1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ўзганинг ҳақидан қўрқиш

10:00 / 21.12.2018 3953 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ ﭹ ﭺ ﭻﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзга олган нарсаларни қайтариб бермаслик ва бошқалар киради.

Ушбу оят ва унинг шарҳи билан юқорида танишган эдик. Кейинги оятда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ

«Ким буни тажовузкорлик ва зулм ила қилса, албатта, уни оловга киритиб, куйдирурмиз. Бу эса Аллоҳга осондир» (30-оят).

Оятдаги «буни» сўзи бир-бирининг молини ботил йўл билан еб, ўзини ўзи ҳалокатга дучор қилишга ишорадир. Демак, ким бировнинг молини тажовузкорлик (яъни ҳаромлигини билиб туриб) ва зулм ила (яъни тап тортмай) еса, охиратда дўзахга киритилади. Одатда ботил йўл билан мол ейдиганлар бу дунёдаги ҳукуматлар тайин қилган жазолардан қутулиб кетишади. Шунинг учун ҳам уларнинг зеҳнига, иложини топса, ҳамма нарсадан қутулса бўлади, деган фикр ўрнашиб қолган бўлади.

Ўша фикрни кўтариш учун охирида:

«Бу эса Аллоҳга осондир», дейилмоқда. Яъни ботил йўл билан мол еганларни дўзахга киритиш Аллоҳ учун осондир. Ҳеч ким қочиб, ҳийла қилиб қутула олмайди.

Мусулмон киши ҳаром йўл билан мол-дунё касб қилишдан худди чўчқанинг гўштини ейишдан ҳазар қилгандек ҳазар қилиши керак. Ҳаром йўл билан мол-дунё топган одам икки дунёда шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқади, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига таом ўрнига олов ейди.

Ҳаромдан ҳазар қилиш мусулмонларнинг асосий фазилатларидан бири бўлганидек, шубҳали нарсалардан ҳазар қилиш ҳам салафи солиҳларимизнинг одатлари бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шубҳали нарсадан бир луқма еб қўйиб, кейин уни қайт қилиб ташлаганлари маълум ва машҳур.

Ривоятларда зикр қилинишича, Бишрул Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳига оналари бир дона хурмо берганида еб туриб, кўчага чиқиб, қайт қилиб ташлаган эканлар. Чунки ўша хурмо шубҳали бўлган. Онани хафа қилмаслик учун ейилган, сўнг тақво юзасидан қусиб ташланган.

Абон ибн Абу Айёш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг», дедим. У зот: 

«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар» (Дайламий ривоят қилган).

Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, дуоим қабул  бўлсин, деган ҳар бир мўмин-мусулмон ҳалол касб ила шуғуллансин, ейдиган луқмасини ҳалол қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги

«Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», деган сўзларига алоҳида эътибор берайлик. Бундан жуда оз миқдордаги ҳаром нарса инсонга илашса ҳам, унинг дуоси қабул бўлмаслиги келиб чиқади.

Бир луқма таом оз нарса, инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам бир луқма деярли ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин сиз билан бизнинг назаримизда арзимас бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган қилиб қўяр экан.

Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг асари инсон жисмида қирқ кунгача турса керак.

Энди инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Ҳаммамизнинг қилаётган ҳар бир касбимиз, топаётган молу мулкимиз ҳалолми? Ҳаммамизнинг тановул қилаётган ҳар бир луқмамиз ҳалолми?

Энди нима учун дуолар қабул бўлмаётганини, нима учун ишлар юришмаётганини тушуниб етгандирмиз?!

Ушбу улуғ ҳадиси шарифга амал қилиб, касбимизни пок қилишимиз, бир луқма ҳам ҳаромни оғзимизга олмаслигимиз лозим. Икки дунёнинг бахт-саодати шундадир.

“Қарз ва унга боғлиқ масалалар” китобидан   

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволҚуръонни ўқиб бир савол пайдо бўлди ва унинг жавоби мени ўйлантириб келмоқда. Балки бу Аллоҳ таолонинг ҳикмати олийси билан биз бандалардан яширилгандир, давоми...

10908 19:05 / 19.01.2020
СаволАбу Али ибн Сино ўзининг илмийфалсафий қарашлари сабабли дин арбоблари томонидан кучли танқид қилинган. ҲужжатулИслом имом Fаззолийнинг ҳам Ибн Сино давоми...

6372 18:30 / 05.08.2020
Шофеъий мазҳаби фақиҳларидан бўлган Абул Аббос ибн Сурайж ўлими олдидан бемор бўлиб ётганида туш кўрди. Тушида Қиёмат қоим бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло давоми...

1378 08:33 / 09.08.2020
Қози Муҳаммад ибн Умар Довудий айтади .Ибн Шаҳиннинг шундай деганини эшитганман .Шу вақтгача қанча сиёҳ сотиб олганимни ҳисоблаб кўрсам, етти юз дирҳамга етибди,. давоми...

2927 13:04 / 06.01.2020