1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Мусулмонларга озор бериш ва ҳақорат қилиш

21:00 / 25.02.2019 5578 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб сураси, 58).

Яъни, иймон аҳлига ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасалар-да, озор берадиган кимсалар ўз устларига ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни юклаб олган бўладилар.

«Эй иймон келтирганлар, (сизлардан бўлган) бир қавм, бошқа бир (мўмин) қавмдан масхара қилиб кулмасин, эҳтимол (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) ёллар устидан масхара қилиб (кулмасинлар) – эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар. Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни, мўмин кишининг юқорида ман қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золим кимсалардир» (Ҳужурот сураси, 11).

Яъни, кимки масхаралаб кулиш, мазах қилиш ва лақаб қўйишдан тавба қилмас экан, ана ўша кимсалар ўзларини азобга гирифтор қилганлари сабабли ҳақиқий золимлардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса – беодоблиги-уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган ёки одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир» (Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди». Сўнг: «Тақво мана бу ердадир», дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва: «Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир», дедилар (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Фалончи аёл кечалари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутади. Бироқ тили ёмон, қўшниларига беҳаёлик билан озор беради», дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда яхшилик йўқ, у дўзахда», дедилар (Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Бошқа бир саҳиҳ ҳадисда: «Маййитларингизнинг яхшиликларини зикр қилинглар, ёмонликларидан тилингизни тийинглар», дейилган (Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда-ким бир кишини «кофир» ёки «Аллоҳнинг душмани» деса ва у бундай бўлмаса, айтгани ўзига қайтиб тушади» (Муттафақун алайҳ).

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мени юқорига олиб чиқишгач, бир қавм ёнидан ўтдим. Уларнинг тирноқлари мисдан бўлиб, ўз юзлари ва кўкракларини тимдалар эдилар. «Эй Жаброил, улар ким?» деб сўраган эдим, «Улар одамларнинг гўштларини ейдиган ва номусларига тажовуз қиладиган кимсалардир», дея жавоб берди» (Абу Довуд ривояти).

Фасл

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Шайтон араб ярим оролида ўзига намозхонлар ибодат қилишидан умидини узди. Бироқ улар орасига нифоқ солишидан умидини узгани йўқ» (Муслим ривояти).

Икки одам орасига низо соладиган ва улар ўртасида бир-бирига озор берадиган гапларни ташийдиган ҳар кимса шайтон гуруҳидан бўлган чақимчидир, энг ярамас одамдир. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Сизларга энг ёмон, энг ярамасларингиз кимлар эканини хабар қилайинми?! Улар чақимчилик қилиб юрувчилар, ёр-дўстлар орасини бузувчилардир» (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Чақимчилар жаннатга кирмайди» (Муттафақун алайҳ).

Чақимчи – одамлар орасида, «фалончи сен ҳақингда ундоқ деди, «фалончи бундоқ қилди» каби гапларни ташувчи кимсадир. Бирон ёмонликдан огоҳлантириш учун ёки бошқа бир фойдани кўзлаб хабар келтириш бундан мустасно.

Жониворларни бир-бирига гиж-гижлаб уруштириш ҳам ҳаромдир. Хўроз, қўчқор, ит ва бошқа барча жониворларни уриштиришдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар. Ким бу ишни қилса, Аллоҳ ва расулига осий бўлади. Шунингдек, хотинни эрига, қулни хўжайинга қарши қайраш ҳам ҳаром.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Хотинни эрига ва қулни хўжайинига қарши алдаб йўлдан урган кимса биздан эмас» (Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ривояти).

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зулм бир неча турли бўлади. Ботил йўл билан мол топиш, етим молини ейиш, бандаларни ўлдириш, уриш, жароҳат етказиш, ҳақорат қилиш, лаънатлаш, туҳмат қилиш ва давоми...

5876 12:30 / 13.05.2019
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. Пайғамбаримиз дедилар .Қиёмат олдидан олти нарсани давоми...

4470 10:06 / 09.06.2022
Аллоҳ таоло марҳамат қилади.Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолларингизда сизларга ишониб берилган нарсаларга яъни, динга ва давоми...

6506 17:45 / 08.03.2019
Кувайт Фиқҳ энциклопедиясида ушбу саволга жавоб сифатида қуйидаги мулоҳазалар келтирилган.Рибонинг ҳаром қилинишидаги ҳикматларМуфассир уламолар рибонинг давоми...

1854 10:20 / 25.11.2021