1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Дўстмуҳаммад Насриддинов

16:20 / 21.02.2018 6526 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Дўстмуҳаммад Насриддинов домланинг ибратли ҳаёт йўллари  билан танишиб чиқамиз.

Дўстмуҳаммад Насриддинов 

 

ТАҚДИМ

Дўстмуҳаммад домла Насриддинов (Бодарий) 1928 йили Тожикистон Республикасининг Хўжанд туманида таваллуд топган. 1953-1961 йилларда Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўқиган. Кейинчалик замонасининг атоқли олимларидан Мавлавий Ҳиндистоний, Лазгин домла, Алихонтўра Соғунийлардан таҳсил олиб, илмини камолган етказган. У Тошкент Ислом инстиути ва “Кўкалдош” мадрасасида кўп йиллар талабаларга тафсир, ҳадис, ақоид, балоғат, сарфу наҳв фанларидан дарс берган. У ана шу илмларга оид бир неча китобларни ҳам таълиф қилган. Дўстмуҳаммад Бодарий 2012 йили Хўжандда вафот этди ва она юртидаги Бобо Дархон қабристонига дафн этилди.

 

Дўстмуҳаммад илмга ташна, Аллоҳдан қўрқадиган, ибодатли оилада улғайгани учун болаликдан илм олишга интилиб, ибодатда ғайрат қилиб катта бўлди. Бу ҳақда домланинг ўзлари кейинчалик шундай хотирлаган эдилар: “Отамдан беш ёшимда етим қолдим. Онам диндор, тақволи, покиза аёл эдилар. Улар менинг тарбиямга алоҳида эътибор билан қарадилар: ибодатга тарғиб этдилар, савод чиқаришимга ёрдам бердилар. Хуллас, бир муслима аёл фарзандига қандай таълим-тарбия бериши зарур бўлса, қўлдан келганча ҳаммасини қилдилар. Эндигина намоз ўқий бошлаган кезларим эди. Онам шом намозининг уч ракатлигини таъкидлаган бўлсалар ҳам мен шўхлигим, болалигимга бориб тўрт ракат қилиб ўқийверар эдим. Шундай қилишим яхшироқ бўлса керак, деб ўйлардим. Форсийда бир байт бор: “Чун биёри таҳороти зоҳир, Ботинатро ҳақ кунад тоҳир” (маъноси:

Аллоҳ таоло ботинингизни дин илмига, ибодатга муҳаббатли қилиб қўйса, бошқача бўлар экан. Онам “саводинг чиқсин” деб тоҳамга шогирдликка бердилар. Барча туркий китобларни ўқиб битирдим. Баъзи диний китобларни ўқишга тутинганимда мени Мир Араб мадрасасига ўқишга юбордилар. Мадрасада кечган йилларим ҳаётимнинг энг ўчмас, нарли хотираларга тўла бўлди. Аллоҳ йўлида олинган илм, қилинган ибодат одамни барча қийинчилигу йўқчиликдан асрар экан. Машаққатли ишларни енгилга айлантириб қўяркан.

Ўша кезлар мадрасага ўқишга кирган талабалар йигирма нафар эдик. Илм машаққатлари, моддий эҳтиёжлар аксарият талабаларнинг ўқишдан кетишларига сабаб бўлган. Онам раҳматли ҳовлимиздаги бир туп ўрик мевасини ёз бўйи қуритиб, кейин туршагини сотар, “мусофир юртда ўқишда қийналиб қолади” деб, охирги тийинигача менга жўнатар эди. Шу туфайли ўқишимни давом эттирдим. Марғилонлик Муҳаммад Амин домла, ўшлик Маҳжурий домла, наманганлик Кароматхон эшон каби устозларимдан олган сабоқларимни ташлаб кета олмасдим ҳам...”.

 

1953 йили ўқишга кирган Дўстмуҳаммад ҳақиқатан мадрасада катта қийинчиликлар, уйқусиз тунлар, сабоқларини тинимсиз такрорлашлар эвазига илм сарҳадларини аста-секин ортда қолдира бошлади. У ҳар бир фанни зўр иштиёқ билан ўзлаштирар, билмаганлари устозларидан қайта-қайта сўрашдан чарчамас эди. Билим чўққиларини эгаллашдаги ўша оғир кунларни Дўстмуҳаммад домланинг ўзи шундай хотирлайди: “Барча талабалар қишки таътилга чиқиб кетишди. Мен бандаи ожиз эса илмга ташналигимдан ўқишхонамда қолдим. Ўша пайтларда марҳум устоз Мухторжон Абдуллаев мударрис эдилар. У кишидан “Тақсир, “зораба”нинг нима ҳикмати бор?” деб сўрадим. (Бу сўз араб тилида феълларни турлаш учун қабул қилинган арабча “урмоқ” феълини англатарди). Шунда у зоти муҳтарам бунинг сирини тушунтириб бердилар. Ана шу жавоб Аллоҳ таолонинг марҳамати билан мен фақирга бу илмни тушуниш учун вақту соатнинг етгани бўлди. Шу пайтдан бошлаб сарф илмини такрор қила бошладим. Ўша йилнинг охирига бориб сарф илмини хийла тушуниб қолдим. “Қимирлаган қир ошар” деганларидай, шу тариқа сарф қоидаларини ёд ола бошладим. Иккинчи йилнинг ярмига бориб йигирма икки бобни тўлиқ ёд олдим. Қаттиқ ҳаракат қилдим, ҳатто аср намозини жамоат билан ўқиб, кейин дафтаримни олиб мадрасага томига чиқиб олардим, шомгача барча бобни эълол қоидалари билан ёддан такрорлаб чиқардим”.

Дўстмуҳаммад домла кейинчалик кўп йиллар имомлик қилган Омонулло Исмоилов, Нуруллоҳ Баҳромов, Абдунофеъ Раҳматовлар билан 1961 йили мадрасани муваффақиятли тамомлаб, ўша йили Тошкентнинг Себзор даҳасига кўчиб келди ва шу ерда яна устозлар ҳузурига илмини камолга етказиш учун отланди. Муҳаммаджон Мавлавий (Домла Ҳиндистоний), Сирожиддин Алилов (Лазгин домла), Алихонтўра Соғунийлардан дарс ола бошлади.

Олимлардан Зоҳидхон Қодиров шундай хотирлайди: “Мен бир муддат Алихонтўра Соғунийдан ҳам дарс олдим. Алихон тўрамнинг ҳовлилари ихчамгина бўлиб, ҳовлига кириладиган эшик олдидан болохонага чиқилар эди. Ушбу болохонадаги кичкинагина хоначада тожикистонлик Дўстмуҳаммад домла яшардилар. У киши Алихонтўрамдан кўпроқ дарс олиб, фойдаланиб қолиш учун ўша ерга кўчиб олган эканлар. Бизлар Убайдуллоҳ ака билан Алихонтўрамдан сабоқ олиш учун келганимизда у кишининг бўшашларини кутиб, болохонада Дўстмуҳаммад домланинг илмларидан фойдаланиб, савол-жавоб қилиб ўтирар эдик. Дўстмуҳаммад домла ҳамиша “Устозим Алихон тўра менга диний таълим беришни кўп тайинлаганлар. Агар диний илмлардан дарс бермай, бошқа касб қилсам, домлам қиёматда мени хижолат қиладилар” деган гапни такрорлар ва ана шу ваъдага амал қилиб, умр бўйи талабаларга дарс бериб ўтдилар”.

Дўстмуҳаммад Бодарий кўп йиллар Тошкент Ислом институти ва “Кўкалдош” мадрасасида талабаларга Ислом дини илмларидан тафсир, ҳадис, ақоид, балоғат, мушкулот (араб тили сарфи ва наҳви) каби фанлардан сабоқ берди. Талабалар Дўстмуҳаммад домланинг содда тилда, қизиқарли ва куюниб ўтган дарсларини ҳозиргача соғинч билан эслашади. У кишининг кўп қайтарадиган шундай ҳикматлари бор эди: “Илм талаби учун тўртта "коф" керак: яъни, кисаи падар (отанинг нафақаси), косаи модар (онанинг таоми), кашиши устоз (устознинг ҳиммати), кўшиши шогирд (шогирднинг интилиши)". Ана шу тўрт нарсага эга бўлган талабанинг илм олишга дангасалигини асло кечира олмасдилар.

Устоз талабаларга ёрдам тариқасида бир неча дарсликлар ҳам ёздилар. У киши таълиф қилган “Ақоид”, Соврунут-толиб”, “Мукаммал сарф дарслиги”, “Ширин калом” (наҳв дарслиги) китоблари нашр қилинди. “Дурусун-наҳв” китобининг 1-4 жилдларини араб тилидан она тилимизга ўгирилиб, китоб ҳолида талабаларга тақдим қилинди.

Бир куни домла билан у киши ишлаётган “Кўкалдош” мадрасасида учрашиб қолдик. Саломлашгач, устоз қўлимдан тутиб, “Менга қаранг, бир ишда ёрдамлашиб юбормайсизми?” деб қолдилар. Нима иш эканини сўрадим. “Талабаларга атаб сарф китобини ёзиб қўйганман. Нашр қилиш учун эса уни компуторда териш керак экан. Икки-уч жойга учраб, арабча терадиган одам тополмадим. Эшитишимча, бир ўғлингиз бу соҳада мутахассис экан, шуни териб берсин”, дедилар. Қўлёзмани олиб, бир ҳафталарда домла хоҳлаганларидай араб ва кирилл ҳарфларида тердириб бердим. Бир йилчадан буён битмаётган ишлари рўёбга чиққанидан жуда хурсанд бўлиб кетдилар. Кейин Дўстмуҳаммад домла билан яқинлашиб кетдик. Айниқса, суҳбат асносида бир муддат Бухорода таҳсил олган падари бузрукворимиз билан бир пайтда ўқиганлари маълум бўлганидан кейин домла жуда очилиб кетдилар. Ўша пайтдаги талабалар домланинг аввалги Тошмуҳаммад исмларини ғалат санаб, Дўстмуҳаммадга айлантиришганини қувониб сўзлаб бердилар.

Дўстмуҳаммад домла ҳаётда камтар, ҳоксор, ҳалим инсон сифатида яшаб ўтди. Анча вақт ижара уйларда турганида ҳам бирор кишига бу ҳақда шикоят қилмади. Охири устознинг ҳолатидан хабар топган дини идора у кишига бир хонадон олиб берди. Ҳалимликда, тақвода ҳам у кишига етадиган одам кам эди. Бирор кишидан ранжиб шикоят қилганини, бирор талабага қаттиқ гапирганини, турмушдан нолиганини ҳеч ким эшитмаган ҳам. Бу фазилатлар ҳозирги пайтда ниҳоятда тансиқ бўлиб кетган эса-да, домлада керагидан ортиқча мавжуд эди.

Дўстмуҳаммад Насриддинов 2012 йили Хўжандда вафот этди. Туғилиб-ўсган қишлоғидаги Бободархон қабристонига дафн қилинган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломий даъват ишининг кўзга кўринган намояндаларидан, тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган уламолардан, хусусан, улуғ муфассирлардан бири, Қуръони давоми...

3582 19:00 / 21.11.2022
Ўша пайтлар биз Либияда мусофирчиликда яшар эдик.Холамнинг қайиноталари ёки қайиноналари вафот этгани ҳақида хабар келди. Ҳазрат божаларига таъзия билдириб, давоми...

1578 20:00 / 25.06.2021
XIX асрнинг охири XX асрнинг 90йилларида яшаб ўтган ҳофизи Қуръон, олим ва шоир Насимхон тўра Надимий 1892 йил Наманган шаҳри Сардоба даҳаси собиқ .Тўра, маҳалласи давоми...

1443 12:09 / 07.12.2023
Имом, ҳофиз, фақиҳ, Насаф қозиси, улуғ олим Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил ибн Ҳажжож Насафий. Насаф .Нахшаб, ҳам дейилган.Қутайба ибн Саъид, Жуббора ибн Муғаллис, давоми...

1933 17:00 / 14.03.2021
Аудиолар

137652 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57720 14:35 / 11.08.2021