1447 йил 24 ражаб | 2026 йил 13 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўзанинг фазилатлари (бешинчи мақола)

17:10 / 08.05.2019 2411 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи боб

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: 

«Айтинг-чи, агар фарз намозларни ўқисам, Рамазон (рўзаси)ни тутсам, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билсам ва бунга ҳеч нарсани зиёда қилмасам жаннатга кираманми?» деди. У зот: 

«Ҳа», дедилар. 

«Аллоҳга қасамки, ана шунга ҳеч нарсани зиёда қилмайман», деди». 

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу маънодаги бошқа ривоятлар ҳам бўлиб, уларда калимаи шаҳодат, закот ва бошқалар ҳам зикр этилган. Албатта, мазкур фарзлар банданинг жаннатга киришини таъминловчи амаллардир. Энди бу ривоятда зикр қилинган нарсаларни бирма-бир кўриб чиқайлик:

1. «Фарз намозларни ўқисам». 

Демак, фарз намозларини ўз вақтида ўқиб бориш банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан биридир.

Фарз намозини ўқимайдиган ёки чала ўқийдиганлар бу фазлга эришишни умид қилмасалар ҳам бўлаверади.

2. «Рамазон (рўзаси)ни тутсам». 

Муборак Рамазони шариф ойининг рўзасини ихлос билан тутиш ҳам банданинг жаннатга киришига омил бўладиган ибодатдир.

Ушбу ҳадиси шарифни ушбу бобда келтиришдан муродимиз ҳам шу. Рўза тутиш қанчалик фазлга эга эканлигини шундан ҳам билаверинг.

3. «Ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билсам». 

Демак, жаннатга киришни хоҳлаган банда Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсани ҳалол деб билиши, ҳаром қилган нарсани ҳаром деб билиши ва бунга амал қилиши лозим. Бу ҳам худди намоз ўқиш ва рўза тутиш каби муҳимдир.

Ҳадисда зикр этилган «бунга ҳеч нарсани зиёда қилмасам жаннатга кираманми?» деган жумладан «намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳалолни ҳалол билиб, ҳаромни ҳаром санаб юрган одам иймон келтирмаса ҳам, бошқа ибодатларни инкор қилса ёки адо қилмаса ҳам жаннатга кираверар экан», деган фикр чиқмаслиги керак. Балки ушбу бобдаги ҳадисларни жамлаб ўрганиб, таққослаб кўриб, хулоса чиқарган маъқул. Ислом динида собит бўлган эътиқод ва ибодатларни тўлиқ адо этган кишигина ҳақиқий мусулмон бўлади ва жаннатдан жой олади. Бу ҳақиқат Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ва ҳадиси шарифларда очиқ-ойдин баён этилган.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг ҳар бир амри ҳикматларга бойдир. .Аллоҳнинг раҳмати баҳона қидирур, деган машҳур мақол бор. Аллоҳ бу умматга раҳматини ёғдиришни ирода қилиб, Ўз давоми...

3688 12:30 / 10.05.2019
Ушбу сурат National Geographic сайтида эълон қилинган бўлиб, унда инсоннинг ёнида турган ҳутни ҳақиқий катталикда кўришимиз мумкин. Бу расмдаги ҳутга, унинг оғзи қанчалик давоми...

2878 09:08 / 06.07.2019
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларнинг яхшингиз ҳусни хулқлигингиздир,, дедилар,.Термизий, Муслим ва давоми...

3611 08:40 / 08.01.2019
Абул Аъюн айтади .Байтул Мақдис ҳовлисида Холид ибн Язид ибн Муовия билан бирга эдим. Бир ёш йигит келиб, Холидга салом берди. Холид унинг саломига алик олгач, у давоми...

2327 08:00 / 04.12.2019