1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Фиръавн Мернептахнинг вафоти

20:00 / 22.12.2018 3132 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу воқеа Муқаддас Китоб ва Қуръонда берилган Мисрдан чиқиш ҳақидаги ривоятларнинг энг муҳим нуқтаси ҳисобланади. Матнларда бу аниқ-равшан тасвирланган. Бу ҳақда Муқаддас Китобда нафақат Беш китоб ёки Тавротда, балки Забурда ҳам маълумот бор, бу ҳақда юқорида гапириб ўтилди. Аммо нима учундир буни насроний муфассирлари эътиборга олишмагани ажабланарли. Жумладан руҳоний Де Во Мисрдан чиқиш воқеаси Рамсес II ҳукмронлиги даврининг биринчи ярми ёки ўртасида рўй берган, деган фикрни олға суради. Унинг назариясига кўра Фиръавннинг Мисрдан чиқиш чоғида вафот этгани ҳисобга олинмаган, бу эса ушбу воқеанинг ҳукмронлик даври якунида рўй берганини англатиши керак. Ўзининг «Исроилнинг қадимий тарихи» (Histoire ancienne d'Israël) китобида Қуддусдаги Муқаддас Китоб мактаби раҳбари ўз назариясининг Муқаддас Китобдаги бошқа икки китоб – Таврот ва Забурдаги маълумотларга зид бораётганига умуман эътибор бермаган.

П.Монтенинг «Миср ва Муқаддас Китоб» (P. Montet: L'Egypte et la Bible) китобида Мисрдан чиқиш Мернептахнинг ҳукмронлик даврига нисбат берилади, аммо у ерда ҳам Фиръавннинг ўлими ҳақида бирон гап йўқ, ваҳоланки, қочиб кетаётган яҳудийларни қувиб чиққан қўшинларга айнан Фиръавн бошчилик қилгани очиқ-ойдин тан олинган. Бу ажабланарли ҳолат яҳудийларнинг қарашларига тамоман зид ҳисобланади, чунки Забур 136 қисм, 15-саносида «Фиръавн ва лашкарин Қизил денгизга ағдарган» Худога миннатдорчилик билдирилган бўлиб, бу сано хатто ибодат чоғида ўқиладиган санолар орасида жой олган. Чиқиш китобида ушбу парча ҳам юқоридаги маълумотни тасдиқлайди. (Чиқиш 14:28-29)

Яҳудийларнинг фикрича, Фиръавн ва унинг аскарлари денгиз қаърига ғарқ бўлгани бирон бир шубҳа уйғотмайдиган даражада ишончли. Худди шу матнлар насронийларнинг китобларида ҳам мавжуд. Аммо насроний муфассирлари барча ҳужжатларга қарамасдан, Фиръавннинг ўлими ҳақидаги хабарни кўр-кўрона ташлаб кетишади ва бу ҳақда умуман оғиз очишмайди. Уларнинг баъзилари хатто бу ҳақда Қуръонда маълумот берилганини эслаб ўтиб, ўқувчиларга ғайриоддий мисолларни тақдим этишади. Қуддусдаги Муқаддас Китоб мактаби раҳбарлигида амалга оширилган Муқаддас Китоб таржимасида руҳоний Куруайе томонидан ёзилган Фиръавн ўлими ҳақидаги ушбу изоҳни учратиш мумкин: «Бу ҳақда (яъни Фиръавннинг ўлими ҳақида) Қуръонда маълумот берилган («Юнус» сураси, 90-92-оятлар).

Халқ оғзаки ижодига кўра эса Фиръавн ўз аскарлари билан ғарқ бўлгач (бу воқеа Илоҳий Китобларда тилга олинмаган) ҳозир ҳам океан тубида яшамоқда ва денгиз мавжудотлари, яъни тюленлар ва денгиз мушукларига ҳукмронлик қилмоқда» дейишади. Аниқки, Қуръондан бехабар ўқувчи Муқаддас Китобда йўқ бўлган хабар ва ақлга сиғмайдиган афсона ҳақидаги маълумотларни Қуръон билан боғлайди ва ҳар иккисини ҳам бирдек мантиққа зид, деб хулоса чиқаради.

Аслида эса Қуръондаги матннинг асл маъноси муаллифнинг юқоридаги тахмини билан ҳеч қанақасига алоқадор эмас: «Юнус» сурасининг 92-93-оятларида айтилишича, бану Исроил денгизни кечиб ўтишга муваффақ бўлишди, уларнинг изидан қувишдан давом этган Фиръавн ва унинг лашкарлари эса денгиз қаърига ғарқ бўлишди. Шу чоғда Фиръавн нидо қилади.

«Биз бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкарлари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар бани Исроил иймон келтирган Зот – Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман – Аллоҳга бўйсинувчилардандирман». Энди-я! Ахир сен илгари (яъни шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку! Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун Биз сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни улардан ибрат олмайдилар)» («Юнус» сураси, 90-92-оятлар).

Сурада Фиръавннинг ўлими ҳақида берилган бор маълумот мана шу. Муқаддас Китоб муфассирлари томонидан билдирилган тўқима маълумотлар эса Қуръонда на ушбу сурада, на бошқа бирон жойда учрамайди. Қуръонда фақат Фиръавннинг жасади қутқарилиши ҳақида айтилган холос ва бу жуда муҳим маълумот.

Денгиз қаъридан Фиръавн жасадининг топилиши ҳақида у даврларда бирон бир маълумот бўлмаган, чунки бу топилма фақат XIX аср охирига келиб юзага чиқди. Қуръонда хабар берилишича, Мисрдан чиқиш воқеаси давридаги Фиръавннинг жасади, у қайси Фиръавн бўлишидан қатъий назар, қутқарилган. Уни ҳозир исталган зиёратчи Қоҳирадаги Миср музейининг Қирол оиласи мўмиёлари хонасида кўриши мумкин.

Фиръавн Мернептахнинг мўмиёси

Рамсес II нинг ўғли ва Мисрдан чиқиш воқеаси Фиръавн Мернетпахнинг мўмиёланган жасади 1898 йил тадқиқотчи Лорет томонидан Фива шаҳридаги Қироллар водийсида топилган ва Қоҳирага олиб келинган. Жасадни ечинтириш 1907 йилда Эллиот Смит томонидан амалга оширилган, бу жараён ҳақида у ўзининг «Қирол оиласи мўмиёлари» (Elliot Smith: The Royal Mummies, 1912) китобида атрофлича маълумот беради. Ўша вақтда мўмиё баъзи қисмларидаги айрим бузилишларни айтмаса, сақланиш даражасига кўра қониқарли ҳолатда бўлган. Ўшандан бери мўмиё Қоҳира музейида зиёратчилар учун кўргазмага қўйилган бўлиб, унинг боши ва бўйни очиқ қолдирилган, танасининг қолган қисми мато билан ўраб қўйилган. Бу мўмиё шунчалик эҳтиёт қилинганки, 1972 йил Э.Смит томонидан олинган суратдан бери яқин-яқингача бу мўмиёни тўлиқ акс эттирувчи бошқа сурат олинмаган ва музей фақат ўша суратни расмий сурат сифатида тарқатаверган. 1975 йил Миср раҳбарияти менга Фиръавн жасадининг ёпиқ сақланиб қолган қисми билан танишиб чиқишга ижозат беришди. Улар ҳатто расмга олишимга ҳам қаршилик қилишмади. Мўмиёнинг бугунги ҳолатини олтмиш йил аввалги сурат билан солиштирганимда, у анча ёмон аҳволга келиб қолган ва баъзи қисмлари йўқолгани маълум бўлди. Мўмиёланган тери қопламлари ҳам одамларнинг қўли тегиши таъсирида ва вақт ўтиши натижасида анча бузилган экан.

Бу табиий бузилиш XIX аср охирида у топилган шароитдаги сақланиш ҳолати билан ҳозирги сақланиш ҳолати орасидаги фарқ таъсирида рўй берган бўлиши мумкин. Жасад Фива шаҳридаги некропол қабрларида топилган бўлиб, минг йиллар давомида ўша ерда сақланган. Бугун эса у оддий ойна остида сақланади ва ташқи таъсирдан ҳимояланмаган, чанг ва микроогранизмлар таъсири ҳам яққол сезилиб турибди. Мўмиё ҳарорат ўзгариши ва мавсум алмашишига қараб турли намланишларга юз тутяпти, бу эса уни тахминан уч аср давомида барча бузилишлардан холи равишда сақлаган аввалги мукаммал шароитдан бутунлай фарқ қилади.
У аввалгидек ўралган ҳолда эмас, балки ялfнғоч ётибди, аввалгидек ёпиқ тобутда эмас очиқ жойда, булар эса Қоҳирадаги йил мавсумларида ўзгариб турадиган об-ҳаво таъсирини кескин кучайтирган.

Менинг таклифимга кўра, 1975 йил июнь ойида мўмиё яна бир марта махсус текширувдан ўтказилди. Доктор Эл Мелиджи (El Meligy) ва доктор Рамисуслар (Ramsiys) ажойиб радиографик тадқиқотлар олиб боришди, доктор Мустафо Маниалави (Mustapha Manialawiy) эса мўмиёнинг томоғи орқали кўкрак қафасини ўрганиб чиқди. Бу мўмиё устида олиб борилган биринчи эндоскопик анализ бўлди. Натижада жасад ичидаги кўплаб муҳим ўринларни ўрганишга, уларни суратга олишга муваффақ бўлдик. Мўмиёнинг тиббий ҳолати профессор Чеккальди (Ceccaldi) томонидан махсус ўрганилди. Мўмиёдан ажралиб тушган баъзи парчалар хатто микроскоп остида кузатилди. Бу жараёнда профессон Миньо (Mignot) ва доктор Дюригон (Durigon) бор маҳоратларини ишга солишди. Афсуски, ушбу китоб нашрга тайёрланаётган вақтда улар хали ўз кузатувлари ҳақида якуний хулосаларни тайёрлаб улгуришмаган эди.

Бу тадқиқотдан олинган дастлабки хулоса шундан иборатки, жасаднинг суяклари бир нечта жойда синган, баъзи суяклар етишмайди ва бу ўлимга олиб келган бўлиши ҳам мумкин. Балки бу ўзгаришлар Фиръавннинг ўлимидан кейин рўй бергандир, бир нарса дейиш қийин. Тахминларга кўра, у ҳойнаҳой илоҳий китобларда ёзилганидек чўкиш натижасида ёки қаттиқ шокка тушиш таъсирида ё ҳар иккиси туфайли ўлган бўлиши мумкин.
Мўмиёдаги бу жароҳатлар ва юқорида санаб ўтилган бузилишлар унинг келажак учун сақланиб қолишини мураккаблаштириши табиий ва агар тез кунларда унинг таъмирлаш ишлари олиб борилмаса, аҳвол янада аянчли кўриниш олиши мумкин. Акс ҳолда биз Мисрдан чиқиш воқеаси даврида Фиръавннинг ўлими билан алоқадор бирдан-бир ҳужжатдан айрилиб қолишимиз ва Худонинг хоҳишига кўра бугунги кунгача сақланган жасадни бой беришимиз эҳтимолдан ҳоли эмас.

Унинг бугунги кунгача сақлаб қолингани Худонинг хоҳиши ва Қуръонда айтилганидек, бу жасад бошқаларга ўрнак-дарс бўлиши керак. Кимки илоҳий китобларнинг ҳаққонийлиги борасида замонавий ҳужжатларни кўришга қизиқса, Қоҳира шаҳридаги Миср музейига бориб, қироллар оиласи мўмиёлари залига кирсин. Қуръон оятларининг Фиръавн жасади ҳақидаги ривояти ўша ерда яққол исботини топган.

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Шоирлар амири Аҳмад Шавқий оғир беморликка учради. Ҳаётининг охирги кунларида ходими унинг зиёратига фазилатли шайх Муҳаммад Аҳмадий Завоҳирий ташриф давоми...

1746 11:00 / 13.01.2022
Жонзотлар, ҳайвонлар дунёда мукаллаф бўлмасаларда, қиёмат куни шохсиз қўй шохли қўйдан ўч олади. Шундай бўлгач, дунёда мукаллаф бўлган инсонлар ўртасидаги ҳақлар давоми...

2470 11:06 / 30.06.2020
Аё София, қутлуғ бўлсин ушбу иззату шавкат,Яна юксалди шаънинг, етди ҳурмат устига ҳурмат.Ёшинг гар каттадир бу такбиру таҳлил, азонлардан,Туғилдинг қайта сенда бу давоми...

1208 21:14 / 26.07.2020
Бир имом жума мавъизасида жамоатга шундай деди Азизлар, мана анчадан бери ёмғир ёғмай, экинларимиз қуриш арафасига келиб қолди. Шунинг учун кейинги жумага давоми...

3219 15:00 / 23.06.2020