1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Юсуф алайҳиссаломнинг дуолари

08:40 / 17.03.2019 4529 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дуо хусусида Юсуф алайҳиссалом қиссаси мўминлар учун гўзал ибратларга тўла. Юсуф алайҳиссалом ҳар бир ҳолатда Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишонч, таваккул ва садоқат билан чин мўминнинг барча аломатларини ўзларида кўрсатганлар. У зот ва оталари Ёқуб алайҳиссаломга келадиган машаққатлар кичик ёшдаги Юсуф алайҳиссаломнинг акалари томонидан қудуққа ташланишидан бошланган. Ёқуб алайҳиссалом энг севган ўғлидан ажралса-да, Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишончни сақлаганлар:

«Ва унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар. У: «Йўқ! Сизга ҳавойи нафсингиз бирор ишни зийнатлаб кўрсатади. Энди чиройли сабр (дан бошқа чорам йўқ). Сиз васф қилаётган нарсада ёрдам сўраладиган Зот ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи», – деди» (Юсуф, 18-оят).

Оятга кўра ўғлининг қонли кўйлагини кўрган ота, ҳақиқий мўмин тутадиган ҳолат – сабр, таваккул ва дуо эканлиги кўриниб турибди.

Қудуққа ташланиб ўлимга ҳукм қилинган Юсуф алайҳиссалом дам олиш учун тўхтаган йўловчи савдо карвони томонидан топиб олинади. Қудуқдан сув олишга келган одам Юсуф алайҳиссломни кўриб сотиб юборишни ўйлайди. Мисрга келгач у ўзининг ниятини амалга ошириб Юсуф алайҳиссаломни арзон нархга сотиб юборади. Уни сотиб олган одам Юсуф алайҳиссломни оддий одам эмаслигини ҳис қилади ва уни яхшилаб жойлашларини тайинлаб, фарзанд қилиб олишни ният қилади. Шундай қилиб ҳар нарсага қодир Аллоҳ Мисрга қул бўлиб келган Юсуф алайҳиссломга тушларни таъбир қилишни ўргатади. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилган:

«Ва уни Мисрда сотиб олган (одам) ўз хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», деди. Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар» (Юсуф, 21-оят).

Юсуф алайҳисслом вояга етгач Аллоҳ У зотга тўғри ҳукм чиқариш ва илм фазлини берди.

«Вояга етган вақтида унга ҳукмни ва илмни бердик. Гўзал иш қилгувчиларни шундай мукофотлармиз» (Юсуф, 22-оят).

Юсуф алайҳиссалом ҳуснда лол қоладиган даражада вояга етдилар. Шу сабабли у зотни сотиб олган кишининг хотини Юсуф алайҳиссломни фаҳш ишга чорлайди. Аммо Юсуф алайҳиссалом Аллоҳдан қўрқиб бу ишга қўл урмайдилар. Лекин шаҳар аёллари ўртасида у аёлнинг ўз хизматкорини хоҳлаб қолганлиги ҳақида миш-миш тарқалади. Халиги аёл уйига шаҳар аёлларининг барчасини меҳмон қилиб чақиради. Уларнинг ҳар бирининг қўлига пичоқ беради ҳамда Юсуф алайҳиссаломга уларнинг олдиларига чиқишни буюради. Юсуф уларнинг ҳузурига чиққанларида аёлларнинг барчаси у кишининг ҳусну жамолига маҳлиё бўлиб қўлларини пичоқ билан кесиб олишади. Шунда аёл:

«У: «Сиз мени маломат қилган эдингиз. Ҳа, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади. Агар у менинг амримни бажармаса, албатта, қамалур ва хор бўлгувчилардан бўлур», деди» (Юсуф, 32-оят).

Юсуф алайҳиссалом бу гапларни эшитиб ҳаром ишдан кўра қамоқни афзал биладилар ва шундай дуо қиладилар:

«У: «Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу (аёл)ларнинг макрини мендан ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан», деди» (Юсуф, 33-оят).

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарининг дуосини қабул қилади:

«Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди. Албатта, унинг Ўзи эшитгувчи ва билгувчи Зотдир» (Юсуф, 34-оят).

Фаҳшдан кўра зиндонни афзал билиб, қалбан Аллоҳга дуо қилган Юсуф алайҳиссаломнинг дуоси қабул бўлиб, Аллоҳ уларни аёлларнинг макридан нари қилади. Лекин беайб эканлиги маълум бўлгани ҳолда Юсуф алайҳиссалом қамоққа ташланадилар. Қамоқда одамлар Юсуф алайҳиссаломни тақволи, инсофли одам деб билиб, у зотдан маслаҳат сўрайдиган бўлишади. Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг йўлига даъват қилиш учун қулай фурсат келганини фаҳмлайдилар.

«Эй ҳамзиндон дўстларим, турли-туман робблар яхшими ёки Ёлғизу Қаҳҳор Аллоҳми? Сизлар ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар» (Юсуф, 40-оят).

Юсуф алайҳиссалом ҳамзиндон бўлган икки йигитга уларнинг тушларини таъбир қилиб беради. Юсуф алайҳисслом йигитлардан бирига ўзини қамашга амр этган кишига у зотни эслатишини тайинлайди. Ҳалиги йигит қамоқдан чиққач Юсуф алайҳиссаломнинг гапини унутади. Шундай қилиб Юсуф алайҳиссалом яна бир неча йил қамоқда қоладилар. Бу орада Мисрнинг подшоҳи қайта-қайта алғов-далғов тушлар кўради. У ўз аъёнларидан тушининг таъбирини сўрайди. Шунда зиндонда ётган, озод бўлгач эса подшоҳга соқийлик қилётган ҳалиги йигит Юсуф алайҳиссаломнинг гапларини эслайди. Ҳалиги йигит подшоҳдан изн олиб Юсуф алайҳиссалом ёнига борадилар. Юсуф алайҳиссалом унга тушнинг таъбирини айтадилар. Тушнинг таъбирини эшитган подшоҳ Юсуф алайҳиссаломни ҳузурларига олиб келишни амр этади.

Лекин Юсуф алайҳиссалом подшоҳга ҳам, бошқаларга ҳам ўзларининг беайб эканликларини билдиришни хоҳлайдилар. Шу сабабли қамалишларига сабаб бўлган воқеани қайта текширтиришни сўрайдилар. Подшоҳ у кишининг талабларини бажарадилар. Кетма-кет келган машаққатлардан сўнг Юсуф алайҳиссаломнинг беайб эканлиги исбот этилади.

Аллоҳ иймонли, тақводор бандаларини, айниқса Ўз Пайғамбарларини ҳеч қачон хор қилмайди. Гўзал амаллари учун чиройли мукофотлар беради. Юсуф алайҳиссалом ҳам йиллар давомида кўрган машаққатлари олдида бўйин эгмай, Аллоҳга мустаҳкам эътиқодда бўлганлари учун Аллоҳ у зотни мукофотлайди.

«Шундай қилиб, Юсуфга ер юзида маконат бердик, уни ўзи хоҳлаган жойга ерлаша оладиган қилдик. Ўз раҳматимизни, кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз ва гўзал амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз» (Юсуф, 56-оят).

Аллоҳ томонидан неъмат берилган Юсуф алайҳиссалом Ўз Роббисига шукр айтиб шундай дуо қиладилар:

«Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган Зот! Сен дунёю охиратда менинг валийимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин» (Юсуф, 101-оят).

(давоми бор)

«Қуръони каримга кўра дуо» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ким бир кунда беш амални қилишга эришса, жаннат аҳлидан бўлади. давоми...

2477 11:05 / 09.11.2018
Абдуллоҳ Ҳужрийдан ривоят қилинади .Амаким вафот этди. Бир куни уни тушимда кўрдим. У шундай дер эди .Дунё алдовчидир. Охират эса амал қилувчилар учун хурсандчилик давоми...

1794 07:10 / 11.10.2019
Мансур ибн Аммор айтади .Бир йили ҳаж қилдим. Кўфа кўчаларидан бирида тўхтадим. Тун қоронғисида ташқарига чиқсам, бир киши баланд овозда .Аллоҳ, иззатинг ва давоми...

1925 08:00 / 01.01.2021
1947 йил. Афён шаҳри қамоқхонаси. Қишнинг изғиринли кунлари. Мамлакатда диндорлар таъқибга олиниб, қамоқларга ташланаётган аянчли кунлар.Шундай диндорлардан бири давоми...

4158 21:10 / 31.05.2019