1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жума

Жума – кунларнинг энг яхшиси

04:00 / 21.06.2024 6656 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш чиққан ва ботган кунларнинг энг яхшиси – жума кунидир. Ҳар бир ўрмалаган жонзот борки, жума кунида қиёмат қоим бўлишидан қўрқиб туради. Фақат инсонлар ва жинлар бундан мустасно», – дедилар».

Ибн Хузайма ривоят қилган.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида кунларнинг ҳаммаси йиғилади. Жума куни эса оппоқ нурли бўлиб келади. Жума аҳлини келинчакни чимилдиққа етаклаб келинганидек, гўзал ҳолатда етаклаб келинади. Улар қордан-да оппоқ нурлар ичида, ҳидлари мушку анбарона бўлиб, кофур тоғларининг ичида юрадилар. Инсонлар ва жинлар уларга берилган мақомдан ажабланиб, жаннатга киргунларича улардан кўз узмайдилар. Ҳеч ким уларнинг яқинларига бориб, улар билан биргаликда жаннатга киролмайди. Савоб учун муаззинлик қилганлар улар билан аралашиб жаннатга кирадилар», – дедилар».

Табароний ривоят қилган.

Имом Ироқий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Кунларнинг энг яхшиси деганда, жума – ҳафта кунларининг энг яхшисидир. Аммо Арафа куни тўғрисида келган ҳадисларда Арафа – йил кунларининг энг яхшисидир, – дейилган”.

Бошқа олимлар жума кунини йилнинг барча кунлари ичида энг яхши, деб ҳам айтган эканлар.

Уламолар айтадилар: “Рамазон ойида қадр кечаси яширилгани каби, жума кунида дуо ижобат бўладиган вақт ҳам яширилгандир”.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан у (жумадаги дуо ижобат бўладиган лаҳза) тўғрисида сўрадим. У зот: «Менга у билдирилди, сўнг «Лайлатул қадр» унуттирилгани каби унуттирилдим», дедилар».

Ҳоким ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.

Уламоларнинг дуонинг ижобат бўладиган вақти ҳақида қуёш заволдан ўтганда ёки жума намозига азон айтилаётганда, ё имом минбарга чиққанида, ё иккинчи азондан кейин то намоз тугагунга қадар, ё имом икки хутба ўртасида ўтирганида, ё жума намозини ўқиб бўлгандан кейин, ё аср намозида, деган ва бошқа ривоятлар бор.

Қози Иёз мазкур ҳадиснинг шарҳида айтадилар: “Ҳадисдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда жума кунининг фазилатларини санаб беряптилар, холос. Бу ерда зикр қилинган баъзи нарсалар фазилатга кирмайди. Қиёматнинг қоим бўлиши, Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан чиқарилиши кабилар фазилат эмас. Ваҳоланки, бу ўша кунда бўладиган ва бўлиши мумкин бўлган катта воқеаларнинг баёнидир. Бу кунда катта савобли ишлар ва катта ҳодисалар рўй бериши кутилади. Шунинг учун ҳам банда солиҳ амаллар билан, фазилатли ишлар билан машғул бўлсин”.

Абу Бакр ибн Иззий бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейдилар: “Ҳадиси шарифда ривоят қилинган, саналган барча ишлар яхшилик, фазилатдир. Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан чиқарилишлари ҳам фазилатдир, чунки Одам алайҳиссалом ерга тушишлари билан у кишидан зурриётлар тарқалди. Бу – катта неъмат! У зурриётлар орасидан пайғамбарлар, солиҳ бандалар, ва авлиёлар чиқди. Одам алайҳиссалом жаннатдан қувилганлари йўқ. Ер юзига маълум бир муддатда у кишига юклатилган масъулият ва вазифаларни бажариш учунгина туширилдилар. Қиёматнинг қоим бўлиши ҳам улкан фазилат. У кунда пайғамбарлар, сиддиқлар, солиҳлар, авлиёларнинг мақомлари кўтарилади, мукофотлари берилади, ажрларини оладилар”.

 

«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан

Муаллиф
Azizxo'ja Inoyatov
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким жума куни Оли Имрон номли сурани ўқиса, Аллоҳ ва Унинг фаришталари қуёш давоми...

5677 05:30 / 24 январь
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жума куни минбарда туриб .Жума куни учун меҳнат кийимидан бошқа давоми...

4449 04:45 / 06.09.2024
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Ўша соат имом минбарга ўтирганидан бошлаб, намоз ўқилиб бўлгунча,, ndash давоми...

4230 04:00 / 26.07.2024
. . .Ибн Умар розияллоҳу анҳу масжидга ўнг оёғи билан кириб, чап оёғи билан чиқар эди,.Бухорий ривоят қилган. Масжидда туфламаслик . ,. . Анас давоми...

2525 04:00 / 09 май