1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Мужодила сураси, 14-17

05:00 / 23.01.2017 3949 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

14. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми? Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичарлар.

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мунофиқларни номларини айтмасдан сифатларини зикр қилмоқда.

«Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми?»

Эй Пайғамбар! Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлганларни, яъни, яҳудийларни дўст тутаётганларни қара!

Яҳудийларнинг бош сифатлари-Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлганлар. Ҳеч қандай қўшимча изоҳсиз, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлганлар, дейилса бўлди, яҳудийлар тушинилаверади.

Бу оятдаги, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлганларни дўст тутганлардан мурод эса, мунофиқлардир.

«Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас».

Яъни, ўша Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлганларни дўст тутганлар сиз-мусулмонлардан ҳам эмас ва у яҳудийлардан ҳам эмас. Улар аросатда қолган мунофиқлардир. Улар,

«Билиб туриб, ёлғонга қасам ичарлар».

Ўша мунофиқлар ўзларини мусулмон эмасликларини билиб туриб, мусулмонмиз, деб ёлғон қасам ичадилар. Пайғамбар алайҳиссаломга иймонлари йўқ бўлса ҳам, гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан, деб ёлғон қасам ичиадилар ва ҳаказо.

Мунофиқ-сўзи бошқа-ю, иши бошқа шахсдир. Бу оятда баён этилаётган мунофиқлар ҳам тилларида ўзларини мусулмон деб атайдилар, лекин кўнгил бузуқ. Дилида мусулмонларга душманлик қиладилар. Уларнинг сирларини Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмга-яҳудийларга сотадилар. Шунинг учун Қуъони Карим мунофиқларни мусулмонлардан ҳам эмас, яҳудийлардан ҳам эмаслар», деб эълон қилмоқда. Мунофиқларнинг ёлғон қасам ичиб, ўз сўзларига ва ишларига кишиларни ишонтиришга уринишдан кўзлаган ғояларини келгуси оят баён қилади.


15. Аллоҳ улар учун оғир азобни тайёрлаган. Уларнинг қилаётган ишлари нақадар ёмон!
16. Улар қасамларин ўзлари учун тўсиқ қилиб олдилар. Бас, Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Уларга хорловчи азоб бордир!

Албатта мунофиқлар бу дунёда қилган нифоқлари, Аллоҳнинг динига душманлик қилганлари ва бошқа гуноҳлари учун муносиб жазоларини оладилар.

«Аллоҳ улар учун оғир азобни тайёрлаган».

Ўша оғир азоб ила мунофиқларни охиратда азоблайди.

«Уларнинг қилаётган ишлари нақадар ёмон!»

Мунофиқларнинг қилаётган ишлари энг ёмон ишлардандир. Мана уларнинг қиладиган ишларидан бир мисол.

«Улар қасамларин ўзлари учун тўсиқ қилиб олдилар».

Ҳар бир ўзига танглик туғдирадиган ҳолатдан ўйламай-нетмай қасам ичиб қутилиб кетаверадилар. Улар шу тарзда қасамларини ўзларига гап теккизмайдиган тўсиқ қилиб олганлар.

Одатда мунофиқлар иккиюзламачи бўлганлари учун ҳам бировга бир сўзни айтиб, бошқага унинг тескарисини сўзлайдилар. Агар ҳақиқат аён бўлиб, ёлғон гапи юзига солинса, ўзини қутқариш учун қасам ича бошлайдилар. 

«Бас, Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар».

Нима бўлса ҳам уларнинг иши, ўйи, фикри одамларни диндан қайтаришдир. Оқибатда бу дунёю у дунёда уларга хорловчи азоблар тайёр. 

«Уларга хорловчи азоб бордир!»

Уларнинг бу ҳолини келгуси ояти карима тафсиридан яна ҳам аниқроқ билиб оламиз.


17. Моллари ҳам, болалари ҳам улардан Аллоҳ(азоби)дан ҳеч нарсани қайтара олмас. Ана ўшалар дўзах аҳлидурлар. Улар унда абадий қолурлар. 

Мунофиқлар ҳаёти дунёда турли алдамчиликлар қилиб, ёлғон қасамлар ичиб ўз ишларини битириб юришлари мумкин. Аммо эртага Аллоҳнинг ҳузурига борганда ҳол бошқача бўлади.

«Моллари ҳам, болалари ҳам улардан Аллоҳ(азоби)дан ҳеч нарсани қайтара олмас».

Агар бу дунёда гоҳ молларини, гоҳ болаларини орага солиб танг ҳолатлардан қутил кетаётган бўлсалар, у дунёда бундоқ қила олмайдилар. Уларнинг моллари ҳам, болалари ҳамАллоҳ таолодан бўладиган азобдан заррачасини ҳам қайтара олмайдилар.

«Ана ўшалар дўзах аҳлидурлар. Улар унда абадий қолурлар».

Бу эса, уларнинг бу дунёда қилган ишларининг муносиб жазосидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
14. Албатта, Роббинг кузатиб турувчидир.У ким нима қилаётганини ўта аниқлик билан кузатиб туради. Кузатиб туриб туғёнга кетган, ҳаддидан ошган ва зулм давоми...

4742 05:00 / 23.01.2017
Қуръони Карим таълимотларини, Ислом динини бутун дунёга тарқатиш масъулияти уламоларимизни Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш масаласини қайта кўриб давоми...

2868 18:00 / 20.07.2021
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Абу Толиб Шом томон чиқди. У билан қурайш шайхлари ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар. Роҳибнинг давоми...

5579 17:00 / 18.02.2019
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ1. Алиф. Лом. Мийм.2. Одамлар .иймон келтирдик, дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладилармиЯъни, одамлар иймонни оғиз давоми...

3682 05:00 / 23.01.2017