Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Исломда оилага унинг эр-хотин, ота-она ва болалардан иборатлиги асосида қаралади. Оиладаги муомалалар ўзаро ҳамкорлик, меҳр-муҳаббат асосида ўрнатилади ва олиб борилади. Бунда, аввало, инсонийлик одоб ва ахлоқларига ҳамда ижтимоий вазифани ўташга амал қилишга эътибор берилади. Умуминсоний нарсаларда эркак ва аёлга бирдек қаралади. Яратилиши, жисмоний ва нафсоний тузилишига оид нарсаларда эса, эркакка ўзига хос, аёлга ўзига хос муомала қилинади.
1. Умумоилавий ишларда масъулият тенглиги.
Оилада эркак раҳбар бўлса ҳам, аёл оилани бошқариш ва унинг мустаҳкамлигини таъминлашда баробар жавобгарликни кўтаради. Улар бу борада маслаҳатлашиб, шўро асосида иш олиб борадилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлинглар. Барчангиз раҳбарсизлар ва ўз қўл остидагиларингиздан сўралурсизлар. Одамлар устидан турган имом раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур. Эр киши ўз аҳли байтида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур. Аёл киши эри ва (эрининг) Ўғли уйида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур…» – дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан оила борасида эр ҳам, аёл ҳам масъул экани кўриниб турибди.
«Эр киши ўз аҳли байтида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур».
Исломда оила бошлиғи бўлиш улкан шараф ҳисобланиши билан бир вақтда, буюк масъулият ҳамдир. Эркак киши ўз оиласидаги барча аҳли байтга масъулдир. Масъул бўлганда ҳам, моддий-маънавий, руҳий-тарбиявий, дунёвий-ухровий – ҳамма-ҳамма томонлама масъулдир. У ўз аҳли байтини: хотини, бола-чақасини тўйдириб, кийдириш, уй-жой билан таъминлаш, таълим-тарбияли қилиш, ахлоқли-одобли қилиш, Аллоҳнинг йўлида юрадиган инсон қилиш, тинч-омонликларини таъминлаш ва шунга ўхшаш барча ишларда масъулдир.
«Аёл киши эрининг уйида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур».
Исломда оила бекалиги буюк шараф бўлиши билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Оиланинг бекаси бўлганидан кейин, унинг ички ишларининг ҳаммаси ўша беканинг қўлида, ихтиёрида бўлади. Оиланинг иқтисоди беканинг тежамкорлигига, ўзига ишониб топширилган тирикчилик воситаларига хиёнат қилмаслигига ва исроф қилмаслигига боғлиқ бўлади. Энг улкан масъулиятлардан бири эса, фарзандни туғиб, чиройли боқиш, етук инсон қилиб тарбиялашдир. Бу масъулиятни муслима аёллар доимо шараф билан адо этиб келганлар. Хулоса қилиб айтилганда, муслима аёлнинг оиладаги масъулияти беқиёсдир. Эрнинг ишлари муваффақиятли бўлишида аёлнинг тутадиган ўрнини ҳеч ким инкор қила олмайди. «Эрни эр қиладиган ҳам хотин, ер қиладиган ҳам хотин» деб бежиз айтилмаган. Гап ҳар бир муслима аёл ўз масъулиятини тўла тушуниб етишида қолган, холос.
2. Ажрашишдаги тенглик.
Ислом оилани бузишда талоқ ҳаққини эркак кишига берган. Чунки эркак киши оила раҳбари ҳисобланади. Оиланинг обрўси унинг обрўси билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам эркак киши оилани бузишдан олдин кўп ўйлайди. Болалар ҳам отанинг номида бўладилар, бу омил ҳам эркакни иложи борича оилани сақлаб қолишга ундайди. Оила қуриш учун барча ҳаракатларни ва сарф-харажатларни ҳам эркак қилади. Хотинга маҳр беради, уй-жой ҳозирлайди, тўй қилади ва ҳоказо.
Аммо бу гап, аёл киши истаса-истамаса, оилада яшаши мажбурий, унинг ажрашишга ҳаққи йўқ, дегани эмас. Исломда аёл киши ҳам ажрашиш ҳуқуқига эга. У бу ишни «хулуъ» йўли билан қилади. «Хулуъ» сўзи луғатда, кўпроқ, «кийим ечиш» маъносида ишлатилади. Шариатда эса, хотин кишининг арз қилиш орқали эри билан ажрашишига «хулуъ» дейилади. яъни аёл эри билан ажрашмоқчи бўлса, қозихонага ариза бериб, ажрашиш ҳуқуқига эга.
3. Итоатдаги тенглик.
Ислом шариатидаги оилалар итоатдаги тенгликнинг моҳиятини тўлиқ англаб етиш учун бу масала бошқаларда қандай йўлга қўйилганини билиб олишимиз зарур.
Европада эр-хотин орасидаги итоатнинг қулчиликдан фарқи бўлмаган. Улардаги хотиннинг эрига итоат қилиши савдо шартномасига ўхшаш бўлган. Эр ўз хотинини сотиши, сотиб олиши, ижарага бериши ёки вақтинчаликка бериб туриши жорий одат бўлган. Франция инқилобидан кейингина, 1791 йили чиқарилган қонун бўйича, бу қоида бекор қилинди. Янги қонуннинг 213-моддасига биноан, хотин эрига итоат қилиши ва у турган жойда туриши лозим, дейилди. Мазкур қонуннинг 1388-моддасига биноан, итоат вожиблигига хилоф бўлган ҳар қандай шартни бекор, дейилди. 1804 йилдаги «Франция гражданлик кодекси» чиққунча, эр хато қилган хотинини қамаш ва ходимга ўхшаш муомала қилиш ҳуқуқига эга эди.
Франциядан бошқа давлатлардаги қонунларнинг барчасида ҳам, эркак оила бошлиғи бўлганлиги учун, аёл унга итоат қилар эди.
Ислом шариати бўйича, оиладаги итоат Аллоҳ таоло жорий қилган низомга итоатдир. Эркак киши, Аллоҳ таолонинг низомига итоат қилиб, оилага бошлиқ бўлади ва ўша бошлиқликни Аллоҳнинг низоми ила олиб боради. Аллоҳ таолонинг низомига биноан, аёл ҳам эрга итоат қилади. Аллоҳнинг низомига тескари бўлган нарсада аёл эрга итоат қилмайди.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Маъсиятда итоат йўқ. Албатта, итоат маъруфда, холос».
Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.
Бас, шундай экан, эрига шариатга мувофиқ тарзда итоат қилган аёл, аслида, эрнинг шахсига эмас, Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилади. Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишларда эса, ҳеч кимга итоат қилмайди.
Шу билан бирга, эр ҳам аёлидан Аллоҳнинг амридан ташқари нарсага итоат қилишни талаб қила олмайди.
4. Меросхўрликдаги тенглик.
Дунёда аёл киши мерос олиш ҳақида ўйлаши ҳам мумкин бўлмаган даврда, балки, баъзи жойларда аёл чорва молларига қўшилиб, «мерос» сифатида тақсимланаётган бир пайтда Қуръони карим меросхўрликда аёл ва эркак орасидаги тенгликни эълон қилди.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилди:
«Эркаклар учун ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насиба бор. Аёллар учун ҳам ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насиба бор. Озидан ҳам, кўпидан ҳам. Фарз қилинган насиба ўлароқ» (7-оят).
Исломдан олдинги тузумларда, жумладан, Арабистон ярим оролидаги жоҳилий тузумда ёш болалар ва аёллар мерос олиш ҳаққидан маҳрум эди. Жоҳилий араблар ҳукми бўйича, фақат силоҳ олиб, душманга қарши уруша оладиган, яъни вояга етган эр кишиларгина меросга ҳақли эдилар, холос. Қолганлар, жумладан, ёш болалар ва аёллар бунга лойиқ эмас эдилар. Ислом эса меросни «қариндошлик ҳаққи» деб эълон қилди. Эркагу аёл, катта-ю кичик қариндошлар меросдан ҳақдор бўлди. Улар меросни қариндошлик мартабаларига қараб, шариат ҳукми бўйича кимга қанча кўрсатилган бўлса, ўшанчадан бўлиб олишади.