1447 йил 14 шаъбон | 2026 йил 02 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тилни тийиш

20:10 / 16.05.2019 2698 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар». 

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ислом дийни ва таълимоти бўйича мусулмон инсон тилини доимо ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Рўзадор мусулмон учун эса бу таъкид яна ҳам кучли бўлади. Уламоларимиз «Ушбу ҳадисдаги «ёлғон гапириш»га ғийбатчилик, чақимчилик, иғво ва бўҳтонлар ҳам киради», дейдилар. Шунингдек, «Унга амал қилиш деганда Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулининг норозилигига сабаб бўладиган ҳар бир ишни қилиш тушунилади», дейдилар.

Демак, рўза тутган одам ўзини нафақат таом ва шаробдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Зотан, ўзини таом ва шаробдан тийиб туриб, ёлғон, иғво, чақимчилик, ғийбат, бўҳтон сўзларни гапираверишдан, ношаръий ишларни қилаверишдан нима фойда бор? Ёки унинг оч қолишига, чанқашига Аллоҳнинг эҳтиёжи борми?

Афсуски, ҳаётимизда ушбу ҳақиқатни унутиб қўямиз. Ичимизда рўзани тутиб олиб, кун бўйи беҳуда гап-сўзлар, ишлар билан машғул бўладиганлар жуда кўп. Ҳатто орамизда мусулмонларнинг устидан ғийбат, чақимчилик, бўҳтон қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳеч биримиз ёлғон сўз ва унга амал қилиш рўзанинг савобини бутунлай кетказишини мутлақо унутмаслигимиз лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирортангиз рўзадор ҳолида бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Худди шу маънодаги ҳадис олдин ҳам ўтган эди

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас», дедилар». 

Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Баъзи бир кишилар рўзани тутиб олиб, тилини тиймай, ёлғон гапирадилар, иғво, бўҳтон, ғийбат қиладилар, турли ёмон ишлардан ўзларини тиймайдилар. Бундай кишилар рўзанинг фойдасидан, савобидан маҳрум бўладилар. Уларга рўза тутишдан фақат оч қолганлиги қолади, холос.

Шунинг учун ким рўзадан тўла манфаат олмоқчи, савобига тўлиқ эришмоқчи бўлса, ўзини таом ва шаробдан ташқари беҳуда, бўлмағур гап-сўз ва амаллардан тиймоғи лозим.

Шунингдек, баъзи бир кишилар тунда таҳажжуд намоз ўқийдилар. Кейин эса ўша ишлари билан мақтаниб, риёкорлик қиладилар, ёлғон гапириб, нолойиқ ишларга қўл урадилар. Ана шундай одамлар ҳам тунда бедор бўлиб қилинган ибодатларга бериладиган савоблардан бебаҳра қоладилар.

Шунинг учун ҳар бир ибодатни иложи борича риёкорликдан қочиб қилмоғимиз керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозда ундан аввал ёки асносида пайдо бўлган беморлик сабабли тик туриш узрли бўлиб қолса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб ўқийди. Агар рукуъ ва сажда ҳамда давоми...

6275 05:00 / 31.12.2016
Сулаймон ибн Мусо айтади .Аъробийларнинг бир қавми Бану Марвонлик бир қавм билан ўзлари обод қилган ер хусусида хусуматлашиб, Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурларига давоми...

2202 08:06 / 10.12.2019
Мусо ибн Муғира айтади .Қоқ пешинда Муҳаммад ибн Сийриннинг бозорга такбир ва тасбеҳ айтиб, Аллоҳни зикр қилиб кираётганини кўрдим. Бир киши унга .Эй Абу Бакр, шу давоми...

2514 08:00 / 03.02.2021
Эътибор билан қарайдиган бўлсак, Ислом динининг батафсил ҳукмларини баён қиладиган барча манбаларимизда .Либос китоби, бор. Айниқса, ҳадис, тасаввуф ва фиқҳ давоми...

2952 09:10 / 05.08.2019