1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Жамоат намози одоблари

11:40 / 07.06.2019 26688 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жамоат намози ўқиш учун масжидга келган одам сафлар орасида у ёқ-бу ёққа юриши, одамларнинг елкаларини туртиб ўтиши мумкин эмас.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам жума куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётганларида келиб, одамларнинг елкаларини туртиб ўтди. Шунда у зот унга:

«Ўтир! Батаҳқиқ, озор бердинг-ку!» дедилар».

Абу Довуд, Насаий ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Термизийнинг ривоятида:

«Ким жума куни одамларнинг елкасидан ҳатлаб ўтса, жаҳаннамга кўприк солган бўлади», дейилган.

Намоз ўқиётган одамнинг олдини кесиб ўтиш мутлақо мумкин эмас.

Термизий ва Ибн Ҳиббонлар қилган ривоятда:

«Албатта, бирингизнинг юз йил тўхтаб (кутиб) турмоғи унинг учун намоз ўқиётган биродарининг олдидан ўтишидан кўра яхшидир», дейилган.

Киши суннат намози ўқиётганида, фарз намозга иқома айтилиб қолса, агар рукуъга бормаган бўлса, турган ҳолида салом бериб, жамоатга қўшилади.

Рукуъга борган бўлса, тезда икки ракъатни тугатиб, сўнг жамоатга қўшилади.

Жамоат намози ўқимоқчи бўлганлар уч киши бўлса, бирлари имом бўлиб, икки киши унинг орқасида саф бўлади.

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч киши бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биримизнинг олдинга ўтишимизни амр қилардилар».

Термизий ривоят қилган.

Сафга тизилиш имомнинг орқасидан бошланади.

Кейин ўнг ва чап тарафига баробар равишда туриб, саф тўлдирилади. Аввалги саф тўлгандан сўнг кейингисини ҳам худди олдингидек тўлдириш бошланади.

Жамоат намозига келган намозхонларнинг сафларни тўғри олишлари ва ораларида очиқ жой қолдирмай жипслашишлари талаб этилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сафларингизни жипслаштиринглар, уларнинг орасини яқинлаштириб, бўйинларни баробарлаштиринглар! Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, мен сафдаги оралиқлардан шайтонларнинг худди қора қўзичоқлар каби кираётганини кўраман», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Масжидга жамоат намозини адо этгани келган киши биринчи такбирни ўтказиб юбормасликка ва иложи борича олдинги сафларда туришга ҳаракат қилиши керак.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари биринчи сафларни тўлдирувчиларга салавот айтадилар. Аллоҳ таоло учун банданинг сафни тўлдириш учун босган қадамидан кўра маҳбуброқ қадам йўқдир», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Жамоат намозидаги биринчи сафга ва имомнинг ортига туришга лойиқ кишилар аҳли илмлар, қорилар, ёши улуғлар ва обрўли кишилардир.

Уларни олдинги сафга, имомнинг ортига ўтказиш юксак одобдандир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга сизлардан етуклик ва ақл эгалари яқин турсин, – (дедилар ва:) – Сўнгра уларга яқин келадиганлар», деб уч марта айтдилар».

Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Имомнинг намозни мукаммал ва енгил қилиб ўқиши мақбулдир.

Чунки намозхонлари ичида беморлар, кексалар, заифлар, шошилиб турганлар ва бошқа ҳожатмандлар бўлади.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам:

«Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавъизада ўша кундагидек қаттиқ ғазабланганларини кўрмадим. У зот:

«Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўтказсин. Албатта, улар ичида заифи, ёши улуғи ва ҳожатманди бор. Ўзи намоз ўқиганида хоҳлаганича чўзсин», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Жамоат намози тамом бўлганидан кейин ташқарига чиқишга шошилиб, тиқилинч қилиш одобдан эмас.

Ҳар намоздан кейин зикрлар қилиб, дуоларни охирига етказиб, масжиддан шошилмай чиқиш афзалдир.


«Ижтимоий одоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ аксани яхши кўради ва эснашни ёмон кўради. Бас, ким акса ургандан давоми...

24027 19:30 / 21.12.2019
Ортиқча ва ноўрин мақтов маддоҳликдир. Бирор мансаб ёки манфаат илинжида одамларни юзига мақтовчи, асли йўқ, ҳақиқатга зид ва ботил нарсаларни тарғиб қилувчи давоми...

6393 11:56 / 18.02.2019
.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас,, деганлар,.Умар розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят давоми...

12980 12:30 / 23.05.2019
Fассолнинг ишончли, омонатдор, ғусл ҳукмларини яхши биладиган шахс бўлиши мустаҳабдир. Fассол ва у билан бирга маййитни ювишда иштирок этадиганлар кўзларини давоми...

8647 16:48 / 20.07.2022
Аудиолар

213183 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132403 14:35 / 11.08.2021