мўъминлар онаси шундай деганлар: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам кечанинг аввалида ухлаб, охирида уйғоқ бўлардилар(ибодат билан қоим бўлар эдилар)”, деб айтди”. Насаий ривояти.


Кечаларда ибодат  билан бедор бўлишлик, инсоннинг гуноҳларини кечирилишига сабаб бўлади. Бир ҳадисда Набий алайҳиссалом бу ҳақида хабар берганлар:


عَنْ أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمْ، قَالَ:"عَلَيْكُمْ بِقِيَامِ اللَّيْلِ، فَإِنَّهُ دَأْبُ الصَّالِحِينَ قَبْلَكُمْ، وَهُوَ قُرْبَةٌ لَكُمْ إِلَى رَبِّكُمْ، وَمَكْفَرَةٌ لِلسَّيِّئَاتِ، وَمَنْهَاةٌ عَنِ الإِثْمِ". رَواهُ التِّرْمِذِىُّ


Абу Умома ал-Баҳилиййи  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:


Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечада қоим бўлишни ўзингизга лозим тутинг, у сизлардан олдинги солиҳ кишиларнинг одатидир. Бу амал Роббингизга сизлар учун қурбат бўлади, гуноҳларни кетказувчи ва айб ва хатолардан қайтарувчидир”, дедилар. Термизий ривояти


Тунлари ибодатда қоим бўлган кишининг Аллоҳ таолога яқин бандалардан бўлиши ва Аллоҳ таоло уни яхши кўришлиги ҳақида ҳадиси қудсийда ҳам баён қилинган. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Банда нафл ибодатлар билан менга яқинлашишда давомли бўлса, мен уни яхши кўраман”.


Демак, инсон тунларда намоз ўқиб, ибодатлар билан машғул бўлса, Роббисининг муҳаббатига сазовор бўлади ва гуноҳларидан мағфур бўлади. Қуръони Каримда шундай дейилган:


وَأَقِمِ الصَّلَاةَ طَرَفَيِ النَّهَارِ وَزُلَفًا مِنَ اللَّيْلِ إِنَّ الْحَسَنَاتِ يُذْهِبْنَ السَّيِّئَاتِ ذَلِكَ ذِكْرَى لِلذَّاكِرِينَ


114. Кечанинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир. (Ҳуд, 114- оят)


Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Бир киши Набий алайҳиссаломнинг олдига келди ва: “Эй Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам! Мен боғда бир аёл билан бирга бўлдим. Унга зинодан бошқасини қилдим, яъни, уни ўпдим, қучоқладим. Менга хоҳлаганингизни қилинг”, деб айтди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳеч нарса демадилар. У киши кетди. Умар розияллоҳу анҳу: “Агар ўзини беркитганида, Аллоҳ уни беркитарди”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам у кишига орқасидан қараб турдиларда: “Уни менга қайтариб олиб келинглар”, дедилар. Уни Набий алайҳиссаломга қайтариб олиб келишди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам унга юқоридаги оятни ўқиб бердилар. Муъоз ибн Жабал: “Эй Расулуллоҳ! бу унинг ўзигами ёки барча инсонларгами? Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Балки барча инсонларгадир”, дедилар”. ”


Бу оятнинг маъносини қувватлаган ҳолда ҳадиси шарифда шундай дейилган:


Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонлик ортидан яхшилик қил. Уни ювади. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил!” деганлар. Имом Аҳмад ривояти


Инсон, билиб ёки билмаган ҳолатда бирор гуноҳ иш қилиб қўйса, ортидан албатта, яхшилик қилишлиги лозимдир, шу яхшилиги гуноҳларига каффорот бўлади.


عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:« رَحِمَ اللَّهُ رَجُلاً قَامَ مِنَ اللَّيْلِ فَصَلَّى ، وَأَيْقَظَ امْرَأَتَهُ فَإِنْ أَبَتْ نَضَحَ فِى وَجْهِهَا الْمَاءَ ، رَحِمَ اللَّهُ امْرَأَةً قَامَتْ مِنَ اللَّيْلِ فَصَلَّتْ وَأَيْقَظَتْ زَوْجَهَا ، فَإِنْ أَبَى نَضَحَتْ فِى وَجْهِهِ الْمَاءَ » أَبُو داوُدَ، وَالنَّسائِيُّ


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:У киши айтдилар:


Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Кечасида қоим бўлиб, намоз ўқиб, сўнгра ўз аёлини уйғотган, агар аёли (уйқу ғолиблиги сабабли, ўрнидан туришликни) хоҳламаса, юзига сув сепган (холда бўлса ҳам, уйғотган) кишини Аллоҳ таоло раҳм қилсин. Кечасида қоим бўлиб, намоз ўқиб, сўнгра ўз эрини уйғотган, агар эри (уйқу ғолиблиги сабабли, ўрнидан туришликни) хоҳламаса, юзига сув сепган (холда бўлса ҳам, уйғотган) аёлни Аллоҳ таоло раҳм қилсин”, дедилар. Абу Довуд ва Насаий ривояти.


Ушбу ҳадиси шарифда инсон ўзига суйган нарсани ўзининг яқинларига ҳам раво кўришлиги баён қилинмоқда. Демак, инсон яхши ишларга фақатгина ўзи эмас, балки бошқаларни ҳам тарғиб қилмоқлиги лозимдир. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:


وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ


2. Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир. (Моида, 2- оят)


Аллоҳ таолонинг ушбу оятини инсон ўзига шиор қилиб олса, ўз-ўзидан яхши иш қилганларнинг сони кўпайиб, ёмонлар эса камайиб бораверади.


Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон Аллоҳга қурбат ҳосил қилмоқчи бўлса, Аллоҳнинг наздида даражаси юқори бўлиб, гуноҳлари мағфират қилинишини хоҳласа, нафл ибодатларни ўзига лозим тутиб, кечаларда бедор бўлиши лозим. Чунки, инсон фарз амалларини адо қилишлиги билан, бўйнидаги мажбуриятни адо қилган бўлади холос. Кечаларни ибодат билан ўтказишлик эса, ҳақиқий мукаммал мўъминлик белгисидир.


Агар кечаларда қоим бўлишликни ўзимизга одат қилмайдиган бўлсак, фарз ибодатларига қўшимча, нафл ибодатларни ҳам лозим тутмайдиган бўлсак, қалбимиз қорайиб, кўз ёшларимиз қуриб, иймонимиз заъифлашиб бораверади. 


Мадаминов Шокиржон



[1] Тафсири Ҳилол, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг учала имомларимиз наздида ҳар кунги рўза учун хоҳ кечасидан бўлсин, хоҳ кун яримлашидан аввал бўлсин янги ният қилиш зарурдир. Аммо Имом Зуфар, ва бошқа давоми...

2864 03:30 / 13.04.2023
Бир киши ҳар куни рўза тутадиган бўлиб саҳарлик қилса, тили билан ҳам дили билан ҳам рўзани ният қилмаса саҳарлик қилишлиги ният ўрнига ўтади. Лекин саҳарлик давоми...

2446 06:00 / 08.04.2023
Маълумки, рўза фарз бўлган дастлабки даврда мусулмонлар фарз ибодатни адо этиш масъулияти билан рўза тутаверишган. Кейинчалик бошshyқа халқ, миллат ва элатлар давоми...

1955 04:00 / 23.03.2023
Фитр садақаси араб тилида садақаrdquo сабабига изофа қилиниб Садақат улфитрrdquo деб номланади. Яъни фитр ҳайит кунинг тонги ушбу садақани вожиб бўлишига сабаб давоми...

9536 05:00 / 14.01.2017