1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (биринчи мақола)

09:00 / 01.10.2021 3345 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавлид ҳақидаги хилофлар оз бўлса-да, айрим кишилар ўртасида ҳануз бор. Мавлид ҳақиқатан ҳам бидъатмикин ёки жоиз, савобли амалмикин, деган маънода иккиланиб юрганлар янада кўпроқ топилади. Мавлидни қўлловчилар ҳам, уни инкор этувчилар ҳам ўзларининг далилларини келтиришда давом этаверишади. Лекин кўп ҳолатларда икки тараф ҳам бир бирининг далилларидан қониқмайди. Натижада, ўртадаги хилоф борган сари чуқурлашиб, чигаллашиб бораверади. Шунинг учун ҳам мавлид ҳақидаги тортишувлар асрлар оша бир тўхтамга келмаган. Аммо холис ўрганилса, мавлидни ёқловчилар қадимдан кўпчиликни ташкил қилиб келган ва уларнинг далиллари омма мусулмонларни қониқтирган. Шунинг учун ҳам айрим уламолар мавлиднинг жоизлигига жумҳур уламолар иттифоқ бўлганлар, деб айтади. Ҳар қалай мусулмонлар ўртасида мавлидни ёқловчилар асосий қисмни ташкил қилиб келган. Ҳатто бугунги кунда ҳам мавлидга қарши кишилар ҳар қачонгидан кўп бўлса да, барибир мавлидни қўлловчилар олдида жуда ҳам озчиликни ташкил қилади. Айниқса, бизнинг юртларда деярли барча олимлар мавлидни жоиз, савобли амал деб биладилар.

Мавлид қилишнинг ўзига яраша шаръий далиллари бор, асослари бор ва кўплаб манфаатлари бор. Мусулмон уммати тақрибан минг йилдан бери буни қилиб келмоқда. Ислом умматининг таянчи бўлган қатор алломалар буни яхши амал санашган. Хусусан, бизда барча уламоларимиз мавлид қилишни тарғиб қилиб, ўзлари ҳам уюштириб келганлар. Бугунги кунда Мусулмонлар диний идораси раҳбарлари ҳам, шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари ва бошқа уламоларимиз ҳам мавлид қилишни ёқлайдилар. Халқимизда бу иш қадимдан анъанага айланган. Бунга қарши юриб фитна чиқариш ҳеч қанақасига оқланмайди, дину диёнатга заррача ҳам фойда келтирмайди.

Уламоларимиз Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: «Мусулмонлар яхши санаган нарса Аллоҳнинг наздида ҳам яхшидир», деган сўзлари айнан мавлидга мос тушади, дейдилар. Нима бўлганда ҳам, биз кўпчиликнинг, жумладан, юртимиз уламоларининг фикрларини ушлаш билан чекланиб, ихтилофга ўрин бермаслигимиз ҳар жиҳатдан лозимдир. Зеро, бугунги кунда мавлиддан кўзланган мақсдаларга эришишга мусулмонлар ҳар доимгидан кўра кўроқ муҳтождирлар.

Бугунги кунда мусулмонлар турли катта-кичик байрамларни нишонламоқдалар. Шу муносабат билан турли тадбирлар ўтказишади. Бунинг натижасида ўша кунларни ҳамма ёдда тутади, интизорлик билан кутади, муносиб таёргарликлар кўради. Аста-секин қалбларда ўша кунлар ва уларга боғлиқ нарсаларга нисбатан алоҳида эътибор ва эҳтиром шаклланади.  Булар ҳақида ҳеч ким ихтилоф қилмайди. Тўғри, бунга уларга диний тус берилмагани ҳам сабаб. Аммо мавлидни ҳам ҳеч ким дин талаб қилган иш демайди. У ҳам бир тадбир, одатий маросим. Бугунги шароитда ундан унумли фойдаланиш лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойларида у зотни кўпроқ зикр қилишнинг нима ёмон жойи бор? Шу фурсатда ўз Пайғамбарларига бўлган муҳаббатларини сайқаллаш учун бирор жойда тўпланиб ўтириб, у зотнинг сийратларини, мадҳларини ўқиш фақат яхшилик бўлади. Модомики, буни диний амр деб билинмаса, бир одат бўлади, холос. Аммо мусулмонлар ўртасида ихтилоф чиқариш ҳаром, шариат қатъий қоралаган иш. Кимдир мавлиднинг жоизлиги ҳақидаги далиллардан қониқмаса, ножоиз деганларнинг фикрларига қалби мойил бўлса, марҳамат, ўз фикрида қолаверсин, аммо бошқани бунга мажбур қилмасин, нариги тараф ижтиҳодига таъна тоши отмасин. Мавлидга бормаса бормай қўяверсин, лекин борганларни маломат этмасин. Ўзлари билган шаръий далилларга асосланиб, улардан қониққанлари учун кўпчилик буюк олимларнинг ижтиҳодларига эргашиб, умматнинг тарафида турган кишиларни қораламасин, танқид қилмасин. Акс ҳолда, фитна қилган бўлади, асрлар оша мавлид қилиб ўтган ва ҳозирдаги кўпчилик мусулмонларга озор беради, уларга нисбатан беодоблик қилган бўлади. Бу эса мўмин кишиниг ахлоқига зиддир.

Шу билан бирга, мавлид тарафдорилари ҳам қарши тарафни мавлидни ёқламаганлари учун турли лақаблар билан атаб, тоифагарчилик уруғини сочмасликлари керак. Чунки бу масала, бугунги кунда кўпчилик уламоларимиз таъкидлаётганидек, тортишадиган, мусулмонлар ўртасида хилоф, кек адоват келтириб чиқаргудек масала эмас. Шундоқ ҳам мусулмонларнинг ўрталаридаги хилоф ортиғи билан урчиб ётгани аччиқ ҳақиқат. Бугун ҳамма мусулмонлар бунинг заҳрини тотишга мажбур бўлиб турибдилар. Аслида уларнинг муштарак мақсадлари, фикрлари, ечилмай турган мушкуллари тўлиб тошиб ётибди. Олдин ана ўша муштарак масалалар ҳақида гаплашиш, муаммоларни ечиш, ихтилофли нарсаларни ўртага ташламаслик бугунги куннинг энг долзарб бўлиб турган қадамидир. Ҳеч бўлмаса, «икки зарардан бирини танлашга тўғри келиб қолса, енгилини олинади» деган машҳур шаръий қоидага амал қилиш керак. Мавлидни жоиз ёки ножоиз дейиш қандайдир шаръий эътибори бор зарарли иш дейилганда ҳам, ҳеч қачон мусулмонларнинг ухувватларига – биродарликларига путур етказишчалик зарарли бўлмайди, ҳатто таққослашга ҳам ярамайди. Мусулмонлар ҳозир, айнан шу исломий таомил – биродарлик, дўстлик тушунчасини тиклашга, сақлашга ҳар қачонгидан ҳам муҳтожлар. Ўзи Исломнинг бош мақсадларидан бири ҳам шу: инсонлар ўртасида меҳру муҳаббат ришталарини мустаҳкамлаш.

Ҳозир биз мавлиднинг жоиз ножоизлиги ҳақида эмас, уни қандай ўтказиш кераклиги ҳақида бош қотиришмиз муносиб. Мавлидда нималарни гапириш, нималарни ўқиш керак, ундан қандай фойдаланиш керак, мана шу ҳақда баҳс қилсак бўлади.

Олдинги уламоларимиз мавлиддан кўзланган мақсад ҳосил бўлиши учун ўз даврлари ва шароитларидан келиб чиқиб, уни турли йўсинда ўтказиб келганлар. Айрим юртларда давлат миқёсида нишонланса, айрим жойларда маҳаллий йиғин шаклида ўтказилган. Бугун ҳам ҳар бир жойдаги мавлудхонлар ўз жамиятларидаги ҳолат, вазиятдан келиб чиқиб, мавлиддан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилишлари лозим.

(Давоми бор)


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2696. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У киши бизга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъба масжидидан исро қилдирилганлари ҳақида гапириб.У зотга ваҳий давоми...

3488 19:28 / 01.12.2017
2657. Яна ўша кишидан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, сизга қачон нубувват вожиб бўлди, дейишди. Шунда у зот.Одам руҳ билан жасад орасидалигида,, дедилар,.Шарҳ давоми...

4213 20:50 / 18.11.2017
2725. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Мен қачон Умарнинг «Мен буни шундай деб ўйлайман», деганини эшитсам, албатта, ўша нарса унинг айтганидек бўлмай давоми...

4699 19:33 / 07.12.2017
Белгилаган соат етиб, Яратганнинг буюк хабарини бутун инсониятга етказиш учун Аллоҳнинг Ҳабиби Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар. .Фил давоми...

7610 10:44 / 15.09.2023
Аудиолар

133293 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53642 14:35 / 11.08.2021