5659 19.03.2018

4641. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул вақтда «Лаа илааҳа иллаллоҳул Азиймул Ҳалийм. Лаа илааҳа иллаллоҳу Роббул аршил азийм. Лаа илааҳа иллаллоҳу Роббус самавати ва Роббул арзи ва Роббул аршил карийм», дер эдилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Дуонинг мазмуни: «Ҳалийм, Азийм Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Улуғ Аршнинг Робби Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Осмонлару ернинг Робби ва карамли Аршнинг Робби Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ».

Бу ривоятда дуо маъносидаги гаплар йўқ. Аммо таҳлил ва Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларининг зикри бор. Мушкулнинг аришида ана шу зикрларни ихлос билан такрорлаш баъзи сўзларни айтиб, дуо қилишдан кўра катта ўрин тутади.

Имом Термизий ривоят қилган «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ таоло «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман», дедилар» деган мазмундаги ҳадиси шариф айнан мана шу ҳолат ҳақида айтилган.

Мушкулнинг номини айтмай, уни аритишни ҳам тилга олмай, фақат ушбу ривоятда келган иборалар ихлос билан такрорлайверилса, Аллоҳ таоло албатта кушойиш беради.

4642. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мушкули борнинг дуоси «Аллоҳим! Раҳматингдан умидворман. Мени кўз очиб-юмгунча ҳам ўзимга ташлаб қўймагин. Менинг барча ишларимни Ўзинг ўнглагин. Сендан ўзга илоҳ йўқдир», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бошига мушкул тушган кишилар ушбу дуони ихлос билан ўқиб турсалар, Аллоҳ таоло уларга кушойиш бериши бор.

4643. Асмо бинти Умайс розияллоҳу анҳо:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Сенга мушкул пайтда ёки мушкулда айтадиган калималарингни ўргатайми? «Аллоҳу. Аллоҳу. Роббии лаа ушрику биҳи шайъан», дедилар».

Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Аллоҳ. Аллоҳ Роббимдир. Унга ҳеч нарсани шерик қилмайман».

Бунда Аллоҳ таолони улуғлаб, У Зотнинг шериги йўқлигини ёдга олиб зикр қилиш бор. Шунинг ўзи мушкулнинг кушойиш бўлишига етарли экан.

4644. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бир қавмдан хафвда бўлсалар, «Аллоҳумма! иннаа нажъалука фии нуҳуриҳим ва наъуузу бика мин шуруриҳим», дер эдилар».

Иккисини Насаий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Албатта, биз Сени ўзимиз билан у(душман)ларнинг орасига қўямиз. Ва уларнинг ёмонликларидан Сендан паноҳ сўраймиз».

Бирор шахс ёки гуруҳнинг ёмонлигидан қўрққан одам ушбу дуони кўп ўқиб туриши лозим.

4645. Муъоз ибн Жабол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамнинг «Аллоҳим! Албатта, мен сендан батамом неъматни сўрайман», деб дуо қилаётганини эшитиб қолиб:

«Батамом неъмат нима?» дедилар.

«Яхшилик орзусида қилинган дуоим», деди.

«Албатта, жаннатга кирмоқ ва дўзахдан қутулмоқ неъматнинг батамомлигидандир», дедилар.

У зот бошқа бир кишининг «Яаа залжалоли вал икром» деганини эшитиб қолиб:

«Сенга ижобат қилинди. Сўрайвер!» дедилар.

У зот яна бир кишининг «Аллоҳим! Сендан сабрни сўрайман», деганини эшитиб:

«Сен Аллоҳдан балони сўрадинг. Сен Ундан офиятни сўра», дедилар».

Шарҳ: Демак, сўрашнинг ҳам нозик томонларига эътибор бериб, оғиздан чиқаётган ҳар бир сўзга эҳтимомли бўлмоқ лозим экан.

Биринчи дуо қилувчи ўзи сўраётган нарсани аниқ билмас экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўша нарсани аниқлаб олишга ёрдам бердилар.

Иккинчи дуо қилувчи сўраганини берадиган даражада яхши сўзларни зикр қилиб турган экан, уни хоҳлаган нарсасини сўрашга чорладилар.

Учинчи дуо қилувчи сўровни нотўғри қилаётган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тўғри сўрашни ўргатдилар.

Бундан илмли кишилар одамларга дуони ҳам ўргатиб туришлари кераклиги келиб чиқади.

4646. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор иш ташвишга солса:

«Йаа Ҳайй! Йаа Қойюм! Бироҳматика астағийсу!» дер эдилар».

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ташвишга қолган пайтларида Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан иккитасини зикр қилар эканлар.

1. Ҳайй.

Тирик. Аллоҳ доимо тирикдир, ўлмас. Яъни Аллоҳнинг ҳаёти абадийдир, ўлим ила йўқ бўлмас. Шунингдек, Аллоҳнинг ҳаёти азалийдир, олдиндан йўқ бўлган эмас.

Ягона Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандалар ҳаётига ўхшаш бошқа масдардан берилган эмас. Бу ҳаёт азалий ва абадийдир. Бошланиш чегараси ҳам, тугаш чегараси ҳам йўқ. Аллоҳнинг тириклиги ҳеч бир жиҳатдан бандаларнинг ҳаётига ўхшамайди.

2. Қойюм.

Ўз-ўзидан қоим бўлган ва бошқаларни қоим қилган Зот.

«Қойюм»лик сифатининг маъноси – Аллоҳ таборак ва таолонинг ҳар бир нарса устида турувчи экани ва ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина туришидир. Шу билан Аллоҳнинг туриши бошқаникига ўхшамайди ва доимийдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу гўзал исмлар ила Аллоҳ таолони улуғлаб туриб, «Бироҳматика астағийсу!» яъни «Раҳматинг ила ёрдам сўрайман», дер эдилар.

4647. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яаа залжалали вал икром»ни кўпроқ айтинглар», дер эдилар».

Шарҳ: Бунда ҳам Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бирини зикр қилиб, У Зотни улуғлаш бор. Зул Жалали вал Икром – Шараф ва камол эгаси. Карам ва икром эгаси.

4648. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор иш ташвишга солса, бошларини осмонга кўтариб, «Субҳаналлоҳил азийм», қачон дуода ижтиҳод қилсалар «Йаа Ҳайй! Йаа Қойюм!» дер эдилар».

Тўртовини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Биз ҳам бу каби ҳолатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишимиз керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)