1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

“Хилвати саҳиҳа” нима дегани?

15:44 / 24.04.2016 7250 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эр хотинга ўн дирҳамлидан кўпроқ маҳрни атаган бўлса, “хилвати саҳиҳа”дан кейин шу маҳрни бериши вожиб бўлиб қолар экан. “Хилвати саҳиҳа” нималигига тушунмадим, шу ҳақда маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: “Хилвати саҳиҳа” (саҳиҳ хилват) дегани эр ва хотиннинг никоҳ ақдидан кейин холи бир жойда қолишганида жинсий яқинлик қилишларига ҳиссий, шаръий, табиий жиҳатдан монеъ (тўсиқ) бўлувчи ҳеч қандай сабаб қолмаслигидир. Буларга, масалан, жинсий яқинликни ман қилувчи беморлик, рамазон рўзаси, фарз намоз, эҳромдалик, аёлнинг ҳайз ёки нифос кўриши кабилар киради. Агар эр тараф келинга ўн дирҳам ёки ундан кўпроқни маҳрга беришни атаган бўлса, бирлари вафот этган чоғида ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин ўшани бериш вожибга айланади. “Саҳиҳ хилват”йинги жумладан билиб оламиз.

 “Холи жой” деганда, ҳамма томони яхши тўсилган, эр-хотин икковларининг изнисиз олдиларига биров кира олмайдиган макон кўзда тутилади.

“Ҳиссий монеълик” деганда, эр беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай турган ҳолати кўзда тутилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, бунинг жинсий алоқага монеъ бўлиши ҳам ҳиссий монеъликка киради.

“Шаръий монеълик” деганда, аёлнинг ҳайзли ёки нифосли бўлиши, эр-хотин иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.

“Табиий монеълик” деганда, эру хотиндан бошқа бир шахснинг улар билан бирга бўлиши кўзда тутилган.

Мана ўша шартлар тўлиқ бўлиб, “хилвати саҳиҳа” юзага келганидан кейин маҳрни тўлиқ бериш эрга вожиб бўлади, ҳатто агар хотиннинг айби билан никоҳ бузилса ҳам. Мисол учун, қовушгандан ёки “хилвати саҳиҳа”дан кейин аёл диндан чиқиб муртад бўлса ҳам маҳрни тўлиқ олишга ҳақли бўлади.

Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эру хотиндан бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушгандан олдин содир бўладими, кейинми барибир. Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик ман қилувчи омил эмас. Бундай ҳолатларда келин-куёв ёлғиз қолишса, хилвати саҳиҳа ҳисобланаверади. Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ ила аталган маҳрнинг ярми вожиб бўлади. Бу ҳукм Қуръонда келган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Агар уларга қўл теккизмай талоқ қилсангиз ва маҳрни аниқлаб қўйган бўлсангиз, аниқланганнинг ярмини берасиз, фақат аёл ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса, бермайсиз», деган (237-оят).

Агар маҳр аталмаган бўлса, саҳиҳ хилватдан олдин талоқда мутъа, ундан кейингида маҳри мисл вожиб бўлади. Бу ҳукм ҳам Қуръонда келган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларнинг маҳрини аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмас. Уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик ила фойдалантиринг. Бу яхшилик қилувчилар бурчидир», деган (236-оят).

Бу оятда никоҳдан кейин, маҳрни аниқламаган ҳолатда, духулдан (олатнинг фаржга киритилишидан) олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди: «Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларнинг маҳрини аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмас». Чунки инсончилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб талоқ бўлиши катта мусибат. Бунинг устига дўсту душман, ёр-биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳри ҳам тайин бўлмагани учун бу келинга фойда (мутъа) деб номланган молиявий тақдирлаш бериш шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.

Бериладиган мутъанинг миқдори куёв тарафга боғлиқ, имконига қараб кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар. Уламоларимиз: ўз вақтларининг ўлчовида мутъа берилади, бой бир хизматчи олиб беради, қамбағал уч сидра кийим бош берсин, дейишган. Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади. Кўнгиллари таскин топади. Дўсту душманларнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганининг аломати бўлади (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволҲазрат, баъзан жамоатга кечикиб қўшилганимда ният қилдимми, йўқми, шубҳага тушиб қоламан. Аммо қайси намозни ўқиётганимни билиб тураман. Шуни ўзи ният ўрнига давоми...

5160 19:15 / 13.04.2017
Ассалому алайкум Мени озиқовқат дўконим бор мен ёнимдаги дўконда спиртли ичимликлар бор. Мени дўконимга харидорлар кириб спиртли махсулотлар каерда сотади деб давоми...

3564 06:10 / 03.10.2018
СаволАссалому алайкум Биз ҳозирда хорижий давлатда истиқомат қиламиз. Ўтган йили закот ҳисобини рамазон ойидан кeйин, Август ойида чиқарган эдим. Шу йилдан бошлаб давоми...

5500 22:54 / 20.05.2017
Ассалому алайкум Ҳурматли устозлар, яқинда намоз ўқишни бошладим. Саволим шуки, намоз ўқийдиган пайтимда ҳар хил хаёллар миямда айланаверади. Баъзи пайтлар давоми...

3156 07:57 / 31.10.2018
Аудиолар

213201 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132422 14:35 / 11.08.2021