1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

МУЗОРАБА ШИРКАТИ

05:00 / 17.02.2017 5092 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бунда раъсулмол бир томондан, хизмат иккинчи томондан бўлади. Молнинг эгаси ишчи билан келишиб, молни унга беради. Тушган фойда келишувга асосан бўлиб олинади. Зарар мол эгасига бўлади. Ишчи эса қилган меҳнатидан зарар кўради, холос.

Музораба китоби

Музораба «ер юзида юриш» маъносини англатади. Чунки бу ишни юритувчи ер юзида талаби касб қилиб юради.

Музорабада раъсулмол бир томондан, хизмат иккинчи томондан бўлади. Молнинг эгаси ишчи билан келишиб, молни унга беради. Тушган фойда келишувга асосан бўлиб олинади. 

Зарар мол эгасига бўлади. Ишчи эса қилган меҳнатидан зарар кўради, холос.

Музораба Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёс ила собит бўлгандир.

Аллоҳ таоло Муззамил сурасида: «Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳнинг фазлини ахтаришини (билади), деган (20-оят).

Аллоҳ таоло Жума сурасида: «Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз», деган (10-оят). 

Имом Табароний қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар: «Саййидимиз Аббос ибн Абдулмуттолиб молни музораба учун берса, уни денгизда олиб юрмаслик, у билан водийга тушмаслик ва у ила ҳайвон сотиб олмасликни шарт қилар ва буларни қилса тўлаб беришини айтар эди. Унинг шартлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида ижозат бердилар».

Ибн Можа Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарсада барака бордир: баҳосини кейин бериш шарти ила сотишда, муқоразада (савдо молларини алмаштиришда) ва сотиш учун эмас, уй учун буғдой билан арпани аралаштиришда», дедилар».

Ижмоъдан далил келтирадиган бўлсак, саҳобалардан кўпи етимнинг молини музорабага берганлари ва бирор киши буни инкор қилмагани маълум ва машҳур.

Қиёсга келсак, музораба мусоқотга қиёс қилинган. Одамларнинг ҳожати доимо бу каби нарсаларга тушиб туради. Улардан баъзиларининг моли бўлади. Аммо уни ишлатишга имкони бўлмайди. Бошқасининг имкони ва билими бор. Лекин моли бўлмайди. Музораба орқали иккисининг ҳам ҳожати чиқади. 

Музорабани «Мухтасари Виқоя»нинг соҳиби қуйидагича таърифлайди: «У бир кишидан мол ва бошқасидан иш ўлароқ фойдага шериклик шартномасидир. 

У аввал вадийъа қўйиш ва иш пайтида эса вакил қилишдир. 

Яъни, музорабанинг аввалида моли бор шахс шеригига уни топшириб қўяди. Шерик молни ишлатишга киришганда худди вакилдек ҳолга ўтади.

У фойда кўрилса, ширкатдир. Агар хилоф қилинса, ғасбдир.

Яъни, музораба омонат билан йўлга қў-йилиб икки тараф фойда кўрса, ширкат бўлади. Агар шерик хилоф қилиб фойдани бермай еб кетса, ғасб–бировнинг молини тор,тиб олишдир.

У агар барча фойда мол эгасига шарт қилинса, бизоъадир.

Бизоъа–ишчининг текинга ишлаб бериши.

Агар фойданинг ҳаммаси ишчига деб шарт қилинса, қарз бўлиб қолади.

Агар фосид бўлса, фосид ижарага ўхшаб қолади. Унга фойда бўлмайди. Иш фойда бердими, йўқми барибир унга ишининг ажри берилади.

Фосид ижарада иш ҳақи берилгани каби.

Муҳаммадга хилоф ўлароқ, унинг иш ҳақи фойдадан шарт қилинган миқдордан ошмайди.

Яъни, музораба шартномасида иш бажарувчига маълум миқдордаги улуш келишилган эди. Аммо музораба фосид бўлгани учун унга улуш эмас, иш ҳақи бериладиган бўлди. Ўша иш ҳақи белгиланган улуш миқдоридан зиёда бўлмаслиги лозим. Бу Имом Муҳаммаднинг гапига хилофдир. У киши иш бажарувчи ажри мислни олади, деганлар.

У фосид музорабада худди саҳиҳдаги каби зомин бўлмайди. 

Яъни, музорабадаги иш бажарувчи тараф мабодо касодга учраб зарар тортиладиган бўлса, тўлаб бермайди ёки зарарни тўлашга шерик бўлмайди. Бу Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг айтганлари. 

Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад у ҳам зарарга шерик бўлади, деганлар. Ҳиндовий, барчалари фосид музорабада зарарни тўламайди, деганларини келтирган. 

Демак, музораба шартномасини тузаётганда имом Абу Ҳанифанинг гапига амал қилинадими ёки бошқаларникигами, бу нарса аниқлаб олиниши керак.

Музораба, ширкатга ярайдиган мол билангина саҳиҳ бўлади.

Чунки музораба ҳам фойдадаги шерикликдир. Аввал ҳам айтилганидек, ширкат фақат икки нақд (тилло ва кумуш), кенг тарқалган пул ёки хом тилло ва кумуш билан, агар иккиси одамларнинг таомулида бўлса, тўғри бўлади. 

Шунингдек, музораба фақатгина молни иш бажарувчига таслим қилиш ва фойда икковлари орасида тарқалиши билан саҳиҳ бўлади. 

Чекланмаган музорабада иш бажарувчи нақд ва насияга сотиши, одатдан ташқари муддатга сотиш бундан мустано, сотиб олиши, сотиш ва олишга вакил қилиши, сафар қилиши ва мол эгаси ва бошқалардан ёрдам олиши мумкин. Бу билан (мол эгасидан ёрам олиш билан), вадийъага ва гаровга қўйиш, бой ёки камбағалга ҳавола қилиш билан музораба бузилмайди. 

Ушбу ишларнинг барчасини тижоратчилар қилиб келган. Буларсиз иш юришмайди. Шунинг учун музорабада иш олиб бораётган киши ҳам буларга муҳтож бўлади.

Мол эгасининг рухсатисиз қарз бермайди ва олмайди.

Бу икки иш савдога кирмайди. Балки бировнинг молини бошқага бериш ёки бировнинг номидан бошқанинг молини олишдир.

Музораба қилмайди ва унинг молига музорабанинг молини аралаштирмайди. Илло, мол эгасининг изни ёки «ўзинг билиб қилавер» дейиши бундан мустасно. 

Агар ўзинг билиб қилавер, дейилса ва у ўз молидан кийим бичтирса ёки юк кўтартирса, холис хизмат қилган бўлади. Қизил рангга бўятса, холис хизмат бўлмайди. 

Иш бажарувчи кийим бичтирганда ёки юк кўтартирганда бировнинг пулини қарз-га ишлатган бўлади. Унинг бунга хақи йўқ. Кийимни бўятганда эса, матоҳга ўз пулидан зиёда киритган бўлади. Агар ўша кийим сотилса, бўёқнинг пули иш бажарувчига ва оқ матоҳнинг пули музорабага бўлади.

Музорабачи мол эгаси тайин қилган юрт, матоҳ, вақт ва шахсдан бошқага ўта олмайди. Агар ўтадиган бўлса, зомин бўлади ва фойдани у олади. 

Ўз юртида ишлаётган музорабачининг нафақаси ўз молидан бўлади. Сафарда эса, унинг емоқ-ичмоғи, кийими, ходимининг иш ҳақи, кийимни ювдириши, ижарага ёки сотиб олган маркаби ва унинг еми ўртача тарзда музорабанинг молидан бўлади. Ортиқча харажат қилса, тўлайди.

Эрталаб кетиб, ётгани аҳлининг ҳузурига қайтиб кела олмайдиган жойга бориш ҳам сафар ҳисобланади.

Агар фойда кўрилса, мол эгаси сармояни олволиб қолганини тақсим қилади.

Музорабачи молни эгасининг изнисиз музорабага бериб юборса, иккинчи иш бошлаганда зомин бўлади. Фойда кўрганда зомин бўлади, деган қавл ҳам бор.

Музораба иккисидан бирининг ўлими ва мол эгасининг муртад бўлиб қочиб кетиши билан ботил бўлади. 

Мол эгаси ишдан бўшатгани ҳақидаги хабар етиб борган пайтдан бошлаб музорабачи бўшаган ҳисобланади. Билганидан кейин ҳам унинг савдога қўйилган нарсани сотишга ҳақи бор. Аммо унинг баҳосида тасарруф қила олмайди. 

Шунингдек, сармоя жинсидан бўлган нақд пулни ҳам тасарруф қила олмайди. Сармоя жинсидан бошқада бўлса, алмаштирса бўлади.

Мисол учун сармоя сўмда бўлса, нақд сўмларга бўшагани сабабидан тега олмайди. Бошқа пул бирлиги бўлса, сўмга алмаштириб қўйиши мумкин.

Агар айрилишган пайтларида молдан бир қисми бошқада бўлиб, ўша қисмда фойда ҳам бўлса, музорабачи талаб қилиши лозим бўлади. Агар фойда бўлмаса, у мол эгасини вакил қилади. Даллол ва ўртачилар баҳони тўланишини таъминлашга мажбур қилинадилар. 

Чунки улар айнан шунинг учун ҳақ оладилар.

Музораба молидан ҳалокатга учрагани фойдадан чиқариб ташланади. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам фитнаси ва азоби, қабр фитнаси ва азоби, бойлик фитнаси, камбағаллик фитнаси ҳамда масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни давоми...

3715 05:00 / 17.02.2017
Саноатчидан нарса ясашни талаб қилиб, уни сотиб олишга истисноъ дейилади. Саноатчидан талаб қилинган нарса аслида тайёр бўлмайди. Истисноъ муайян харидор учун давоми...

3227 05:00 / 17.02.2017
Биз савдо, деб таржима қилган сўз арабчада .Байъ, дейилиб, луғатда, ўзаро бир нарсани алмаштиришни англатади. Шариатда эса, бир молни иккинчи бир мол муқобилига давоми...

18244 05:00 / 17.02.2017
Топиб олинган нарса, агар уни топиб олган одам эгасига қайтариб бериш учун олганига гувоҳ келтирган бўлса, омонатдир.Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ўзининг .Муснад, номли давоми...

9211 05:00 / 17.02.2017