1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳилм ва сабрлари

21:08 / 01.12.2018 3177 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳу деди: 

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан йўлда кетар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эгниларида четлари дағал қилиб тикилган Нажроний тўн бор эди. Бир аъробий ул зотга етиб олди-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўнларидан қаттиқ тортди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйинларида қаттиқ тортиш оқибатида тўннинг дағал четлари из қолдирганини кўрдим. Кейин у аъробий: «Эй Муҳаммад, амр этгин, ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан (менга ҳам берилсин)»  деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ўгирилиб қарадилар ва кулдилар. Кейин унга беришга амр этдилар»

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Барча ишлардаги мулойимлик, манфаатларни билиш ва зарарларни қайтариш таълим-тарбиянинг энг гўзал кўринишларидандир.

Саҳобаларнинег ғайрликлари тутди. Чунки, улар хато қилаётган одамни кўриб туришган ва унга инкор қилиш учун унинг олдига шошишган эди. Улар эса бунга ҳақли ҳам эдилар. Бироқ, ҳалим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни тўхтатдилар. Чунки, бу ишни қилган одам жоҳил ва унга қаттиқ инкор қилишнинг ортида зарар бор эди. Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари тўғри эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: 

«Бир аъробий масжидга бавл қилди). Шунда саҳобалар уни айблаш учун ўринларидан турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Уни ўз ҳолига қўйинглар ва бавли устидан бир челак сув қуйинглар. Сизлар қийинлаштирувчи эмас, енгиллаштирувчи қилиб жўнатилгансизлар!»  дедилар». 

Имом Бухорий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъват ишида қилган сабрлари ундан намуна олиш, унинг услубини қўллаш ва ўзи учун ўч олмасликка чақирмоқда.

Оиша розияллоҳу анҳо:

«Уҳуд кунидан кўра бошингизга оғирроқ бир кун келганми?» – деб савол берилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб бердилар: «Сизнинг қавмингиздан кўп нарса кўрдим. Уларнинг энг оғири Ақаба куни бўлган эди. Мен ўзимни (ҳимоя қилиши учун) ибн Абдёлил ибн Абдқилалга кўндаланг қилдим. У мен хоҳлаган нарсани қабул этмади. (Мен у ердан) ғамгин ҳолатда бошимни эгиб юриб, Қарнус-саолибга етиб келганимни сезмай қолибман. Бошимни кўтардим, бир парча булут менга соя солиб турар эди. Қарасам, у булутда Жибрил алайҳиссалом ўтирибди. Шу пайт у менга нидо қилди: «Аллоҳ таоло қавмингизнинг Сизга берган жавобларини эшитди ва сизга тоғлар фариштасини (қавмингиз) ҳақида хоҳлаган нарсангизга буюришингиз учун юборди» – деди. Тоғлар фариштаси менга нидо қилиб, салом берди ва: «Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло қавмингизнинг сизга айтган сўзларини эшитди. Мен тоғлар фариштасиман. Раббингиз мени сизнинг ҳузурингизга мени хоҳлаган нарсангизга буюришингиз учун жўнатди, сиз нима хоҳлайсиз? Хоҳласангиз икки тоғни уларнинг устиларига ёпиб кўяй?!» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, мен Аллоҳ таолодан уларнинг пуштикамарларидан Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қиладиган Унга бирон нарсани шерик қилмайдиган одамларни чиқаришини умид қиламан» – дедилар»

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан жанозада эдилар. Зайд ибн Суъна исмли яҳудий қарзини талаб қилиб у зотнинг олдига келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чопонларининг ёқасини жамлаб, тутиб, ғазабнок ҳолатида боқди ва «Ҳой Муҳаммад, ҳаққимни бермайсанми?!» деб, қўпол сўзларни айта бошлади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аччиқланиб, Зайдга боқди, унинг кўзлари ғазабининг қаттиқлигидан косасиларидан чиқаёзганди: «Ҳой Аллоҳнинг душмани, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мен эшитган сўзларни айтиб, мен кўрган ишларни қилаяпсанми?! У зотни ҳақ билан юборган Зотнинг номига онт ичиб айтаманки, Унинг маломатидан чўчимаганимда эди, сенинг каллангни қиличим билан олар эдим!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга хотиржамлик билан боқдиларда: «Эй Умар, мен ва у бундан бошқа нарсага муҳтож эдик. Сен мени (қарзни) яхши ўташга, уни эса қарзини чиройли сўрашга чақиришинг керак эди. Эй Умар, уни олиб бориб, ҳаққини бер ва йигирма соъ хурмони зиёда қил!» – дедилар.

(Яҳудий) Зайд Умар розияллоҳу анҳунинг йигирма соъ хурмони ошиғи берганидан сўнг: «Эй Умар, бу ортиқчаси нима учун?» – деб сўради. Умар розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенинг ғазабинг звазига буни зиёда қилдилар!» – деди. Зайд: «Эй Умар, мени танийсанми?» – деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Йўқ, сен кимсан?» – деди.

– Зайд ибн Суънаман.

– Ҳабр (руҳоний)ми?

– Хабр (руҳоний).

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нега ундай муомала қилдинг?

– Эй Умар, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзига қараганимда пайғамбарлик белгиларининг иккитасидан бошқа ҳаммасини кўрдим. Бу иккисини синаб кўрмаган эдим: ҳалимлиги жаҳлига ғолиб келадими ва жаҳлининг ошиши ҳалимлигини зиёда қиладими? Мен энди у иккисини синаб кўрдим. Эй Умар, сени гувоҳ қилиб айтаманки, Аллоҳни Парвардигор, Исломни дин ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар, деб рози бўлдим. Яна сени гувоҳ қилиб айтаманки, бойликларимнинг ярми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умматига садақа бўлсин. Умар розияллоҳу анҳу айтдиларки: “Уларнинг баъзилари учун бўла қолсин. Чунки, сен уларнинг ҳаммасига етказа олмайсан. Зайд, баъзиларига бўла қолсин – деди. Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди ва у зотга иймон келтириб, уни тасдиқлади. (Хоким «ал-Мустадрак» китобида бу ҳадисни зикр қилиб, «саҳиҳ» деди).

Ҳайратомуз саховат ва мисли кўрилмаган эҳсонкорлик, бу умматнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламда мужассам эди.

Анас розияллоҳу анҳу деди: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исломга кириш эвазига ҳар нарсадан сўралсалар берардилар. Ҳатто, бир киши келганида икки тоғ орасидаги қўйларни бердилар. У одам қавми олдига бориб: Эй қавмим мусулмон бўлинглар, албатта Муҳаммад камбағалликдан қўрқмайдиган кишининг эҳсонини қилмоқда!»  деди».

Имом Муслим ривоят қилган.

Мана шу эҳсон ва саховат соҳиби бўлган Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳволи ҳақида тафаккур қилиб кўринг!

Бошқаларнинг шарафини ҳимоя қилиш

Мажлисларнинг энг яхшиси – илм ва зикр ўтиришларидир. Агар шу мажлисда Одам фарзандининг сараси ва Уммат муаллими ўзининг сўзлари, таълимлари ва ўгитлари билан иштирок этсалар нима дейсиз! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисларининг соф ва сийратининг тозалиги сабабли хато қилганларни тузатар, билмаганларга ўргатар, ғофил қолганларни огоҳлантирар ва мажлисларида фақатгина яхшиликларнигина қабул қилар эдилар. Агар бировга қулоқ солсалар, жим эшитар, бироқ, ғийбатни қабул қилмас, чақимчилик ва туҳматларга рози бўлмас эдилар.

Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳу деди: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда намоз ўқиб бўлганларидан кейин уйдагилардан бири: «Молик ибн Духшун қаерда?» – деди. Бир киши: «У Аллоҳ ва Расулини яхши кўрмайдиган мунофиқдир» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва аллам: «Ундай дема, кўрмайсанми, у «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган ва у бу билан Аллоҳнинг юзини хоҳлайди. Дарҳақиқат, Аллоҳ, Аллоҳнинг юзини умид қилиб: «Ла илаҳа иллаллоҳ»  деган одамни жаҳаннамга ҳаром килади.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Такбир Ташриқ Ташриқнинг арабча матни Ташриқнинг ўқилиши.Аллоҳу акбар Аллоҳу акбар Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар Аллоҳу акбар ва давоми...

3257 18:53 / 05.07.2022
Фақиҳ Исмоил ибн Иброҳим айтади .Ҳофиз Абу Аҳмад Ҳоким вафот этгач, тушимда уни кўрдим. .Қайси тоифа кўпроқ нажот топди, деб сўрасам, .Аҳли сунна,, деб жавоб берди,..Солиҳлар гулшани, китобидан

1503 07:10 / 01.10.2019
Ҳадисларда бир киши кимдандир ҳадя умид қилса, унга мунтазир бўлса, ундай ҳадяда барака бўлмаслиги айтилган. Шунингдек, агар Аллоҳ таоло бирор бандасининг қалбига давоми...

3035 07:00 / 07.01.2019
Ҳорис Ғанавийдан ривоят қилинади Мурра Ҳамадоний кўп сажда қилганидан пешонасини тупроқ ўйиб юборган эди. У вафот этгач, қариндошларидан бири уни тушида кўрибди. давоми...

3452 08:05 / 08.12.2018