1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Иймон

Аллоҳдан қўрқиш-гуноҳни тарк этиш ва буйруқни бажаришдир

16:49 / 10.10.2017 7456 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар бир жон эртанги кун учун нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан ўта хабардордир.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларга яна улар учун маҳбуб бўлган нидо билан мурожаат қилиб, уларни Ўзига тақво қилишга чақирмоқда.

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар!»

Аллоҳга тақво қилиш Ундан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрқиш эса гуноҳ ишларни тарк этиш билан ва савоб ишларни кўплаб бажариш билан бўлади. Халқимизда, айниқса, Ислом динини бир томонлама талқин қилувчиларда тақводорлик тўғрисида нотўғри тушунча шаклланган. Аксарилар тақвони таркидунё қилиш, қоронғи хонага кириб, зикру ибодат билан машғул бўлиш деб тушунадилар. Аслида, «тақво» сўзи «сақланмоқ», «эҳтиёт бўлмоқ» деган маъноларни англатади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан «Тақво нима?» деб сўралганда, «Араблар сертикан майдондан ялангоёқ бўлиб, тикандан сақланиб, ўтиб кетишни «тақво» деб атайдилар», – деганлар. Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиканларга ўхшайди, ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Оқибатда тақво инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, ҳар доим Аллоҳнинг сезгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.

«Ҳар бир жон эртанги кун учун нима тақдим қилганига назар солсин».

«Эртанги кун»дан мурод – қиёмат. Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилмоқда. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак. Албатта, қиёмат куни мол-дунё, мансаб, ҳасаб-насаб, ёр-дўст ёрдам бера олмайди, балки иймон, Ислом ва қилинган яхши амаллар ёрдам беради. Шунинг учун ҳар бир одам қиёматга тайёргарлигини кўриб қўйиши керак.

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло яна бир бор тақвога буюради.

«Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан ўта хабардордир».

Бу таъкид тақво ниҳоятда катта аҳамиятга эга эканини билдиради.

Шу билан бирга, ким тақво қилаётгани ва ким қилмаётганини Аллоҳ таоло билиб туриши ҳам таъкидланмоқда.

Келаси оятда ҳам Аллоҳнинг мўминларга қилаётган хитоби давом этади.

Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У Зот уларга ўзларини унуттирди. Ана ўшалар фосиқлардир.

Аллоҳни унутган одам бу дунёда уни олий мақом билан боғлаб турувчи алоқани йўқотади. Ўзини бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган олий мақсаддан маҳрум бўлади. Ва, ниҳоят, ўзининг инсонлигини унутади. Бинобарин, эртанги кунга – қиёмат кунига тайёргарлик кўришни эсидан чиқаради ва оқибати ёмон бўлади.

Демак, одамлар иккига бўлинар экан. Биринчи тоифа – Аллоҳга тақво қилганлар. Иккинчи тоифа – Аллоҳни унутганлар. Бу икки тоифанинг бири жаннатий бўлса, иккинчиси дўзахий бўлади. Келгуси оят шулар ҳақида сўз юритади:

«Ҳашр» Олов соҳиблари ва жаннат соҳиблари тенг бўлмас. Жаннат соҳиблари ютуққа эришувчилардир.

Яъни дўзахийлар ва жаннатийларнинг йўллари бошқа, ишлари бошқа, фикрлари бошқа ва, ниҳоят, борадиган жойлари ҳам бошқа. Улар ҳеч қачон тенг бўлмаслар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ким ижтиҳод қилса, бас, албатта, ўз фойдаси учун ижтиҳод қилур. Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир.Илгари ҳам айтиб ўтилганидек, .ижтиҳод, сўзи бир нарсага давоми...

6371 21:21 / 28.09.2017
Инсонни еган овқатига қараб баданида ўзгариш бўлади. Нотўғри нарсани истеъмол қилса ичкетар бўлиб ҳамма вақт ҳожатхонага тортадиган бўлиб қолади. Худди давоми...

11816 17:18 / 08.06.2018
КечинмаquotМенга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман... quotҒофир сураси, 60оят quotАллоҳ фақат жазолайдиquot quotАллоҳ бизни яхши кўрмайдиquot Аллоҳ раҳм қилмайдиrdquo ...Бундай давоми...

8341 16:13 / 29.06.2017
Мўмин Аллоҳ таолога, Унинг Китобига иймон келтирган, Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига эргашган киши бўлиб, у Аллоҳ таолони барча нолойиқ ва давоми...

5962 17:00 / 09.06.2017