Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
11:37 / 22.11.2019 4135 Кўриш режими

02. Бошланғич Ҳанафий фиқҳи | Китоб ва унинг муаллифи ҳақида

Сиз билан ўрганмоқчи бўлган китобимиз имом Шурунбилолийнинг «Нурул ийзоҳ» ва Нажатул арвоҳ деган китоблари. Бу китоб Ҳанафий мазҳабининг ибодат бобидаги ишончли, асосий, кенг тарқалган матн китоби ҳисобланади. Бу фиқҳ илмидаги китоб бўлгани учун у ҳақида қисқача малумот бериб ўтамиз.

«Фиқҳ» сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади.

Шариат истилоҳида эса шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга «фиқҳ» деб айтилади.

Ушбу таърифдаги «шаръий далил» истилоҳидан асосан Қуръони Карим оятларини ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тушунамиз.

«Фаръий ҳукмлар» эса луғатда аслийнинг тескариси, яъни шохобча, кичик аҳамиятли деган маънони англатади. Шариатда эса ибодат ва муомалотларни ўз ичига олувчи ҳукмлар фаръий ҳукмлардир.

Фиқҳни ўрганиш мукаллаф кишига фарз аъйн ҳисобланади.

Фиқҳ илми нақадар зарур ва аҳамиятли эканлиги ҳақида ва шарафи ва фазли юксак эканлиги ҳақида малумот ҳосил қилиш учун устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг кифоя китобларининг муқаддимасини ўқиб насибадор бўлинг.

Энди китобнинг муаллифи билан танишамиз

Ҳанафий мазҳаби фақиҳи Ҳасан ибн Аммор ибн Алий, Абул Ихлос Вафоий Мисрий Шурунбилолий. Мисрнинг Мунуфия вилоятининг Шабро Булулий шаҳарчасида ҳижрий 994 йилда таваллуд топган. Ёши олтига тўлмай отаси Қоҳирага олиб келади ва у ерда Қуръони каримни ёд олиб, илм таҳсили билан банд бўлган ҳолда униб ўсган. Замонасининг буюк фақиҳларидан ва ўз асрининг улуғларидан бўлган, номи машҳур олим, мутааххир фақиҳларнинг энг улуғларидан, фиқҳий қоидаю зобитларини билимдони, китоб ёзишда қалами ўткир зот бўлган. Замонасида фатво беришга ҳаққли деб топилган аллома. Фиқҳ илмини машҳур имом Алий ибн Ғоним Мақдисий ва Имом Абдуллоҳ Наҳририй ва Аллома Муҳаммад Муҳиббий Шамсуддин Ҳанафийлардан олган.

Ҳанафий мазҳабида жуда кўп китоблар ёзган, энг афзалларидан бири Мулла Хусрувнинг Дурор ва Ғурор китобига ёзган ҳошияси бўлиб бу китоб муаллифнинг ҳаётлик чоғида машҳур бўлган ва кўпчилик ундан манфаат олган ва бу у кишининг чуқур илм эгаси эканига далилдир. Ибн Ваҳбоннинг манзумасини ҳам икки жилдлик китобда шарҳ қилганлар ва бошқа кўплаб фиқҳий матн, рисола ва таҳқиқотлар эгасидир.

Тасаввуф илмида ҳам моҳир бўлган. 75 ёшида Ҳижрий 1069 йилнинг жума 11 рамазон куни Аср намозидан сўнг вафот этиб Мужовирлар қабристонига дафн қилинган. Аллоҳ раҳматига олсин у кишининг илму ҳолларидан манфаатли қилсин.

Китоб ҳақида

Бу китобнинг катта шарҳининг кириш қисмида муаллиф матнни номи ҳақида шундай дейди: Уни «Нурул ийзоҳ нажатул арвааҳ» деб номладим чунки илм нурдир ва илмсиз нажот йўқдир. Яна муаллиф бу матннинг Мароқийл фалаҳ деб номланган катта шарҳининг қисқартмасида уни мақтаб шундай дейди: Бу ҳажми кичик, илми мўл, ҳукми тўғри, китобдир, беш ибодатни тўғри бўлишлигини ўз ичига олган, тўлин ой каби ойдин иборалар билан ёзилган. Унда китоб, суннат ва ижмоъдан ҳукмларнинг ҳужжат далиллари келтирилган, мўминларнинг қалбларига сурур тилларию кўзларига қувонч бўлувчи китобдир.

Бу китоб икки таҳорат, намоз ва рўза ҳақидаги қисқа фиқҳий матн ҳисобланади. Ҳижрий 1054 йилда муаллиф кичик шарҳини ёзганида уларга закот, ҳаж ва зиёрат бобларини шарҳсиз қўшиб беш ибодатни ўз ичига олган матнга айлантирган. Таҳоратни ибодат деб санашининг сабаби ният ила таҳорат ҳам ибодат ҳисобланиб, унга савоб ёзилишидир.

Нурул ийзоҳ матни бошловчилар учун ҳанафий фиқҳида асосий муқаддима ҳисобланиб, у араб ва ажам мамлакатларнинг маъҳадлари мадрасаларида ўқитиладиган китоб. Бунинг сабаби матннинг иборалари осон равон экани ва масалаларни енгил тушинтирилгани, тартибли тақсимлангани ва чиройли иборалар билан аниқ ҳукмлар баён қилинганидир.

Бу матннинг аҳамияти катта эканига аллома муҳаққиқ Муҳаммад Амин ибн Обидин ўзининг машҳур ҳошияси, ҳанафий фиқҳининг асосий манбаларидан бири бўлган «Роддул мухтор аъла дуррул мухтор» китобида унга кўп жойларда ишора қилиши ва дуррул мухтордан кўра бунинг ибораси, таълиқини устун кўриши далил бўлади.


«Нурул ийзоҳ» китоби асосида

Фозилжон Абдулқайюм тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз