1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳга бандалик шарафдир

07:30 / 03.04.2019 7176 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга бандалик, қулликкина инсон шарафини улуғлайди, унинг мартабасини кўтаради, инсонларга мутеълик шармандалигидан халос этади. Орифлар устози Жалолиддин Румий айтади: “Зиндаги омад баройи бандаги, зиндаги бебандагий шармандагий”, яъни “Тириклик фақат бандалик учундир, бандаликсиз тириклик шармандаликдир”. “Маънавий қулликдан шармандалироқ мутеълик йўқ”, деган яна бир аллома.

Аллоҳга бандалик, Яратган Холиққа, буюк Парвардигорга қуллик қилмайдиганлар “чинакам ҳурриятга эришганмиз”, дея ўйласалар-да, билиб-билмаган ҳолда бошқа нарсаларнинг қулига айланиб бўлишган. Масалан, Аллоҳга бандалик қилмайдиган киши аслида шайтоннинг ёки нафсининг қулидир. Аллоҳга исён, итоатсизлик қиляптими, демак, шайтоннинг йўлига кириб бўлган: Аллоҳ буюрганига қарамай, гуноҳдан қайтмайди, ёмон йўлларда юради, бузуқлик қилади, У зот ҳаром қилган нарсаларни истеъмол қилади. Шайтонга ва нафсига қул бўлганлар учун гўёки бу дунё ҳаётигина мавжуд, холос. Улар ўзларини ким яратгани, нега дунёда келгани, охират дунёсидаги оқибатлари нима бўлиши, Аллоҳ ҳузурида ҳисоб-китобдан ўтишлари ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Буни исташмайди ҳам. Аллоҳга қуллик қилишни истамадими, демак, инсонларга қуллик қилиш йўлини танлаган: бошига бир иш тушса, Парвардигорига илтижо қилмайди, “фалончи акам қўллайди, жонимга оро киради” деб ўйлайди. Ризқни Аллоҳ бераётганига ақлини ишлатмайди, фалончи ҳаракатим туфайли катта пул топяпман, деган хаёлга боради. Аллоҳга бандалик қилмайдиган одам ҳеч бўлмаганда нафсининг қулига айланади, ана шу катта душманига итоат қилишни бошлайди.

 “Бошингга қандай иш тушмасин, ҳаммаси аввалдан тақдирингга ёзиб қўйилган. Зеро, чигал сабаблар ибтидоданоқ сенинг мавжудлигингни шу ишларга боғлаб туради”, дейди донишмандлардан бири. Ёки Аллоҳ белгилаган чегараларда ҳуррият излайдиганлар барибир жамият қонунларининг қуллигига маҳкумдирлар. Донолардан бири айтади: “Озод бўлиш учун қонунларнинг қулига айланишга тўғри келади”. Аллоҳдан қўрқмайдиганлар тўла ҳурликка эришмаган, улар барибир инсонлардан, раҳбарлардан, мансаб ёки бойликда ўзларидан устун кимсалардан қўрқишади. “Ўзгалардан қўрқувчи кимса, гарчи ўзи буни сезмаса-да, қулдир” деган экан ўтмиш донишмандларидан бири. Айрим инсонлар Парвардигорларидан қўрқишмайдию, аммо У зотнинг бало-офатларидан қаттиқ қўрқишади. Ваҳоланки, атоқли Ислом олими Муҳаммад Зоҳид Қўтқу айтганидай, “Дунёдаги турли офату балолар ҳам Роббил оламийннинг лутфу эҳсонидир, бандасини Ўзига қаратмоқ ва илтижо эттирмоқ учун бир василадир”.

Инсонлар ана шу ҳақиқатни тан олмай, ҳуррият масаласида ҳамиша адашувда бўлган. Ислом дини шахс ҳурриятини илоҳий мезон ўлчовларида баҳолади, чинакам озодлик нимада эканини кўрсатиб берди. Исломнинг буюк адолати шундаки, у барча инсонларни ҳур, тенг ва насаб-мансабда баравар, деб эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида қулдорлик авжига чиққан бир даврда юборилган бу дин қул билан хожани бир мақомга қўймаган бўлур эди. Масалан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аммор ибн Ёсир, Билол Ҳабаший, Салмон Форсий каби ўнлаб саҳобалари мусулмон бўлишгунча қул эдилар. Айнан Исломгина қул озод қилишни ибодат ва гуноҳларга каффорат (эваз) даражасига кўтарди. Айни шу дингина қулининг айби учун бир тарсаки туширган хожага бу гуноҳи эвазига ўша қулини озод қилишга буюрди.

Аммо Исломдан бехабар ёки даҳрийлик ҳукмрон бўлган жамиятларида асл ҳурриятни Аллоҳга бандалик, қуллик қилишда эмас, инсон хоҳиш-истакларига тўла эрк беришда деб тушунишади. Улар наздида ҳатто Аллоҳга итоат, диндорлик, художўйлик шахс эркини жиловлаш, унинг ҳурриятига тўсиқ қўйиш манбалари эмиш. Ваҳоланки, жамиятда бошқарув низоми, эътиқодий дастур йўқолса, инсонлар асл фитрий қиёфаларини йўқотиб, ҳайвонга айланишган ва алал-оқибат инсонийликдан ажраб, ҳалокат сари йўл олишган бўлур эди.



Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳнинг йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш давоми...

1433 18:00 / 30.04.2020
Исҳоқ ибн Халаф айтади .Амр ибн Қайс Мулоий бозордагиларга қараб йиғлар ва шундай дер эди .Улар қандай ғофил кимсалара Ўзлари учун нима ҳозирлаб қўйилганидан давоми...

1592 08:00 / 16.11.2019
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Билолнинг азони ҳам, уфқда бундай ердан осмонга чўзилган оқлик ҳам давоми...

3615 19:00 / 07.05.2020
Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон айтади .Халифа Мутаваккил вафот этгач, тушимда кўрдим. .Аллоҳ сенга қандай муомала қилди, деб сўрасам, .Мени мағфират қилди,, деди. .Қандай давоми...

2134 07:17 / 18.10.2019