1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Бўлажак куёвнинг ҳуқуқ ва одоблари

11:09 / 17 декабрь 5002 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Келинликка номзод ҳам, куёвликка номзод ҳам суриштириб бўлинди. Сифатлари, дину диёнати, одоб-ахлоқлари ва одамгарчилиги ўрганилди. Ана шу маълумотларга қараб, оила қуришга ният қилинади.

Аммо, мазкур сўраб-суриштиришдан кейин бевосита фотиҳа ўқиб, тўй бошлаб юборилаверадими?

Келинликка ва куёвликка номзодлар тўйдан олдин бир-бирларини кўришлари гуноҳ ҳисобланадими ёки йўқми?

Ёки баъзи бировлар айтганидек, ёшлар бир-икки йил бирга юриб, бир-бирини синаб кўришлари керакми?

Исломда юқоридаги икки услуб ҳам нотўғри ҳисобланади. Бир-бирини кўрмасдан оила қуриш яхши эмас. Бир-бирини кўрмаган кишилар юз кўришганларида бир-бирларига ёқмай қолишлари ҳам мумкин. Иккинчидан, сифатлари суриштирилганда бошқа одам кўрсатилиб, никоҳга бошқасини олиб келиш хавфи ҳам бор. Бошқа одамнинг суратини кўрсатиб, тамоман ўзга кишини никоҳламоқчи бўлганлар ҳам топилади. Шунинг учун оила қурмоқчи бўлган икки тараф никоҳдан аввал бир-бирини кўришгани маъқул.

Лекин бу кўпчилик орасида кенг тарқалган «Оила қурмоқчи бўлган ёшлар бир-икки йил синашиб, кейин никоҳдан ўтишлари керак», деган гапларни тасдиқлаш эмас. Мазкур «синаш» даври қанчалик узоқ давом этмасин, ҳар икки томон ҳам мақсаддаги синовга эриша олмаслигини тажриба исбот қилмоқда.

Синашиб турмуш қурганларнинг оиласи тезроқ ва кўпроқ бузилишини ҳамма кўриб, билиб турибди. Чунки ҳар икки тараф ҳам «синаш» даврида ўз камчиликларини беркитишга, ўзида йўқ фазилатларни ҳам бор қилиб кўрсатишга жон-жаҳди билан уринади. Оқибатда икки томон ҳам бир-бирини алдайди, бир-бирига «фаришта» бўлиб кўринади. Лекин қалбакилик умр бўйи давом этиши мумкин эмас. Никоҳдан кейин икки томон ҳам тезда ўзининг ҳақиқий башарасини очади. Сўнгра келишмовчиликлар чиқади ва оила бузилади. Фақат «синаш» давридаги ҳаром-хариш юриш, гуноҳ, баъзи ҳолларда зино, зинодан ортган фарзанд қолади, холос.

Шунинг учун ҳам Исломда бу ишга рухсат берилмайди. Сўраб-суриштирсин, шариат белгилаб берган доирада кўриб, ўргансин, шунинг ўзи етарли бўлади. Бу масалага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қизиқтирганлар, тавсия қилганлар. Шунинг учун ҳам барча ҳадис китобларимизда ва кўпгина фиқҳ китобларимизда совчилик пайтида бир-бирини кўриш ҳақида алоҳида боблар бор.

Албатта, бу вазиятда фақат кўриш ҳақида гап кетмайди. Балки бугунги кун таъбири билан айтадиган бўлсак, совчилик пайтида куёвликка ва келинликка номзод шахсларнинг ҳуқуқ ва одоблари ҳақида сўз боради.

1. Куёвликка номзоднинг ҳуқуқ ва одоблари.

Совчилик никоҳ эмас, шунинг учун ҳам совчилик қилаётган, куёвликка номзод шахс келинликка номзодга нисбатан бегона ва номаҳрам сифатида қолади. Бу пайтда ушбу ҳолатни зинҳор унутмаслик зарур.

Ушбу муҳим омилни ҳисобга олган ҳолда, куёвликка номзоднинг ҳуқуқ ва одоблари қуйидагилардан иборат:

1. Куёвликка номзод келинликка номзод билан учрашиб, унга назар солишга ҳақли.

قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كُنْتُ عِنْدَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، فَأَتَاهُ رَجُلٌ فَأَخْبَرَهُ أَنَّهُ تَزَوَّجَ امْرَأَةً مِنَ الْأَنْصَارِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: أَنَظَرْتَ إِلَيْهَا؟ قَالَ: لَا، قَالَ: فَاذْهَبْ فَانْظُرْ إِلَيْهَا، فَإِنَّ فِي أَعْيُنِ الْأَنْصَارِ شَيْئًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ.

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Бир киши у зотнинг олдиларига келиб, ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи эканлигини хабар қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга назар солдингми?» дедилар.

«Йўқ», деди у.

«Бор! Унга назар сол! Ансорийларнинг кўзларида бир нарсаси бўлади», дедилар», деди».

Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.

Демак, уйланмоқчи бўлган одам ўзининг бўлажак умр йўлдошига қараши, ҳатто кўзидаги фарқни англаши ҳам жоиз экан. Шунингдек, шунга ўхшаш маслаҳатлар бериш ҳам жоиз экан.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا خَطَبَ أَحَدُكُمُ الْمَرْأَةَ فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ يَنْظُرَ إِلَى مَا يَدْعُوهُ إِلَى نِكَاحِهَا فَلْيَفْعَلْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالشَّافِعِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлса-ю, уни (ўша аёлнинг) никоҳига чорловчи нарсага назар солишга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар».

Абу Довуд, Шофеъий ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Демак, уйланишдан олдин ўзининг бўлажак умр йўлдошига назар солиш жоиз экан.

Бошқа ҳадисларда саҳобаларнинг ўзлари уйланмоқчи бўлган қизларга суннатга амал қилган ҳолда қандай назар солганликлари, уни ёқтириб, сўнгра уйланганликлари ҳақида сўз кетган.

عَنِ الْمُغِيرَةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ خَطَبَ امْرَأَةً، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: انْظُرْ إِلَيْهَا، فَإِنَّهُ أَحْرَى أَنْ يُؤْدَمَ بَيْنَكُمَا. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَحَسَّنَهُ.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши бир аёлга совчи қўймоқчи бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга назар сол, чунки бу орангизни бардавом қилиш учун керакдир», дедилар».

Насаий ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий ҳасан, деган.

Демак, шариатда бўлажак умр йўлдошини бир кўришга рухсат берилганлигининг ҳикмати бир-бирини ёқтириб, муносиб кўрса, кўнгли тортса, кейин турмуш қуриш учундир. Лекин бундай шаклдаги назар солишнинг, бир-бирини кўришнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор.

Аввало, мазкур кўриш унаштирилишдан аввал бўлади. Шунинг учун бу ишда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш зарур. Кўриш оқибатида турли-туман гап-сўзлар тарқалмаслиги керак. Ҳатто бир-бирини ўзига мос эмас деб топилганда ҳам, ёқмай қолган тарафнинг шаънига тегадиган гап-сўзлар тарқаб, хафа қиладиган иш бўлмаслиги лозим. Ушбу кўришдан кейин маъқул топилса, унаштириш, бўлмаса, гап-сўзсиз қолавериш керак.

Иккинчидан, мазкур кўришиш, танишишнинг баъзи нозик тарафлари вакил воситасида ёки шахсий иштирок билан бўлиши мумкин.

Имом Аҳмад, Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий алайҳиссалом Умму Сулаймни ўзлари учун бир аёлни кўриб келишга юборганлар ва: «Товони устидаги пайига қара ва бўйнини икки томондан ҳидлаб кўр», – деганлар.

Бу каби нарсаларни, албатта, аёл киши қила олиши мумкин, холос. Шунингдек, бўлажак келин ҳам куёвни кўриш, уни яқинроқдан таниш учун ўз вакилини юбориши мумкин. Оила қуриш ниятидаги кишиларнинг бир-бирлари билан бевосита кўришишлари шариат ҳукмига биноан ўтиши керак. Ўзлари хилватда ёлғиз қолишлари мумкин эмас. Маҳрамлардан бирор киши улар билан бирга бўлиши шарт. Йигит қизнинг юзига, икки қўлига назар солса бўлади. Ҳанафий мазҳабида «қадамига ҳам» дейилган. Юз – жамолнинг ойнаси, ундан кишининг чиройи ҳақида тўлиқ хулоса чиқариш мумкин. Қўлдан эса баданнинг бошқа қисмлари ҳақида, масалан, ориқ-семизлик каби ҳолатларни билиш мумкин. Ҳаракати, юриш-туриши, қад-қомати ҳақида шундай ҳам тасаввур олса бўлаверади.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Валийлик отаона ва қариндошларнинг бурчи ва ёш болаларнинг ҳаққидир.Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. давоми...

1975 11:05 / 07.02.2020
Ҳалоллаш шарти ила қилинган никоҳ макруҳдир ва ҳалоллайди. Халқ ичида .ҳалола, номи ила машҳур бўлган нарса шудир. Унда уч талоқ ила эрига ҳаром бўлган аёл талоқ давоми...

1434 12:32 / 12.06.2023
Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари қатъий риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг отаоналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. давоми...

17616 20:05 / 08.10.2019
.Хулуъ, сўзи луғатда .кийим ечиш, маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса, хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб, эри билан ажрашиши .хулуъ, дейилади. Чунки давоми...

2015 06:00 / 22.06.2023