1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Шартларни ёзиш ва савдодаги ихтиёр

05:00 / 17.02.2017 3587 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдул Мажид ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга ал-Аддаау ибн Холид розияллоҳу анҳу:
«Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ёздириб берган мактубларини ўқиб берайми?» деди.
«Ҳа», дедим. У менга бир мактуб чиқарди, унда:
«Ушбу ал-Аддаау ибн Холид ибн Ҳавзата Муҳаммад, Расулуллоҳдан сотиб олган нарса: Ундан бир қул (ёки чўри) сотиб олди. Беморлиги йўқ, ғоиласи йўқ, хубси йўқ. Мусулмоннинг мусулмонга сотгани
», (деб ёзилган эди).

Термизий ва Бухорий ривоят қилган.
Бухорий: «Ғоила-зино, ўғрилик ва қочиб кетиш»ни-зиёда қилган.
Шарҳ: Имом Бухорий ўз ривоятларида «Ғоила» деган ғариб иборанинг маъносини ҳам шарҳ қилиб қўйган эканлар.
«Хубси» ҳам, нодир ишлатиладиган сўз. У аслида ифлос лик маъносини билдиради. Бу ерда шу маънога қўшимча, унинг қул бўлишида ифлослик аралашмаган, ҳур одамни қул қилиб олинмаган. Ёки шунга ўхшаш қаллобликлар йўқ, деган маънони ҳам англатар экан.
Ушбу ривоятнинг қаҳрамони ал-Аддаау ибн Холид ибн Ҳавзата ибн Робийъа ибн Амр ибн Омир ибн Саъсаъа ал-Омирий бўлиб фатҳ йили мусулмон бўлганлар. У киши оз ҳадис ривоят қилган саҳобийлардандир. Саҳрода яшаганлар.
Уламоларимиз ушбу ривоятдан бир неча фойдалар чиқарганлар:
1. Иқтисодий муомалаларни ёзиб, ҳужжатлаштириб қўйиш. Шоҳидлар бўлса ҳам ёзиб қўйилса таъкидлироқ бўлади.
2. Ҳужжатларда олдин кичик, обрўси паст кишиларнинг исмини ёзиб кейин катта ва мартабаси улуғ одамнинг номини ёзиш кераклиги.
Чунки, ушбу ҳужжатда олдин ал-Аддаау ибн Холид розияллоҳу анҳунинг исми, кейин эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари ёзилганлиги шуни кўрсатади.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу нарсанинг ёзишларида Ислом уммати учун таълим маъноси бор. У зот, Аллоҳнинг Пайғамбари бўла туриб олди - сотди муомалаларини ёзганларидан кейин, бошқа одамлар ёзиши яна ҳам зарур бўлади.
4. Ҳужжат бўладиган қайдномаларга машҳур бўлмаган одамнинг исмидан ташқари отасини исми ва бобосининг исми ҳам ёзилиши яхши бўлади. Чунки, исминигина ёзилса, у билан исмдош кишилар кўп бўлиши мумкин, исми ва отасининг исми ёзилса, унга ўхшашлар ҳам топилиши мумкин. Аммо, исми, отасининг исми, ва бобосининг исми, бир хил бўлиши жуда ҳам кам бўлади. Ана ўшанда бировни иккинчи шахс билан адаштириб қўйиш содир бўлмайди.
5. Ҳожати бўлмаса насабини ёзилмаса ҳам бўлиши.
6. Савдо пайтида қул ҳам, унинг баҳоси ҳам ҳозир бўлгани учун уларнинг васфи ва миқдори ёзилмаган. Бўлмаса, уларни ҳам ёзиш керак бўлади.
7. Сотилаётган нарсанинг айблардан холи экани ёзилиши. Мазкур қулнинг дардманд эмаслиги, зинокор, ўғри ёки қочиб кетмаслиги ва ифлослиги йўқлигини ёзиб қўйилиши шуни кўрсатади. Токи, харидор кейин даъво қилиб келса, мазкур ёзув ҳужжат сифатида кўрсатилади.
Умуман олганда, ҳар бир молиявий муомалани ёзиб бориш керак бўлади. Бу маънода Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасида алоҳида таълимотлар берилган.
Аллоҳ таоло мазкур сурада қуйидагиларни айтади:
«Эй, иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз, Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир» (282 оят).
«Ояти мудояна» - қарз олди - бердиси ояти, номини олган ушбу ояти карима Қуръони Каримдаги энг узун оятдир. Ушбу ояти карима Қуръони Каримнинг, Ислом динининг инсон ҳаётининг барча томонларини қамраб олганининг ёрқин мисолидир. Бу ояти каримани ўрганган одам, бошқа барча тузум ва жамиятлар ўзларининг асосий ҳужжатларида инсон турмушида тез-тез учраб турадиган қарз масаласига Қуръони Карим қанчалик аҳамият берганини англаб етади.
Энди бевосита ояти кариманинг тафсирига ўтайлик:
«Эй, иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг».
Аллоҳ таоло бу ояти каримани ҳам, мусулмон бандаларига маҳбуб,
«Эй, иймон келтирганлар!» нидоси ила бошлаганидан унда келадиган амрлар ва кўриладиган масалалар алоҳида эътиборга сазовор эканлигини билиб оламиз. Шу билан бирга, ушбу ояти кариманинг айтганига амал қилиб, қарз олди-берди қилганимизда ёзиб-ҳужжатлаштириб қўйишимиз зарурлигини англаб етамиз. Ояти кариманинг давомида мазкур ёзиб қўйиш қайси хилда бўлиши айтилади.
«Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин».
Демак, қарз олди-бердиси ҳақидаги ҳужжатни қарз олувчи ҳам, қарз берувчи ҳам ёзмайди. Балки, учинчи бир шахс адолат билан ёзади.
Ушбу қарз ишига ўхшаш ишлар одатда ташвиш келтириши маълум. Шунинг учун кўпчилик бундоқ бош оғриғи бўладиган ишга ёзувчи сифатида иштирок этишни истамайди. Ана шу ҳолни эътиборга олиб ояти кариманинг давомида:
«Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин».
Чунки, бу иш, савобли иш. Бу иш, Аллоҳ таолонинг амрига биноан бўлаётан иш. Мусулмонлар жамоатга керак ишларда, ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқаришга доимо тарғиб қилади. Шунинг учун ҳам ёзувчиликка таклиф этилган одам,
«Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин».
Ояти карима «ҳақ зиммасига тушган киши» деганда қарз олувчини назарда тутган. Демак, ўртадаги киши келиб қарз олди-бердини ёзаётган вақтда матнни қарз олувчи айтиб туради. Аввало, қарз олаётганини эътироф қилади. Қарзнинг миқдорини, шартини ва муддатини айтади. Бу нарсаларни қарз берувчи айтиб турса, ўз фойдасига буриб юбормасин, деган эҳтиёт чораси туфайли шундай қилинади. Қарз олувчи муҳтож бўлиб тургани учун бундай қилмаслиги аниқроқ. Чунки, у муомаланинг тезроқ амалга ошишига муҳтож.
Шундай бўлса ҳам, ояти карима яна бир бор, уни Роббига тақво қилишга ва ҳеч нарсани камайтирмасликка даъват қилмоқда.
«Агар зиммасига ҳақ тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин».
Яъни, қарз олаётган одам эси паст, молиявий ишлар тадбирини билмайдиган бўлса, заифлиги (ёши кичикдир ёки ўта кексадир, касалдир) туфайли ёки тилидаги айби, билмаслиги ва бошқа мавжуд айблар туфайли айтиб тура олмаса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Чунки валийлар бошқа ишларда ҳам ўз қарамоғидагиларнинг масъулиятини оладилар.
«Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг».
Молиявий олди-берди катта аҳамиятга эгадир, чунки бунда орага молу пул аралашади. Бундай ҳолда биров бошқанинг ҳақини еб кетишининг йўлини ҳар жиҳатдан тўсиш лозим. Бунда адолатли котибга ёздириб қўйиш билан кифояланмай, яна мусулмонлардан икки эркак кишини гувоҳ қилишга ҳам амр бўлмоқда. Исломда гувоҳликка доимо адолатли кишилар ўтиши зарур, бу нарса бошқа жойларда кўп таъкидлангани учун бу ерда қайта айтилмади. Аммо барибир бу шарт бекор бўлмайди. Чунки шариат ўлчовида адолатсиз бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди.
Гувоҳларнинг эркак киши бўлишини таъкидлашнинг ҳам ҳикмати бор. Ҳақиқий исломий жамиятда юқоридаги каби серташвиш, хархашали ва масъулиятли ишлар, одатда, эркаклар зиммасига юкланади. Исломда аёл киши мол-дунё ташвишини чекишдан умуман озод этилган. Қарз олди-бердиси, ёзиб қўйиш ва ҳоказо ишлар билан муслима аёллар безовта қилинмайди. Аммо, фаразан, гувоҳликка икки эр киши топилмай қолса, унда нима бўлади?
«Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин».
Бу ерда гувоҳларнинг адолатли бўлишлари устига, яна бир муҳим шарт қўйилмоқда. Улар «ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан» бўлсин. Кейин бирор гап чиқиб қолгудек бўлса, гувоҳларга ишончим йўқ эди, гувоҳлар қарши томоннинг одами экан, каби гапларга ўрин қўймаслик учун шундай қилиш зарур.
«Икки эр киши бўлмаса, бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин», дейилгани Ислом душманларига жуда қўл келиб, динимизга таъна тошларини отишларига сабаб бўлган. Душманлар, Ислом аёл кишини тўлиқ одам ўрнида кўрмайди, шунинг учун гувоҳликка ўтишда икки аёлни бир эркак билан тенглаштирган, деб даъво қилишади. Гувоҳлик ҳақида сўз кетаётганда мавзуъ қарз олди-бердиси эканлиги, муслима аёллар одатда бундай ишларда иштирок этмасликлари, шунинг учун ҳам эҳтиёт чораси тарзида шундоқ қилинганлигини ҳеч айтгилари келмайди. Балки яширадилар ва умумлаштириб, бу ҳукм ҳамма нарсага оиддир, деб айтадилар. Ҳолбуки, ояти кариманинг ўзи бундай тақсимотнинг сабабини очиқ-ойдин айтиб қўйган:
«Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади».
Одатда, аёл кишининг кўнгли бўш, таъсирчан, меҳри дарё бўлади. Оналик учун зарур бўлган бу сифатлар талашиб-тортишиш ва уруш-жанжалда тескари натижа бериб қолиши ҳам мумкин. Агар икки киши бўлсалар, бир-бирларига эслатиб, гувоҳликни адолат билан адо этадилар. Айнан мана шу эътибордан қарз олди-бердисида икки аёл гувоҳ бўлиши шарт қилинган.
Шариатда шундай ишлар борки, унда мингта эркакнинг гувоҳлиги ўтмаса ҳам битта аёлнинг гувоҳлиги ўтади. Мисол учун, идда, туғиш, эмизиш каби масалалар. Буларда фақат аёлларнинг гувоҳлиги ўтади. Шу ҳукмни ушлаб олиб, Ислом эркакларни одам ўрнида кўрмайди, чунки фалон-фалон ишларда уларнинг гувоҳликлари қабул эмас, дейилса, инсофданми? Демак, Ислом душманларининг юқоридагидек даъволари мутлақо ўринсиздир.
«Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасин».
Бу Аллоҳнинг амри. Бунга амал қилмаган инсон гуноҳкор бўлади. Ҳақиқатни, адолатни ҳимоя қилиш учун гувоҳликка ўтишлик улкан савоб ҳисобланади.
Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом:
«Сизларга энг яхши гувоҳ кимлигини айтиб берайми? Гувоҳлиги сўралмасдан туриб гувоҳлик берадиганлардир», деганлар.
«Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг».
Яъни, қарз кичик миқдорда бўлса ҳам, катта миқдорда бўлса ҳам, вақтини аниқ қилиб, қачонгача олинганини айтиб-ёзиб қўйишни малол олманг. Кейин ёзиб қўярман, эслаб қолдим, шуни ҳам ёзиб ўтирадими, каби баҳоналар беҳуда эканлиги ушбу жумладан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу таъкиддан кўринадики, нима бўлса ҳам ёзиб қўйиш лозим экан. Чунки бу ишнинг фойдаси жуда ҳам катта, унинг ҳикматларини кейинги жумла баён қилмоқда:
«Шундоқ қилмоғингиз Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир».
Демак, қарз олди-бердисини ёзиб қўйиш жуда ҳам зарур экан. Қарзни ёзиб қўйиш Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, афзалроқ экан. Гувоҳлик сифатида ҳам оғзакисидан кўра кучлироқ экан. Ва ниҳоят, шундай қилинганда, шубҳага ўрин қолмас экан. Булардан маълум бўладики, қарзни ёзиб қўйиш тўғри иш, нозик ва дақиқ иш, ишончли иш ва хотиржамликни пайдо қилувчи ишдир.
Қарз маълум муддатга олинадиган бўлса, ҳукми шундай. Аммо юриб турган савдо ишлари бўлса, ёзиш шарт эмас. Чунки ҳамма нарса аниқ; мол олдида турибди, савдо тез-тез такрор бўлиб турадиган нарса, ҳар бирини ёзиш зарур бўлса, қийинлашиб кетади:
«Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас».
Ёзиб борса, ўзининг иши, лекин ёзмаса, гуноҳ эмас. Бундан чиқадики, аввал зикр қилинган нарсаларни ёзмаса, гуноҳ бўлади.
«Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин».
Савдо ишларига гувоҳ келтириш ҳақидаги ҳукмни уламолар «мандуб» деганлар. Сотувчи билан харидор ўртасида баъзи келишмовчиликлар пайдо бўлиб қолса, гувоҳлар ҳақни ўрнатишда ўз гувоҳликлари билан ёрдам берадилар.
Оятнинг аввалидан ҳозиргача ёзувчи ва гувоҳларга вазифа юкланиб келди. Уларга ушбу хизматдан қочмаслик қайта-қайта тайинланди. Мазкур жумлада эса ёзувчи ва гувоҳларнинг ҳақлари ҳимоя қилиняпти. Улар ёзувчилик ва гувоҳлик қилаётганларида зарар тортмасликлари зарур. Одатда ёзувчи ва гувоҳлар савоб умидида вақт сарфлаб, меҳнат қиладилар. Лекин кўпинча бало ва туҳматларга ҳам қоладилар. Шунинг учун уларнинг хотирини жам қиладиган, бу савобли ишга қизиқтирадиган ваъда шу ерда келмоқда:
«Агар қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир».
Яъни, агар ёзувчи ва гувоҳга зарар келтирсангиз, фосиқлик қилган бўласиз, Аллоҳнинг амридан чиққан бўласиз.
Оятнинг сўнгида яна, Қуръони Каримнинг одати бўйича, кишининг виждонига, қалбига, асосий таъсир жойига хитоб қилинган:
«Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир».
Худди бошқа ишлардаги каби бу ишларда ҳам тақво муҳим омил ҳисобланади. Тақво бўлса, Аллоҳ илм ҳам беради. У фазли улуғ зотдир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зот, Ўзи билиб иш тутади.
Сўнгра келаси оятда юқоридаги таълимотларга тўлдириш зикр қилинади:
«Агар сафарда бўлсангиз ва ёзувчи топа олмасангиз, бас, қўлга олинадиган гаров бўлсин. Агар баъзингиз баъзингизга ишонсангиз, бас, ишонилган омонатни адо қилсин, Аллоҳга-Роббига тақво қилсин. Гувоҳликни беркитманг! Ким уни беркитса, унинг қалби гуноҳкордир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни билувчи зотдир, (283-оят).
Аввалги оятда оддий ҳолатдаги қарз олди-бердиси ҳақида сўз кетган эди. Бу оятда эса сафардаги қарз олди-бердиси ҳақида гапирилмокда. Яъни, сафарда ўзига яраша қийинчиликлар, етишмовчиликлар бўлади. Баъзан қарз олишга тўғри келади. Аммо бундай пайтда муомалани ёзиб турушга одам топилмаса, нима қилинади? Ушбу ояти карима ана шундай ноқулай ҳолатдан чиқишнинг йўлини кўрсатмоқда:
«Агар сафарда бўлсангиз ва ёзувчи топа олмасангиз, бас, қўлга олинадиган гаров бўлсин».
Бу қарз олувчи қарз берувчига гаровга бир нарса берсин, деганидир. Ўша нарса қарзни эслатиб туради, тониб кетмаслигига сабаб бўлади.
«Агар баъзингиз баъзингизга ишонсангиз, бас, ишонилган омонатни адо қилсин, Аллоҳга-Роббига тақво қилсин».
Яъни, ўртада ёзувчи бўлмаса ҳам, қарз берувчи ишониб қарз беради. Қарздор эса қарз берувчига ишониб гаров беради. Бу ҳолатда икки тараф ҳам бир-бирига ишонади ва омонат қўяди. Икковлари ҳам омонатни адо этишлари, Аллоҳга, Роббиларига тақво қилишлари керак. Яна бир бор тақво эслатилмоқда, ҳамма ишларда тақво асос сифатида зикр қилиняпти. Кишиларда тақво ҳисси уйғотилгач, яна бир муҳим ишга диққат жалб этиляпти:
«Гувоҳликни беркитманг! Ким уни беркитса, унинг қалби гуноҳкордир».
Бу гувоҳлик қозининг ҳузуридаги гувоҳликдир. Яъни, қарз ёки тижорат ишларида гувоҳликдан қочиш ярамайди. Вақти келиб, мазкур ишда келишмовчилик чиқиб қолиб, тарафлар қозига мурожаат қилишса, албатта, қози гувоҳни чақиради. Шунда гувоҳликни беркитмаслик керак. Ким гувоҳликни беркитса, унинг қалби гуноҳкордир. Чунки гувоҳлик ёки уни беркитиш қалбга боғлиқ ишдир.
«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни билувчи зотдир».
Шунга биноан жазо ёки мукофот беради.
Қарз ва савдо тўғрисидаги ушбу илоҳий таълимотларни ўрганиш давомида инсоният ўз бахт-саодатининг манбаъсини топа олмай адашиб юрганидан афсус қилинади. Бошқаларни қўйиб мусулмонман, деб юрганлар ҳам аксар пайтларда қарз муомаласи юзасидан турли мушкулотларга дучор бўладилар. Улар Аллоҳ таолонинг амрига биноан иш тутмаганлари учун бир-бирларининг молларини ейдилар, уруш-жанжалларга кўмиладилар. Агар ушбу ояти каримага амал этишса, ҳеч қандай муаммо бўлмас эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонлар шартларида турурлар», дедилар
».
Абу Довуд, Термизий ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Мусулмон киши ўзи бўйнига олган шартга, албатта, амал қилади. Бўлмаса, мусулмонлиги қолармиди! Бу нарса айниқса иқтисодий, молиявий муомалаларда кўп бўлади.
Шариат қоидасига мувофиқ нима шарт қўйилган бўлса мусулмон инсон ўша шартга амал қилмоғи матлуб. Бўлмаса, гуноҳкор бўлади. Аммо, шариат ҳукмидан ташқари шартга келганда, мусулмон одам ундоқ шартни қўймайди. Мабодо унинг ихтиёридан ташқари бундоқ шарт қўйилган чоғда ҳам, унга амал қилмайди. Бу маъно келгуси ҳадисда яна ҳам равшанлашади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши Барийра келиб ўз аҳли билан келишган мукотабага ёрдам сўраганда уни сотиб олмоқчи бўлдилар. Улар эса «вало» ўзларига бўлишини талаб қилиб бош тортишди. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитиб қолдилар ва:
«Уни сотиб олавер ва уларга «вало»ни шарт қилиб қўй, чунки, у озод қилганнинг ҳақидир», дедилар.
Бас, Оиша шундоқ қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида туриб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва:
«Аммо баъду: «Кишиларга нима бўлдики, Аллоҳнинг Китобида йўқ шартларни шарт қилиб қўядилар?! Аллоҳнинг китобида йўқ ҳар бир шарт ботилдир! Агар юзта шарт бўлса ҳам! Аллоҳнинг ҳукми ҳақлидир! Аллоҳнинг шарти ишончлидир! Албатта, «вало» озод қилганнинг ҳаққидир!» дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг қаҳрамони Барийра розияллоҳу анҳо асли қибт миллатига мансуб аёл бўлиб тўлиқ исмлари Барийра бинти Сафвондир. Баъзи ансорийларга чўри бўлган. У кишининг эри бўлиб, исми Муғийс бўлган. Муғийс ҳам қул бўлган.
Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Мен уни Барийранинг орқасидан Мадина кўчаларида йиғлаб юрганини кўрдим. Кўз ёшлари соқолига қуйилиб тушар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз амакилари Аббосга, Муғийснинг Барийрага бўлган муҳаббатидан, Барийранинг Муғийсга бўлган ғазабидан ажабланмайсанми», дедилар.
Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам (Барийра)га:
«Агар, унга қайтсанг яхши бўлармиди?» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, менга амр қилмоқдасизми?» деди.
«Йўқ, шафоатчилик қилмоқдаман, холос», дедилар у зот.
«Ундоқ бўлса, менинг унда ҳожатим йўқ», деди Барийра.
Ана ўшандоқ аёл хўжайинлари билан «мукотаба» яъни, маълум миқдор пул эвазига озод бўлиши ҳақида шартнома ёзишди. Агар Барийра ўша пулни уларга топиб берса, озод бўладиган бўлди.
Шунда Барийра Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига келиб у кишидан ўша пулни топишда ёрдам сўради. Оиша онамиз эса, агар хоҳласанг, сени бир йўла сотиб олиб озод қиламан, дедилар Барийрага.
Барийра ўз хўжайинларига бориб бу гапни айтган эди, улар, агар «вало»инг бизга бўлса майли, бўлмаса йўқ, дедилар.
«Вало» озод қилинган шахс вафот этганидан кейин қоладиган меросидир. Мукотаба бўлганда, Барийрага ўхшаб маълум миқдор пул тўласа озод бўлишига келишган қул ёки чўри ўша маблағни тўлаганидан сўнг озод бўлади. Аммо, ўз-ўзидан, мероси унинг билан шартнома тузган хўжайинларига қолади. Бошқа ҳолатларда эса озод қилган хўжайинга қолади.
Барийранинг хўжайинлари Барийрани сотишда ўша «вало» уни озод қиладиган Оиша розияллоҳу анҳога эмас, уларнинг ўзларига қолишини шарт қилиб қўйдилар. Уларнинг бу шартларини Барийра Оиша онамизга, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга йўл кўрсатиб, Барийрани сотиб олавер, «вало»сини олишингни шарт қил, «вало»ни озод қилган олади, дедилар.
Шу билан бирга Барийранинг хўжайинларидан содир бўлган иш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга таъсир қилди ва кўпчиликка тушунтириб қўйишни лозим топиб, намоздан кейин одамлар ичида туриб хутба қилдилар. Аллоҳ таолога ҳамду сано айтганларидан кейин, Барийранинг хўжайинларини койиб, кишиларга нима бўлдики, Аллоҳнинг Китобида йўқ шартни шарт қилиб қўядилар, дедилар. Кейин эса ҳадис матнида келганидек, масалани очиқ-ойдин баён қилиб бердилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Хўжайин билан қул ёки чўрининг мукотаба қилиши жоизлиги. Бу иш хўжайиннинг қул ёки чўрига, менга бунча нарса берсанг озодсан, дейиш ва қул ёки чўрининг розиман, дейиши билан бўлади.
Бу ҳукм аслида Қуръони Карим ояти ила жорий бўлган. Аллоҳ таоло «Нур» сурасида қуйидагиларни айтган:
«Қўлларингизда мулк бўлганлардан (озодлик) васиқасини истайдиганлари бўлса, бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар ила васиқа ёзинг ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг», (33 оят).
Ислом дини келганда дунёда қулчилик авжига чиққан эди. Ислом қулчиликка қарши биринчи бўлиб бош кўтарди. Инсонлар озод бўлишлари учун у барча чораларни кўрди. Турли йўллар билан мусулмонларни қул озод қилишга даъват этди. Ким бир қулни озод этса, дўзахдан паноҳ топишини эълон қилди. Каффорат учун, гуноҳни ювиш учун қул озод этишни, ўзида бўлмаса, сотиб олиб озод этишни шарт қилиб қўйди. Яна бошқа кўпгина чораларни кўрди.
Ўша чоралардан бири ушбу оятда зикр қилинаётган «мукотаба» номли амалдир. «Мукотаба» сўзи луғатда «икки томонлама ёзиш» деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда эса қул ёки чўрининг маълум бир маблағ ёки хизмат эвазига озодликка эришиш ҳақида ўз хожаси билан тузган шартномага айтилади.
Бу ҳам қулчиликка қарши курашишнинг бир йўли, қул ва чўрилар озодликка эришишлари учун яратилган бир шароитдир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга Қуръони Карим орқали хитоб қилиб, агар уларнинг қул ва чўриларидан қайсиси озодликка чиқиш учун шартнома тузишни истаса, улар билан ўша шартномани тузишга амр этмоқда.
«Бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз...», дегани ўша «мукотаба» қилишни истаган қул ёки чўриларингизга шу ишда яхшилик бўлишини, улар аҳли солиҳ эканини, озод бўлгандан кейин ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам наф етишини билсангиз, деганидир.
Демак, хожа қули билан маълум миқдор мол топиб ёки бирон ишни қилиб бериш эвазига унинг озод этилиши ҳақида шартнома тузиб, ёзиб қўяди. Шуни «мукотаба» дейилади. Шундан сўнг икки томон ҳам шартномага амал қилиши лозим бўлади. Қул пулни топиб бериши учун ҳеч ким унинг йўлига тўсиқ бўлмаслиги лозим. У шунда озодликка эришади. Хожа эса шартнома асосида қулга шароит яратиб бериши керак. Қул келишилган молни ёки хизматни адо этиши билан озод бўлади, хожанинг унда ҳақи қолмайди.
Агар хожалар Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги
«ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг» деган амрига бўйсуниб, келишилган маблағдан бир қисмини кечиб юборсалар, яна ҳам яхши бўлади. Уламоларимиз, бу амр ҳам хожаларга, ҳам мусулмонлар оммасига қаратилган, шартномада келишилган маблағни топиш учун мукотаба қилган қулга ҳам хожаси, ҳам бошқа мусулмонлар молиявий ёрдам беришлари керак, дейдилар.
Маълумки, закотнинг ҳақдорларидан бири ҳам айнан шу қуллардир. Яъни, закотдан маълум бир қисмини қул озод қилиш учун сарфлаш Қуръони Каримда тайин этилгандир.
Ислом қул озод этишни энг улкан ибодат ва Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишнинг энг самарали воситаси даражасига кўтарди.
Суннатда, жумладан, ушбу ҳадисда мукотабанинг қандоқ татбиқ қилиниши кўрсатилган. Бу ҳам ўша вақтдаги ўзига хос молиявий муомала эди. Энг аҳамиятлиси, Ислом динининг қулдорликка қарши олиб борган атрофлича ҳаракатларининг бир қисмидир. Кишиларнинг қулликдан озод қилиниши йўлини осонлаштиришдир.
2. Озод қилинган қулнинг «вало»си уни озод қилган кишига бўлиши. Бу ҳам молиявий муомала, чунки, гап собиқ қул вафот этганидан кейин ортидан қоладиган мерос мол ҳақида кетмоқда.
3. Қул ёки чўрини сотиб олувчи шахс «вало»сини ўзи олишини шарт қилиши жоиз. Чунки, ўзи шундоқ ҳам унинг ҳақи бўлади.
4. Мукотаба қилинган қул ёки чўрини сотса бўлади. Чунки, Барийра хўжайинлари билан мукотаба қилганидан кейин, Оиша онамиз уни сотиб олган.
5. Раҳбар одам, олим шахс бидъат пайдо бўлганидан хабар топиши билан, уни одамларга тушунтириб, ҳукмни баён қилиб бериши ва аҳли бидъатларни койиши лозимлиги.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Барийранинг хўжайинларидан савдога ноўрин шарт қўйиш содир бўлиши билан шундоқ қилишлари бунинг далилидир.
6. Айб қилган одамни хутбада номини айтиб кўпчилик ичида уятга қолдирмаслик кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам худди шундоқ қилдилар.
7. Аллоҳнинг шариатида йўқ шартни қўйиб бўлмаслиги.
8. Аллоҳнинг шариатида йўқ шарт қўйилса ботиллиги.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туя сотди ва аҳлига етиб олгунча миниб турушни шарт қилиб қўйди».
Икковини Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Улуғ саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг бир саркаш туяси бор эди. Йўлда тез юрмай, бўйсунмай у кишини доимо қийнар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чиқилган сафарлардан бирида у киши ўз туялари дастидан, дод, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туянгни менга сотасанми? дедилар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу, жон деб рози бўлдилар. Ўша жойнинг ўзида олди-сотди бўлди.
Жобир розияллоҳу анҳу сотилгандан кейин ҳам туяни миниб уйларига бориб олишни шарт қилиб қўйдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлдилар. Саркаш туя ювош бўлиб ҳамма туялардан олдинга тушиб юриб кетди. Аммо, Ислом шариатида, Жобир розияллоҳу анҳунинг савдодаги шартига ўхшаш шарт қўйиш жоизлиги жорий бўлиб қолди.

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сотувчи ва олувчи, модомики айрилиб кетмасалар ихтиёрлари ўзлари биландир. Агар улар рост гапириб, очиқ-ойдин баён қилсалар, икковларига ҳам савдоларида барака бўлади. Агар ёлғон гапирсалар ва беркитсалар, савдоларининг баракаси ўчирилади», дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда учта муҳим нуқтага эътибор беришимиз керак.
1. Савдо бўлган жойда икки тараф бир-биридан айрилиб кетмагунча ихтиёрлари ўзида бўлади. Айниб қолиб савдони кучдан қолдириш, нарсасини қайтариб олиш мумкин. Ажрашиб кетгандан кейин бир томон айниса, иккинчи томон қабул қилмасликка ҳақи бор. Фақат ихтиёр муддатини аввалдан келишган ҳолда чўзишган бўлса, бундан мустасно бўлади.
2. Савдо, молиявий муомала вақтида икки томон ҳам рост гапириб, савдо молига, савдонинг ўзига тегишли ҳамма нарсаларни очиқ баён қилиши зарур. Бу аввало уларнинг икковига фойда келтиради, қилган савдолари баракали бўлади.
3. Савдода икки томон ҳам ёлғон гапирмаслиги, баён қилиниши лозим бўлган нарсани беркитмасликлари керак. Акс ҳолда қилган савдоларининг баракаси ўчади. Бу ҳақиқатни айниқса ҳозирги замон одамлари яхшилаб уқиб олишлари керак. Гап пулнинг, молнинг миқдорида эмас, баракасида эканини англаб етишлари керак. Кўпу баракасиз молдан, озу баракали мол яхши.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳар бир сотувчи ва харидор орасида токи улар ажрашмагунларича савдо (ҳукми) лозим бўлмас. Магар ихтиёр савдоси мустасно, дедилар».
Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, савдо мажлисидан ажраб кетмагунча савдо ҳукми ҳам лозим бўлмай туради. Ажраш билан уни бажариш лозим бўлиб қолади. Фақат бундан бир хил савдо мустаснодир. Агар икки томон келишиб савдо мажлисидан ажраб, тарқалгандан кейин ҳам маълум вақтгача ихтиёр бор, дейишган бўлишса, ўша вақт ичида ҳам савдонинг ҳукми лозим бўлмай туради.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон икки киши савдолашса, уларнинг ҳар бири, токи ажраб кетмагунларича, бирга турганларида ихтиёри ўзи билан бўлади. Магар улардан бири бошқасига ихтиёр берган бўлса ва ана ўша асосида савдо қилишган бўлса, батаҳқиқ, савдо вожиб бўлади», дедилар». 
Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг биринчи қисмида аввалги ҳадисларда келган масала такрорланмоқда. Савдо мажлисида жам бўлиб турганда, ажрашиб кетмаганда ҳар икки тарафнинг ихтиёри ўзида бўлади.
Ҳадиснинг иккинчи қисмида эса янги масала кўтарилмоқда. Савдолашган тарафлардан бири иккинчисига савдонинг ҳукмини ўтказиш ихтиёрини берсаю, у рози бўлиб, ана шу асосда савдони битиришган бўлсалар ҳам савдонинг ҳукмини бажариш вожиб бўлади. Яъни, савдо мажлисидан ажралмай туриб, бўлди, келишдик, айниш йўқ дейиш, ёки шунга ўхшаган гапларни ишлатиш билан савдони битирган бўлишса, савдо тугаган бўлади, айнишга ўрин қолмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки томон ўзаро рози бўлмасдан туриб зинҳор ажралмасинлар», дедилар». 

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Зотан Исломда савдонинг асосий шарти икки тарафнинг розилигидир. Икки тараф рози бўлган ҳолда қилинган савдода барака бўлади. Икки томон рози бўлмай туриб ажрашмасин, дейилгани савдони битиришмасин, дейилганидир. Чунки, акс ҳолда ўзаро розилик бўлмаган бўлади ва кимнингдир ҳақи ноўрин зое қилинган бўлади. Бу эса Ислом таълимотига тўғри келмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шу ўринда рибо ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсак. .Рибо, луғатда .зиёда, деган маънони англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл давоми...

66304 05:00 / 07.03.2017
4675 t r . .4675. .Бир мукотаб Али розияллоҳу анҳунинг олдига келиб.Мен келишилган маблағни топиб беришдан ожиз бўлдим. Менга ёрдам беринг,, давоми...

45370 18:13 / 31.10.2017
quotКифояquot китобиданҒасб сўзи луғатда бир нарсани зулм ила куч ишлатиб тортиб олишга айтилади. Шаръий истилоҳда эса Арзугулик ва муҳтарам молни эгасининг давоми...

3685 05:00 / 17.02.2017
Алло таоло .Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими, деган Зуҳо, 8.Ҳақиқатда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч нарсаси йўқ камбағал одам эдилар. Аллоҳ у давоми...

3322 05:00 / 17.02.2017