1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳомон ва қадимги Миср ёзувлари

17:00 / 30.12.2018 6676 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Қуръони каримда фиръавндан ташқари унинг яқин хизматкорларидан бири – Ҳомоннинг исми ҳам тилга олинади. Аммо қизиғи шундаки, Тавротда, Мусо (алайҳиссалом) ва у кишининг ҳаётлари ҳикоя қилинган жойда Ҳомоннинг исми зикр қилинмаган.

Қуръонда бизга нозил қилинган маълумотлар бир неча асрлар ўтгач, археологик кашфиётларда тасдиқланди. Олимлар XVIII асрнинг ўрталаригача қадимги Миср ёзувларини ўқиш сирини била олмадилар, чунки бу тил минг йиллар давомида ўлик тил ҳисобланиб келар, уни ўқиш усуллари ҳам сақланиб қолмаган эди.

1799 йилда милоддан аввалги 196 йилда ёзилган тошдаги битиклар топилгандан сўнг олимлар Миср иероглифларининг мазмунини очишга муваффақ бўлдилар. Иероглифларни ўқиш имконияти туғилгач, тарихчи олимлар қадимги Миср тарихи ҳақида деярли тўла маълумотга эга бўлдилар. Маълум бўлишича, Қуръони каримда зикр қилинган, фиръавннинг хизматкорларидан бирининг исми бўлган Ҳомон сўзи ҳам бу ёзувларда бор экан. Бундан ташқари, ушбу тарихий ёзувларда Ҳомон фиръавннинг содиқ аъёнларидан бири бўлганлиги таъкидланган. Тилсими маълум бўлган иероглифлар асосида тузилган “Янги қироллик кишилари” луғатида Ҳомон ғишт пиширувчи усталар устидан назоратчи сифатида санаб ўтилган. Бунинг диққатга сазовор жойи шуки, ояти карималарда фиръавн Ҳомонга улкан минора қуриш ҳақида буйруқ берганлиги айтилган. Фиръавн бу миноранинг зинапоялари бўйлаб осмонга, худонинг ҳузурига кўтарилмоқчи бўлган. Археологик қазилмаларда аниқланган маълумотлар Қуръони карим оятларига тўла мос келди.

Фиръавн: "Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман. Бас, сен эй Ҳомон, лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир (баланд) қаср бино қил, шоядки мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг худосини кўрсам. Албатта мен уни ёлғончи кимсалардан деб ўйламоқдадирман", деди (Қасас сураси, 38-оят).

Қуръони каримда қадимги Миср зодагонларидан бир бўлган Ҳомоннинг исми зикр қилиниши муқаддас китобимизнинг илоҳий манба эканлигини яна бир бор исботлайди, зеро унда кўплаб ноёб тарихий маълумотлар борки, асри саодатда бу маълумотлар ҳақида ҳеч кимда ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ эди.

* * *

Тафсири Ҳилолдан

(Қасас сураси)

5. Биз эса, ер юзида эзилганларга беминнат неъмат беришни, уларни пешво қилишни, уларни ворислар қилишни ва ер юзида уларга имконлар беришни, 

6. Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарларига улар (Бани Исроил)дан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз.
Фиръавн хоҳлаган ишини ирода қилаверсин, унинг истаги ҳеч қачон амалга ошмайди. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фақат Аллоҳ таолонинг истагани бўлади. Аллоҳ таоло нималарни истайди? 

«Биз эса, ер юзида эзилганларга беминнат неъмат беришни...» истаймиз.

Ҳа, Фиръавн зулмидан ер юзида эзилиб, унинг истибдоди остида азоб чекиб яшаган, оғир кунларни бошидан кечирган, ўғиллари сўйилиб, қизлари тирик қолдирилганларга Аллоҳ таоло беминнат неъмат беришни истайди. Ўшал неъматнинг сон-саноғини айтмайди. Миқдорини ҳам Унинг Ўзи билади.

«...уларни пешво қилишни...» истаймиз. 

Эзилганлар ҳозир хору зор бўлиб юрган бўлсалар ҳам, келажакда уларнинг пешво, яхши ишларга бош-қош ва бошқаларни изига эргаштирадиган инсонлар бўлишини хоҳлаймиз.

«...ва уларни ворислар қилишни...» истаймиз.

Улар Фиръавн ва унинг одамларига у ҳалок бўлганидан кейин ер юзида ворис бўлиб қоладилар.

«...ва ер юзида уларга имконлар беришни...» хоҳлаймиз.
Ҳозир эзилаётганларга кейинчалик ер юзида турли имконлар бериб, куч-қувват, молу мулк ва бошқа имкониятлар берамиз.

«...Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарларига улар(Бани Исроил)дан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз».

Ҳомон – Фиръавннинг вазири. У ҳар доим Фиръавн қиладиган ёмонликларга бошу қош бўлиб келган. Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарлари Бани Исроилдан нима учун қўрқар эдилар? Аниқки, мулкига завол етишидан қўрқар эдилар. Аллоҳ таоло улар қўрққан нарсани айнан Бани Исроил орқали кўрсатишни ваъда қилмоқда. Бу гап ўтган замондаги золимлар азоби ва озорларидан алам чекаётган мусулмонлар қалбига тасалли беради. Уларнинг қалбларига умид бағишлайди. Чунки Аллоҳ доимо эзилган мўминларга ёрдам бериб келган. Ушбу муқаддимадан кейин бевосита Мусо алайҳиссалом қиссалари бошланади:

7. Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, хафа бўлма, Биз, албатта, уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз», деб ваҳий қилдик.

Уламоларимиз ушбу оятдаги «ваҳий»нинг илҳом маъносида келганини таъкидлаганлар. Чунки Мусо алайҳиссаломнинг оналари Пайғамбар бўлмаганлар, демак, у кишига ваҳий келмаслиги ҳам аниқ. Қолаверса, араб тилида, жумладан, Қуръони каримда «ваҳий» сўзи Пайғамбарларга келган махсус хабардан бошқа маънода ҳам ишлатилади. Масалан, асаларига ваҳий қилдик, деган маъно ҳам бор. Мусо алайҳиссалом ниҳоятда хатарли бир вақтда дунёга келганидан оналари нима қиларини билмай қолди. Фиръавннинг айғоқчилари янги туғилган гўдак ўғиллигини сезиб қолишса, уни онасидан тортиб олиб ўлдиришлари мумкин. Нима қилиш керак? Бирор чораси борми? Инсоннинг қўлида ҳеч қандай чора йўқ. Шунда Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашди. «Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла...» деб билдирди.
Барибир ўлиб кетади, деб болани ташлаб қўйма, уни эмизавер, ноумид бўлма. Агар уни Фиръавн одамлари ўлдиради, деб қўрқсанг, болани сандиққа солиб дарёга ташла. 

«...қўрқма, хафа бўлма...»

Боламга нима бўлар экан, деб қўрқма. Жигаргўшамдан айрилиб қоляпман, деб хафа бўлма

«...Биз, албатта, уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз, деб ваҳий қилдик».

Яъни, Биз болангни тезда ўзингга қайтарамиз ва уни ўзинг эмизасан. Келажакда эса, уни Пайғамбарлардан қиламиз. 

Араб тилшунос олимлари бу ояти каримани Қуръони каримнинг юксак даражадаги балоғат ва фасоҳатига мисол сифатида келтирадилар. Аллоҳ таоло биргина оятда; иккита буйруқ-«эмизавер» ва «дарёга ташла»,
иккита қайтариш-«қўрқма», «хафа бўлма», иккита башорат-«уни сенга қайтарамиз» ва «Пайғамбарлардан қилгувчимиз» жуфтликларини ишлатгандир. 

Мусо алайҳиссаломнинг оналари кўнгилларига Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажардилар. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юбордилар.

8. Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар.

Ичига гўдак Мусо солинган сандиқ дарёдан оқиб бориб Фиръавн қасридаги боққа кирди.

«Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар».

Келажакда Мусо улғайиб, Фиръавн оиласига душман ва ғам-ғусса бўлишини Аллоҳ таоло ирода қилган эди. Фиръавн душман ва ғам-ғуссадан қутулишнинг барча чорасини кўрса-да, Аллоҳ Ўз иродаси ила душман ва ғам-ғуссани уларнинг ичларига солиб қўйди. Мусо ҳеч нарсага, ҳатто ўзига керак ғизони ҳам тановвул қила олмайдиган гўдак ҳолида душманнинг қоқ ўртасига келиб тушди.

«Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар».

Улар хато ишни била туриб қилар эдилар. Бундай одамлар ҳеч нарсадан қайтмайдилар. Шунинг учун ҳам Бани Исроилнинг янги туғилган ўғил болаларини ўлдиришдан ҳам қайтмадилар. Бундай одамлар ҳузурларига дарёда оқиб келган ўғил болани дарҳол ўлдиришлари турган гап эди. Шундай қилмоқчи бўлдилар ҳам.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зоҳид тобеъинлардан бўлган Омир ибн Абду Қайсдан нақл қилинади .Бир киши унга .Мен билан гаплашинг,, дебди. Омир ибн Абду Қайс унга .Қуёшни тўхтатиб тур, яъни мен давоми...

3918 18:20 / 28.01.2019
Фазл ибн Абу Айёшнинг мавлоси Анбардан ривоят қилинади .Ваҳб ибн Мунаббаҳнинг ҳузурида ўтирган эдим, бир киши келиб, .Фалончининг олдидан ўтиб қолувдим, сизни давоми...

1914 07:10 / 06.09.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади ....Аллоҳ савдони ҳалол ва рибони ҳаром қилган,, деган .Бақара, сураси, 275оят.Шарҳ Биз .савдо, деб таржима қилган давоми...

2456 11:10 / 17.09.2019
Устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳи алайҳи катта бир йиғинда ўтирсалар, маҳмадона ҳожи акалардан бири .Ҳазрат, деб гап бошлабди..Мен бир саволни давоми...

8569 12:30 / 15.04.2021