1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Халифалар даврида

19:50 / 07.04.2019 3102 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг Ислом оламида тутган ўринлари у кишининг оталари Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтларида катта аҳамият касб этди. Умар розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга маслаҳат солар ва у кишининг айтган гапларини қайтармас эдилар.

Умар розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари учун қилган биринчи ишларидан бири уларга Хайбардан келиб турадиган йиллик даромадни янгича йўлга солиш бўлди. Бунда Ҳафса онамиз ўзига хос ихтиёр қилдилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардан чиқадиган мева-зироатнинг ярмига муомала қилдилар. Бас, у зот ҳар йили ўз завжалари(дан ҳар бири)га юз васақ – саксон васақ хурмо ва йигирма васақ арпа берар эдилар.

Умар ишни қўлга олганда Хайбарни тақсимлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига ер ва сув ёки ҳар йили васақларни олиб туришдан бирини ихтиёр қилишга ҳақ берди.

Бас, улардан баъзилари ер ва сувни, баъзилари эса ҳар йили васақларни олиб туришни ихтиёр қилишди. Оиша ва Ҳафса ер ва сувни ихтиёр қилганлардан эдилар».

Мадинаи Мунавварага яқин Хайбарда яҳудийлар яшар эдилар. Уларнинг хиёнатлари ва айблари туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уруш қилиб, ерларни ўлжага олганлар. Шу билан бирга, шартнома тузиб, мусулмонларга мулк бўлиб қолган ер ва боғларни шерикчилик асосида яҳудийларга берганлар.

Шартномага биноан, зироатчилик ва боғдорчиликдан чиққан ҳосилни тарафлар тенг ярмидан бўлиб олишар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли аёлларининг нафақаларини шу Хайбардан тушадиган ҳосилдан олар эдилар. У зот завжаи мутоҳҳараларидан ҳар бирларига маҳсулдан юз васақ берар эдилар. Ўша юз васақнинг саксон васақи хурмо, йигирма васақи арпа бўлар эди. (Бир васақ – тахминан 165 кг).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлиб турган вақтларида Хайбар яҳудийлари яна хиёнат қилишган. Шунда у киши уларни Хайбардан Шомга чиқариб юборганлар. Шунинг учун ер ва боғларда шерикчилик асосида иш олиб бориш шартномаси ҳам ўз кучини йўқотган.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Хайбар ерларини мусулмонларга бўлиб берганлар.

Шунда «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларининг нафақалари нима бўлади?» деган савол пайдо бўлган.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу оналаримизга икки нарсадан бирини танлашни таклиф қилганлар: хоҳласалар, бўлиб берилаётган ер ва сувдан ўз ҳақларини олсинлар, хоҳласалар, аввалгидек, васақларда тайёр маҳсулот олсинлар. Оналаримиз турлича ихтиёр қилишган. Оиша билан Ҳафса оналаримиз ер ва сувни танлаганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу керакли нарсаларда, айниқса, аёлларга оид масалаларда Ҳафса онамиз билан маслаҳатлашиб турар эдилар ва у киши берган тавсиялар асосида муҳим давлат қарорларини қабул қилар эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида кечаси ҳеч кимга билдирмасдан, айланиб, одамларнинг ҳолларидан хабар олиб юриб, бир ҳовлида аёл кишининг ҳижрон ҳақида байт айтаётганини эшитиб қоладилар. Суриштирсалар, у аёлнинг эри Ислом лашкарлари билан урушга кетган экан.

Сўнгра ҳазрати Умар одам юбориб, Ҳафса онамиздан:

«Аёл киши эрсиз қанча сабр қилади?» деб сўрабдилар. У киши:

«Тўрт ой», деб жавоб берибдилар. Буни билгандан кейин Ҳазрати Умар ҳеч кимни аскарликда тўрт ойдан кўп ушлаб турмасликка фармон берганлар.

Катта саҳобалар ҳам ўзлари журъат қилиб, Ҳазрати Умарга айта олмаган гапларини Ҳафса онамиз орқали айтишар эди. Бу ҳол ҳам ўша пайтда Ҳафса онамизнинг Ислом давлатида катта ўрин тутганларига бир далилдир.

«Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳуга тайин қилинган маошни олишда давом этди. Аммо унинг ҳожати кўпайди. Муҳожирлардан бир гуруҳи тўпланишди. Уларнинг ичида Усмон, Али, Толҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳум бор эдилар. Зубайр:

«Умарга унинг маошини зиёда қилишимиз ҳақида гапирсак бўлар эди», деди. Али:

«Бу аввалроқ бўлиши керак эди. Юринглар, борайлик», деди. Усмон:

«У Умардир. Келинглар, ўзига билдирмасдан, унинг нимаси борлигини ўрганайлик. Ҳафса розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бориб, сўрайлик ҳамда бу гапни бировга айтмаслигини тайинлайлик», деди.

Бас, улар Ҳафса розияллоҳу анҳонинг олдига киришди ва ҳеч кимнинг номини айтмасдан, «Бир гуруҳ одамлар гапирди», деб хабарни Умарга айтишини сўрадилар-да, унинг олдидан чиқиб кетишди.

Ҳафса Умарнинг ҳузурига бориб, ҳалиги масала бўйича гаплашди. Умарнинг юзидан ғазаб аломатларини сезди.

«Улар кимлар?» деди у.

«Сизнинг фикрингизни билмасдан аввал уларнинг кимлигини билишга йўл йўқ», деди.

«Уларнинг кимлигини билсам, албатта, юзлари қораяди. Сен мен билан уларнинг орасидасан. Аллоҳ ҳаққи, ростини айт! Сенинг уйингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай либослари бор эди?» деди у.

«Бўялган икки кийим. Меҳмонлар келганда ва хутба қилганда кияр эдилар», деди Ҳафса.

«Сенинг ҳузурингда у зот ноил бўлган энг яхши таом нима эди?» деди.

«Арпа нон қилиб, иссиқлигида ёғидишимизнинг остида қолганини устидан қуйиб, юмшоқ ва ёғли қилар эдик. У зот уни яхши кўриб ер эдилар ва таом ҳисоблардилар».

«Сенинг ҳузурингда у зотнинг энг яхши тўшаклари нима эди?» деди.

«Бизнинг бир қалин кийимимиз бор эди. Уни ёзда тўрт буклаб, тагимизга солар эдик. Қиш бўлганда эса ярмини тагимизга солиб, ярмини устимизга ёпар эдик», деди.

Шунда Умар:

«Эй Ҳафса! Уларга айтиб қўй! Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортиқча нарсаларни ўз ўрнига қўйганлар. Мен ҳам ортиқча нарсаларни ўз жойига қўяман. Менинг ва икки соҳибим худди бир йўлга тушган уч кишига ўхшаймиз. Биринчиси зоду роҳилага (сафар захирасига) эга бўлган ҳолида ўтиб кетди. Бошқаси унинг ортидан эргашди. Унинг йўлидан юриб бориб, ортидан етиб олди. Сўнгра унга учинчиси эргашди. Агар у иккисининг йўлини лозим тутса ва зодларига рози бўлса, уларга етиб олиб, бирга бўлади. Агар уларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, улар билан жамлана олмайди», деди».

Умар розияллоҳу анҳунинг Ҳафса онамизни юқори баҳолашларини ўзлари қолдираётган вақфга ўғилларини эмас, қизлари Ҳафса онамизни ва у кишининг аҳлидан фикр эгаси бўлганларни нозир қилиб тайинлашларидан ҳам билиб олсак бўлади.

(давоми бор)

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . ..Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу айтадики.Бир аёлга уйландим. Сўнгра олдимизга бир қора хотин келиб, .Икковингизни эмизганман,, деди. Шунда давоми...

1746 18:00 / 22.04.2020
IIЎша вақтларда уйланиш учун аёлни эр томон излар эди. Аввал аёл томондан гап чиқиши уят ҳисобланар эди. Аммо қизи бева қолган Умар ибн Хаттоб янгича йўл қўллашга давоми...

3743 09:50 / 11.03.2019
. Умму Салама розияллоҳу анҳодан сўралди .Аёл киши қандай кийимда намоз ўқийди, .У химорда ва бутун жисмини тўсиб, икки қадамининг устини бекитиб давоми...

1919 16:33 / 18 сентябрь
Ҳамма тарафда жаҳолат ҳукм сурган бир пайт. Ҳали Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга оламни жоҳилият зулматидан Ислом нурига ҳидоят қилиш учун давоми...

2261 19:05 / 11.12.2019