1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

СОТИЛАДИГАН НАРСА ШАРТЛАРИ ҲАҚИДА

05:00 / 17.02.2017 4831 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фатҳ йили, Маккада: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули ароқни, ўлимтикни, чўчқани ва санамларни сотишни ҳаром қилдилар», деганларини эшитган экан. Шунда»
«Эй, Аллоҳнинг Расули, ўлимтикнинг хабарини беринг-чи?! Чунки у билан кемалар мойланади, терилар юмшатилади ва у билан одамлар чироқ ёқадилар», дейилди.
«Йўқ! У ҳаромдир», дедилар.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ яҳудларни ҳалок қилсин. Аллоҳ уларга ўлимтикнинг ёғини ҳаром қилди. Улар бўлса, уни эритиб олдилар. Сўнгра сотиб, баҳосини едилар», дедилар
». Бешовлари ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг баҳосидан, зинонинг маҳридан ва фолбиннинг топганидан наҳий қилдилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда олди - сотди ҳаром қилинган бир неча нарса зикр қилинмоқда. Исломдаги савдо қоидаларидан бири савдога қўйилган нарсанинг истеъмоли ҳалол бўлиши керак.
Ана ўша эътибордан бу ривоятда зикри келган нарсаларни сотиш ва сотиб олиш ҳаром қилингандир:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули ароқни, ўлимтикни, чўчқани ва санамларни сотишни ҳаром қилдилар»
1. Ароқ - маст қилувчи ичимликлар.
Жоҳилият вақтида, ҳозиргига ўхшаб ароқхўрлик ривожланган, шу боисдан ароқ савдоси ҳам авж олган эди. Аллоҳ таоло аста-секин оятлар тушириб ароқни ҳаром қилди.
Сураи «Бақара»даги ароқнинг батамом ҳаром қилинганлиги ҳақидаги оят нозил бўлиши билан Пайғамбар соллаллоҳу алай- ҳи васаллам чиқиб ароқнинг тижорати ҳам ҳаром бўлганлигини эълон қилганлар.
Бу маънони Имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган. Ароқни истеъмол қилиш ҳаром бўлгани туфайли уни сотиш ва сотиб олиш ҳам ҳаром бўлди.
2. Чўчқа.
Бу ҳайвон бутунича ҳаром қилингандир. Ҳатто, уни кўрган жойда ўлдиришга амр ҳам бор. Уламоларимиз, мусулмонлар зиммасида яшаётган ғайридинларнинг мулки бўлган чўчқалар бундан мустасно, чунки, у чўчқалар уларнинг мулкидир, аҳли зимманинг мулкини зое қилиш мусулмон учун жоиз эмас, деганлар.
Чўчқанинг ҳеч бир нарсасидан фойдаланиб бўлмайди. Шунинг учун унинг ҳеч бир нарсасини сотиб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди.
3. Санамлар.
Санам, деб юзи одам юзига ўхшаш бутларга айтилади.
Бутнинг ҳар қандай хилини ҳам сотиб ҳам бўлмайди, сотиб олиб ҳам бўлмайди. Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган нарсани қандоқ қилиб ҳам сотиб ёки сотиб олиб бўлсин?!
4. Ўлимтик.
Ўзи ўлиб қолган ҳайвон ҳаром бўлгани учун уни сотиш ҳам мумкин эмас, ҳаром қилинган. Чунки, бу зарарли нарсадир. Ўзи ўлган ҳайвонларнинг терисини ошлаб ишлатиш мумкин бўлади. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари бор.
Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи ўлган қўйнинг олдидан ўтаётиб, бундан манфаат олсангиз бўл- майдими? деганлар. Одамлар, у ўлимтикдир, деганларида уни емоқ ҳаром қилинган, деганлар.
Бошқа бир ҳадисда, ошлаш поклашдир, деган маъно келган. Шу ўлимтик териси ҳақидаги масала эсларига тушганми, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз мазкур нарсаларни сотиш ҳаром эканлигини айтганларида, у зотга ўлимтик ҳайвоннинг ёғини ва унинг ишлатиладиган жойларини эслатдилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, ўлимтикнинг хабарини беринг-чи?! Чунки у билан кемалар мойланади, терилар юмшатилади ва у билан одамлар чироқ ёқадилар», дейилди».
Ўша вақтда ўлимтикнинг ёғини кемаларни мойлаш, териларни юмшатиш ва чироқларга қуйишда ишлатилар экан.
Аммо, Пайғамбаримиз шундоқ бўлса ҳам, ўлимтикнинг ёғини сотиш ҳаром эканлигини таъкидладилар.
«Йўқ! У ҳаромдир», дедилар».
Кейин эса тушунтириш мақсадида бу иш яҳудийларнинг иши экани, улар шу туфайли лаънатга дучор бўлганларини эслатдилар.
«Аллоҳ яҳудларни ҳалок қилсин. Аллоҳ уларга ўлимтикнинг ёғини ҳаром қилди. Улар бўлса, уни эритиб олдилар. Сўнгра сотиб, баҳосини едилар», дедилар».
Яъни, яҳудийлар ўзларига емоқ ҳаром қилинган ёғларни эритиб сотиб, баҳосини еганлари учун лаънатга учраганлар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ҳам ўзларига ҳаром қилинган ўлимтикнинг ёғини сотиб баҳосини емасликлари керак.
Шу билан бирга Ҳанафий мазҳаби уламолари, ўлимтик ёғини совунга ёки шунга ўхшаш манфаат берадиган ишларга истеъмол қилиш жоиз, дейдилар. Ҳадисда сотиш ман қилинган, манфаат олиш эмас, деган фикр бор.
Бошқа бир ривоятда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг баҳосидан, зинонинг маҳридан ва фолбиннинг топганидан наҳий қилдилар», дейилган.
5. Итнинг баҳоси.
Бу масалани келгуси ҳадис шарҳида, иншааллоҳ, батафсил кўриб чиқамиз.
6. Зинонинг маҳри.
Зино ҳаром иш эканлиги ҳаммага маълум. Илгариги жоҳилият даврида, ҳозирги жоҳилиятга ўхшаб бузуқ аёлларни зинога ишлатиб пул топадиган одамлар бор эди. Бу ўта ҳаром иш орқали пул топиш ҳам ўта ҳаром эканлиги эълон қилинди.
7. Фолбин ҳақи.
Илгариги жоҳилиятда ҳам, ҳозирги жоҳилиятга ўхшаб турли услублар билан фол очиб одамларнинг пулини оладиган коҳинлар бор эди. Уларнинг фолбинлик йўли билан топган пуллари ҳам ҳаромлиги эълон қилинди. Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалар орқали мол-пул топиш ҳаромдир. Ким ҳозиргача билмай бу ишлардан бирортасини қилиб юрган бўлса, билиши билан дарҳол тавба қилиб, мазкур ишни тарк қилмоғи, ҳалол касбга ўтмоғи лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам итнинг ва мушукнинг баҳосидан наҳий қилдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган икки нарсани; ит ва мушукни сотиш ҳақида уламолар турлича ижтиҳод қилганлар.
1. Имом Шофеъий, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва яна баъзи уламолар ушбу ҳадисга амал қилиб, итнинг баҳоси ҳаром, уни сотиб ҳам, сотиб олиб ҳам бўлмайди. Ит нажас нарсадир. Унинг ўзи ҳам, баҳоси ҳам ҳаромдир, дейдилар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса бу масалага кенгроқ қараганлар. Бу тўғридаги бошқа ҳадисларни ва далилларни ўрганиб чиқиб, кейин ҳукм чиқарганлар.
Аввал бошда, маълум сабабларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам итларни ўлдиришга, умуман боқмасликка амр қилганлар. Бу ҳақда ҳадислар кўп ва ҳаммага маълум. Ушбу бобда келтирилган ҳадис ҳам ўша вақтда айтилган ҳадислардандир.
Кейинчалик эса маълум мақсад ҳосил бўлганидан кейин итлардан овда ва қўриқлаш каби ишларда фойдаланишга рухсат берилди. Итнинг ўзидан фойдаланишга рухсат берилгани, унинг баҳосидан ҳам фойдаланишга рухсат берилганидир. Агар итнинг баҳосидан фойдаланиб бўлмаса, унинг ўзидан фойдаланиш қандоқ юз беради?
Албатта, уламоларимиз ит уруштирадиган қиморбозларнинг итлари баҳоси ҳақида айтмаганлар, бу гапни. Ундоқ шариатга хилоф иш учун ишлатиладиган бўлса, ҳар қандай нарсани ҳам сотиб бўлмайди.
Имом Косоний ўзларининг «Бадоиъус Саноеъ» китобларида арслон, йўлбарс, сиртлон, бўри, айиқ каби ҳайвонларни сотиш ҳам жоиз, деганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хамр(ароқ)да ўн(киши)ни лаънатладилар; уни сиқувчисини, сиқишни буюрганни, ичувчисини, ҳаммолини, кўтариб юрувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, баҳосини еювчисини, сотиб олувчисини ва сотдирувчисини». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида маст қилувчи нарса хамр деб аталиб, асосан узум ва хурмони сиқиб олинадиган ичимликдан иборат эди. Ундан бошқа яна учта нарса ҳам бор эди, лекин улардан хамр олиш озроқ эди. Кейинчалик, маст қилувчи нарсаларнинг тури ҳам, исми ҳам кўпайиб кетди. Аммо бари-бир уларнинг ҳаммаси тури ва исмидан қатъий назар хамр ҳукмини олаверади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир хамр ҳаромдир, деганлар.
Шунинг учун ҳозирги кундаги барча маст, кайф қилувчи нарсалар хамр ҳисобланади. Уларни ичиладими, чекиладими, ҳидланадими, игна билан юбориладими фарқи йўқ.
Ароқ, дейиладими вискими, морфими, нашами, героинми, қорадорими ҳеч фарқи йўқ. Ҳаммаси ҳаром. Ҳаммаси учун ўн тоифа одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан лаънатга учрайди. Аллоҳнинг раҳматидан қувилади. Келинг ўша ўнта бадбахт тоифа билан танишиб чиқайлик:
1. Сиқувчи. 
Ўша вақтда хамрни сиқиб тайёрлангани учун шундоқ дейилган. Бу сўзни бугунги кунимиз тилида айтадиган бўлсак, тайёрловчиси, деймиз. Демак, маст қилувчи ичимлик ва моддаларни тайёрловчилар Аллоҳнинг лаънатига учрайдилар. Улар учун бу дунёдаги барча тузумларнинг лаънати, қамоғи, турли жазолари етарли эмас. Охиратда Аллоҳ дўзахга ҳам солади.
2. Сиқишни буюрганни.
Бу тоифа биринчи тоифадан ҳам ёмондир. Чунки, биринчи тоифани ишга соладиган ҳам шу тоифадир. Инсонлар учун зарарли бўлган турли маст қилувчи ичимликлар ва турли сархуш қилувчи моддаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўювчилар шулардир. Буларга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлади. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун амр берганлар ҳам шулар қаторидадир.
3. Ичувчисини.
Энг асосий айбдор тоифа шу тоифадир. Қолган тўққиз тоифа ҳам шу тоифа учун ҳаракат қилади. Ушбу маълум тоифанинг пулини олишга ҳаракат қилади.
4. Ҳаммолини.
Мазкур ҳаром нарсага ҳаммоллик қилувчи киши ҳам Аллоҳнинг лаънатига сазовордир. Хом ашёни тайёрлаш, жойига олиб боришда ҳаммоллик қиладими ёки тайёрлаш жойидами, сотиш жойидами ёки сотиш жойидан истеъмол жойигами бари бир. Ҳозирги кунда бутун дунё қарши курашаётганига қарамай лаънати ҳаммолларнинг фаолияти туфайли қора дори ва унга ўхшаш ҳаром нарсалар бутун дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни беҳуда лаънатламаган эканлар.
5. Кўтартирувчисини.
Ароқ ва унинг ҳукмидаги ҳаром нарсаларнинг ҳаммолларини ишга солувчи, уларга пул бериб ишлатувчи ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига қолгай.
6. Қуйиб берувчисини.
Бу ҳам хамр ва унинг ҳукмидаги нарсалар равнақи учун хизмат. Шунинг учун бу ишни қилувчи одам ҳам лаънатга учрайди.
7. Сотувчисини.
Хамр ва хамр ҳукмидаги барча нарсаларни сотувчиларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг лаънатига дучор бўладилар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани сотгандан кейин бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ҳозирги кунимизда маст қилувчи ичимликларни, наркотик моддаларни сотувчилар инсониятга қанчалар зарар келтиришлари яна ҳам очиқ-ойдин намоён бўлиб турибди. Инсонлар чиқарган қонунлар қонун чиқарувчиларга зарар келтирмайдиган нарсани сотганларни жазоламайди. Мисол учун ҳозир фақат наркотик моддаларни сотадиган қочоқ савдогаргина жазога тортилади. Келажакда бу моддаларни ҳам маст қилувчи ичимликлар каби қонунлаштириб олишлари ҳеч гап эмас. Илоҳий қонунлар эса инсониятга зарар етказувчи ҳар бир нарсани сотганни жазога лойиқ деб топади. Бу ҳолни яхши тушунмоғимиз лозим.
8. Баҳосини еювчисини.
Хамр ва хамр ҳукмидаги барча маст қилувчи нарсаларнинг баҳосини еган шахс ким бўлишидан, қай услуб билан ейишидан қатъий назар Аллоҳнинг лаънатига сазовордир. Бундоқ ҳаром нарсанинг баҳосини еган одам, дарҳақиқат шунга муносибдир.
9. Сотиб олувчисини. 
Хамр ва унинг ҳукмидаги ҳаром, маст қилувчи нарсаларни сотиб олувчи, ўзи уларни истеъмол қиладими йўқми, бари-бир гуноҳкордир. Мазкурларни сотиб олиш, ўша ҳаром нарсаларнинг ривожига ҳисса қўшмоқдир. Бу эса Аллоҳнинг лаънатига сабаб бўлувчи ишдир.
10. Сотдирувчисини.
Мазкур маст қилувчи нарсаларни бевосита сотмаса ҳам сотдирувчи кишилар ҳам Аллоҳнинг лаънатига қолади.
Кўриниб турибдики, хамр ва унинг ҳукмидаги барча маст қилувчи ичимлик ва моддаларнинг яқинига бориш ҳам мўмин-мусулмон одам учун умуман тўғри келмайди.
Шу маънодаги ишларни ўзига касб қилиб олган ёки гоҳ-гоҳида бўлса ҳам аралашиб турадиган кишилар, дарҳол бундан четга ўтишлари лозим. Акс ҳолда Аллоҳнинг лаънатига қолурлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таом сотиб олса, то уни тўлиқ олмагунча сотмасин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Муслим ва Термизий: «Ибн Аббос: «Ҳамма нарсани таом каби, деб ҳисоблайман», дедини зиёда қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан қўлида турмаган нарсани сотиб бўлмаслик ҳақидаги ҳукм олинган. Бир нарсанинг савдоси битгандан кейин сотувчи уни олувчига тақдим этиб топшира олиши керак.
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «То қўлингда тутмагунингча бир нарсани ҳеч-ҳеч сотмагин!» деганлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Вазн, аҳли Макканинг вазнидир. Ўлчов, аҳли Мадинанинг ўлчовидир», дедилар». Абу Довуд, Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Шарҳ: Олди - сотдида кўпгина нарсаларнинг оғирлигини ўлчашга тўғри келади. Сотиладиган нарсанинг миқдорини ўлчаш учун ўша вақтда икки хил услуб ишлатилган.
Биринчиси, вазн бўлиб, ҳозирги торозуда тортиш каби бўлган. Яъни тарозунинг бир палласига маълум оғирликдаги юкни қўйиб туриб, иккинчи паллага буғдойми, хурмоми, нима сотилаётган бўлса ўша нарсани қўйилган. Бу маънода тижорат билан машҳур бўлган аҳли Макка ҳаммадан илғор бўлган. Вазн ила нарсалар миқдорини аниқлашни яхшилаб йўлга қўйганлар. Улар битта олтин динорни тарозунинг бир томонига қўйиб иккинчи паллага арпа доналарини қўйганлар, саксон уч донаю, ўндан уч арпа бир динорга тенг келган. Шу қоидага биноан ритл ва бошқа оғирлик ўлчовларини ҳам белгилаб олишган.
Аҳли Макка Шомга, Яманга бориб халқаро савдо ишларида ҳам иштирок этар эдилар. Шунинг учун ҳам бу ишларда улар моҳир бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофдагиларни ҳам вазн ишларида аҳли Макканиг вазнини ишлатишга даъват қилганлар.
Аҳли Мадина эса зироат аҳли бўлганлари учун зироат маҳсулотларини, хусусан хурмо, буғдой, арпа кабиларни ўлчашда жуда уста бўлганлар. Улар бунинг учун махсус идишлар ихтиро қилганлар. Мисол учун уларнинг соъ номли идишлари бўлиб унга маълум миқдорда махсулот сиққан. Аҳли Мадина ана ўшанга ўхшаш идишлари ўлчов қилиб олиб, махсулотлар миқдорини ўлчаганлар. Шунинг учун закот, каффарот, садақага бериладиган таомлар миқдори ҳам шариатимизда аҳли Мадинанинг ўлчови билан баён қилинади.
Савдода зулм ва алдамчилик бўлмаслиги учун, ҳамма нарса аниқ, ҳалол пок бўлиши учун вазн бўлсин, ўлчов бўлсин сотилаётган нарсанинг миқдори аниқ бўлгани яхши. Уламоларимиз, савдо вақтида миқдорни ўлчаш вожиб, деганлар.

ал-Миқдом ибн Маъдийкараб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таомларингизни ўлчанглар, сизга унда барака киритилур», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Савдо учун бўлмаса ҳам, ўзи учун сақлаб қўйишни ният қилган нарсаларни ўлчаб қўйиш ўта фойдалидир. Бу иқтисод учун зарурдир. Ҳамма нарсаси аниқ ўлчов билан бўладиган шахс ва оилага, албатта, барака ёр бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлчов ва тарозу соҳибларига: «Албатта, сизлар ўзингиздан олдин ўтган умматларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган икки нарсани эгалладингиз», дедилар».
Термизий ривоят қилган ва, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ўлчов ишларини адо этувчи кишилар зиммасига улкан масъулият юклатилганини таъкидланмоқда. Ўлчов ишида озгина ноаниқлик билан бир кишига зулм бўлиши турган гап. Ўтган умматларнинг кўплари ана ўша нарса сабабидан ҳалокатга учрашган эди.
Ислом уммати ҳам ҳалокатга учрамаслиги учун ўлчов ва тарозуда аниқ иш олиб боришлари керак. Зинҳор ва зинҳор бировнинг ҳақини уриб қолмасликлари шарт.

Сувайд ибн Қайс розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Мен Махрама ал-Абдий билан бирга Ҳажардан кийим келтирдим. Бас, уни Маккага келтирдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга юриб келдилар ва шалворларни баҳолашдилар. Биз у кишига сотдик. Шу ерда ажрга нарсаларни тортадиган одам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Торт ва оғирроқ қил», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: «Ҳажар» Мадинага яқин бир жойнинг номидир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Бозорга кириб савдо-сотиқ қилиш жоизлиги.
2. Ўзига керакли нарсани ўзи олгани яхшилиги.
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари.
4. Тарозибон ҳақ эгаси розилиги билан ортиқроқ қилиб тортиши мумкинлиги.
5. Бировнинг ҳақини орттириб бериш яхшилиги.
6. Ҳақ олиб Тарозибонлик қилиш жоизлиги.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ҳайвоннинг урчитиши учун ҳақ олишдан наҳий қилдилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Шарҳ: Жоҳилият пайтида урғочи ҳайвонларни қочириш учун қўшиб қўйиладиган эркак ҳайвонларга ҳам ҳақ олишар эди. Бу номаълум нарсага ҳақ олиш бўлгани учун Исломда бекор қилинди. Ундоқ ҳайвонларни иоъра – вақтинча, урғочи ҳайвонни қочириб олгунча бериб туруш тавсия қилинди. Демак, мазкур нотўғри йўл билан мол касб қилиш ҳам жоиз эмас.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отиш савдосидан ва ғафлат савдосидан қайтардилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: «Тош отиш савдоси» дегани сотиладиган нарсани тош отиш билан белгилаш ила бўладиган савдодир.
Мисол учун, мана шу пулингга ушбу кийимларга фалон жойдан тош отамиз, нечтасига тош тегса шуни оласан, дейилади. Ёки, шу пулингга ушбу ерни отилган тош тушган жойигача оласан, дейилади.
«Ғафлат савдоси» дейилгани эса сотиладиган нарса ноаниқ, эгаси уни харидорга таслим қилишдан ожиз нарсани сотишга айтилади. Мисол учун, сенга фалон ҳайвонимни сотдим, дейди, лекин у ҳайвони қочиб кетиб ушлай олмай юрган бўлади. Ёки тутган балиғимни сотдим, дейди, балиқ аллақачон сувга тушиб кетган бўлади. Сотилган нарса ноаниқ ёки харидорга таслим қилиб бўлмайдиган бўлса, савдо ботил бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло, Мен қиёмат куни уч тоифанинг хусуматчиси бўлурман; Мен билан (аҳд) бериб, кейин алдаган одамнинг, ҳурни сотиб баҳосини еган одамнинг ва одам ишлатиб ҳақини бермаган одамнинг», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда уч тоифа энг ёмон одамлар ҳақида сўз бормоқда. Чунки, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи хусуматчиси бўлиш енгил иш эмас.
1. «Мен билан (аҳд) бериб, кейин алдаган одамнинг».
Ўзаро муомалаларда ишонч катта ўрин тутади. Шунинг учун ҳам одатда шерик тарафни ўзига ишонтириш учун баъзилар Аллоҳ таолони ўртага қўшадилар. Аллоҳ таоло номи билан ваъда берадилар. Иккинчи томон Аллоҳни ўртага қўшиб гапиряптик-у, алдамас, деб унга ишонади, керакли нарсага рози бўлади. Кейин эса ҳалиги Аллоҳнинг номи билан аҳд берган одам аҳдни бузади. Иши битиб олгандан кейин, хиёнат қилади. Ундоқ нобакор одам роса бопладим, қойил қилдим, деб хурсанд бўлиши ҳам мумкин. Лекин, бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни шармандаси чиқади. Қиёмат кунининг эгаси бўлмиш зот Аллоҳ таолонинг Ўзи унга хусуматчилик қилади.
Одатда, қиёмат куни Аллоҳ таоло хусуматчилар орасида ҳукм чиқаради. Аммо, У зот ўша куни, Аллоҳ номи билан аҳд бериб туриб, кейин алдаганларга нисбатан Ўзи хусуматчи бўлади. Ҳукм чиқарувчи қозининг ўзи хусуматчи бўлган одамнинг ҳоли қандоқ бўлишини билиб олиш қийин эмас.
Шунинг учун ҳам зинҳор, Аллоҳнинг номи ила аҳд бериб туриб, кейин алдамаслик керак.
2. «Ҳурни сотиб, баҳосини еган одамнинг».
Инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг улкан неъматлардан бири ҳурриятдир. Бу неъматни ундан тортиб олиб, уни қул қилиш энг катта жиноятлардан биридир.
Шунинг учун ҳам ҳур инсонни қул қилиб сотиб баҳосини еган одамга, Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёмат куни хусуматчи бўлади. Бу шаклда молу-мулк топиш энг ҳаром ишлардан бири бўлади.
Жоҳилият вақтида бу ишни қиладиган одамлар кўп эди. Мисол учун Зайд ибн Ҳориса, Салмон ал-Форсий, Суҳайб ал-Румий ва Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳулар ҳур кишилар бўлиб уларни мушриклар зулм ила қул қилиб юборишган эдилар.
Ислом қулчиликка қарши кураш олиб бориш жараёнида қулларни озод қилиш учун кўрган барча чора - тадбирлар билан бир қаторда, ҳурларни қул қилиш йўлларини ҳам тўсди.
Ушбу ҳадиси шариф ҳам бу борада кўрилган энг кучли чоралардан биридир. Ҳурни сотиб, баҳосини еганга Аллоҳ ҳусуматчидир.
3. «Одам ишлатиб, ҳақини бермаган одамнинг».
Бировни ишга ёллаб, маълум ҳақни бераман, деб ишлатиб олиб ҳақини бермай юрган одам ҳам катта гуноҳ иш қилган бўлади. У ҳам бировни ҳақини еган бўлади.
Аввалги ҳолатда, инсоннинг ҳуррият ҳақини поймол қилиш бўлса, бу ҳолларда унинг меҳнат ҳақини поймол қилган бўлади. Инсон ҳуқуқларидан бўлган бу ҳақни поймол қилган шахсга ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёмат куни хусуматчи бўлади.
Кимки, қиёмат куни Аллоҳ менга хусуматчи бўлмасин деса, ишлаган ишчига ўз вақтида ҳақини тўлиқ равишда берсин, меҳнаткашнинг ҳақини поймол қилмасин.

Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳу: «Хайбар куни ўн икки дийнорга бир мунчоқ сотиб олдим. Унда тилло ва тош мунчоқ бор эди. Мен уни тарқатиб юборсам, унда ўн икки дийнордан кўп нарса топдим ва буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилган эдим: «Тарқатиб кўрилмагунча сотилмайди», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Тақинчоқларга безак бўлиши учун турли нарсалар қўшиб тузилиши маълум ва машҳур. Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳу ҳам Хайбар ғазоти куни ўн икки дийнор тилло пулга бир бўйинга тақадиган тақинчоқ сотиб олибдилар. У тақинчоқ тилло тангалар билан қимматбаҳо тошларни аралаштириб тизиб қилинган экан.
Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳу мунчоқни тарқатиб юбориб тилло тангаларини санасалар ўн икки дийнордан кўп чиқибди. У киши сотиб олаётганда буни билмаган эди. Энди нима бўлади? деб гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эканлар, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тарқатиб кўрилмагунча сотилмайди», дебдилар.
Яъни, сотилаётган нарсанинг ҳажми, миқдори аниқ бўлиши керак. Чунки, тиллога бошқа нарса аралаш бўлганидан кейин тарқатилиб, ҳар синфни аниқ билиб олмаса, савдода зулм бўлиши мумкин. Кейинчалик икки тараф ўртасида хусумат, келишмовчилик ва уруш - жанжал чиқиши мумкин. Ана шу эътиборлардан мазкур нарсага ўхшаш савдо молларини яхшилаб аниқлаб олиб кейин савдо қилиш керак бўлади.
Уламоларимиз иқтисодий-молиявий муомалаларга оид бундан бошқа барча далилларни ҳам яхшилаб ўрганиб чиққанларидан кейин, ўртадаги муомалага сабаб нарсада қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак, деган хулосага келганлар:
1. Муомалага қўйилаётган нарса келишув вақтида мавжуд бўлиши керак.
Йўқ нарсани муомалага қўйиб бўлмайди. Мисол учун етишмаган зироатни сотиб бўлмайди. Чунки у ҳам униб чиқадими, йўқми, ҳосил берадими, йўқми маълум эмас.
Шунга ўхшаш онасининг қорнидаги ҳайвонни, елиндаги сутни ҳам сотиб бўлмайди.
2. Муомалага қўйилган нарса муомалага қўювчининг шаръий ҳақи бўлиши керак. Яъни, муомалага қўювчига мулк бўлиши ва сақлаш ва манфаатланиши мумкин нарса бўлиши керак.
Бир киши ўзига мулк бўлмаган нарсани сота олмайди, ҳадя қила олмайди, ижарага қўя олмайди.
Шунингдек, шариат бўйича сақлаш ва манфаатланиш мумкин бўлмаган ҳаром ичимликлар ёки чўчқага ўхшаш нарсаларни муомалага қўя олмайдилар.
3. Муомалага қўйилган нарсани келишув вақтида топширилиши имкони бўлиши керак.
Мисол учун, қочиб кетган ҳайвонни, ҳаводаги қушни ёки сувдаги балиқни муомалага қўйиб бўлмайди. Агар қўйилса муомала ботил бўлади, ҳисобга ўтмайди.
4. Муомалага қўйилган нарса муомалада иштирок этаётган икки томонга маълум ва тайинли бўлиши керак.
Яъни, икки томон ҳам муомалага қуйилаётган нарсани яхши билиши, кўрган бўлиши, зарур маълумотларга эга бўлиши керак. Агар ундоқ бўлмаса муомала жорий бўлмайди. Чунки, бундоқ ҳолларда кейин уруш-жанжал чиқиши осон бўлиб қолади.
5. Муомалага қўйилган нарса пок бўлиши, нажас ёки нажас аралашган бўлмаслиги керак.
Яъни, шариат юзасидан манфаат олиш имкони берилган нарса бўлиши керак. Ўлимтик, қон, ахлат каби шариат ҳаром қилган нарсаларни сотиб бўлмайди. Агар шундоқ бўлса, у муомала ботил бўлади, ўз кучига эга бўлмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Нархни чегаралаш, деганда масъул шахс ёки тараф томонидан нархни чегаралаб қўйиш тушунилади. .Эҳтикор, монополия деганда эса, турли йўллар билан бир хил савдо давоми...

4437 05:00 / 17.02.2017
Золим харидорга ёрдам бермаслик ndash Савдогарларнинг муҳим одобларидан бири золим харидорга ёрдам бермасликдир. .Золим харидор, сотиб олган нарсасини ҳаром ва давоми...

6695 15:20 / 17.10.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан нархини кейин беришга таом сотиб олдилар ва темир совутни гаровга давоми...

3179 05:00 / 17.02.2017
Тижорат инсониятнинг илк босқичларидан бери, дунё ва ҳаётнинг давом этиб келиши учун зарур бўлган касблардан бири экани шубҳасиз. Ана шундай улуғ мақомдаги касб давоми...

2973 05:00 / 17.02.2017