1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Масиҳийликка қисқача таъриф (иккинчи мақола)

21:10 / 09.02.2019 2591 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шундай қилиб, протестант йўналиши бўйича 66 та, католик йўналиши бўйича 73 та, ортодоксал йўналиши бўйича 78 та Муқаддас Китоб мавжуддир. 

Масиҳийларнинг Муқаддас Китобга эътиқодлари:

1.Тангрининг сўзидир.

2.Бирорта ҳам бузиш ва ўзгартириш рўй бермаган.

3.Мактублар, Туш, китоблар ва шеърларнинг барчаси муқаддасдир.

4.Илмий ёки тарихий бирор бир хато йўқ.

5.Инжиллар ва мактубларнинг муаллифлари Муқаддас Руҳнинг ваҳйи орқали ёзишгандир.

 Масиҳий йўналишлар, қурултойлар ва черковларнинг бўлиниш тарихи.

Ийсо алайҳиссаломдан сўнг, у кишига «эргашганлар» ўртасида жуда кўп ихтилофлар пайдо бўлди. Бу ихтилофлар зимнидан қурултойлар ташкил қилиниб, бу ихтилофларни хал қилишга харакат қилинди. Қурултойлар икки қисмга бўлинади:

1. Маскуний (оламий).

2. Маҳаллий.

Биринчи қурултой ҳаворий Яъқуб бошчилигида Қуддусда бўлиб ўтиб, унда кўпгина ҳаворийлар қатнашганлар. Асосий мавзуъ яҳудиймас ҳалқларнинг суннат қилиниши ҳақида бўлган. Бу қурултойда яна бошқа масалалар ва Павл ва ҳаворийлар ораларида анча келишмовчилик ва тортишувлар ҳам рўй берган.

Муҳим қурултойлар.

1. Никея қурултойи.

 Бу қурултой Импратор Константин бошчилигида 325 мелодий йилда ташкил қилинган. Унда 2048 нафар масиҳий ота(папа)лари қатнашган. Асосий мавзу Ийсо алайҳиссаломнинг Тангри ёки тангри эмаслиги ҳақида бўлган. Қурултойга йиғилганларнинг аксарияти Ийсо алайҳиссаломнинг илоҳлигини рад этган. Яъни 1730 (85%) нафар папалар Ийсо алайҳиссаломнинг оддий инсон ва пайғамбар деб қатъий туриб оладилар. Натижада орада катта тортишув бўлади. Қурултой жанг майдонига айлана ёзади. Шундан кейин Император Константин ҳаммани тарқатиб юборади ва Ийсо алайҳиссаломнинг илоҳ деган фикрни қувватлаган 318(15%) нафар папани қолдириб, қайтадан қурултойни ташкил қилади. Шуни ҳам такидлаш жоизки Импратор ҳали-ҳануз масиҳийлар сафига кирмаганди. У ўзининг будпарастлик динида эди. Қачонки, 318 нафар папа томонидан Ийсо алайҳиссаломни илоҳ ва илоҳ ўғли қарори қабул қилингандан сўнгина масиҳийликни қабул қилган. Бу ақида эса ўша пайтларда будга сиғинувчи ҳалқлар орасида кенг тарқалган ақида эди. Фарқи Ийсо алайҳиссаломнинг ўрниларда бошқа исм эди холос. Шундай қилиб Қурултой ўз қарорини қабул қилади. Унга кўра: Ийсо алайҳиссалом илоҳ ва ерга башариятни аввалги гуноҳдан қутқариш учун тушган ва хочга михланиб ўлдирилган. Бу ақидага мос келувчи баъзи китобларни Инжил дея тан олинган. Мос келмайдиганларини (118та китоб) тан олинмаган. Никея иймон рамзи жорий қилинди.

2.Биринчи Константинопол қурултой.

 Бу қурултой 398 мелодий йилда ташкил қилинган. Асосий мавзу Муқаддас Руҳни илоҳ ёки илоҳмаслиги ҳақида бўлган. Натижада Муқаддас Руҳни илоҳ деб қабул қилинган. Никея ақидасига қўшимча « Ҳаёт ато этувчи Тангри, Муқаддас Руҳга иймон келтирамиз...» ила бошланувчи жумлалар изофа қилинган.

3.Биринчи Эфес қурултойи.

 Бу қурултой 431 мелодий санада бўлиб ўтган. Асосий мавзу яна Ийсо алайҳиссаломнинг илоҳлиги ва Биби Марямнинг илоҳ онаси ҳақида бўлган. Бу қурултойда ҳам кўпгина тортишувлар бўлиб ўтган. Баъзилар Ийсо алайҳиссаломни илоҳлигини тан олишмайди. Натижада турли тортишувлардан сўнг яна янги  қарор қабул қилинади. Ийсо алайҳиссалом бир табиат ва бир иродага эга (яъни лоҳут ва носут, илоҳлик ва инсонлик табиати). Биби Марям худо онаси мақомига лойиқ топилади. Иймон рамзига

 «Сени улуглаймиз, эй хакикий Нурнинг онаси, ва сенга хамду сано айтамиз, Худо она мукаддас Биби Марям!....» жумла қўшимча қилинган.

4. Иккинчи Эфес қурултойи.

 Бу қурултой 449 мелодий санада бўлиб ўтган. Бу қурултойда мажлис раиси «Ийсонинг жасади, бизни жасадимиз каби эмасдир. Чунки, унинг илоҳийлиги инсонийлиги билан бирлашиб, аралашиб, бир жасадни ташкил қилган.», дейди. Мана шу ердан масиҳий оламида ихтилоф ва ажралишлик содир бўлишни бошлаган. Чунки, қурултой азолари мажлис раисининг гапини рад этадилар ва лоҳут ва носут табиати бирлашган, лекин бир-бирига киришиб аралашиб кетмаган деган фикрни олдинга суришади.

 Бу ҳозирги ортодоксал йўналишининг фикридир. Шундан қилиб қурултой азолари лоҳут ва носут табиати аралашиб кетмаган деган хулосага келишади.

Шуни ҳам такидлаш лозимки, ортодоксал черкови иккинчи Эфес қурултойидан кейинги қурултойларни тан олишмайди. Ўз ўрнида бошқа черковлар иккинчи Эфес қурултойини тан олишмайди.

5.Хилқдон қурултойи.

Бу қурултой 451-мелодий санада бўлиб, муҳим қарорларидан: Олдинги қурултой қарорини бекор қилиш (яъни лоҳут ва носут табиатини бирлашиш қарори). Ийсо алайҳиссаломнинг икки табиати ва икки иродаси бор деб эътироф этиш.

 Табиийки бу қарорни ортодоксал йўналини тан олмаган. Шундай қилиб, икки масиҳий йўналиши пайдо бўлди. Биринчи йўналиш ортодоксал йўналиши ёки шарқий черков. Уларнинг эътиқоди бўйича Ийсо алайҳиссалом бир табиат ва бир ирода эгаси. Иккинчи йўналиш католик ёки Рим черкови. Улар эса, Ийсо алайҳиссалом икки табиат ва икки ирода соҳибидир деган эътиқоддалар.

Шундан кейин масиҳий оламида жуда кўп йўналишлар пайдо бўла бошлайди. Шулардан Морун йўналиши. Бу йўналиш католиклардан 667 мелодий йиллардан бошлаб ажралиб чиқа бошлайди. Уларнинг эътиқодича, Ийсо алайҳиссалом икки табиат ва бир иродага эга.

6.Иккинчи Константинопол қурултойи.

 Бу қурултой 680 мелодий санада бўлиб ўтади. Бу қурултойда яна Ийсо алайҳиссалом икки табиат ва икки ирода соҳиби деб қарор қилинади. Морун йўналиши тарафдорларини кофир деб эълон қилинади.

 Шундан кейин морун йўналиши қувгинга учрайди. Улардан бир қисм Ливан тоғларида қўним топиб қолади. (Бу йўналиш 1182 йили яна Рим католик йўналиши таркибига қўшиб олинади. Лекин улар ўз эътиқодларида қолишади).

Шундай қилиб олдимизда уч йўналиш пайдо бўлди.

Ортодоксал: Бир табиат ва бир ирода.

Католик: икки табиат ва икки ирода.

Морун: икки табиат ва бир ирода.

Католик оламида яна бир катта ажралиш содир бўлади. Рим черкови ва Константинопол черковлари бир-бирларидан ажралади. Бунга сабаб иймон рамзидаги (ва ўғилдан) жумласи бўлади. Яъни иймон рамзидаги Муқаддас Руҳ Ота наздидандир иборасига ва Ўғил наздидан иборасини қўшиш ёки қўшмасликда бир тўҳтамга келишолмайди. Рим черкови (ва Ўғил) лафзини қўшган бўлса, Константинопол черкови буни рад этади.

7. Учинчи Константинопол қурултойи.

 Бу қурултой 879 мелодий санада ташкил қилинган. Бу қурултойдан асосий мақсад Рим черковининг эътиқодини рад этиш бўлган ва шунга кўра қарорлар қабул қилинган.

Шундай қилиб энди тўрт йўналиш пайдо бўлди.

Ортодоксал: Бир табиат ва бир ирода.

 Католик: икки табиат, икки ирода ва Муқаддас Руҳ Ота ва Ўғил наздидан.

 Рим ортодоксал: икки табиат, икки ирода ва Муқаддас Руҳ фақат Ота наздидан.

  Морун: икки табиат ва бир ирода.

 Барча йўналишларнинг ўзини папаси, қонуни, китоби, иймон рамзи ва ибодатлари бўлиб, бир-биридан фақр қила бошлади. Барча йўналишлар ўзига хос равишда қурултойлар ўтказадиган бўлди. Мисол учун Рим католик черкови 1225 йили қурултой ўтқазади. У қурултойда папани гуноҳ кечиришга ваколати бор ва ҳоҳлаган одамининг гуноҳидан ўтиши мумкин деган қарор қабул қилинади. 1869 йилги қурултойда папани маъсум (гуноҳдан пок) деган қарор қабул қилинади.

XVI асрларга келиб католик йўналишидан протестантлар ажраб чиқади. Буни асосий сабабларидан, Муқаддас Китобларни кенг омма ҳам фойдаланиши ёки фойдаланмаслиги бўлган. Яъни, католик папалар Муқаддас китобларни оддий ҳалқ ўқишидан қайтариб келишган. Бир гуруҳ бунга эътироз (протес) билдириб, Муқаддас Китобларни оддий ҳалқ ҳам ўқий олиши учун таржима ва нашр қиладилар. Шунга кўра уларни протестант, яъни эътироз қилган исм билан номланадиган бўлинди. Бу йўналишни асосчиларидан бири ислоҳотчи, кейинчалик иккинчи Павл деб ҳам тарифланган, Мартен Лютер бўлади. У католик роҳиби ва Ветембург университетида дин илмлари устози эди. Лютер Рим папасига эътирозини билдириб, католик черковидан чиққанлигини эълон қилади. Кейинчалик папалик илоҳий масдардан эмаслигини такидлайди. Папа уни Римга чақирганида рад жавобини беради. 1526-йилда Папа уни барча нарсалардан маҳрум қилади ва ҳамма китобларини ёқиб юборишга буюради.

Лютернинг эътирозларининг муҳимлари:

1. Истиҳола.

 Яъни масиҳий ақидасига биноан: фисҳ байрамида, «Раббоний тушлик» деб номланган, нон ейиш ва вино ичиш. Шундан нон Ийсони этига, вино қонига айланди деб эътиқод қилишдир. Ҳар бир шу нон ва винодан тановул қилган киши Ийсони ўз баданига сингдирган бўлади. (Матто26/27, Марк14/22, Луқо22/18).

 Бу эътиқодни протестантлар инкор этадилар. Лекин бошқа йўналишларда ҳали ҳануз бу ақидага амал қилинади ва черковнинг евхаристик сирларидан деб билинади.

2. Мағфират тамғаси.

 1517 йилда папа Люи ўнинчи томонидан «мағфират тамғаси» босилган мактуб жорий қилинади. Яъни кимда ким гуноҳи кечирилишини ҳоҳласа, ушбу мактубни маълум нарҳ эвазига сотиб олади ва бу мактубни ўша киши ўлганида у билан бирга кўмилади. Тангри ҳузурига борганида ўша мактубни кўрсатиб гуноҳсизлигини исботлайди. Протестантлар бу эътиқодни ҳам тан олмайдилар.

   Булардан ташқари, яна бир қанча эътиқодларни протестант йўланилиши тан олмайди. Шу билан бирга, протестант йўналиши: Черков таълимотлари эмас, балки Муқаддас Китоблар олий масдар деб биладилар. Муқаддас Китобларни харфий таржима қилинади, мажозий эмас. Ҳар бир масиҳий Муқаддас Китобларни тафсирини ўқишга ҳаққи бор деб биладилар.

Табиийки, католиклар олдинги йўналишларни тақиб қилганлари каби бу йўналишни ҳам тақиб қиладилар. Орада жуда катта ва кўп тўқнашувлар бўлиб ўтади. 1572 йилда «Сан-Партлимон» байрамида католиклар протестантларни минглаб вакилларини ўлдирадилар, ярадор ва асирларни дарахтларга осадилар. Ҳозирги замонда ҳам бу тўқнашувлар тўҳтамаган. Айниқса, Ирландияда икки йўналиш вакиллари орасида тўқнашувлар ҳали ҳануз давом этиб келмоқда.

Эски Аҳд протестант йўналишида катта рол ўйнайди. Бунга биноан яҳудийча фикр ва ақийда протестант йўналишида ҳукм суради. Яъники, Яҳудийлар Тангрини танлаган ҳалқдирлар. Яҳудийлар ва Фаластин диёри ўртасида Иброҳим алайҳиссалом даврлардан бошлаб то қиёматгача давом этажак мийсоқ (аҳд) бордир. Яҳудия ўлкасини қайта тишлаш зарур. Чунки Ийсо ўша ерда қайта зоҳир бўлиши керак.

Лютер ўзининг «Ийсо яҳудий бўлиб туғилган» номли китобида: «Яҳудлар Тангри болаларидир. Биз эса, ҳақир меҳмонлармиз. Шунинг учун ҳам, ҳожаларни дастурҳонидан тушган нон ушоқларини еб яшашга маҳкуммиз, Канъоний аёл каби.», деган. Бу сўзи билан у Матто Инжилида келтирилган Канъоний аёл ва Ийсо алайҳиссалом ўртасидаги сўзлашувга урғу берган эди.

«Исо у ердан кетиб, Тир ва Сидон ҳудудларига борди. 22 Шу ерда яшайдиган бир канъонлик аёл Исонинг олдига келиб, фарёд қилди:

     – Эй Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, менга раҳм қилинг! Қизимни жин чалган, аҳволи ёмон!

     23 Исо унга бир оғиз сўз ҳам жавоб бермади. Шогирдлари Исонинг олдига келиб, илтимос қилдилар:

     – Уни жўнатиб юборинг! Ахир, у кетимиздан қолмай, додлаб юрибди.

     24 Исо эса шундай деди:

     – Худо Мени фақат Исроил халқининг адашган қўйлари олдига юборди.

     25 Аёл эса келиб, Исонинг олдига тиз чўкди–да:

     – Ёрдам беринг, Ҳазрат! — деб ёлворди. 26 Исо эса:

     – Болалардан нонни олиб кучукларга ташлаш яхши эмас, – деди.

     27 – Тўғри, Ҳазрат, – деди аёл. – Лекин кучуклар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тўкилган ушоқларини ейди–ку» (Матто 15/21-27)

Протестант йўналишининг ўзи ҳам бир неча йўналишларга бўлиниб кетган. Улардан: Баптислар, Манҳажийлар, Мутаҳидалар, Усқуфийлар, Пресвитерианлар, Марморлар, Сабтийлар ва бошқалар.

Протистантлар католиклар каби:

Ийсо алайҳиссаломни икки табиат ва икки иродага эга, Муқаддас Руҳ Ота ва Ўғил наздидан деб эътиқод қиладилар.

 Улар Черковни етти асрорларини тан олмайдилар. Папани гуноҳ кечиришга ваколати бор деб билмайдилар. Балки, Тангрига тўғридан тўғри илтижо қилиш керак дейдилар. Евхаристик сир, уни муқаддаслиги, илоҳий қурбонлик ва нон ва винони Ийсонинг эти ва қонига айланишини инкор этадилар. Бошқа йўналишлар тан олган китобларни баъзиларини апокириф ҳисоблаб, Муқаддас Китобдан деб билмайдилар. Минг йиллик ҳукмга, яъни Ийсо алайҳиссалом қайта келганларидан кейин минг йил ҳукмронлик қиладилар деб эътиқод қиладилар. Биби Марямни давомий бокиралигини инкор этадилар. Яъни бошқа йўналишларнинг эътиқодига кўра Биби Марям Ийсо ва унинг ука ва сингилларини туққанидан кейин ҳам бокира ҳолда қолгандир. Ва яна протестантлар роҳиб (папалар) уйланишга, фарзанд кўришга ҳақлари бор, деб биладилар. Бошқа йўналишлар каби турли расм (икона)ларга сиғинмайдилар.

Ортодоксал ва Католикларнинг фарқлари.

1. Ийсо табиати хусусидаги ихтилоф.

2. Ортодоксалларда, қурбонлик нонни ўзи билан бўлади, вино ичиш шарт эмас.

3. Муқаддас Руҳнинг хусусидаги ихтилоф.

4. Биби Марямни гуноҳсизлик ақидаси. Яъни Биби Марям Ҳина ва Явоқумдан туғилганида аввалги гуноҳдан ҳоли холда туғилгандир.

5. Провославлар Биби Марямни фидо амалида шерик деб биладилар.

6. Башариятга неъматлар фақат Биби Марям орқали инъом этилади дейишади.

7. Биби Марям барча гуноҳлардан маъсум деб биладилар.

Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Истинжо, луғатда .ахлат кетказиш, маъносидадир. Фуқаҳолар истилоҳида эса, нажосатни сув ва шунга ўхшаш нарса ила кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса билан артишга давоми...

4353 17:00 / 10.01.2021
Католиклик юнонча ndash бутун жаҳон ҳам 1054 йилда христианликнинг иккита ndash ғарбий ва шарқий черковга бўлиниши натижасида ташкил топган.Католиклик Оврўпа, Америка давоми...

7939 18:30 / 21.02.2019
Профессор Петер Адамсон Лондон қироллик коллежи Қуръоний оятларнинг жуда кўпчилиги инсонни бу ёруғ оламни кузатиш, ундаги мукаммалликни эътироф этиш ва уни давоми...

2592 11:30 / 31.12.2019
Халифа Маъмуннинг вақтига келиб мусулмон оламида юнон китобларини, хусусан, мантиқ, фалсафа ва фалакиётга оид китобларни таржима қилиш авж олди. Бу ҳаракат давлат давоми...

2122 09:53 / 13 февраль
Аудиолар

135348 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55598 14:35 / 11.08.2021