Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг сабабларидан Аллоҳ таоло мусулмон умматига қўпгина яхшиликлар, жумладан, енгилликлар берган вақтлар кўп бўлган.
Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байда ёки Зотул Жайшда эканимизда мунчоғим узилиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ахтариш учун туриб қолдилар. У киши билан бирга одамлар ҳам туриб қолдилар. Уларнинг сувлари йўқ эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига бориб:
«Оишанинг нима қилганини кўрмайсанми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зот билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар суви бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ», дедилар.
Абу Бакр келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб, ухлаб қолган эдилар. Бас, у (Абу Бакр) менга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва одамларни тутиб қолдинг. Улар сув бор жойда ҳам эмаслар, улар билан сувлари ҳам йўқ», деди.
Абу Бакр мени итоб қилиб, Аллоҳ нима дейишини хоҳлаган бўлса, ўшани деди ва қўли билан биқинимга турта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ётганларигина мени қимирлашдан ман қилар эди. У зот ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолдилар.
Бас, шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил қилиб, «покиза тупроқ ила таяммум қилинг», деди. Усайд ибн Ҳузайр (у нақиблардан бири эди):
«Эй Оли Абу Бакр, бу сизнинг биринчи баракангиз эмас», деди.
Оиша айтадилар:
«Сўнг мен минган туяни турғизган эдик, мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик.
Аллоҳ мусулмонларга рухсатни берганидан кейин отам:
«Аллоҳга қасамки, эй қизим, сенинг бунчалик муборак эканингни билмаган эканман. Сен мусулмонларни тутиб қолганинг учун Аллоҳ уларга қанчалар барака ва осонлик берди-я!» деди».
Оиша онамизнинг мунчоқлари тушиб қолган Байда ёки Зотул Жайш номли жойлар Мадинаи Мунаввара билан Маккаи Мукаррама орасидаги маълум жойлардир.
Ушбу ҳодиса билан танишар эканмиз, саодат замонида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаи киромлар ҳаётидан, ўша ўхшаши йўқ ажойиб жамиятнинг ўрнакли ҳаётидан бир лавҳанинг шоҳиди бўлдик. Бу улуғ ҳаёт содда, камтарона ҳаёт ҳам эди.
Бир сафарда Оиша онамизнинг мунчоқлари тушиб қолиб, охир замон Пайғамбари бошлиқ бутун бошли бир аскарни тўхтатиб қолган, уларни машаққатга солган эди. Ҳазрати Оиша ўн икки дирҳамлик бу мунчоқни опалари Асмо розияллоҳу анҳодан қарзга олиб, таққан эдилар. Лекин худди ана шу арзимас ўн икки дирҳамлик мунчоқ мусулмонларга қиёмат кунигача осонлик яратувчи ҳукм – таяммум ҳақидаги Қуръон оятининг нозил этилишига ҳам сабаб бўлди.
Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги Ислом жамияти ҳаёти ана шундай ажойиб ҳаёт эди. Бу ҳаётга Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, гоҳо Расули орқали, гоҳо Қуръон орқали тузатишлару йўлланмалар юбориб турар эди.
Йўқолган оддий бир мунчоқ ҳам, бир саҳобийнинг хатоси ҳам оламшумул аҳамиятга молик ишга айланиб кетиши ҳеч гап эмас эди.
Бунинг устига, Ислом жамиятининг аёл кишига бўлган эҳтиромини қаранг! Ўн икки дирҳамлик мунчоқ учун қанчалик ишлар бўлиб кетди. Оиша онамизга бўлган бу ҳурмат у киши Пайғамбарнинг хотини бўлганлари учун, эрларининг мавқеълари учун саҳобалар томонидан бўлаётган тилёғламачилик ёки хушомад эмас эди. Балки кўпчиликнинг чин қалбдан қилаётган эҳтироми эди.
Баъзи кишиларнинг Оиша онамизнинг устиларидан у кишининг оталари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга шикоят қилишлари шуни кўрсатиб турибди. Яъни ўша жамиятда норози бўламан, шикоят қиламан, деганларга йўл очиқ эди. Ушбу воқеадаги шикоят қилган кишиларга бирорта одамнинг бирор нарса демагани фикримизнинг тўғри эканига далилдир.
Мазкур оддий ва содда, пок ва олий, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошчиликларидаги, саҳобаларнинг иштирокларидаги ва энг муҳими, Аллоҳ таолонинг аралашувидаги намуна бўларли ҳаёт ўзининг барча баланд-пастликлари билан, Қуръоннинг ҳаётга татбиқи ва қиёматгача мўмин-мусулмонларга ўрнак бўлиши, турли ҳукмлар ва ҳикматлар келиб чиқиши билан аҳамиятли эди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ана шундай ҳаётнинг қоқ марказида эдилар.
У кишининг ана шу ажойиб ҳаётнинг марказида эканликлари гоҳида мусулмонлар учун катта фойда келтирадиган ҳукмлар туширилишига ҳам сабаб бўлар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажга борганларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам бирга бўлганлар. У киши йўлда ҳайз кўриб қолганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига кирганларида йиғлаб ўтирганларини кўриб, ҳол сўраганлар. У киши «Бу йил ҳажга келмасам ҳам бўлар экан», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гап нимада эканини дарҳол англаб, «Ҳайз кўриб қолган бўлсанг керак?» деганлар.
Тасдиқ жавобини олганларидан кейин Оиша онамиз розияллоҳу анҳога тавофдан бошқа ҳамма амалларни адо қилаверишни амр қилганлар ва пок бўлганларида тавоф қилиб олишлари мумкинлигини айтганлар.
Ушбу ҳукмга ҳозиргача амал қилиб келинмоқда.
Ҳаж амаллари тамом бўлганидан сўнг Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилиб, «Одамлар ҳам ҳаж, ҳам умра қилганда мен фақатгина ҳаж қилиб кетаманми?» деганлар. Шунда у зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳога Танъим номли ерга чиқиб, ният қилиб, умра қилиб олишни амр қилганлар. Бу ишни бажаришда у кишига укалари Абдурроҳман ибн Абу Бакр ёрдамчи бўлишини тайинлаганлар. Абдурроҳман ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу Оиша онамизни Танъимга олиб чиқиб, умра қилдирган.
Ушбу амални ҳозирги кунда кўплаб нафл умра қилувчи мусулмонлар амалга оширишади.
Ушбу ва бунга ўхшаш бошқа амалларнинг ҳаммаси Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг сабаблари билан шариатимизга кириб қолган.