1447 йил 19 жумадис сони | 2025 йил 10 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Юнус сураси, 11-оят

05:00 / 23.01.2017 5127 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

11. Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни туғёнларида ташлаб қўямиз, адашиб-улоқиб юраверадилар.


Аввалги сураларда ҳам бир неча бор айтиб ўтилганидек, араб мушриклари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан азобни тезроқ келтиришни талаб қилишар эди. Улар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан келган ваҳийни инкор этишда ўзларининг ҳақликларини исботлаш учун шундай талаб қўйишар эди. Яъни, сенга келган ваҳийда айтилган, кофир ва мушрикларга тушадиган азоб-уқубатдан қўрқмаймиз, чунки сенинг Пайғамбарлигингга ҳам, сенга келган ваҳийга ҳам ишонмаймиз, агар гапинг рост бўлса, ўша ваъда қилаёган азобингни тезроқ келтир, дейишар эди. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг талабларига нима учун шошилинч истижобат бўлмаслигини баён қилмоқда:

«Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатганида, ажаллари битган бўлур эди».

Аллоҳ таоло бандаларига яхшиликни доим, тез, сўраса-сўрамаса бериб келади. Бу ҳаётда кўрилаётган ҳақиқат. Аммо ёмонликни сўраган заҳоти бермайди. Чунки ёмонликни ҳам тезда берса, ҳаммалари ҳалок бўлиб кетадилар. Аллоҳ бандаларини бунинг учун яратмаган. Шу боис ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида насиҳат қилиб, кишиларни ўзларига қарши, моллари ва болаларига қарши дуо этишдан қайтарганлар.

Ҳофиз Абу Бакр Баззор Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Ўз зиддингизга дуо қилманг, фарзандларингиз зиддига дуо қилманг, молу мулкингиз зиддига дуо қилманг. Яна Аллоҳдан ижобат бўладиган соатга тўғри келиб, дуоингиз қабул бўлиб қолмасин».

Инсон аччиғи чиққан пайтида саркашлиги қўзиб, оғзига нима келса, гапираверади-ю, аслида, бошига бир оз мушкуллик, мусибат етса, дарҳол ундан қутқазишини сўраб Аллоҳга ёлборишга тушади. Бу пайтда унинг ҳақиқати кашф бўлади. Аммо инсон шу даражада ўзгарувчанки, бошидан бало-офат кўтарилиши билан яна аввалги ҳолига қайтиб олади.

Ҳа, сабрсиз инсоннинг ўзига ёмонлик тилаб қилган ҳар бир дуосини Аллоҳ таоло ижобат қилаверганда, одамларнинг ажаллари битган бўлар эди.

«Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни туғёнларида ташлаб қўямиз, адашиб-улоқиб юраверадилар».

Яъни, Аллоҳ таоло охиратда Ўзига рўбарў бўлишга ишонмайдиган кофирларни кофирлик–ҳаддан ошганлик ҳолларида тек қўйиб қўяди. Улар эса, тўғри йўлни топа олмай турли жойларга бошларини уриб юраверадилар. Ҳеч қачон тўғри йўлни–нажот йўлини топа олмайдилар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
285. Пайғамбар унга ўз Роббисидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Барча Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига иймон давоми...

67707 05:00 / 19.01.2017
1. Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен .Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, давоми...

7873 05:00 / 23.01.2017
29. Йўқ Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос. Аллоҳ залолатга солган кимсани ким ҳидоятга сола оларди Ва уларга нусрат бергувчилар давоми...

5257 05:00 / 23.01.2017

5325 17:04 / 08.01.2017
Видеолар

393 14:42 / 08 декабрь
Аудиолар

212139 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

131372 14:35 / 11.08.2021