1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Халифалар даврида (давоми)

18:05 / 13.04.2019 2001 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Довуд қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

 «Муаъйқийб ёзди, Абдуллоҳ ибн Арқам гувоҳ бўлди:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Аллоҳнинг бандаси Умар – амирул мўмининнинг васият қилган нарсасидир. Агар унга бир нарса бўлса, Самъ, Сирма ибн Акваъ ва ундаги қул ҳамда Хайбардаги юз улуш ундаги рафиқи ила ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таом учун берган водийдаги юз(васақ)ларга Ҳафса умрининг охиригача қарайди.

Сўнгра унинг аҳлидан фикр эгаси бўлгани қарайди. Сотилмайди, сотиб олинмайди, ўз билганича соилга, маҳрумга, қариндошларга нафақа қилади. Унга васий (нозир) бўлгани учун, агар ўзи еса, бировга егизса ёки қул сотиб олса, танглик йўқ».

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ўзларига Хайбардан теккан ерларни вақф қилган эдилар. Кейинчалик эса ўша ерларни ва ушбу ривоятда зикр қилинган мулкларни вақф қилиб, ёздириб қўйганлар.

Бу ёзиш ишини ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтларидаги котиблари Муъайқиб розияллоҳу анҳу амалга оширган. Абдуллоҳ ибн Арқам розияллоҳу анҳу эса гувоҳ бўлган.

Вақф ҳужжатида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ёздирган нарсаларнинг баъзиларини шарҳ қилиб ўтишга тўғри келади.

«Агар унга бир нарса бўлса», дейилгани «У вафот этса» деган маънода айтилган.

«Самъ ва Сирма ибн Акваъ» – Умар розияллоҳу анҳунинг Мадинаи Мунавварадаги икки кўчмас мулкларининг номи.

«Хайбардаги юз улуш» – Хайбарнинг ерлари ўлжа сифатида мусулмонларга бўлинганда Ҳазрати Умарга теккан улуш.

Аввалги ривоятда зикри келган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатлари билан вақф қилинган ер худди шу ер бўлиб, ўша пайтда вақф қилинган бўлса ҳам, ҳужжатга кейин киритилган.

«Водий»дан мурод Мадина билан Шом орасидаги Мадинага қарашли қишлоқ жой.

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таом учун берган водийдаги юз васақ»дан мурод мазкур водийдан чиқадиган маҳсулни ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдор мусулмонларга бўлиб берганларида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ҳар йили юз васақ миқдорида берилишини тайин қилганлар.

«Ҳафса умрининг охиригача қарайди» дейилгани «Унга нозир – бошқарувчи бўлади», маъносидадир.

Бу гапларнинг барчаси Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳога фазл устига фазл, шон-шараф устига шон-шарафдир.

Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо оталари вафот этганларида қаттиқ маҳзун бўлганлар. У киши оталари ўлим тўшагида ётганларида ҳам ёнларида бўлганлар.

«Мўминларнинг онаси Ҳафса (бинти Умар) келди. Аёллар у киши билан бирга келдилар. Биз уларни кўрганимизда ўрнимиздан турдик. У киши унинг олдига кириб, бир муддат йиғлади. Эркаклар изн сўрадилар. У киши улар учун ичкарига кириб турдилар. Биз у кишининг ичкаридаги йиғиларини эшитдик».

Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо Умар розияллоҳу анҳунинг жанозаларида ҳам ўзларини алоҳида ҳолатда тутганлар.

Бадриддин Айний «Умдатул Қорий» китобида келтирганларидек, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу вафот қилганларида Ҳафса онамиз оталарининг жанозасига чиқишга мажбур бўлганлар. Шунда у кишининг атрофларига парда тўсиб юришган, у киши парданинг ичида юриб чиққанлар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида ридда урушларида кўплаб қориларнинг шаҳид бўлишидан ташвишга тушган Умар розияллоҳу анҳу ёзилган Қуръон оятларини жамлаб қўйишни таклиф қилган эдилар. Бир оз иккиланишдан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу ишни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга топширган эдилар.

Халифанинг амрига биноан, Зайд ва Умар машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб бўлдилар ва уни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар.

У киши оламдан ўтганларидан кейин саҳифалар ҳазрати Умарнинг уйларида, у кишидан сўнг эса қизлари Ҳафса онамизнинг ҳузурларида қолди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу вафот этаётганларида ҳали халифа сайланмаган эди. Шунинг учун мусҳафни ўзида олиб туриш ҳаққи халифадан кейинги мартабали киши – Ҳафса онамизда бўлди. Бир неча кун ўтиб, сайланган халифа Ҳафса онамиздан мусҳафни беришини сўрашга ботина олмади. Бу омил ҳам Ҳафса онамизнинг ким эканликларини яна бир бор намойиш қилади.

Вақт ўтиши билан Ислом давлатининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар ҳам мусулмонликни қабул қилиб, мусулмонларнинг сони кўпайгандан сўнг Қуръонни ўқишда турлича келишмовчиликлар чиқа бошлади. Бу ҳолатни кўрган халифа Усмон Абу Бакр давридаги саҳифалардан нусха кўчиришга қарор қилди.

«Бас, Усмон Ҳафсага одам юбориб, «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», деди.

Ҳафса уларни Усмонга юборди. У Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъийд ибн Осс ва Абдурроҳман ибн Ҳорис ибн Ҳишомга амр қилди. Улар мусҳафларга нусха кўчиришди.

Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб берди. Олинган нусхалардан эса ҳар томонга биттадан мусҳаф юборди. Ундан бошқа саҳифаларда ва мусҳафда Қуръондан бўлса, куйдириб юборишга амр қилди».

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг мусҳафнинг асл нусхасини Ҳафса онамизга қайтариб беришлари ҳам Ҳафса онамизнинг бу нарсага ҳақдор эканларининг давлат томонидан эътироф қилинишидир. Мазкур мусҳаф Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида умрларининг охиригача турган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.У киши Убайдуллоҳ ибн Жаҳшнинг хотини эдилар. Бас, у Ҳабашистон ерида ўлди. Шунда Нажоший уни Умму Ҳабибани давоми...

2358 15:06 / 24.06.2020
Қуръонда келадиган суралардан бирининг номи Каҳф. Раббимиз бизга нозил этган Китобини охирги одамгача барча Аллоҳни танисин, динини тушунсин дея туширди. Бунга давоми...

2159 11:44 / 15 июнь
Ҳарамда энг аввал яшаган аёл mdash ҲожардирРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг аввал иймон келтирган аёл ndash Хадича розияллоҳу анҳодир.Ислом йўлида энг давоми...

2723 14:30 / 25.04.2022
Қуйида фақат аёлларга хос бўлган йигирма бир масала зикр қилинади1 аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, лекин юзларини очиқ қолдирадилар.2 тикилган кийим давоми...

3408 11:00 / 07.08.2023