1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Заифлар ва қўл остидагилар – хотин, қул, жониворлар ҳақини поймол қилиш

12:40 / 22.04.2019 2800 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта, Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди» (Нисо сураси, 36-оят).

Аллоҳ таоло Ўзини бир, якка ва ёлғиз деб билиш, улуғлаш қаторида қуйидагиларга яхши муносабатда бўлишни буюрди:

Ота-онага – уларга меҳрибонлик ила яхши муносабатда бўлиш, қўпол муомала қилмаслик, ҳузурларида баланд овозда гапирмаслик ва қул хўжайинига итоат этгандай итоаткор бўлиши лозим.

Қариндош-уруғларга – улар билан алоқани мустаҳкамлаш, уларга яхши муносабатда бўлиш лозимлиги ҳам таъкидланмоқда.

Етимларга – уларга меҳр-шафқат кўрсатиб, бошларини силаш лозим.

Мискинларга – имкони бўлса, уларга хайр-эҳсон қилиш, бўлмаса, яхши сўз сўзлаш даркор.

Қариндош қўшни – насабда ёки динда қариндош бўлган қўшни. Унинг иккита ҳақи бор. Мабодо ҳам динда, ҳам насабда қариндош бўлса, унинг учта ҳақи бўлади.

Бегона қўшни – насабда ёки динда қариндош бўлмаган қўшни.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнининг ҳақи хусусида шундай деганлар: «Жаброил менга қўшни ҳақида тўхтовсиз васият қилаверганидан яқинда қўшнини ҳам меросхўр деб атаса керак, деб ўйладим» (Муттафақун алайҳ).

Ҳамроҳ – сафардаги йўлдош бўлиб, унинг қўшнилик ва ҳамроҳлик ҳақлари бор.

Йўловчи мусофир – мусофир то кўзлаган манзилига етиб олгунича, унга таом ва бошпана бериш вожиб.

Қўлларингиздаги қулларингиз – қул (чўри)ларнинг ризқини яхшилаб, хатоларини афв этиш лозим.

Зеро, Аллоҳ Ўзининг кўрсатмаларига амал қилишдан бўйин товлайдиган мутакаббир ва У берган неъматлар сабабли бошқа бандалардан ўзини устун қўювчи мақтанчоқ кимсаларни суймас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан кетиш олдидан, сўнгги касаллик чоғларида намоз ва қул-чўриларга яхши муносабатда бўлиш ҳақида васият қилиб: «Намоз, намоз (яъни, намозга қаттиқ эътибор беринглар). Қўл остингиздагилар хусусида Аллоҳдан қўрқинглар», деган эдилар (Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).

Ривоят қилишларича, яхши ҳулқ – бахт, ёмон ҳулқ эса – кўнгилсизлик (бахтсизлик). Яна бир ҳадиси шарифда: «Ёмон хулқли киши жаннатга кирмайди», дейилган (Термизий ривояти).

Абу Масъуд Бадрий айтадилар: «Бир қулимни қамчи билан ураётган эдим. Ортимдан: «Эй Абу Масъуд, билиб қўй», деган овоз эшитилди. Фазабдан овозни англамай қолдим. Менга яқин келгач, қарасам, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зот: «Абу Масъуд, билиб қўй, сен бу ғуломдан қудратли бўлсанг, Аллоҳ сендан қудратлидир», дедилар. «Энди биронта ҳам қулни урмайман, дедим».

Ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятида: «У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайбатларидан қўлимдан қамчи тушиб кетди», дейилган. Яна бир ривоятда: «Ё Расулуллоҳ, у Аллоҳнинг розилиги учун озоддир», деган эдим, у зот: «Агар шундай қилмаганингда, шубҳасиз, дўзах оловида куйган бўлардинг», дедилар», дейилган (Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Кимки қулини қилмаган иши учун жазолаб урса ёки калтакласа, уни озод қилиш билангина шу гуноҳи ювилади» (Муслим ривояти).

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дунёда одамларни азоблайдиган кимсаларни Аллоҳ, албатта, жазолайди» (Муслим ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки зулм қилиб қамчи урса, қиёмат кунида ундан қасос олинади» (Баззор ва Табароний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Хизматкорни неча марта афв этиш лозим?» деб сўрашган эди, «Ҳар куни етмиш маротаба», деб жавоб бердилар (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Кунлардан бир куни қўлларида мисвок тутиб турган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматкорини чорладилар. У сусткашлик қилган эди, у зот: «Агар қасос олиш хафви бўлмаганида, ана шу мисвок билан сенга озор берган бўлардим», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қора танли чўриси бор эди. Бир куни у зот чўрисига қамчи кўтардилар-да: «Агар қасос бўлмаганида, сени, албатта, савалар эдим. Лекин сени ҳақингни тўла қилиб берадиган Зотга сотаман. Аллоҳнинг розилиги учун озодсан», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда-ким пок қулини бадном қилса (зинокор деб туҳмат қилса), унга қиёмат кунида ҳад жорий қилинади. Магар айтгани рост бўлса (жазоланмайди)» (Муттафақун алайҳ).

Бир ҳадиси шарифда: «Қулга таоми ва кийимидан берилади ҳамда тоқати етмайдиган ишга буюрилмайди», дейилган (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қулларингиздан ўзингизга маъқул келганларига ейдиган нарсангиздан едиринглар, киядиган нарсангиздан кийдиринглар. Маъқул келмаганларини эса сотиб юборинглар, Аллоҳнинг бандаларини азобламанглар» (Абу Довуд ривояти).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Мадоин шаҳрининг амири бўлиб турган даврида ҳузурларига бир жамоат ташриф буюрди. У хамир қориб турган эди. «Чўрингизга хамир қордирсангиз бўлмайдими?» дейишган эди, у зот розияллоҳу анҳу: «Уни бир ишга жўнатган эдик. Унга яна бир ишни жамлаб қўйишни маъқул топмадик», деб жавоб бердилар.

Салафлардан бири айтган экан: «Қулингни ҳар бир гуноҳи учун ураверма-да, хатоларини эсингда сақлаб юр. Агар Аллоҳга осийлик қилса, уни ур ва сенга қилган итоатсизликларини эслат».

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар .Бадназарлик ҳар қанча кўп қилинмасин, минглаб эркак ва аёлларга соатлаб тикилмасин, барибир қониқиш давоми...

1729 17:30 / 15 январь
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ таоло .Кимки Менинг дўстимга душманлик қилса, унга қарши уруш эълон қилдим,, давоми...

2433 15:00 / 22.07.2019
Аллоҳ таоло айтади.Аҳдга вафо қилинглар Зеро, аҳдпаймон Қиёмат куни масъул бўлинадиган ишдир, АлИсро сураси, 34.Зажжож айтадилар .Аллоҳ буюрган ва қайтарган барча давоми...

6011 16:00 / 10.12.2018
Ислом динида мўминмусулмонларга нафақат зарари бор бўлган нарса, балки ўша зарарга олиб борадиган нарсалар ҳам ҳаром этилган.Аллоҳ таоло зинони ҳам, зинога олиб давоми...

2551 08:59 / 18.10.2021