1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Ҳужурот сураси, 6

05:00 / 23.01.2017 3978 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар.

Келинглар, ояти каримани чуқурроқ тушуниш учун аввал унинг тушиши сабабини ўрганайлик. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўзларининг «Муснад» китобларида Бани Мусталақ  қавми подшоси, уммул мўминин Жувайрия бинти ал-Ҳорис розияллоҳу анҳанинг оталари ал-Ҳорис ибн Аби Зирор ал-Хузоъий  розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши дебдирлар: «Расулуллоҳ соллалоҳу  алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганимда, у киши мени Исломга даъват қилдилар, мен Исломга кирдим ва иқрор бўлдим. Сўнгра мени закотга чақирдилар, унга ҳам иқрор бўлдим. Сўнгра: «Эй, Аллоҳнинг Расули, рухсат берсангиз, бориб қавмимни Исломга ва закот беришга чақирсам, ким кўнса, закотларини жамлаб қўйсам, фалон вақтда бир вакил юборсангиз, мен жамлаган закотларни олиб келса», дедим».

Сўнгра ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу ўзига эргашганларнинг закотини жамлаб қўйиб кутди, Пайғамбар алайҳиссалом вакил юбориши лозим бўлган вақт келди, лекин вакил келмади. Ал-Ҳорис, мендан Аллоҳнинг ва Пайғамбарининг аччиғи чиқди, шекилли, деб гумон қилди ва ўз қавмининг аъёнларини жамлаб: «Расулуллоҳ менга вакил юбориш учун вақт белгилаган эдилар. Вакил келиб мендаги закотни олиши керак эди. Расулуллоҳ ваъдага хилоф қилмайдилар, вакилларининг ушланиб қолиши аччиқлари чиққанлигидан деб биламан. Келинглар, ўзимиз Расулуллоҳнинг ҳузурларига борайлик», деди.

Бу орада Расулуллоҳ алайҳиссалом Валид ибн Уқба исмли кишини ал-Ҳориснинг олдига, закотни олиб келиш учун, вакил қилиб юборган эдилар. Аммо Валид бир жойга етиб, негадир қўрқиб орқага қайтди ва Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, ал-Ҳорис закотни бермасдан мени ўлдирмоқчи бўлди», деди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ғазаблари чиқди ва ал-Ҳорисга гуруҳ юбордилар. Юборилган кишилар энди Мадинаи Мунавварадан чиққан эдилар, олдиларидан ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу одамлари билан чиқиб қолдилар. Юборилганлар: 

«Ана, ал-Ҳориснинг ўзи келяпти», дедилар. Ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу яқинлашиб келиб: 

«Кимга юборилдингиз?», дея сўрадилар. Улар: 

«Сенга», дейишди. У киши: 

«Нима учун», дедилар. Улар:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом сенга Валид ибн Уқбани юборган эдилар, унинг айтишича, сен унга закотни бермай, уни ўлдирмоқчи бўлибсан», дедилар. Шунда Ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу: 

«Йўқ, Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақ дин билан юборган зотга қасамки, уни ҳеч кўрганим йўқ ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ», дедилар. Ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига кирган эдилар, у зоти шариф: 

«Закотни бермай, вакилимни ўлдирмоқчи бўлдингми?», дедилар. Ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу: 

«Йўқ, сизни ҳақ билан юборган зотга қасамки, уни кўрмадим ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ, менинг олдимга Расулуллоҳнинг вакили бормагани учун, Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг мендан аччиғи чиқдимикин, деб бу ерга келдим, холос», дедилар. Шу пайт: «Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар», ояти нозил бўлди».

Шу ерда Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ривоятлари тугайди. Мазкур ривоятда кишини ажаблантирадиган ҳолатлардан бири-Расулуллоҳнинг вакиллари Валид ибн Уқбани айтилган ерга бормасдан, қўрқиб орқага қайтиб келиб, ёлғон сўзлашидир. Одатда саҳобийлардан бундай иш содир бўлиши амри маҳол. Бу ҳақда аввалги уламолар ҳам кўп фикр юритишган, турли мулоҳазаларни билдиришган. Лекин қиссани яхшилаб ўрганиб чиқсак, ажабланишимизга ўрин қолмайди, деб ўйлайман. Нега Расулуллоҳнинг вакиллари келмаяпти деб ташвишланиб, қавми билан ўзи боришга аҳд қилган ал-Ҳорис ибн Аби Зирор ал-Хузоъийни розияллоҳу анҳу от-уловни ҳозирлаб, кийиниб, қуролланиб йўлга чиқмоқчи бўлиб турганларида Валид розияллоҳу анҳу бу ҳолни узоқдан кўриб ёки бировдан эшитиб, булар диндан қайтишган экан, билмабмиз-да, мана қуролланиб чиқишаяпти-ку, деб қўрққан бўлиши турган гап. У орқасига қайтган, ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу ҳам ўз йўлларида давом этганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз юборган иккинчи гуруҳ Мадинаи Мунавварадан чиққар-чиқмас улар етиб келишган.

Бу ояти карима мусулмонлар ҳаётидаги энг муҳим масалани муолажа қилади. У ҳам бўлса, хабарни қабул қилиш масаласи. Агар хабар Аллоҳдан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар. Энди одамлардан хабар қабул қилишга келсак, бу бир неча турга бўлинади. Аввало, хабарчи динда, сўзида ўта ишончлик киши бўлса, унинг хабари қабул қилинади. Хабарчи фосиқ бўлса, яъни, умрида бирор марта ёлғон гапирган, шариат ҳукмларидан бирортасига бирор марта амал қилмаган бўлса ва ҳоказо, унинг хабари текширилмай туриб қабул қилинмайди. Бошқа ишончли манбалардан хабарнинг тўғрилиги собит бўлсагина қабул қилинади. Яъни, хабар берувчининг ҳоли номаълум-ишончли ёки ишончсизлиги аниқ бўлмаса, мисол учун, хабарчи нотаниш ёки ҳозиргача хабари синаб кўрилмаган одам бўлса ва ҳоказо.

Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар.

Ушбу сураи каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга хитоб қилароқ учинчи марта:

«Эй иймон келтирганлар!»демоқда. Демак, улар учун жуда ҳам муҳим бўлган бир хабарни етказмоқчи.

«Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар»,

Ояти каримада Аллоҳ таоло «фосиқ хабар келтирса, аниқлаб» хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло:

«бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», демоқда. 

«Надомат» афсусланишдир. Афсусланиш бўлганда ҳам, доимий, бардавом афсусланишдир. Мисол учун, сабаби нузулдаги ҳодисани олсак. Агар Валиднинг гапига ишониб, суруштириб аниқламасдан, кофир бўлибди, деб ал-Ҳорисни ўлдириб қўйилганида, ҳақиқатни билгандан сўнг ҳамма доимий надоматда қолган бўлар эди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
103. Сен .Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми104. Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъиҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб давоми...

12325 05:00 / 23.01.2017
Ислом маданияти гуллабяшнаган пайтларда тафсирчилик ҳам гуллабяшнади. Мусулмонлар тушкунликка юз тутганларида эса ишлар орқага кетди.Тафсир илми келиб чиқиши давоми...

3069 16:04 / 30.03.2021
тўртинчи мақолаИбн Абу Довуд Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан ривоят қилади.Абу Бакр Умар билан Зайдга .Икковингиз масжид эшигининг олдига ўтириб, ким Аллоҳнинг давоми...

4591 16:05 / 15.10.2019
Қуръоннинг жамланишида оятларнинг тартиби Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишораларига мувофиқ ва Аллоҳ таолонинг тавқифи ndash белгилаб беришига асосан давоми...

6166 14:45 / 31.12.2019