1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

«Саҳиҳул Бухорий» – хайрли ишлар дебочаси

15:58 / 18.02.2019 4387 pdf Ўқиш режими + -

Бундан қарийб тўққиз йил аввал, яъни 2010 йилнинг 11 августида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ташаббуслари билан улкан ва қутлуғ бир ишга қўл урилди. Бу, фундаментал илмий лойиҳа – «Олтин силсила» академик нашрини тайёрлаш ва чоп этиш эди. Мазкур нашрни йўлга қўйиш ҳазратнинг Ислом ва Ватан олдидаги буюк хизматларидан бири эканини эътироф этиш лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, «Олтин силсила» Ислом динининг иккинчи асосий манбаси бўлмиш мўътабар ҳадис тўпламларининг ўзбекча таржимасидир.

Силсила ўз мавзуси юзасидан Ўзбекистонда илк бор амалга оширилаётган улкан илмий иш бўлиб, бундай йирик тўплам нафақат ўзбек халқи, балки дунё аҳолисининг аксар қисми учун катта бир янгилик ҳисобланар эди.

2012 йилда мазкур академик нашрнинг I-жилди «Hilol nashr» матбаа нашриёти томонидан чоп этилди.







Бу – ислом оламида энг саҳиҳ ҳадис тўпламлари деб эътироф қилинган тўққиз мўътабар китобдан иборат «Олтин силсила» туркумининг биринчи китоби – «Саҳиҳул Бухорий» ҳадислар тўпламининг биринчи жилди эди. «Олтин силсила»нинг дастлабки саккиз жилди ҳадис илмининг султони, буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратларининг «Жомеъус саҳиҳ» тўпламидан иборатдир.

«Саҳиҳул Бухорий» ҳадислар тўплами биринчи жилдининг тақдимот маросими 2012 йил 11 июлда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ томонларидан Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуасида бўлиб ўтди.







Шундан кейин бир неча йиллар давомида «Саҳиҳул Бухорий» ҳадислар тўплами устида тинмай изланишлар, таржима ишлари олиб борилди. Ва, аста-секинлик билан кейинги жилдлари ҳам нашр этилиб, кенг халқ оммасига тақдим этиб борилди.

Ўрни келганда, бу жилдларнинг нашр этилган саналарини ёдга олиб ўтсак:

1-жилд – 1433 йил 21 шабон | 2012 йил 11 июль

2-жилд – 1434 йил 26 ражаб | 2013 йил 5 июнь

3-жилд – 1435 йил 10 рабиъул аввал | 2014 йил 12 январь

4-жилд – 1435 йил 25 ражаб | 2014 йил 25 май

5-жилд – 1436 йил 21 сафар | 2014 йил 12 декабрь

6-жилд – 1439 йил 6 Рамазон | 2018 йил 21 май

7-жилд – 1440 йил 18 рабиъул сони | 2018 йил 27 декабрь

8-жилд – 1440 йил 12 жумадис сони | 2019 йил 17 февраль. 

Ана шу муносабат билан 2019 йил 17 февраль куни  Имом Бухорий мажмуасида «Олтин силсила» туркуми, «Саҳиҳул Бухорий» ҳадислар тўпламининг сўнгги саккизинчи жилди нашрига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Ушбу хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилояти вакиллиги масъул вакиллари, «Hilol nashr» матбаа нашриёти, «Islom.uz» портали таҳририяти, «Grant-ta'lim» ўқув маркази, «muslimaat.uz» аёл-қизлар сайти ходим ва ходималари иштирок этишди.



Имом Бухорий жоме масжиди имом-хатиби Маҳмуджон Ибодуллаев тадбир иштирокчиларига бугунги тарихий воқеа ҳақида қисқача тўхталиб ўтиб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг фарзандлари Исмоил Муҳаммад Содиққа сўз берди.





Исмоил Муҳаммад Содиқ, «Hilol nashr» матбаа нашриёти ва «Islom.uz» портали раҳбари:

– Маълумки, ушбу улуғ ва хайрли ишнинг асосчиси, ҳам бошловчиси устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бўладилар. Ёдингизда бўлса, «Олтин силсила» ижодий гуруҳи 2012 йилда ушбу қутлуғ нашрнинг нишона сони чоп этилганида ҳазратимиз бошчиликларида Самарқанд шаҳрига келиб, ҳазрати имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси қошидаги мана шу масжидда уни илк бор тақдим қилган эдилар. Шайх ҳазратлари ушбу тақдимотда иншааллоҳ, ушбу шоҳ асарнинг сўнгги жилди чоп қилинганда ҳам уни тақдим қиламиз, деб ният билдирган эдилар. Аллоҳ таолонинг иродаси экан, «Саҳиҳул Бухорий»нинг тўлиқ нашрини тақдим қилиш устозимизга насиб қилмади. Аллоҳ таоло у зотни Ўзининг раҳматига олсин. Аммо шайх ҳазратларининг сафдошлари, шогирдлари, фарзандларидан иборат катта жамоа ушбу хайрли ишни ниҳоясига етказиб, бугун халқимизга Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба саналган бу мўътабар асарни халқимизга тақдим этди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлар идораси масъул ходими Муҳаммад Айюбхон Ҳомидов сўз олиб, бугунги тарихий воқеа муносабати билан бутун ўзбек халқини муборакбод этиб, «Олтин силсила» туркумининг биринчи китоби – «Саҳиҳул Бухорий» асарининг тантанали тақдимоти пойтахтимизда бўлиб ўтишини маълум қилди. Шунингдек, Муҳаммад Айюбхон домла яқинда юртимизга ташриф буюрган етук аллома, шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари имом Бухорийнинг ватани бўлмиш Бухоро шаҳрида, Масжидул Калонда «Саҳиҳул Бухорий»нинг хатмини бошлаб берганлари, бугунги тақдимотда эса ушбу хатм ниҳоясига етказилишини эълон қилди.



Шайх ҳазратларининг энг яқин сафдошларидан бири, юртимиз уламоларининг катта авлод вакили Зоҳиджон Қодиров ушбу асардаги сўнгги ҳадисларни ўқиб, «Саҳиҳул Бухорий» хатмини тантанали равишда якунлаб бердилар. 



Тақдимот якунида Имом Бухорий ҳазратларига бағишлаб қилинган Қуръон хатмлари Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид томонидан якунланди. Сўнг Зокиржон домла умумий дуо қилиб бердилар. 





Сўнгра «Олтин силсила» туркуми, «Саҳиҳул Бухорий» ҳадислар тўпламининг саккиз та жилди Имом Бухорий жоме масжидига ҳадя қилинди.

Тақдимот тугагач, тадбир иштирокчилари Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишди.







«Олтин силсила» академик нашрини илмий асосда, барча шартларга амал қилган ҳолда уламолар ҳайъатининг меҳнатию заҳмати ила изоҳли таржима қилиш ноёб ҳолат экани инобатга олинса, ушбу туркумнинг моҳияти ва аҳамияти янада яққолроқ аён бўлади.

Шу ўринда айтиш жоизки, Ислом дини ва маданияти ривожида алоҳида ўрин тутиб келган ҳадисларни ўзбек тилига тўлиқ ва мукаммал тарзда таржима қилиш ва юксак матбаа даражада чоп этиш, динимизни маърифий асосда ўрганиш ва тарғиб қилиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, буюк аждодларимиз анъаналарига садоқат, ҳалоллик, поклик, маънавий-ахлоқий баркамоллик руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши муқаррар.

Islom.uz портали

Мавзуга оид мақолалар
Сўнгги йилларда, барча соҳалар қатори, диниймаърифий жабҳада, хусусан, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.Хусусан, давоми...

3606 09:00 / 19.03.2022
Рамазон ойининг биринчи ўн кунлигида Масжидул Ҳаромга ташриф буюрган зиёратчиларга саккиз миллион литр замзам суви тарқатилди. Бу ҳақда islam.ru манбаси хабар давоми...

1605 13:10 / 13.04.2022
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломи бўлгани учун энг улуғ ва энг шарафли китобдир. Шунга кўра уни ўқиб, ёдлаб амал қила олган бандалар умматнинг энг шарафлиси ва давоми...

2058 11:01 / 03.11.2018
Инсоният тараққиёти ва илмга ҳисса қўшган мусулмон уламоларидан бири биология, фармакология ва ўсимликшунослик соҳасида улкан янгиликларни амалга оширган олим давоми...

2848 15:52 / 20 февраль
Видеолар
Аудиолар

137633 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57698 14:35 / 11.08.2021