1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бугун Оврўпанинг қаршисида ягона нажот йўли – Ислом йўли турибди

17:10 / 19.03.2019 3692 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ғарбда фаровонлик ва турмуш лаззатлари зиёдалашгани сайин инсонлар хотиржам бўлиш ўрнига тобора чуқур руҳий изтироб ва безовталик гирдобига шўнғиб кетишмоқда. Ғарб ҳазорасининг моддият асосига қурилгани, дин, руҳоний қадриятлар ғарбликларга таъсирини аллақачон йўқотиб бўлгани сабабли жуда тубан кетиб қолишди. Бунинг оқибатида ана шундай шомил, чуқур безовталикда қолганларини англаб етишди.

Ғарб дунёсининг ақлли кишилари, мутафаккирлари йўқотган диний руҳониятларини излаш, бир вақтлардаги юксак ахлоқли жамиятни қўмсаш билан оворалар. Узоқ йиллар «жамият ривожига тўғаноқ» тамғаси билан «калтаклаб» келинган черков руҳонийлари тумтарақай бўлиб кетган қавмларини яна ибодатхоналар қучоғига қайтариш учун не кўйларга тушишмаяпти. Бу йўлда давлат ва черков кенг ҳамкорлик бошлаган. Аммо черков воизлари қандай тарғибот-даъват усулларини қўллашмасин, диний халқалар тўплашнинг иложи бўлмаётир. Роҳиб ва попларнинг Оврўпа ва Америкадаги кинотеатрлар, рақс клублари, томошахоналар ва бошқа кўнгил очиш жойларида «бузилган ва қўрс-қайсар» ёшларни насронийликнинг асрий анъаналарига қайтариш йўлида жон-жаҳд билан уринишлари қақроқ ерга тушган томчидай изсиз кетяпти.

Ғарбда бирор иш чиқаролмаган дайди тарғиботчилар (миссионерлар) иш фаолиятларини шарққа, аҳолисининг асосий қисми мусулмон ўлкаларга кўчиришдан бошқа илож тополмай қолишди. Холливуддай бузуқлик уяси ҳам диний филмлар ишлаб чиқаришга киришгани аҳволнинг ниҳоятда ташвишли ва хатарли тус олаётганидан дарак беради. Турли жамиятлар, марказлар, илм ўчоқлари, маданият муассасалари ғарбликларни ахлоқий қуролланишга, диний-ахлоқий фаолиятни кучайтиришга, маънавиятнинг асл ўзанларига қайтишга, диний қадриятларга амал қилишга даъват қилишдан чарчамаяпти.

Инсоннинг ташқи муҳит таъсирлари ва турли хасталикларга қарши фитрий қаршилиги (иммунитети) йўқолса, у жиндай табиий ўзгаришлар ёки арзимас касалликлар олдида ожиз бўлиб қолади, тезда таслим бўлади ва охири ҳалокатга юз тутиши мумкин. Ҳар қандай мафкура ёки тузум ҳам ўз шаъни ва яшовчанлигини ҳимоя қилиш учун қаршилик кўрсатиш иммунитетига эга бўлиши керак. Дин жамиятни турли иллатлар, қабиҳлик ва жиноятлардан, бузуқлик ва жаҳолатдан ҳимоя қилувчи кучли иммунитетдир. Жамият ҳам ўз навбатида қаршилик иммунитетидан ажраб қолмаслик учун динини асраб, ҳимоя қилишга бурчли. Агар жамиятда бошқарув низоми, эътиқодий дастур йўқолса, инсонлар асл фитрий қиёфаларини йўқотиб, ҳайвонга айланишган ва алал-оқибат инсонийликдан маҳрум бўлиб, ҳалокат сари кетишган бўлур эди.

Буни бугунги Ғарб олами мисолида кўриш мумкин. Бу жамият ўзидаги ана шу иммунитетни йўқотиб, ўрнига «демократия», «ҳурлик», «эркинлик» ниқоби остидаги ҳайвоний ҳирс ва нафсий бузуқликларни таклиф этмоқда. Бу жамиятда бангиворлик, фоҳишалик, ахлоқни назар-писанд қилмай кўнглига ёққан ишни бемалол қилиш (бу уларда «инсон ҳуқуқлари» деб аталади) каби иллатлар қадрият эмиш, буларни ҳурмат қилиш керак эмиш.

Эркакнинг эркакка турмушга чиқиши (масалан, англиялик таниқли қўшиқчи Элтон Жон бутун дунёнинг кўз ўнгида ўзи каби эркакка «тегди»), аёлларнинг бемалол танфурушлик қилиши (Ғарбда фоҳишаларнинг ҳатто касаба уюшмасию махсус газетасигача бор), мактаб партасидаги қизнинг никоҳсиз туғиб қўйиши каби мусулмонлар учун фожиа саналган ҳодисалар уларда қадрият ҳисобланса, бу, жамиятнинг инқирози яқинлашганидан далолат бермайдими?

Яқинда Олмонияда ўз туғишган синглисига уйланиб, ҳатто ундан фарзанд кўрган бир махлуқни (одам дейишга тил бормайди) маҳкамага тортишди ва қамоққа жўнатишди. Ўша махлуқ бу ифлосликка Оврўпадаги Ҳолландия, Белгия каби айрим мамлакатлар қонунчилигида рухсат берилганини рўкач қилган эмиш.

Инсон фитратига мутлақо зид бўлган ярамасликларни ҳимоя қилаётган «демократия» бу билан унинг иммунитетини йўқ қилмоқчи эмасми? Худди иммунитети йўқолган ёки камайган одам касаллик туфайли ҳалок бўлгани каби ифлосликларга қаршилиги сўнган жамиятлар тез орада ҳалок бўлмайдими? СПИД деган бедаво дардга ҳам «иммунитет тахчиллиги синдроми» деб маъно берилиши инсонларни ҳушёрликка чақирмайдими?

Аммо энди кеч! Поезд аллақачон кетиб бўлган. Эскилик, қолоқлик, инквизация ўчоғи, деб лаънатланган дин аллақачон жамият ҳаётидан қисиб чиқарилган. Одамлар қалбидан Аллоҳга ва охират кунига бўлган ақида тортиб олинган. Унда-бундаги ҳувиллаган муҳташам ва ҳашамдор черковлар эскириб, қийматини йўқотган кўҳна ақидаларини қанчалик ўлиб-тирилиб ҳимоя қилишмасин, моддапарастлик, даҳрийликка мубтало кишиларни ишонтира олмаяпти. Жамиятдаги руҳий бўшлиқни тўлдириш, асл инсоний қадриятларга қайтариш, одамлар қалбини чулғаган ваҳима, эртанги кунга ишончсизлик, ҳаётдан тўйиш, ялпи ахлоқсизлик каби иллатлардан бирданига халос эта олишга қодир ягона куч – Ислом экани тобора ойдинроқ бўлиб боряпти. Буни ғарбнинг аҳли тамизлари, йирик олим ва сиёсатдонлари, фозил мутафаккирлари очиқ тан олишга мажбур бўлишяпти.

Англиялик Ричард Билл Ислом динини узоқ ўрганиши натижаси ўлароқ, ушбу фикрларини изҳор қилади: «Оврўпа катта инқирозлар арафасида турибди. Унинг ялтироқ, кўз ўйнатувчи сатанглиги ортида ахлоқсизлик, жоҳиллик, ваҳшат, қалб хасталиклари, ўз жонига қасд қилиш, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, номус топталиши ва бошқа иллатлар яширинган. Ўзаро ҳурмат, ишонч, муҳаббат туйғулари йўқолиб боряпти. Инсоний хислатларнинг унутилиб кетаётгани жуда аянчли. Оврўпалик кишилар бугун фақат моддий дунё ҳисобигагина кун кечирмоқда. Ўлим қўрқуви уларни домига тортган. Оилавий бирдамлик ва унинг аъзолари орасида алоқалар бузилиб боряпти. Давлат кишилари бу муаммолардан чиқиш эшигини топа олмай гаранглар. Бугун Оврўпанинг қаршисида ягона нажот йўли – Ислом йўли турибди. Ундан бошқа ҳеч қандай чора йўқ!»

Атоқли фаранг адиби Виктор Гюго бундан ҳам аччиқроқ ҳақиқатни очади: «Ҳаётимиз ҳалокат ёқасида, десам, ҳақиқатни яширган бўламан. Ҳаётимиз ҳалокат ёқасида эмас, ҳалокат домида экани ҳақиқатдир. Бутун диққат-эътиборни фақат шу дунё ҳаётигагина боғлаш, ундан кейин ҳеч қандай ҳаёт йўқ, деган ақидани уқдириш орқасида инсон аллақачон чоҳга улоқтириб бўлинган. Бугунги кундаги барча қийинчиликларнинг, ечимсиз муаммоларнинг асосий сабабчиси ана шу тубан ақидадир… Бизнинг вазифамиз инсонларни ўлим ортида ҳам ҳаёт борлигига, унда адолат қарор топишига, ҳар ким қилмишига яраша жазо ёки мукофот олишига ишонтиришдир».

Чикаго (АҚШ)даги тиб дорилфунуни ректори Паул Эрнст Адолф шундай ёзади: «Буюк пайғамбар Исо алайҳиссалом: «Кимда-ким руҳий хотиржамликни йўқотган экан, ҳар қанча тўкин моддий бойлик унга фароғат ва манфаат бахш этолмайди», деган экан. Мен шундай хулосага келдимки, беморнинг жисмини дори-дармон билан, руҳини эса Аллоҳга бўлган ишонч билан даволамоқ керак. Айнан раҳматгина беморнинг тузалиб кетишига ёрдам бериши мумкин».

Дамашқлик машҳур Ислом олими Мустафо Ҳусний шундай фикр юритади: «Ғарб ҳазораси инсоният эришган моддий ҳаётнинг энг юқори чўққиси ҳисобланади. Лекин унинг якка ўзи одамларни бахтли қила олмайди… Энди бу ўринда келажакда ўз вазифасини қойилмақом уддалайдиган бир миллат – у ҳам бўлса, бизнинг Ислом миллатигина қолди. Эртанги ҳазора байроғини биздан ўзгаси кўтаришга қодир эмас. Бу қуйидаги сабаблар билан изоҳланади: биринчидан – биз тарихда ҳазоралар барпо этган энг улуғ ақидалардан бирининг эгасимиз, иккинчидан – биз ижобий ва ижодий руҳоният соҳибларимиз, учинчидан – келажак ҳазорасини барпо этишга қодирлигимизни аввал ҳам ўтмишда исботлаганмиз… Келажак ҳазорасининг жиловини ўз қўлимизга олган пайтимизда Аллоҳнинг борлигини инкор қилишга далил топиш учун фазога учмаймиз. Бошқа миллат ва элатларни ўз нуфуз доирамизда сақлаш учун қитъалараро ракеталарни таҳдид қуроли қилмаймиз. Радиони – йўлдан уриш, кинони – фитна қилиш, аёлни – жисм учун лаззат воситаси қилмаймиз. Тараққиётимиздан қолоқ элатларнинг бойликларини эгаллаб олиш ва ғурурларини топташ учун дастак сифатида фойдаланишга интилмаймиз».

Бу ҳақиқат, яъни инсониятнинг икки дунё саодатига эришиши учун, руҳий ва моддий олами ўзаро мутаносибликда бўлиши учун бирдан-бир нажот йўли – Аллоҳ таолонинг охирги ҳақ дини Ислом экани ҳақидаги кашфиёт бугунга келиб очилгани йўқ. Аллоҳ таоло буни ўн беш аср муқаддам бандаларига нозил қилган Китобида очиқ-ойдин айтиб қўйган: «(Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сизлар яхши амалга буюрасиз, исён –гуноҳдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Аҳли китоб ҳам иймон келтирганида эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир» (Оли-Имрон, 110-оят); «Шунингдек (яъни, тўғри йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўртадаги (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143-оят).

Бу ояти карималарнинг мағзига, ботинига чуқурроқ кирайлик. Биз тақдир нидосига бир марта «лаббай» деб жавоб берган ҳолда Ислом байроғини баланд кўтариб, инсониятни амният, ҳидоят ва нурли чўққилар сари етаклаганмиз, сўнгра байроқни ташлаб, рисолатни адо этишдан ўзимизни олиб қочганмиз. Бугун ҳам бу ояти карима бизларни хавф, безовталик, шаҳват, зулм ва қаттол умидсизлик зулматларида кезиб юрган халқларни халос этиш учун янгидан ҳуррият машъаласини баланд кўтаришга ундамоқда. Чунки ана шу руҳан хаста ва безовта халқлар ўз-ўзларини ўлдиришни нажот йўли деб билишмоқда. Оддий кишилар қурол ёки заҳар билан, миллат ва элатлар эса атом ва хидроген бомбалари билан ўзларини ҳалокатга маҳкум этмоқдалар. Ваҳоланки, уларнинг қаршисида энг тўғри ва умидбахш йўл – Ислом йўли турибди. Улар бу йўлни ё кўрмаяптилар, кўрсалар ҳам, моддий ҳаётнинг қучоқларидан бўшана олмай ва бузуқ ақидаларидан қутула олмай, ўжарларча кўзларини юмиб олишяпти. Уларга нажот йўлини кўрсатиб ёки унга йўллаб қўйишга эса биз мусулмонлар бурчлимиз, масъулмиз!

Инсонлар руҳий хаста! Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозир дунёда ярим миллиардан ортиқ киши руҳий касалликлар, асаб тизимининг бузилиши қийноқларини бошидан кечирмоқда. Йилига йигирма миллиондан зиёд киши ўз жонига қасд қилишга уринади. Шундан бир миллиони суиқасд туфайли ҳалок бўляпти. Энг қизиғи, жонига қасд қилиш «қолоқ, маданиятдан орқада қолган, ёввойи» мусулмонлар орасида урф эмас. Асосан юксак тараққий этган Ҳолландия, Можаристон, Литва, Скандинавия ўлкалари ҳиссасига тўғри келяпти. Бундан ҳам ажиби – у ерларда одамлар ўзлари яшаётган тўкин, фаровон ҳаётдан безиб, яшашнинг қизиғи қолмаётганидан, инсоний муносабатлар батамом издан чиқиб кетганидан тўйиб, ўз жонларига қасд қилаётганларидир.

Ғарбона ҳаётнинг зоҳирий жимжималари ортида аянчли ботиний тушкунликлар писиб ётганини англашга кўпчилик қодир эмас. Исломиятдан ташқаридаги инсонлар бешикдан қабргача моддий дунё васвасалари – яхши яшаш, кўпроқ пул топиш, бу йўлда аёвсиз олишиш каби «жўшқин ҳаёт» ичида бўлишади. Руҳ эҳтиёжларини қондириш ёки бу ҳақда ўйлаб кўришга уларда вақт ҳам, имкон ҳам, хоҳиш-истак ҳам йўқ.

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади .Ийсо алайҳиссалом ер юзини айланиш учун чиқди. Унга бир яҳудий ҳамроҳлик қилди. Яҳудийда иккита, Ийсо алайҳиссаломда эса битта нон бор давоми...

2054 07:10 / 13.08.2019
Абдуллоҳ ибн Шавзаб айтади .Сулаймон ҳаж қилди. Умар ибн Абдулазиз ҳам у билан бирга эди. Иккови Тоифга келишганда чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлади. Сулаймон давоми...

1587 08:04 / 12.12.2019
Ибн Исҳоқ айтади .Абдурраҳмон ибн Асвад Нахаъий ҳаж қилиб, қайтиб келди. Сўнг унинг бир оёғи ишламай қолди. Нахаъий тонггача бир оёқда намоз ўқиб чиқди,..Солиҳлар гулшани, китобидан

2371 09:03 / 16.02.2020
Замонавий тиб илми қанча ривож топиб, сўнгги кашфиётлар туфайли қанча янгиликлар киритилмасин, Китоб ва Суннатда бундан сал кам ўн беш аср муқаддам инсониятга давоми...

7222 11:00 / 18.03.2020