1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзанд тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

05:00 / 15.02.2017 4241 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Гўдакнинг ҳолига қараб иш тутиш, уни қайси ишларга қобилияти бор, нималар қилишга тайёр эканини назарда тутиш зарурий нарсалардандир. У ҳам яралган бир мавжудот эканини яхши англаш лозим ва шариатда изн берилган ҳар қандай юмушни унга юклаб қўявермаслик керак. Чунки унга қўлидан келадиган ишдан бошқаси юкланса, у ишни бажара олмайди ва қобилияти етадиган нарсани ҳам қўлдан бой беради. Агарда валий болани фаҳму фаросати ўткир, идроки дуруст, хотираси яхши, тўғри англайдиган ва билимга рағбатли деб билса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёрлигининг аломатидир. Бас, модомики қалб лавҳаси фориғ бўлиб турган экан, унга илмни нақш қилсин. Токи, илм қалбга муҳрлансин ва тобора ривожланиб борсин...

Чақалоқнинг танглайини кўтариш ҳақида

"Саҳиҳайн"да Абу Мусо Ашъарий розиаллоҳу анҳу дедилар: "Мен ўғил кўрдим ва уни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Иброҳим деб исм қўйдилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар".
Бу ҳадис Бухорийда қуйидаги зиёдаси билан келган: "…ва унга барака тилаб дуо қилдилар-да, менга бердилар". Бу бола Абу Мусо Ашъарийнинг энг катта фарзандлари эди.

Чиройли исм қўйиш

Бани Исроил қавми фарзандларини кўпинча Эммануэл деб номлашарди. Бу калиманинг маъноси Илоҳимиз биз билан демакдир. Шу боис исмларнинг Аллоҳга энг махбуброғи Абдуллоҳ, Абдурраҳмондир. Бола эсини таниб, ақли тўлганда ўзининг Аллоҳга банда ва Аллоҳ унинг саййиди, ҳожаси эканини билади.

Чақалоқни авайлаш

Фарзандларни туғилганидан то уч ой ва ундан кўпроқ ўтмасдан туриб, у ёқдан-бу ёққа кўтариб олиб юрмаслик керак. Чунки бу пайтда улар оналарининг қорнидан эндигина чиққан ва таналари заиф бўлади.

Эмизиш

То тишлари чиққунча ошқозонлари ва ҳазм қилиш қувватлари заиф бўлгани туфайли уларга сут бериш билан чекланиш лозим. Қачон тишлари чиқиб, ошқозонлари қувват ҳосил қилса, таом билан озиқланадиган бўлади. Аллоҳ Таоло боланинг таомга хожати тушмагунича унинг тишлари чиқишини кечиктириб туради. Бу эса Аллоҳнинг ҳикмати, лутфи ҳамда она ва унинг кўкрагига раҳм қилганидандир. Зеро, шунда чақалоқ она кўкрагини тишлаб олмайди.

Тиш чиқиши

Тиш чиқиш палласи боланинг ҳоли ўзгариб қолади, унда қайт қилиш, инжиқлик ва ёмон қилиқлар кўзғалади. Айниқса, тиш чиқиши қиш ва совуқ пайтларга ёки ёз ва иссиқ пайтларга тўғри келса, бу нарса кучлироқ кечади. Тиш чиқиши учун энг қулай пайт баҳор ва куздир. Тиш чиқиш вақти боланинг етти ойлик пайтида бўлади. Гоҳида тиш беш ойлигида чиқади, гоҳо ўн ойлик бўлгунча кечикади. Шундай қилиб, тиши чиқаётганда мулойимлик билан боқиш, қайта-қайта ҳаммомга солиш, енгил озуқа бериш ва унинг қорнини таомга тўлдириб юбормаслик керак бўлади.
Тиш чиқиш пайти бўлганда уларнинг милкларини ҳар куни сариёғ билан ишқалаш керак. Тиш чиқишидан то ривожланиб, кучли бўлгунича қаттиқ нарсалардан эҳтиёт қилиш ва қатъий ман этиш керак бўлади. Чунки бунга йўл қўйиш тишларнинг ёмонлашиши, қинғир-қийшиқ бўлиб қолиши ва оралари очилиб кетишига сабаб бўлади.

Тиш чиққандан кейинги озиқлантириш

Тишлари чиққандан сўнг болаларни тадрижий равишда озиқлантириб бориш лозим. Уларга бериладиган энг биринчи озуқа майин озуқа бўлиши керак. Яъни иссиқ сувда ивитилган нон, қатиқ, сут, ундан кейин гўштдан ҳоли бўлган овқат ва шўрва, кейинроқ жуда латиф бўлган гўштни яхши чайнаб, юмшатиб берилади.

Чақалоқнинг тили чиқаётганда

Қачонки тиллари чиқадиган пайт яқинлашса ва уларга гапиришни осонлаштирилмоқчи бўлса, уларнинг тиллари асал, иссиқ сув ва андароний туз (оппоқ рангли туз нави) билан ишқаланади. Чунки бу нарсалар гапиришга монелик қиладиган оғир рутубатларни кетказади. Нутқ қиладиган пайтлари келса, уларга "Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ"ни айттирсинлар. Токи уларнинг қулоқларига энг биринчи кирадиган нарса Аллоҳнинг исми ва Унинг тавҳиди ҳамда У Зотнинг Арш устида уларни қаерда бўлсалар ҳам кўриб, гапларини эшитиб турганлиги ҳақидаги сўзлар бўлсин.

Боланинг йиғлаши

Боланинг йиғлаб қичқириши (айниқса, қорни очганда сут эмишидан олдин) ота-онасини қийин аҳволга солмаслиги керак. Чунки бола бундан улкан фойда олади. Негаки бу нарса унинг аъзоларини машқ қилдиради, меъдаларини кенгайтиради, кўкрагини очади, миясини иситади, мизожини қиздиради, унинг туғма ҳароратини кўзғайди, табиатидаги чиқитлар, миясидаги мишиқ ва бошқа нарсалардан бўлган хилтларни чиқариб ташлаши учун унинг жисмини ҳаракатга келтиради.

Бола ўтирадиган бўлганда

Бола то жисми қаттиқлашиб, аъзолари кучга кириб, ерга ўтирадиган бўлгунча уни йўргаклаш ёки бешикка белаб қўйишга бепарво қарамаслик лозим. Ўтирадиган бўлганда уни машқ қилдириб, шошилмаган ҳолатда ҳаракатга ўргатилади, шу билан бирга то малака ва қувват ҳосил қилиб, ўзи тура оладиган бўлгунича оз-оздан туришга ўргатиб борилади.

Боланинг руҳияти

Болани чўчитиб юборадиган ҳар қандай шовқин-суронли товушлар, қаттиқ тортишув ва саросимага солувчи ҳаракатлардан авайлаш лозим. Негаки бу нарса унинг ҳали заиф бўлган ақлий қувватининг бузилиши ва вояга етганда ундан фойдалана олмай қолишига олиб келиши мумкин. Борди-ю шу нарсалардан бири содир бўлгудек бўлса, шу заҳоти унинг зиддини пайдо қилиш ва ўша нарсани унуттирадиган нарса билан уни овутиш керак. Уни нотинч қилган нарса қувваи ҳофизасида ўрнашиб қолиб, кейин кетиши қийин бўлмаслиги учун дарҳол унга кўкрак тутиб, эмизиш лозим бўлади. То ухлагунча латиф ҳаракат билан уни бешикка беланади ва у безовталикни унутади. Бу нарсага бепарво қарамаслик керак. Чунки бунга бепарво бўлиш унинг қалбида қўрқоқлик ва ҳуркаклик имконини очиб қўяди-да, у шу ҳолда улғаяди, кейин уни кетказиш қийин бўлади ёки умуман иложи бўлмайди.

Болани кўкракдан ажратиш (фитом) ҳақида

Эмизувчи аёл болани сутдан чиқармоқчи бўлса, аста-аста овқат бериб бориши ва уни тўсатдан бир дафъада кўкракдан ажратмаслиги лозим. Ўрганиб қолган ҳолат ва одатдан бирданига кўчиш болага зиён қилгани боис, уни овқатга кўниктириб, ўргатиб борилади.

Болани кўп ейишдан сақлаш

Болаларни таомга тўйиб олишлари ва кўп еб-ичишларига йўл қўйиб қўйиш уларга яхши қарамасликдандир. Уларга қарашнинг энг фойдалиси, бу уларнинг ҳазми яхши бўлиши ва хилтлари мўътадил бўлиши учун ҳамда таналарида чиқитлар озайиб, жисмлари соғлом бўлиши учун уларга тўйиб кетмайдиган даражада таом беришдир. Шу билан озиқ моддаларида кераксиз чиқитларнинг озлиги туфайли касалликлари озаяди.
Табиблардан бири қайсидир қавмни зикр қилиб, айтади: "Мен болаларни тўйиб кетмайдиган даражада овқатлантирадиган қавмни мақтайман. Шу сабабли уларнинг қоматлари ўсади, жисмлари мўътадил бўлади, ҳамда бошқаларда бўладиган куззоз (ёки кузоз - қаттиқ совуқдан бўладиган касаллик ёки ундан бўладиган дийдираш) ва юрак оғриғи каби хасталиклар уларда оз бўлади". У яна айтади: "Агарда бола жисми кўркам ва қомати текис, букчаймаган бўлишини хоҳласанг, уни кўп тўйишдан сақла. Негаки бола овқатга тўлса, тўйса, шу соатдан бошлаб кўп ухлайди ва бўшашади, қорни дам бўлади ва ғализ (қаттиқ) ел келади".

Боланинг кўп сув ичиши

Жолинус айтади: "Мен гўдакларни совуқ сув ичишларидан асло тўсмайман. Балки кўпинча таомдан кейин ҳамда ёз кезлари иссиқ бўлганда кўнгиллари тусаса, уларни сув ичишга қўйиб қўявераман".
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: "Бунинг сабаби уларда кучли табиий иссиқликнинг мавжудлигидадир. Бу пайтларда, айниқса таомдан кейин сув ичишлари уларга зиён қилмайди. Шундай экан, ҳарорат кўтарилиши билан чанқоқни кўтара олмаганлари учун уларга бирор миқдорда сув ичишга имкон бериш зарурдир".

Боланинг оёғи чиқаётганда

Ҳушёр бўлиш лозим бўлган нарсалардан яна бири, болани вақти келмай туриб юришга мажбурлашдир. Чунки бу уларнинг оёқлари заифлиги, буни қабул қилолмаслиги туфайли оёқларнинг қийшиқ бўлиб қолишига олиб келади.

Эҳтиёжлардан тўсишликнинг оқибати

Бола муҳтож бўлган қусуқ, уйқу, таом, ичимлик, аксириш, пешоб, қон чиқиши каби нарсаларни тўсиб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлмоқ даркор. Негаки бу нарсаларни тўсиб қўйиш гўдакка ҳам, каттага ҳам ёмон оқибатлар олиб келади. Валлоҳу аълам.

Фарзанд улғая бошлаганда…
Хулқ тарбияси

Гўдак ғоятда муҳтож бўлган нарсалардан бири унинг хулқига эътибор билан қарашдир. Зеро у ёшлигида тарбиячиси ўргатган хулқлар билан ўсиб-улғаяди. Жумладан, тажанглик, аччиқланиш, урушқоқлик, шошқалоқлик, енгилтаклик, пала-партишлик, қўрслик, очофатлик каби одатлар борки, катта бўлганда буларни ташлаш қийин бўлади ва бу хулқлар унда мустаҳкам ўрнашган сифат ва хулққа айланиб қолади. Одам гарчи жуда ҳушёр бўлиб юрса ҳам, бу одатлар бир куни албатта уни шарманда қилади. Шу туфайли аксар одамларнинг эгри хулқлар билан қолганларини кўрасиз. Бу нарса уларни ўстириб-ундирган тарбия натижасидир. Шунингдек, бола эсини таниганда уни беҳуда (лағв), ботил ишлардан ва қўшиқ мажлисларидан, бидъат ва ёмон гап-сўзлардан узоқ қилиш вожибдир. Агарда булар унинг қулоқларига илашиб қолса, улғайганда улардан ажралиши оғир бўлади ва болани булардан халос қилиш унинг тарбиячисига қийин кечади. Зеро, одатларни ўзгартириш энг қийин ишлардандирки, унинг соҳиби ўз хулқида ўзига мутлақо бегона иккинчи бир табиатни пайдо қилишга муҳтож бўлади. Табиат ҳукмидан чиқиш эса, ўта оғирдир.
Боланинг валийси (тарбиячиси) уни бошқалардан нарса олишдан жуда йироқ сақлаши керак. Бола қачон олишга одатланса, бу унга табиат бўлиб қолади ва бериш эмас, олишга ўрганиб улғаяди. Болани бериш, улашишга одатлантириш лозимдир. Қачонки валий бировга нарса бермоқчи бўлса, боланинг қўли орқали берсинки, бола бериш ҳаловатини туйсин.

Болани ёмон хулқлардан сақлаш

Болани ёлғончи ва хиёнатчи бўлишдан жуда қаттиқ сақлаш керак. Агарда валий болага ёлғон ва хиёнат йўлини қулайлаштириб қўйгудек бўлса, унинг дунё ва Охират саодатини барбод этган, уни ҳамма яхшиликдан маҳрум этган бўлади.
Болани ялқов, бекорчи, эринчоқ ва роҳатда бўлишга қўйиб қўймаслик, балки уни буларнинг зидди билан тутиб турмоқ керак. Унга фақат қиладиган машғулоти учун нафси ва баданини жамлаб оладиган даражада дам бермоқ керак. Зеро, дангасалик ва бекорчиликнинг ёмон оқибатлари бордир. Меҳнаткашлик ва толиқишнинг хоҳ дунёда хоҳ охиратда, хоҳ уларнинг ҳар иккисида бўлсин, мақтовли натижалари бордир. Инсонларнинг энг роҳатлиси энг толиққанидир, инсонларнинг энг кўп толиққани энг роҳатдагисидир. Дунё сардорлиги ва Охират бахт-саодатига фақат толиқиш кўпригидан ўтиб эришилади. Яҳё ибн Абу Касир дедилар: "Илмга жисмнинг роҳати билан эришилмайди".

Ибодатларга рағбат уйғотиш

Болани (каттароқ бўлганда) кечанинг охирида уйғонишга одатлантирилади. Бу ғаниматлар тақсимланадиган, совринлар улашиладиган палладир. Кимгадир камроқ, кимгадир кўпроқ улуш тегади, яна кимдир бебаҳра қолади. Бола қачон ёшлигида одатланиб олса, катта бўлганида бу унга қулай бўлади.

Зиёнкорлик сабаблари

Болани ортиқча овқатланиш, ошиқча гапириш ва кўп ухлашдан, одамларга кўп қўшилишдан йироқ қилмоқ керак. Зеро, зиёнкорлик мана шу нарсаларнинг керагидан ортиғидадир. Булар бандани дунё ва Охират яхшилигидан қолдиради.
Уни қорни ва фаржига тааллуқли шаҳватларнинг зарарларидан бағоят узоқ қилмоқ керак. Бу зарарларни келтириб чиқарадиган омилларга йўл очиб қўйиш болани шундай айнитадики, кейин уни тузатиш оғир бўлади.
Қанчадан-қанча одамлар ўз фарзанд ва жигарбандларини ўз ҳолларига бепарво ташлаб қўйиш, одоб-тарбия бермаслик ва уларнинг хоҳиш истакларини қондиришига ёрдам қилиш билан дунё ва Охиратда бахтсиз қилганлар. Ҳолбуки, улар болани эъзозлаяпмиз, деб ўйлашарди, бироқ уни хорладилар, унга раҳм-шафқат қиляпмиз, деб ўйлашарди, бироқ унга зулм қилдилар ва яхшиликдан маҳрум этдилар. Шу билан фарзандларининг ота-онага келтириши мумкин бўлган манфаатларини ҳам қўлдан бой бердилар ва болаларнинг дунё-ю Охиратдаги насибасини йўқ қилдилар.
Болалардаги фасодга эътибор қилсангиз, унинг кўпи аслида оталар томонидан эканини кўрасиз.

Ёмонлар суҳбатидан сақлаш

Боланинг ақлини кетказадиган ва маст қиладиган нарсаларни истеъмол қилишидан қаттиқ сақламоқ лозим. Шунингдек, бузуқлиги маълум, гап-сўзлари-ю хулқида зарарли жиҳатлари бўлган кимса билан суҳбатлашишдан болани жуда-жуда эҳтиёт қилмоқ керак. Кимки унга бу нарсаларнинг йўлини қулай қилиб очиб қўйган бўлса, даюсликни ўзига ўзи раво кўрган бўлади. Даюс жаннатга кирмайди.

Оталарнинг бурчлари

Оталарнинг ўз болаларига лоқайд, бепарво бўлишлари кийим-кечакларни олов учқунлари оппа-осон сачрайдиган ерга қўйиб қўйиш кабидир. Бепарволик шунақа иллатки, болани бунчалик бузадиган ҳеч нарса йўқ.
Оталарнинг сусткашлик қилиб, Аллоҳ ҳақларини адо этмаганликлари ва Аллоҳ уларга вожиб қилган манфаатли илм ҳамда солиҳ амалдан юз ўгирганликларининг оқибати шу бўлдики, улар ўз фарзандларидан манфаат топа олмадилар. Фарзандлар ҳам оталарининг яхшилигидан ва уларнинг манфаатидан маҳрум бўлдилар. Бу оталарнинг жазосидир.

Ҳаромлардан йироқ қилиш

Болани ипакдан тайёрланган кийимлар кийишдан узоқлаштирилади. Чунки бу унинг тарбиясини бузади ва хотинчалиш табиат қилиб қўяди. Шунингдек, баччабозлик, ароқхўрлик, ўғрилик ва ёлғон ҳам уни хотинчалишга айлантиради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ипак ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди". (Саҳиҳ. Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилишган). Гўдак мукаллаф бўлмаса-да, унинг валийси мукаллафдир. Валийнинг бола учун ҳаромга йўл очиб қўйиши ножоиздир. Негаки бола шунга одатланиб қолса, ундан ажралиши оғир бўлади. Бу олимларнинг айни масала юзасидан айтган сўзларининг энг тўғрисидир.
Ипак кийиш болага ҳаром бўлмайди, дейдиганлар: "Чунки у мукаллаф эмас, унинг ҳам ипак кийиши ҳаром бўлмайди", - дейдилар. Бу сўз энг фосид қиёсдан келиб чиқади. Ахир, гўдак мукаллаф бўлмагани билан мукаллаф бўлишга тайёрланаяпти-ку! Шунинг учун унга таҳоратсиз, яланғоч ёки нажосатли ҳолда намоз ўқишга, ароқ ичишга, қимор ўйнашга, баччабозлик қилишга йўл қўйилмайди.

Боланинг қобилияти ва лаёқатига эътибор қилиш

Гўдакнинг ҳолига қараб иш тутиш, уни қайси ишларга қобилияти бор, нималар қилишга тайёр эканини назарда тутиш зарурий нарсалардандир. У ҳам яралган бир мавжудот эканини яхши англаш лозим ва шариатда изн берилган ҳар қандай юмушни унга юклаб қўявермаслик керак. Чунки унга қўлидан келадиган ишдан бошқаси юкланса, у ишни бажара олмайди ва қобилияти етадиган нарсани ҳам қўлдан бой беради. Агарда валий болани фаҳму фаросати ўткир, идроки дуруст, хотираси яхши, тўғри англайдиган ва билимга рағбатли деб билса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёрлигининг аломатидир. Бас, модомики қалб лавҳаси фориғ бўлиб турган экан, унга илмни нақш қилсин. Токи, илм қалбга муҳрлансин ва тобора ривожланиб борсин.
Агарда болани ҳамма томондан юқоридагиларнинг аксича кўрса ҳамда илмга лаёқати ва рағбати йўқ эканини сезса, бироқ унда баҳодирлик ва шунинг шартларидан бўлган от миниш, ўқ отиш, найза ўйнатиш каби ишларга қобилият кўринса, унга баҳодирлик омиллари билан шуғулланиш ва машқ қилиш учун йўл очади. Мана шу иш унга ва мусулмонларга фойдалироқдир. Борди-ю аксинча, уни бундай ишларга қобилияти йўқ эканини кўрса ва унинг мусулмонларга фойдали бўлган бирон-бир ҳунарни эплаб кетишига ақли етса, ўшанга йўл очиб берсин.
Буларнинг бари унга диндан у муҳтож бўладиган энг зарур нарсаларни ўргатилгандан кейинги ишлардир. Бу вазифаларни бажариш ҳар бир кишининг қўлидан келадиган қилиб яратилган. Бандалар устида Аллоҳнинг ҳужжати қоим бўлиши учун мана шундай осон қилингандир. Бандалар устида Аллоҳнинг мўл-кўл неъмати бўлганидек, Унинг етук ҳужжати ҳам улар устида барқарордир.

Нарса беришда болалар ўртасида адолат қилиш

"Сунан" китоблари, "Муснади Аҳмад" ва Ибн Ҳиббон "Саҳиҳ"ларида Нўъмон ибн Башир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар". (Саҳиҳ ҳадис).
Имом Муслим ривоят қилдилар. Башир розиаллоҳу анҳунинг аёллари: "Менинг боламга хизматкор совға қилинг ва бу нарсага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни гувоҳ қилинг", - деди. Башир розиаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келдилар-да:
- Фалончининг қизи (аёлларини айтаяптилар - тарж.) ўзининг ўғлига хизматкор туҳфа этишимни сўраяпти… - дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Унинг ака-укалари борми?, - деб сўрадилар. Башир дедилар:
- Ҳа.
- Уларнинг ҳаммаларига ҳам бунга қилганингдек туҳфа қилганмисан? - деб сўрадилар Расулуллоҳ.
- Йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Бундай қилиш ярамайди, мен факатгина ҳақ нарсага гувоҳлик қиламан, - дедилар.
Имом Аҳмад ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мени жаврга гувоҳ қилма, албатта болаларингнинг сендаги ҳаққи улар орасида адолат қилишингдир", - дедилар.
Байҳақий ривоят қилдилар. Анас розиаллоҳу анҳу дедилар: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эди, унинг ўғилчаси келиб қолди ва у ўғлини ўпди-да, бағрига олиб ўтқазди. Кейин унинг қизчаси келди, у қизчасини олди-да, ёнига ўтқазди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен улар ўртасида адолат қилмадинг", - дедилар.
Салафлар болаларини ўпишда ҳам улар ўртасида адолат қилишни яхши кўришарди.

"Туҳфатул мавдуд биаҳкомил мавлуд" номли китобдан олинган

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Ўғил бўлсин, қиз бўлсин, Аллоҳ таоло ёш болаларнинг барча ибодатларини қабул қилиб, уларга савоб ёзади. Бу У Зотнинг карами кенглигидандир. Болалар таҳорати, давоми...

4809 00:00 / 25.08.2017
Дарс Қуръон, ҳадис, зикру дуолар ва Аллоҳнинг исмлари ёд олинганини текшириш ила бошланди. Сўнгра ота деди .Фарзандларим Бугун бир ҳадис ўрганамиз. Жобир ибн давоми...

3932 11:13 / 27.12.2017
.Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда от улов ва кемаларга кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва давоми...

4208 09:30 / 07.08.2018
Салмон ибн Омир азЗоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ғулом ила ақийқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги давоми...

15810 05:00 / 15.02.2017