1440 йил 16 жумадул аввал | 2019 йил 22 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Иймон

Ҳақиқий илм эгалари ҳидоят топур

21:41 / 12.02.2018 1636 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлганини, бас, уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?

Ушбу ояти карима маъноси хусусида қадимги ва ҳозирги тафсирчиларимиз ўзларидаги илм, маърифат ва тушунчаларга кўра, бир неча хил маънолар айтганлар.

Биринчиси Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бўлиб, унга биноан: «Осмон ёпиқ эди, Биз уни очдик ва ёмғир-қор ёғдирдик, оқибатда ўша сув ила ҳамма тирик нарсалар пайдо бўлди».

Иккинчиси бошқа баъзи бир муфассирларнинг фикрлари бўлиб, унга кўра: «Осмонлару ер йўқ эди, уларни Биз яратдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик».

Учинчиси Ибн Аббос, Икрима, Ҳасан, Қатода розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган бўлиб, унга биноан: «Осмонлару ер бир-бирига битишган бир нарса эди, Биз уларнинг орасини очдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик».

Тўртинчи хили ҳозирги замондаги баъзи тафсирчиларнинг фикрлари бўлиб, учинчи маънога яқин келади. Унга биноан: осмону ер, юлдузлару қуёш – ҳамма-ҳаммаси бир бутун эди. Сўнгра Аллоҳнинг иродаси ила кўп айланиш ва ички портлашлар оқибатида парчаланиб, алоҳида-алоҳида бўлиб кетди: қуёш алоҳида, ер алоҳида, ой алоҳида, юлдузлар алоҳида ва бошқа нарсалар ҳам алоҳида бўлди. Сувдан эса барча тирик нарсалар, инсонлар, ҳайвонлар ва набототлар пайдо қилинди.

Буларнинг ҳаммаси фикр ва назариялардир. Ҳаммаси ҳам ояти кариманинг маъносини тушунишга уринишдир. Оятнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса оятнинг маъносини онгимиз етганича тушунишга ҳаракат қиламиз, холос. Қуръон ҳақиқий илоҳий Китоб бўлганидан ҳамда замонлар оша инсоннинг ўзгарувчи илмидан доимо устун туришидан қувонамиз. Иймонимиз янада мустаҳкам бўлади. Илмий кашфиётлар, хусусан, назарияга боғлиқ илмлар бугун бир фикрни айтса, эртага бошқасини айтади. Аммо Қуръон мағрур ва собит туради. Илмий назариялар ўзгарувчан, Қуръон ўзгармасдир. Шу билан бирга, Қуръон илмий назариялар тўплами ҳам эмас. Балки баъзан илмга оид маълумотларга мурожаат қилса ҳам, уларни иймонга даъват йўлида ишлатади. Ана шунда ҳақиқий илм эгалари ҳидоят топадилар. Шу ўринда ҳозирги кун илмининг фалакиёт назарияси Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари бир оятнинг ярмида айтиб ўтган маълумотни такрорлаётганини ҳам эслатмоқчимиз. Фақат илмий далилга ишонамиз, дейдиганлар Қуръоннинг илоҳий Китоб эканига энди тан беришлари керак. Акс ҳолда, даъволари ноҳақ бўлиб чиқади.

Ушбу ояти кариманинг иккинчи қисмидаги:

«...ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни…» деган маънони Қуръондан бир минг тўрт юз йил кейин такрорлаган айрим одамлар улуғланмоқда. Кишилар уларга таҳсинлар ўқимоқда. Номлари кўкларга кўтарилмоқда. Аммо нега бу ҳақиқатни бир минг тўрт юз йил илгари таъкидлаган Китобнинг илоҳийлигини тан олмайдилар? Агар одамлар ҳақиқатан ҳам илм эгалари бўлсалар, илмий далилга ишонсалар, шу ҳақиқатни бундан бир минг тўрт юз йил илгари айтган Қуръонга

«Иймон келтирмайдиларми?»


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Банда Роббисига юзланиб дуо қилмоқлигидан Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир,, ndash деганлар. Ҳар бир мўминмусулмонга шундай ҳолат давоми...

4126 21:25 / 18.09.2017
Калимаи тоййиба энг пок калима ..Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Росуулуллоҳ,Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир.2. Калимаи шаҳодат гувоҳлик давоми...

3937 12:27 / 01.09.2018
Иймон ndash Аллоҳ таоло ҳузурида энг қимматли нарсадир. У Зотнинг марҳаматига эришиш учун, иймонни мукаммал қилишга интиламиз. Мукаммал иймон ўзи нима Пайғамбаримиз давоми...

2983 17:11 / 06.06.2017
Одамлар .Иймон келтирдик,, дейишлари ила синалмай, тарк этилишларини ўйладилармиЯъни .Одамлар иймонни .оғиз билангина айтиб қўйиладиган қуруқ гап, деб давоми...

3012 21:16 / 28.09.2017
Топ рейтинг www.uz Openstat