1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ота-онани йўқлаб таом улашиб, эҳсон қилиш

20:00 / 30.03.2019 4115 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизда турли омиллар сабабли ўтган яқинларни, хусусан, ота-онани йўқлаб, уларга ортларидан савоб юбориш ниятида таом пишириб, одамларни чорлаш кенг тарқалган. Ҳатто кўпчилик ўтганларга савоб бағишлаш, деганда айнан мана шу ишни тушунадиган бўлиб қолган.

Диндан узоқлашиш ва яна бошқа турли сабабларга кўра, ўтганларга атаб, «уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар ўтказиш одатга айланган. Бу каби маросимларни ўтказишнинг ўзига хос «қоида»лари ҳам шаклланган. Уларга биноан, кун санашнинг ҳам услуби бор – маросимни тоқ кунларда қилиш шарт эмиш. Қилинадиган таомларнинг тури ҳам аниқлаб, тайинлаб қўйилган. Яна шунга ўхшаш бидъат-хурофотлар анчагина. Бу ишларда, асосан, аёллар ва маҳаллалардаги маросимчилар-нинг гапи гап бўлади. Баъзи жойларда маййитнинг дафни куни жонлиқ сўйиб, таом пиширишга киришиб кетилади. Юқорида номи айтилган маросимларнинг қилинмаслиги марҳумни хорлаш билан баробар кўрилади. Хуллас, бу борада шариатга тўғри келмайдиган гаплар ва ишлар анчагина бор.

Шунинг учун ҳам ушбу мақомда бу масалани қисқача ёритиб ўтишни маъқул топдик.

Аввало, мусибатга учраганлар дафндан кейинги уч кун ичида бошқаларга таом қилиб беришлари макруҳдир. Меросхўрларнинг ичида балоғатга етмаган болалар бўлса, бошқаларга таом қилиб бериш ҳаромдир.  Мусибатзадаларга уларнинг яқинлари ва қўшнилари таом тақдим қилишлари мустаҳабдир. Мазкур уч кундан кейин маййит аҳли таом қилиб, улашса, дурустлиги юзага чиқади. Аммо шариатда «уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар йўқ. Катта китобларда ҳам, кичикларида ҳам, арабчасида ҳам, ажамчасида ҳам бу номларнинг бирортасини топиб бўлмайди.

Китобларда «Мотам муносабати ила қилинадиган таом «вазийма» дейилади» деган гап бор, холос.

Ўша вазийманинг куни, ҳажми, унга пишириладиган таомнинг тури ва бошқа нарсалари белгиланган эмас. Бундай эҳсонни киши ўзидан, оиласидан, қарамоғидагилардан орттирганда, балоғатга етмаган болаларнинг ҳаққини аралаштирмасдан, кўнгли истаган пайтда қилиши мукин. Бунда турли бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик шарт.

Фақиҳлар бу борадаги ҳужжат ва далилларни таҳлил қилиб, жумладан, қуйидаги хулосага келганлар:

Маййитга савоби етадиган нарсалар:

Барча уламолар маййитнинг дуо, истиғфор, садақа ва ҳаж каби баданий-молиявий ибодатлардан манфаат олишига иттифоқ қилганлар.

Уламолар намоз ва Қуръон қироати каби баданий ибодатлардан маййит фойда олиши ҳақида бир оз ихтилоф қилганлар.

Ҳанафийларнинг ихтиёр қилган қавллари бўйича, қорилар қабрнинг олдида ўтириб, қироат қилсалар бўлади. Бошқа ерлардаги қироатнинг ҳам савоби етиши ҳақида шубҳа йўқ. Чунки Қуръон қироати бўлган ерга раҳмат ва барака нозил бўлади. Қуръон қироатидан кейинги дуонинг қабул бўлиши осон.

Ҳанбалийлар: «Қабр олдида қироат қилса бўлади», деганлар ва унга «Йаасийн»ни ўлганларга ўқиш ҳақидаги ҳадисларни далил қилганлар.

Моликийлар: «Маййитга унинг ўлимидан кейин ва қабр олдида қироат қилиш макруҳ, чунки аввалгилар бундай қилмаган», деганлар. Аммо уларнинг кейинги уламолари: «Қуръон қироати ва зикр қилиб, савобини маййитга бағишлаш мумкин ва бағишловчига ҳам ажр бўлади», дейишган.

Аввалги шофеъийлар: «Маййитга ўзининг амалидан бошқа амал манфаат бермайди», деганлар. Аммо бу мазҳабнинг кейинги уламолари масалани ўрганиб, таҳқиқ қилиб чиққач: «Ўлганларга Фотиҳа ва бошқа сураларнинг қироати савоби етади», деганлар. Одамлар шунга амал қилганлар.

Шундай қилиб, тўрт мазҳабнинг барчаси Қуръон қироатининг савоби ўтганларга етишига иттифоқ қилганлар.

Ўтганларни, хусусан, ота-оналарни йўқлаш, руҳларини шод қилиш ва ортларидан савоб юбориш ҳақида сўз юритилар экан, қуйидаги ҳадиси шарифни ёдга олиш зарур бўлади.

Анас ибн Моликдан эшитган кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, амалларингиз ўлган яқинларингиз ва қариндошларингизга кўрсатилур. Агар яхши бўлса, улар башорат олурлар. Агар бошқача бўлса: «Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби уларни ҳам ҳидоят қилмай туриб ўлдирмагин», дейишади».

Аҳмад ривоят қилган. 

Демак, вафот этган ота-онамиз ва яқинларимизни ёдлашимиз йилда бир ёки икки марта ёзиладиган дастурхон пайтидагина эмас, ҳар лаҳзада бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло барча фарзандларга ота-оналарига тириклик чоғида барча яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишни насиб этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам шараф билан адо этишга муяссар қилсин!

Демак, арабчада «вазийма» деб номланган мотам муносабати ила ўтганларга савоб етказиш маъносида қилинадиган ихтиёрий маросимни ўзига тўқ бўлиб, эҳтиёжидан ортиқ маблағи бор одам, дафндан уч кун ўтган бўлиши шарти ила, ўзига қулай пайтда, кун, ҳафта, ой ва йил санамай қилади. Ўзидан ва қарамоғидагиларидан пули ортмаган одам қилмайди. Бу маросимни қарз олиб қилиш мутлақо мумкин эмас.

Никоҳга оид маросимлардан фақат биттаси – никоҳ тўйи шариатда суннат амал ҳисобланади. Қолганлари шариатда йўқ. Улар одамлар ўзлари одат тарзига айлантириб олган маросимлардир. Уларда ҳам исроф деган нарса урчиб кетган.

«Исроф» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Синон Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилади .Мени чаён чақиб олди. Онам дам солувчининг олдига боришимни қаттиқ талаб қилиб туриб олдилар. Ноилож бордим, лекин дам давоми...

2122 07:10 / 24.09.2019
6 июнь куни ижтимоий тармоқлардаги айрим нохолис манбаларда Вақфrdquo фонди фаолияти ҳақида асоссиз гапсўзлар тарқатилди.Хабарларда Рамазон ҳайити куни тушган давоми...

3414 15:01 / 08.06.2019
Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Алий ибн Исҳоқ Тусий шундай деган.Биз Исмоил ибн Абдурроҳман Собунийга бир жуз ҳадис ўқиб берардик. Ўша жуздан озгина миқдор қолганда, у давоми...

1509 16:00 / 05.11.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбарни фатҳ қилиб кўп ўлжага эга бўлдилар. Уларни саҳобалар ўртасида тақсим қилдилар. Сўнг Мадинага қараб йўл олдилар. давоми...

2088 19:40 / 23.03.2021
Аудиолар

210872 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130137 14:35 / 11.08.2021