1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Фуссилат сураси, 33-36

05:00 / 23.01.2017 5637 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

33.Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва «Албатта, мен мусулмонларданман!» деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?!


Дунёдаги энг гўзал сўз, Аллоҳ таоло йўлига чақирувчи сўздир. Дунёдаги энг гўзал сўзловчи, Аллоҳ таолога даъват қилувчининг ўзидир. Аммо ўша сўзнинг ҳақиқатда гўзал бўлиши ва ўша сўзловчининг ўзи энг гўзал сўзловчи бўлиши учун қуруқ даъватнинг ўзи етмайди. Балки даъват билан бирга, солиҳ амал бўлиши ҳамда: «Албатта, мен мусулмонларданман», дейиши керак. Ана ўшандагина, у одам энг гўзал сўз сўзлаган бўлади. Зеро, фақат мусулмонлиги туфайли шу фазлга эга бўлгандир.

Демак, ҳар бир мусулмон даъватчи, Аллоҳга даъват қилиш ила энг яхши сўзни айтаётгган бўлади ва ўзи энг яхши инсонлар сафига қўшилган бўлади.

Ана ўша сифат ўзида қолиши учун у авволо амали солиҳ қимоғи, бошқача қилиб айтганда, ўзи даъват қилаётган нарсага ҳамадан аввал ўзи амал қилмоғи лозим.

Иккинчидан мазкур даъватчилик йўлига кирган одам ўта камтар бўлмоғи лозим. Одамлар унга ҳавас қилсалар, уни гўзал сўз ва гўзал ахлоқ соҳиси сифтида эҳтиром қилсалар, «Албатта, мен мусулмонларданман», дейиши керак. Яъни, агар менда бирор яхшилик кўрсангиз, бу менинг мусулмон бўлганимдандир, дейиши лозим. Ана ўшандагина у энг гўзал сўзли киши бўлади.

Шу билан бирга даъватчи билиши ва амал қилиши зарур бўлган бошқа ишлар ҳам бор.


34. Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур.

Аллоҳнинг йўлига даъват этувчи сўзининг қадрини яхши билиши, сўзни ҳис этиши керак. Чунки,

«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас».

Аллоҳ таолонинг йўлига даъват қилувчининг иши яхши иш, сўзи яхши сўз, унинг иши бошқаларнинг ишидан устун, унинг сўзи бошқаларнинг сўзидан устун. Шунинг учун ҳам,

«Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил».

Ҳар қанча ёмон гап эшитиб, ҳар қанча ёмон муомала кўрсанг ҳам, фақат яхши нарса ила қайтар, эй даъватчи. Ҳеч қачон ёмонлик қилма, эй даъватчи. Ана ўшанда:

«Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур».

Бу Ислом даъватчилари учун жуда ҳам зарур бир сифатдир. Ҳар бир нарсани ёмонлик билан эмас, фақат яхшилик билан қарши олиш даражасига етган даъватчигина катта муваффақиятларга эришади. Аммо бу сифатга эришиш осон эмас.


35. Унга фақат сабр қилганларгина эришур. Унга фақат улуғ насиба эгаси бўлганларгина эришур.

Ҳар қандай ёмон сўзни яхши сўз билан қайтариш, ҳар қандай ёмон ишни яхши иш билан қайтариш сифатига

«...фақат сабр қилганларгина эришур».

Сабр қилмаса, дарҳол ёмон сўзга ёмон сўз қайтаради. Ёмон ишга ёмон иш қайтаради. Бу эса, даъватчига ҳеч фойда бермайди. Аллоҳнинг йўлига, Аллоҳнинг динига кишиларни чақириш осон иш эмас. Аллоҳнинг динига даъват қилувчи шахс кишиларнинг ҳавои нафсларига, ўрганиб қолган одатларига, уларнинг шахсий манфаат деб ўйлаб юрган баъзи бир нарсаларига қарши гапириши керак. Шунингдек, даъватчи одам кишиларни ўзлари билмаган эътиқод, ибодат ва амалларни бажаришга даъват қилиши керак. Шунинг учун ҳам даъватчи одам атрофдан турли-туман маломат, иғво, бўҳтон, ёлғон гаплар, сўкишлар, озорлар эшитади. Турли ноҳақ тасарруфлар ва зулмлар кўради. Даъватчи шуларнинг ҳаммасига сабр қилиши керак. Ана шундагина юқорида айтилган даражага эришади.

«Унга фақат улуғ насиба эгаси бўлганларгина эришур».

Насибаси улуғ бўлмаганлар эриша олмайди. Демак, даъватчи бўла олмайди.

Демак, даъватчи машаққатли даъват йўлида турли ҳолатларга учраши мумкин. Бунда Аллоҳдан ёрдам сўраши керак.


36. Агар сени шайтон васвасасидан бир васваса тутса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У зот ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир.

Шайтон васвасага солиб, сени ёмонликни яхшилик билан қайтаришдан айнитмоқчи бўлса, Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўра. Унга сиғин. У сени сақлайди.

«Албатта, У зот ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир».

Ҳар бир муҳтожнинг илтимосини эшитади. Ҳамма нарсани билади. Даъватчи инсон бу ҳақиқатларни яхши англаши лозим.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом маданияти гуллабяшнаган пайтларда тафсирчилик ҳам гуллабяшнади. Мусулмонлар тушкунликка юз тутганларида эса ишлар орқага кетди.Тафсир илми келиб чиқиши давоми...

2584 16:04 / 30.03.2021
Қуръони Карим мўъжиза эканининг яна бир далили mdash унинг маъносини тушунмасада, дунёда юз минглаб кишилар ёд олганидир. У 600 саҳифадан кўп бўлиб, уни ёдлаган давоми...

15242 10:31 / 14.01.2022
2. Бу сенга у ила огоҳлантиришинг учун ва мўминларга эслатма этиб нозил қилинган китобдир. Кўнглингда ундан танглик бўлмасин.Аллоҳ таоло Пайғамбари Ҳазрати давоми...

3298 05:00 / 23.01.2017
Г.Флюгель 1834 йили Олмониянинг Лейпциг шаҳрида ўзига хос Қуръонни чоп этди. Ушбу босманинг имлоси янги ва осон бўлгани сабабли оврупаликлар уни катта иштиёқ билан давоми...

3503 14:10 / 24.03.2020
Аудиолар

120141 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41805 14:35 / 11.08.2021