1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Масийҳийлик

15:40 / 04.12.2018 3543 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунда христианлик деб аталиши урф бўлиб қолган динни исломий адабиётда масийҳийлик ёки насоролик – насронийлик дейилади. Бу динни Аллоҳ таоло юборган. Унга Ийсо алайҳиссаломни пайғамбар қилган. У кишига Инжил китобини берган. Бу дин ўз вақтида маълум муддат кишиларни тўғри йўлга бошлаб турган. Аммо Ийсо алайҳиссаломдан кейиноқ одамлар бу динни буза бошлаганлар.

Ана ўша қисман бузуқ дин Ийсо алайҳиссалом яшаб ўтган ерларда, Мисрда, яна баъзи жойларда бир оз тарқаб, мазкур ҳудудлардан бошқа жойларга тарқалмай туриб қолган. Бу динга қарши бўлган тарафлар масийҳийларни қувғин қилганлар. Масийҳисликни йўқотиш борасида қўлларидан келган барча чора ва тадбирларни кўрганлар.

Масийҳийлик тарихини ўрганган масийҳийларнинг ўзларининг таъкидлашларича, кейинчалик асосан диний ақийдага оид бўлган таълимотларни Шоул(Савл) номли киши тарқатган. У аслида яҳудий бўлиб, аввалбошда масийҳийликка қарши бўлган. «Стефаннинг ўлдирилишини Шоул маъқуллаган эди. Ўша куннинг ўзида Қуддусдаги имонлилар жамоатига қарши кескин қувғин даври бошланди. Ҳаворийлардан бошқа ҳамма Яҳудия ва Самариянинг ҳар хил жойларига тарқаб кетдилар. Баъзи диндор одамлар Стефанни кўмиб, у учун катта йиғи қилдилар. Шоул эса имонлилар жамоатини талон-тарож қилар эди. Уйма-уй юриб, эркакми, хотинми, ҳаммани судраб қамоқхонага берар эди» (Ҳаворийлар8/1-3)».

Кейин ўзини Павл(Пол) деб номлаган ва унга “хабар” келиб одамларни масийҳийликка чақирадиган авлиёлардан бирига айланган. Павл – Шоул кўплаб сафарларга чиққан ва ўзининг ташвиқотларини олиб борган.

Ушбу ҳақиқатни кўпчилик англаб етмаса ҳам, масийҳийлик динини диққат билан ўрганганлар яхши биладилар. Мисол учун буюк рус ёзувчиси Лев Тольстойни олиб кўрайлик. У ўзининг “Христианлик – яҳудийча секта” номли машҳур мақоласида қуйидагиларни ёзади:

“Ҳозир бу борада борор нарса айтишимни биламан. Айнан миллионлаб кишилар асрлар оша христианлик дея ишониб ва амал қилиб келаётган черков динининг ҳақиқий христианликка ҳеч қандай алоқаси йўқ, у қўпол яҳудийча сектадан бошқа нарса эмаслигини биламан. Бу ўша секта таълимотларига амал қилаётган одамлар учун нафақат ақл бовар қилмас нарсагина эмас, балки даҳшатли нобокорликдир. Аммо мен буни айтмай тура олмайман. Чунки кишилар бизга ҳақиқий христианлик таълимоти берадиган буюк неъматдан баҳраманд бўлишлари мумкин эди. Биз учун, аввало ўша ёлғон ва энг асосийси, ўта ахлоқсиз ва бизни ҳақиқий христианликдан тўсиб турган таълимотдан озод бўлишимиз керак. Ўша таълимот биздан Ийсо Масийҳнинг таълимотини тўсиб турган Павлнинг таълимоти – паулианство бўлиб, унинг черков таълимотининг асосига айланиб қолган “таълимот”ларидан иборатдир. Бу таълимот нафақат Ийсо Масийҳнинг таълимоти эмас, балки унга том тескари таълимотдир”.

Павел – Шоулнинг масиҳий динига олиб кирган бузуқ таълимотларига Бутрус(Пётр)га нисбат берилган «таълимот»лар ҳам қўшилган. Бу билан динни бузиш яна давом этган. Яна ундан бошқалар ҳам бу ишга ўз ҳиссаларини қўшганлар. Қисқа ва лўнда қилиб айтадиган бўлсак, бечора европалик халқлар “ҳақиқий христианлик таълимоти берадиган буюк неъматдан” бир лаҳза ҳам баҳраманд бўлмаганлар. Европалик шўрлик халқлар Аллоҳ таолонинг динига эмас, турли папалар, кардиналлар ва ўшалар ўтказган собор – қурултойларнинг қарорларига эътиқод ва амал қилиб яшаб юрганлар. Сохта дин ҳеч қачон халқларни на бу дунё ва на охират саодатига йўллай олмаслиги оддий ҳақиқатдир.  

Ўша пайтларда рим империясида тахт учун кураш жуда ҳам авж олган эди. Императорликка давогарлар орасида ўзаро кураш шиддатлашганди. Улардан ҳар бири мақсадга эришиш учун катта кичик барча воситаларни қўллашга тайёр эди.

Рим империясининг тахти учун кураш олиб бораётганларнинг ичида Константин деб номланган одам ҳам бор эди. У Рим империясининг катталаридан бирининг зинодан бўлган ўғли эди. Кейинчалик буюк Константин биринчи номини олган бу шахс ўзининг тахт учун олиб бораётган курашида бузуқ христиан динини ўз мақсадига эришиш йўлидаги восита қилиб олди. Унгача бунга ўхшаш ишни – динни ҳеч ким сиёсатга аралаштирмаган эди.

Константиннинг режаси муваффақиятли чиқди. Христианлик бузуқ бўлса ҳам, ўша пайтта Европа бўйлаб кенг тарқалган ширк динларидан фарқли ўлароқ унга Рим империяси тахтини эгаллашига ва ушлаб қолишига ёрдам берди. Бунинг муқобилига Константин христианликни тарқалишига ва расмий динга айланишига ёрдам берди. У аввалда барча динларга бағрикенглик билан қарашга чақирди. Шу йўл билан қувғинда бўлган масийҳийликка нисбатан ҳам одамларда илиқлик туғдириб олди. Кейин эса, бу динни ўзига мафкура қилиб олди. Ширк динлардан кўра бузилган бўлса ҳам масийҳийлик анча фойдали кўринар эди.  Константин масийҳийлик фойдасига қарорлар чиқара бошлади. Якшанба кунини дам олиш куни деб эълон қилди ва ҳоказолар...

Энг ажабланарлиси, Константин ўлим тўшагида ҳеч нарсани англолмайдиган ҳолатда ётганида, руҳонийлар унинг изнисиз уни чўқинтириб қўйишган ва шундан кейингина у расмий равишда масиҳий бўлган. Унгача у ўзининг ширк ақийдаси асосида христианлик динига раҳбарлик қилган. Шунинг учун ҳам христиан динига ширк ақийдаси аввалгидан ҳам кўпроқ аралашиб кетишига сабаб бўлган.

Константин милодий 325 санада Ниқияда (Nicea) собор – қурултой – катта мажлис чақирди. Унда масиҳий динидаги кўпгина ихтилофли масалалар ўртага ташланди ва улар ҳақида ҳал қилувчи қарорлар қабул қилинди. Унда 2048 нафар масиҳий ота(папа)лар қатнашган. Асосий мавзу Ийсо алайҳиссаломнинг Тангри ёки тангри эмаслиги ҳақида бўлган. Қурултойга йиғилганларнинг аксарияти Ийсо алайҳиссаломнинг илоҳлигини рад этган. Яъни, 1730 (85%) нафар папалар Ийсо алайҳиссаломнинг оддий инсон ва пайғамбар, деб қатъий туриб оладилар. Натижада орада катта тортишув бўлади. Қурултой жанг майдонига айланади. Шундан кейин Император Константин ҳаммани тарқатиб юборади ва Ийсо алайҳиссаломнинг илоҳ деган фикрни қувватлаган 318(15%) нафар папани қолдириб, қайтадан қурултойни ташкил қилади. Бу ақийда ўша пайтларда будга сиғинувчи халқлар орасида кенг тарқалган ақийда эди. Фарқи Ийсо алайҳиссаломнинг ўрнида бошқа исм бор эди холос. Мисол учун «Адонис»ни олайлик. У ҳам худонинг ўғли саналган. Бокира турмуш қурмаган аёлдан туғилган. 25 декабрда туғилган. Инсонларни гуноҳларидан қутқариш учун хочда михлаб ўлдирилган, ва ҳоказо...  Шундай қилиб Қурултой ўз қарорини қабул қилади. Унга кўра: Ийсо алайҳиссалом илоҳ ва ерга башариятни аввалги гуноҳдан қутқариш учун тушган ва хочга михланиб ўлдирилган. Бу ақийдага мос келувчи баъзи китоб ва мактубларни Инжил дея тан олинган. Мос келмайдиганларини (400 дан зиёд китоб) тан олинмаган. Табиийки, бу қарорларни қабул қилинишида Константиннинг қарорлари ва сўзлари асос бўлди.    

Шундай қилиб Насроний динидагилар мантиқсиз, ўзлари ўйлаб чиқарган, ҳақиқий диний таълимотни бузиб кўрсатадиган ақийдаларни ўзларига эп кўришди.

Улар: «Аллоҳнинг табиати бир-бирига тенг учта кўринишдан – Ота худо, ўғил худо ва муқаддас руҳдан иборатдир. Ўғил худо, яъни Ийсо воситаси ила бутун махлуқот Ота худога боғланади. Ўғил худога фидо қилинганлик, Муқаддас руҳга «тозалаш» нисбати берилади», дейдилар.

Шу билан бирга, тавҳид ақийдасидамиз, деб даъво ҳам қиладилар.

Худди мана шу мантиқсизлик қадимдан насоролар ўртасида турли келишмовчиликларни келтириб чиқарган.

Ҳозирги кунда одамларнинг масиҳий динидан четланишида ҳам худди шу сабаб бор.

“Олам ва одам, дин ва илм” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Мавлидни нишонлаш, айнан кимдан чиққани ҳақида аниқ маъулмот йўқ. Тахмин қилиш мумкинки, бу амал даставвал оммавий равишда нишонладиган маросим сифатида дунёга давоми...

3775 09:30 / 16.11.2018
Милодий 778 йилда Қуртубада Толун ибн Абдулжаббор Муъофирий роҳимаҳуллоҳ дунёга келди. Ўз замонида у Моликий мазҳабининг имоми, олим, обид эди. У Ҳакам ибн Ҳишомни давоми...

1844 10:34 / 19.05.2020
Амр ибн Қайс айтади .Умар ибн Абдулазизнинг ўлими яқинлашгач, .Эй мўминларнинг амири, бизга нима васият қиласиз, дейишди. .Менинг ушбу ҳалокатимдан огоҳ бўлинглар. давоми...

1461 08:23 / 14.04.2020
Кийимни кийишда .бисмиллаҳ, айтилади ва қуйидаги дуо ўқилади. y . ,. .Саҳл ибн Муъоз ибн Анасдан, у киши ўз отаси розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

2089 19:30 / 27.05.2020
Аудиолар

135319 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55569 14:35 / 11.08.2021