1447 йил 17 шаъбон | 2026 йил 05 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Биродарига сўрамаса ҳам маслаҳат бериш

09:48 / 11.12.2018 4726 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ وَهْبِ بْنَ كَيْسَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ ابْنَ عُمَرَ رَأَى رَاعِيًا وَغَنَمًا فِي مَكَانٍ نَشْحٍ وَرَأَى مَكَانًا أَمْثَلَ مِنْهُ، فَقَالَ لَهُ: وَيْحَكَ، يَا رَاعِي، حَوِّلْهَا، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «كُلُّ رَاعٍ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ».

Ваҳб ибн Кайсондан ривоят қилинади:

«Ибн Умар чўпон ва қўйларни қақроқ ерда кўрди. Ундан яхши жойни кўриб:

«Эй шўринг қурғур, ҳой чўпон! Уларни бу томонга ўтказ! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсада масъулдир», деганларини эшитганман», – деди».

Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар қўй боқиб юрган бир чўпонни кўрибдилар. Қарасалар, қўй боқиб юрган жойлари серўт бўлмаган, суви ҳам кам ерлар экан. Абдуллоҳ ибн Умар бошқа бир жойда яхши яйловни кўрган эканлар, шунинг учун чўпонга қараб:

«Эй шўринг қурғур, бу ёққа кел, қўйларни мана бу томонга ҳайдаб ўт. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсага масъулдир», деганларини эшитганман», – деган эканлар.

Зиммасига масъулият юкланган ҳар бир одам Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўша нарса учун жавоб беради.

Масалан, бепарво чўпондан «Нима учун яхши яйлов бўла туриб, қўйларингни мана бу яйловда боқдинг?» деб сўралади.

Ушбу ривоятда айтилганидек, чўпон келиб, Абдуллоҳ ибн Умардан «Қўйимни қаерда боқай, маслаҳат беринг», деб сўрамаган. Ҳар бир ҳадисга амал қиладиган, ҳатто қўйларга ҳам яхшиликни раво кўрадиган, оқил киши Абдуллоҳ ибн Умар чўпон сўрамаса ҳам, яхши маслаҳат берган эканлар.

Шундан келиб чиқиб, баъзан тажрибасизроқ, эътиборсизроқ кишилар бир ишни нотўғри қилаётган бўлсалар, ўзлари сўрамаса ҳам, ақлли, тажрибали кишиларнинг уларга фойдалироқ бир ишни маслаҳат бериб, тавсия қилишлари савобли иш бўлар экан. Аксинча, «Сўрамади-ку, менга нима», деб кетаверишлари дуруст бўлмас экан.

“Одоблар хазинаси” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кеча жинлардан бири Ифрийт менга намозимни давоми...

3515 16:00 / 13.06.2021
. . Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан ҳаё, хушбўй сепиш, мисвок давоми...

2681 14:50 / 16.12.2024
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб намоз ўқисалар, давоми...

5264 10:07 / 20.11.2023
. . Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Таомнинг баракаси ундан олдин икки қўлни ювишдир ва ундан кейин икки давоми...

6406 10:31 / 27.11.2018
Аудиолар

227931 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

146650 14:35 / 11.08.2021