1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Тилла савдоси

11:12 / 29.11.2018 5047 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум! Тилла савдосида насия қилиш қораланган оят борми? Бир танишим ишонч билан шундай оят бор деди. Илтимос ойдинлик киритиб беринглар.

"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! 

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ وَالْمِلْحُ بِالْمِلْحِ مِثْلًا بِمِثْلٍ سَوَاءً بِسَوَاءٍ يَدًا بِيَدٍ، فَإِذَا اخْتَلَفَتْ هَذِهِ الْأَصْنَافُ فَبِيعُوا كَيْفَ شِئْتُمْ إِذَا كَانَ يَدًا بِيَدٍ. وَزَادَ فيِ رِوَايَةٍ: فَمَنْ زَادَ أَوِ اسْتَزَادَ فَقَدْ أَرْبَى، الْآخِذُ وَالْمُعْطِي فِيهِ سَوَاءٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلَفْظُ أَبِي دَاوُدَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ تِبْرُهَا وَعَيْنُهَا، وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ تِبْرُهَا وَعَيْنُهَا  

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз, ўхшашга ўхшаш, тенгма-тенг, қўлма-қўл. Қачон ушбу жинслар турлича бўлса, агар қўлма-қўл бўлса, қандай хоҳласангиз, сотаверинглар», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир», дейилган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Абу Довуднинг лафзида:
«Тиллага тилла; ёмбиси ҳам, зарб қилингани ҳам. Кумушга кумуш; ёмбиси ҳам, зарб қилингани ҳам», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр этилган моллар рибовий молларга киради. Уларнинг жинси бир хил бўлганда алмаштиришда миқдори ҳам бир хил бўлиши ва қўлма-қўл айрибош қилиниши шарт, акс ҳолда рибога айланиб қолади.
Мазкур молларни алмаштиришда зиёдага ва ке¬йин беришга йўл қўйиб бўлмайди.
Мисол учун, тиллага тилла сотиладиган бўлса, албатта, оғирлиги тенг бўлиши, олди-берди қўлма-қўл қилиниши керак. Навининг яхши ёки ёмонлигига қараб ёки кейин бериш шарти билан бирининг миқдорини ўзгартириб бўлмайди.
Агар савдодаги нарсанинг жинси ҳар хил бўлса, қўлма-қўл бўлиши шарт, акс ҳолда рибо бўлади. Аммо миқдори бир хил бўлиши шарт эмас. Мисол учун, тилла билан кумушни алмаштириш ёки сотиш, қўлма-қўл бўлса жоиз. Вазни бир хил бўлиши шарт эмас. Табиийки, бундай бўлиши мумкин ҳам эмас, чунки икки жинсдаги нарса икки хил қийматга эга. Шунинг учун уларнинг қиймати ва миқдори икки тарафнинг ўзаро розилиги билан бўлади.
Бу ҳукм сиртдан қараганда ғалати туюлади. «Бир хил жинсдаги нарсаларни алмаштиришда уларнинг миқдори бир хил бўлиши нима учун шарт қилинган? Ахир бир хил нарсанинг яхши ва ёмони бор-ку? Яхшиси қиммат, ёмони арзонроқ бўлиши ҳам аниқ-ку», деган савол пайдо бўлиши ҳам мумкин.
Мисол учун, маълум миқдордаги яхши буғдойга ундан кўпроқ ёмон буғдойни алмаштириш нима учун ҳаром қилинган? Уламоларимиз бунга «чунки бу ишда катта ноаниқлик бор: кимдир зарар кўриши ҳам аниқ. Лекин ким зарар кўради, қанча зарар кўради, билиб бўлмайди», деб жавоб берадилар.
Шунинг учун бундай ҳолатда ўша ёмон буғдойни сотиб, унинг пулига ўша алмаштирмоқчи бўлинаётган яхшироқ буғдой харид қилинади.
Шунингдек, бир жинсдаги икки хил молни алмаштиришда зиёдага йўл қўйилмаслиги эса бўлажак ҳаром-хариш муомалаларнинг олдини олиш учундир. Чунки бир жинсдаги икки хил нарса, мисол учун, тиллани тиллага алмаштириш унинг сифатидаги, қуйилишидаги, оғирлигидаги ва яна бошқа фарқларни эътиборга олиб, амалга оширилади. Агар бунга рухсат берилса, ғараз ниятли одамлар кейинчалик рибонинг бошқа даражаларига ҳам йўл топадилар. Зиёдага йўл қўйилмаслиги эса бу эшикни ёпади. Шунинг учун ҳам бу хилдаги муомаланинг ҳаром қилинишидаги ҳикматни тушунишда баъзи кишилар қийналишлари мумкин.
Шу билан бирга, бу нарсаларни алмаштиришда, агар жинси икки хил бўлса ҳам, қўлма-қўл бўлишни шарт қилишда ҳам, ҳийла билан рибонинг эшиги очилишига йўл қўймаслик ҳикмати ётади. Агар алмаштириладиган нарсаларнинг жинси икки хил бўлса, ортиқ-камига келишилсин, аммо дарҳол қўлма-қўл берилсин. Чунки агар «Кейин берса ҳам бўлади», дейилса, бу билан рибога йўл очилган бўлади. Мисол учун, бир одам бошқасидан тилла олиб туриб, кейинроқ кумуш қайтариб беришга келишилади. Кейинроқ берса ҳам бўлади, деган рухсат бор бўлса, вақт ўтганлиги учун фойда олишга ўтилади. Масалан, вақт ўтгандан кейин қайтариб бериладиган кумушнинг нархи олинган тилланинг нархидан кўп бўлади. Ана ўша кўп миқдор унга берилган муддатга қараб белгиланади. Бундай рибовий ишларда олувчи ҳам, берувчи ҳам баробар гуноҳкор бўладилар.
Тилла билан кумуш алмаштиришда ёмби, яъни ишлов берилмагани ҳам, танга қилиб зарб қилингани ҳам барибир.
Рибовий молларнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам баробар. Бир хил жинсдаги рибовий молнинг яхшисидан озроқ, ёмонидан кўпроқ бериш мумкин эмас. Бу иш ҳам рибонинг олдини олиш учун қилинганлигини олдин ҳам айтиб ўтдик. Чунки одатда одамлар иккита бир-бирига тенг нарсани алмаштирмайдилар. Фақат орасида фарқ бор нарсаларгина алмаштирилади. Агар ушбу ишга рухсат берилса, рибога олиб бориши турган гап.
Рибовий моллар деб, соъ ва мудд каби оғирлик ўлчови билан ёки миқдори вазн билан белгиланадиган тилла, кумуш, буғдой, арпа, хурмо, туз ва бошқа таом бўладиган маҳсулотларга айтилади. Ушбу маҳсулотларда бир-бирини зиёда билан, насияга алмаштириш мумкин эмас.
Аммо сон, узунлик ўлчови билан ўлчанадиган нарсалар рибовий моллар ҳисобланмайди. Шунинг учун бир дона тухум икки дона тухумга алмаштирилса бўлади. Чунки бунда икки томон ҳам нима қилаётганини ва молининг миқдори, сифатини жуда аниқ ва яхши билган ҳолда тасарруф қилади. Шу маънода бир метр матони ўз жинсидаги бир ярим метр матога алмаштирса бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Манба
Зикр аҳлидан сўранг
Мавзуга оид мақолалар
Бир биродаримизнинг аёли ҳозирча туғишни истамай, пуштни тушириш аборт учун ҳаракат қиляпти. Бу борада шариатнинг ҳукми қандай Агар туғиш она соғлигига хавф давоми...

3722 18:48 / 24.04.2016
СаволАссалому алайкум Ўзим талабаман, Австралиаяда ўқийман. Шароит тақазоси ва зарурати билан хамма талабалар ишлаши керак. Ман ўзим турклар ресторанида ошпаз давоми...

3586 06:05 / 07.08.2018
Бойиб кетиш учун .Мулк, сурасини ҳар кечада ўқиб туриш керак, дейишди. Баъзилар эса .Воқеа, сурасини ҳар куни ўқишни таклиф қилишди. Ўзи қайси сурани ёки дуони ўқиб давоми...

6351 16:26 / 27.04.2016
СаволУстоз мунофиқликдан қандай даволанса бўлади, бу қалб иллатларининг энг ҳатарлиси унинг муолажаси ҳакида ҳабар беринг илтимос.ЖавобШайх Муҳаммад Содиқ давоми...

4810 09:20 / 29.10.2017