1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

«Роббимнинг ваъдаси ҳақдир»

13:21 / 08.12.2018 3033 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡﭢ

«У: «Бу Роббим тарафидан раҳматдир. Агар Роббимнинг ваъдаси келса, буни ер баробар қилур. Роббимнинг ваъдаси ҳақдир», деди» (Каҳф сураси, 98-оят).

Бу ҳақиқий мўминнинг гапи эди. Ҳақиқий мўмин етти иқлимнинг подшоҳи бўлиб, тарихда ҳеч кимнинг қўлидан келмаган ишни қилганда ҳам:

«Бу Роббим тарафидан раҳматдир», – дейди.

Ҳеч қачон «Мен қилдим, мендан бошқа одам қила олмас эди», – демайди. Шу билан бирга, ўзи қилган ишнинг бебақолиги, Аллоҳ таоло хоҳласа, уни бир зумда барбод этиши мумкинлигини доимо тан олиб юради.

Шу жойда Зулқарнайн қиссаси тугайди. Қиссанинг сўнгида йўллари Садди Зулқарнайн билан тўсилган Яъжуж ва Маъжужлар ҳақида турли гаплар жуда ҳам кўп. Баъзилар: «Улар мўғул-татарлар», – дейдилар. Аввал бир неча бор такрорлаганимиздек, бу гапларнинг ҳаммаси уламоларнинг ижтиҳодларидир. Яъжуж ва Маъжуж ҳақида Анбиё сурасида ҳам «Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан шошилиб келганларида», деган ояти карима бор.

Шунингдек, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Суфёни Саврий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари уммул мўминийн Зайнаб бинти Жаҳш онамиз қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларидан юзлари қизарган ҳолларида «Арабларнинг ҳолига яқинлашган ёмонликдан вой бўлсин, бугун Яъжуж ва Маъжужнинг радми – саддидан мана шунча очилди», – деб турдилар, бош ва кўрсаткич бармоқларини халқа қилиб кўрсатдилар. Мен:

– Эй Аллоҳнинг Расули, ичимизда аҳли солиҳлар бўла туриб, ҳалок бўламизми? – дедим. У киши:

– Ҳа, агар ёмонлик кўпайса, – дедилар».

Шунингдек, имом Муслим, имом Термизий, имом Ибн Можа, имом Аҳмад ва имом Абу Довудларнинг ривоятларида ҳам Яъжуж ва Маъжуж ҳақида хабарлар келган.

Ақоид илми уламоларимиз Яъжуж ва Маъжуж ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни мукаммал ўрганиб, қуйидаги хулосани айтадилар:

«Яъжуж ва Маъжуж жуда ҳам кўп сонли бир қавм бўлиб, уларнинг чиқишлари қиёматнинг аломатларидан биридир. Улар ер юзини фасодга ва харобга тўлдирадилар. Уларнинг қачон чиқишини эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди».

Ушбу гаплардан бошқаси ўринсиздир.

Уламоларимиз Зулқарнайн қиссасидан кўплаб ҳикмат ва ибратларни чиқарганлар.

Биз эса ушбу қиссада инсон бу дунёда каҳф эгаларига ўхшаб, сиёсий истибдодга, иймон учун қийин-қистов ва қувғин фитнасига, икки боғ эгасига ўхшаб, молу дунё, зебу зийнат фитнасига, Мусо алайҳиссаломга ўхшаб, илму маърифат фитнасига учраши мумкин бўлганидек, ҳукм ва ҳукмронлик, турли моддий ва маънавий устунлик имкониятлари фитнасига ҳам учраши мумкинлиги кўрсатилганига ишора қилмоқчимиз. Ана шундай синов даврида мўмин банда Зулқарнайндан ўрнак олиши лозимлиги Қуръон таълимотидир. Аллоҳ таоло Зулқарнайнга мағрибу машриқ ва яна бошқа тарафларнинг салтанатини берса ҳам, ҳовлиқиб кетмади. Ўша ердаги қавмлар устидан хоҳлаган ҳукмини чиқариш ихтиёрини берса ҳам, яхшиларга яхшилик қилишга, ёмонларни азоблашга қарор қилди. Хоҳлаганини азоблаб, хоҳлаганини мукофотламади. Ўзининг ишларини Аллоҳнинг лутфи-марҳамати ила бўлмоқда, деб, тўғри тушунди. Юртидаги кишиларни турли ёмонликлардан ҳимоя этишга ҳаракат қилди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Китобда Бану Исроилга .Ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта даражада баланд давоми...

1769 19:00 / 17.10.2023
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Ёзилган ажал ўлароқ. Ким бу дунёнинг савобини истаса, унга давоми...

3422 16:09 / 03.11.2018
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Айт .Айтингларчи, агар сувларингиз ерга сингиб кетса, сизларга ким оқин сувни келтирур, 30оят.Аллоҳ таоло давоми...

2601 16:04 / 13.12.2018
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Айт .Уларга ислоҳ қилиш яхшидир,. Агар уларнинг молларини давоми...

5569 13:45 / 24.10.2019