1447 йил 5 шаъбон | 2026 йил 24 январь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг фазллари

17:00 / 24.02.2019 3143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

VIII

Савда бинти Замъа онамиз кўп чиройли ва ҳамида фазилатлар эгаси бўлганлар. Ҳадис, сийрат ва тарих китобларимизда мазкур олиймақом сифатлар ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган. Биз улардан баъзиларини зикр қиламиз.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Муздалифага тушдик. Савда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан оломон тўпланишидан олдин у ердан жўнаб кетишга изн сўради. У жуда секин ҳаракат қиладиган аёл эди. У зот унга изн бердилар. У оломон тўпланишидан олдин тушиб кетди. Биз тонг отгунча турдик. Ундан кейин тушдик. Савда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрагандек мен ҳам изн сўраганимда яхши бўлар экан».

Бу ерда Савда бинти Замъа онамизнинг бир йўла иккита фазллари намоён бўлмоқда. Биринчиси – ҳаж пайтида аёл кишиларга узр учун Муздалифадан тонг отмай туриб, Минога тушиб кетишларига изн беришнинг шариатга кириб қолишига сабаб бўлганликлари. Савда бинти Замъа онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган ана шу изнга биноан, ҳозиргача аёлларга, бемор, қари ва ожиз кишиларга Муздалифадан тонг отмасдан аввал тушиб кетишга рухсат берилади.

Иккинчиси – ўша пайтдаги вазиятни яхши англаб, тасарруф қилганликлари. Ҳатто Оиша онамиз кейинги вақтларда ҳам Савда бинти Замъа онамизнинг мазкур ишларига ҳавас қилиб юрар эканлар.

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида ўз аёлларига:

«(Ҳаж) мана шудир. Бундан сўнг (сизларнинг ‎ўрнингиз) бўйраларнинг устидир», дедилар», дедилар. Савда:

«Бундан сўнг ҳеч қачон ҳаж қилмайман», дер эди».

Бошқа бир ривоятда айтилишича:

«Уларнинг ҳаммалари ҳаж қилар эдилар. Фақат Зайнаб бинти Жаҳш ва Савда бинти Замъа қилмас эдилар. Иккови «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитганимиздан кейин бизни улов ҳаракатга солмас», дер эдилар».

«Савда: «Ҳаж қилдим. Умра қилдим. Энди Аллоҳ азза ва жалла менга амр қилганидек, виқор билан уйимда ўтираман», дер эди».

Савда бинти Замъа онамиз жуда ҳам сахий зот эдилар. У кишининг қўлларига тушган мол туриб қолмас эди.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Муҳаммад ибн Сирийн розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб Савда бинти Замъа онамизга бир хуржун дирҳам юборди. У ҳалиги нарсани кўриб:

«Бу нима?» деди.

«Дирҳамлар», дейишди.

«Хуржунда-я?! Хурмо каби-я!? Эй жория, менга товоқ келтир!» деди ва уларни тарқатиб юборди».

Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифларни ҳам ривоят қилганлар. Уламоларимиз катта ҳадис китобларида у кишининг 5 та ҳадислари борлигини зикр қилганлар.

Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг хилофатлари охирида саксон ёшдан ўтганларида вафот этдилар. Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин! Омин!

(тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Бухорий, Термизий ва бошқалар келтирган ривоятда Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо дейдилар.Эй Аллоҳнинг Расули, синглим бинти Абу Суфённи ўз никоҳингизга олинг,, давоми...

3729 17:30 / 15.01.2020
IХадийжа бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусой Қурашийя Асадийя .Фил воқеаси,дан ўн беш йил илгари Маккада, эътиборли оилада таваллуд топган. У киши бизнинг давоми...

6619 08:10 / 10.10.2018
VРамазони муборакда Бадрда эришилган ғалаба мусулмонлар учун тарихий аҳамиятга эга эди. Ўша шонли ғалабадан кейин мусулмонлар жамияти тарих саҳнасига катта куч давоми...

2972 17:00 / 09.02.2019
Буюк фидокорликҲожар интизорлик билан уйда турмуш ўртоқлари ва ўғилларини кутардилар. Тинимсиз дуо қилиб, йиғлаб, бу имтиҳонни енгил қилишини, отаболанинг давоми...

3010 17:30 / 17.12.2020