1447 йил 17 ражаб | 2026 йил 06 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Нақшбандия тариқатидаги уч йўл (Иккинчи омил)

20:07 / 14.11.2018 2845 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муроқаба

«Муроқаба» зийраклик билан қаттиқ кузатиб боришдир. Нафси билан шартлашган банда уни муроқаба қилиб туриши лозим. Нафсни зинҳор муроқабасиз, ўз ҳолига ташлаб бўлмайди. Нафс муроқабасиз қолиши билан йўлдан тояди ва туғёнга кетади. Муроқабани тушуниб етишда ва уни йўлга қўйишда Қуръони карим оятлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бош омил бўлади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ

«Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир» (1-оят).

Инсонларни яратган, ҳар бир нарсани билувчи ва кўрувчи Зотнинг Ўзи кузатиб туриши нақадар таъсирчан, нақадар масъулиятли ҳолдир.

Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади:

ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ

«Ҳар бир жоннинг қилган касби устида турувчи Зот ким?» (33-оят).

Яъни ҳар бир жоннинг нима қилаётганини билиб, кўриб, кузатиб, ҳисобга олиб турувчи ким? Албатта, Аллоҳ азза ва жалла. Бу ҳақиқатни идрок қилган ҳар бир жон ўзини ўнглаб олиши керак.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эҳсон ҳақида сўралганида, «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таоло уни кўриб тургандек ихлос билан яшамоғи, У Зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша амал қилмоғи лозим. Шундагина эҳсоннинг қуйи даражасига эришади.

Банда ўзининг ҳар бир ҳолатида Аллоҳ таолонинг кўриб турганини ҳис этиб, яхши амалларни қилса ва ўзини одоб доирасида тутса, муроқабага амал қилган бўлади. Мисол учун, ўтирганда, ухлаганда ёки қазои ҳожатга борганда ният билан исломий одобларга риоя қилса, муроқабага амал қилган бўлади.

Банданинг тоатда тургандаги муроқабаси ихлос қилиш, тоатни мукаммал ва гўзал тарзда адо этиш ила бўлади.

Маъсиятда тургандаги муроқабаси тавба қилиш, надомат чекиш, маъсиятдан ажраб чиқиш, уялиш ва мазкур маъсиятга қайтмасликка азму қарор қилиш ила юзага келади.

Банданинг мубоҳ нарсалардаги муроқабаси одобга риоя қилиш, неъмат берувчининг фазлини тан олиш ва неъматга шукр қилиш ила пайдо бўлади.

Киши ўзининг барча ҳолатларида ҳам сабр қилиш лозим бўлган синовдан ёки шукр қилиш лозим бўлган неъматдан холи бўлмайди.

Булар ҳам муроқаба ҳисобланади. Балки банда ўзининг барча ҳолатида адо этиш лозим бўлган фарз амаллардан, тарк этиш лозим бўлган тақиқлардан, Аллоҳ таолонинг мағфиратига тезроқ етишга ва бошқа бандалар билан мусобақалашишга чақирилган мандуб амаллардан, банданинг жисмига ва қалбига фойда, тоатига ёрдам бор бўлган мубоҳ амаллардан ажрамаган ҳолда бўлади.

Бу нарсаларнинг барчасининг ўз чегараси бор. Давомли муроқаба ила уларнинг риоясини қилиб туриш керак.

Аллоҳ таоло Талоқ сурасида марҳамат қилади:

ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ

 

«Ким Аллоҳнинг чегараларидан чиқса, ҳақиқатан, ўзига ўзи зулм қилибди», (1-оят).

Банда ушбу нарсаларда доимий равишда ўзини ўзи кузатиб туриши лозим. Агар фарзларни адо қилиб бўлса ва фазилатли ишларга қудрати етса, энг афзал амални танлаб адо этсин.

Ким имкони бўлиб туриб ортиқча фойдани ўтказиб юборса, ғурурга кетган бўлади. Фойдалар эса фазилатларни жамлаш ила кўпаяди.


“Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи ҳикмат аҳллари дейдики Вужуднинг соғлиги ва омонлиги оз ейишда, руҳнинг соғлиги ва омонлиги гуноҳсиз бўлишда. Диннинг омонлиги эса, Аллоҳ яратган давоми...

5601 10:31 / 19.10.2018
Авомларнинг вараъ сифати Хилоф бўладиган нарсалар қўриқхонасига тушиб қолмаслик учун шубҳали нарсаларни тарк қилиш. . ,. давоми...

2684 19:00 / 14.01.2024
Дуо ўз соҳибини ризо мақомидан чиқармайди. Шунингдек, куфр, маъсият ва фисқу фужурни, уларнинг аҳлини ва сабабларини ёмон кўриш ҳам кишининг ризо мақомига хилоф давоми...

2138 19:00 / 10.08.2024
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, рақоиқ луғатда рақиқнинг жами бўлиб, .нозик,, .ўта таъсирли, деган маънони билдиради. Бошқача қилиб айтилганда, қалбни рақиқюмшоқ давоми...

5375 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

219816 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

138882 14:35 / 11.08.2021