1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ажрдан мурод жаннатдир

19:00 / 04.01.2019 2971 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» десаю, қалбида арпа дони вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» десаю, қалбида буғдой донаси вазнича иймони бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» десаю, қалбида зарра вазнича иймон бўлса, дўзахдан чиқади», дедилар. 

Абу Саъийд:

«Ким шак қилса: «Албатта, Аллоҳ зарра мисқолича зулм қилмас», оятини тиловат қилсин», деди».

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда иймоннинг аҳамиятини, унинг катта-кичик бўлишини, охир-оқибат ўз эгасининг дўзахдан халос бўлишига сабаб бўлишини баён қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» деса, деганларидан «Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни айтмаса ҳам бўлаверар экан, деган маъно чиқмайди. Одатда, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» бор жойда албатта, «Муҳаммадур Расулуллоҳ» ҳам борлиги маълум ва машҳур бўлганидан, гапнинг қисқаси айтиб қўйилган, холос.

«Абу Саъийд:

«Ким шак қилса: «Албатта, Аллоҳ зарра мисқолича зулм қилмас», оятини тиловат қилсин», деди».

Яъни, ким бу ҳадисда айтилган маънога шубҳа қилса, Нисо сурасидаги мазкур оятни тиловат қилсин.

Аллоҳ таоло мазкур оятда айтади:

«Албатта, Аллоҳ зарра мисқолича зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур» («Нисо» сураси, 40-оят).

Яъни, инсоннинг бу дунёда қилган ишлари ҳисоб-китобсиз қолмайди. Аллоҳ мутлақ адолат ила ҳукм қилади. Ҳаммага қилган амалига, ишига яраша беради. Ҳеч кимга заррача зулм этмайди.

«Албатта, Аллоҳ зарра мисқолича ҳам зулм қилмас».

Аммо банда:

«Агар яхшилик қилган бўлса, бир неча бор кўпайтирур».

Қуйидаги ривоятни ўргансак, бу оятнинг маъноси яна ҳам равшанлашади.

Ибн Аби Ҳотим қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтдилар: «Қиёмат куни банда, у эркак бўлсин, аёл бўлсин, олиб келинади-да, аввалгию кейинги барча халойиқнинг олдида бир жарчи: «Манави фалончи пистончи ўғли. Кимнинг унда ҳаққи бўлса, келиб олсин», деб жар чақиради. Аёл киши отамда, онамда, акамда, эримда ҳаққим бўлса эди, деб орзу қилади, – деб туриб, «У кунда улар орасида насаблар ҳам йўқ ва бир-бирларидан сўраша олмайдилар ҳам» оятини ўқидилар ва сўзларида давом этиб: – Аллоҳ Ўз ҳаққидан хоҳлаганини кечади. Одамларнинг ҳаққидан ҳеч нарсани кечмайди. Кейин одамларга юзланади. «Одамларга ҳақларини беринглар», дейди. У: «Эй Роббим, дунё тугади-ку, қандай қилиб уларнинг ҳақларини бераман?» дейди. Аллоҳ: «Яхши амалларидан олиб, ҳар бир ҳақ эгасига кўрган зулмига яраша беринглар», дейди. Агар банда Аллоҳга дўст бўлса, заррача яхшилиги ортиб қолса ҳам, уни Аллоҳ бир неча бор кўпайтириб, ўшанинг савобидан жаннатга киритади». Сўнгра Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмайди. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур», оятини ўқидилар ва сўзларида давом этдилар: «Агар банда бадбахт бўлса, фаришта: «Эй Роббим, бунинг яхшиликлари тамом бўлди ва кўп даъвогарлари бор», дейди. Аллоҳ: «Талабгорларнинг ёмонликларидан олиб, бунинг ёмонликларига қўшинглар. Сўнгра унга дўзахдан жой беринглар», дейди», дедилар.

Аммо бахтлиларнинг яхшиликларини кўпайтириш билан кифояланиб қолинмайди. Бунинг устига энг катта мукофот ҳам берилади. Аллоҳ уларга:

«Ўз ҳузуридан улкан ажр берур».

Бу улкан ажрдан мурод эса жаннатдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савдогарларнинг муҳим одобларидан бири саҳархезлик ва ишни эрта бошлашдир.Сохр Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4137 13:02 / 14.12.2018
Бир ишончли дўстим менга ушбу шаҳарнинг бой бадавлат кишилари ҳақида гапириб берди. Улардан бири ўзи ва оиласи дунёни бир неча маротаба айланиб чиқган ва бунга давоми...

2692 11:02 / 07.05.2020
Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса ndash қалби иймон ила ором топа туриб, зўрланганлар бундан мустасно, ndash ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб давоми...

7512 17:10 / 21.04.2019
Баъзилар динни фақатгина баданий ибодатдан иборат деб ўйлашади. Ҳолбуки, дин илм ва ибодатдир. Илмсиз дин фалокатдир.Ўйлаб кўринг, бир пайтлар шундай кишилар давоми...

2278 18:30 / 06.03.2022
Аудиолар

213550 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132757 14:35 / 11.08.2021