1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 189-оят

10:35 / 27.01.2018 3986 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. «Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», – деб айт. Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, яхшилик тақводорлик қилган кишидадир. Ва уйларга эшикларидан келинг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, зафар топсангиз. Бақара 189. 

Ушбу ояти каримада зоҳиран, гўё бир-бири ила боғлиқ бўлмаган икки масала ҳақида сўз юритилган. Биринчиси – ҳилоллар, янги ойлар ҳақида бўлса, иккинчиси – уйларга эшикдан кириш ҳақида. Бу масалалар ҳақида ҳукм тушганининг ҳам ўзига яраша сабаблари бор, аввал ўша сабаблар тушуниб олинмагунча, оятнинг маъносини ҳам англаб етиш қийин бўлади.

Ҳилолларга боғлиқ сабаблар аввал айтиб ўтилди. Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, одамлар ҳилолларнинг нима учун яратилганини ўз воқеъликларидан келиб чиқиб сўрадилар. Қуръони Карим ҳам уларнинг воқеъликларига мослаб, саволга яраша жавоб тариқасидагина жавоб қилди:

«Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», – дейиш билан кифояланди.

«Ой нега ва қандай яратилган? Нима учун аввал кичик бўлиб, кейин тўлишади ва яна орқага қайтади? У осмондаги қуёш мажмуасидаги сайёралар орасида қандай ўрин тутади? Яна қандай вазифаларни адо этади?» каби илмий масалалар қўзғалмади. Чунки бу масалалар Қуръони Каримнинг вазифаси эмас. Тушунтирилган тақдирда ҳам, ўша вақтдаги одамлар буларни тушунишга тайёр эмас эдилар. Агар бунга ўхшаш соф илмий муаммолар ҳақида сўз кетганида, назарий баҳслар кўпайиб, шубҳали саволларнинг сони баттар ортар эди. Ҳолбуки, Қуръони Карим фалак, кимё ёки жуғрофия китоби эмас. У инсониятни икки дунё саодатига бошловчи ҳидоят Китобидир. У мазкур илмларни ишлатувчи инсонни тўғри йўлга солишни ўзига вазифа қилиб олган Китоб. Демак, Қуръони Карим ўша илмлардан ҳам ва бошқа барча нарсадан ҳам устун турувчи Китобдир. Шу боисдан, одамлар ҳилоллар ҳақида сўрашганида, «Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», – дейиш билан кифояланган.

Ҳажга боғлиқ улуғ рукнлар кунини ва яна бошқа вақтларни аниқлаш учун, албатта, ҳилолга қаралади ва вақт унинг чиқишидан белгиланади. Демак, ҳаж ва ҳилолда ўзаро боғлиқлик бор. Шу боғлиқлик туфайли ҳилол ҳақида жавоб келган ояти карима ҳажга боғлиқ яна бир масалани ҳам ойдинлаштиради.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар саҳиҳ китобларида Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши:

«Ансорийларда (мадиналик мусулмонларда) ҳаждан қайтиб келганда, уйнинг эшигидан кирмаслик одати бор эди. Улардан бир киши ҳаждан қайтганида, уйининг эшигидан кирибди. Бу иши унга айб қилгандек қаралишига сабаб бўлибди. Шунда «Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...» ояти нозил бўлди», – деганлар.

Бу ҳақда тўлароқ маълумот қуйидагичадир: ансорийларнинг тушунчасига кўра, ҳаж қилиб, гуноҳидан покланиб, уйига қайтган одам ҳаждан қайтиб, уйига биринчи киришида гуноҳ қилиб юрган пайтида кириб юрган эшикдан кирмай, уйнинг орқасидан дарча очиб кириши яхшилик эди. Улар шу тасаввурларга амал қилишарди. Иттифоқо, улардан бирлари ҳаждан келиб, уйининг орқасидан дарча очиб эмас, балки тўғри эшикдан кирибди. Бу иш бошқаларга айб бўлиб кўринибди. Табиийки, «Бу эски одат хусусида мусулмончиликнинг ҳукми нима бўлар экан?» деган савол пайдо бўлади. Оят ўша берилиш эҳтимоли бор саволга жавоб ва бўлиб ўтган ҳодисага берилган баҳо тариқасида келган:

«Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, яхшилик тақводорлик қилган кишидадир».

Демак, яхшилик баъзи бир ишларга ўзича ҳар хил сифатлар бериб адо этиш билан эмас, балки тақво асосида, яъни Аллоҳнинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтиш билан ҳосил бўлар экан.

Ояти каримадан билиниб турибдики, шариатда кўрсатилмаган иш билан Аллоҳга қурбат ҳосил бўлмайди, яхшиси, бунга уринмаслик керак. Қайси иш яхши ва савобли эканини билмоқчи бўлган одам фарз, вожиб, суннат амалларга қарасин, агар унга ўхшашини топса, яхши бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба айтаётиб, қарасалар, бир киши офтобда тик турибди. У киши ҳақида сўраганларида:

– У Абу Исроил, офтобда тик туришни, ўтирмаслик ва сояга чиқмасликни ва рўза тутишни назр қилган, – дейишади. Шунда Набий алайҳиссалом:

– Айтинглар, гапирсин, сояга чиқсин, ўтирсин ва рўзасини охирига етказсин, – дедилар».

Бу ҳолатда Расули Акрам алайҳиссолату вассалом шариатда ибодат ҳисобланган рўзани давом эттиришга, савоб берилмайдиган бошқа ишларни эса тўхтатишга буюрдилар. Мусулмонлар ўзларича «тақводорлик» деб, турли ишларни ўйлаб чиқаравермасликлари керак. Афсуски, одамлар бу ҳақда тўлиқ тушунчага эга бўлмаганликлари сабабли ҳар хил хатоларга йўл қўядилар.

Юқорида ўтган оятларда Аллоҳ таоло рўзага боғлиқ ҳукмларни баён этди. Кейин келадиган оятларда ҳажнинг ҳукмларини баён қилади. Рўза ойидан кейин ҳаж ойлари бошланади.

Ҳозир келадиган оятларда рўза ва ҳаж ҳақидаги ҳукмлар орасидан ҳаж ойларида уруш масаласи баён қилинади.

Маълумки, Набий алайҳиссалом бошчиликларидаги мусулмонлар Байтуллоҳни зиёрат қилмоқчи бўлиб, эҳромга кириб, ният ила йўлга чиққанларида, ушбу масалага дуч келиб, қийналдилар. Мушриклар уларга қарши уруш қилмоқчи бўлдилар. Бундай ҳолатда нима қилиш керак?

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва ўзингиз назар солиб турганингизда денгизни ёриб, сизни қутқариб, Оли Фиръавнни ғарқ қилганимизни эсланг Бақара 50. Мазкур ҳодиса Маккада нозил бўлган оятларда давоми...

2522 09:05 / 30.08.2017
Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тугал адо этинг. Агар ушланиб қолсангиз, муяссар бўлган ҳадий вожиб. Ҳадий ўз жойига етмагунча, сочингизни олдирманг. Сиздан ким бемор давоми...

4060 14:55 / 21.06.2017
Тавба 5. Бас, ҳаром ойлар чиққанда, мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар бир кузатиш жойида пойланглар. Агар тавба давоми...

5629 05:09 / 04.06.2017
Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у чин дилдан қўрқувчилардан бошқаларга жуда катта ишдир. Бақара 45.Биз .ёрдам сўранг, деб таржима қилган ибора араб тилида давоми...

4058 10:05 / 25.08.2017